www.ziyouz.com кутубхонаси
239
тишлади ва машинанинг олдинги ойнасига тикилди. — Мана шу бурчакда тўхтанг. Бурилиб
ўтирманг. У ёғига ўзим кетаман. Хайрли тун.
— Менга рухсат этинг...
— Хайрли тун, — такрорлади Виржиния ва кўча тарафдаги эшикни очди.
— Леди, — огоҳлантирмоқчи бўлди шофёр, — бу томонга тушиб бўлмайди-ку...
— Йўлингдан қолма, Жек, — жавоб қайтарди у кўчага тушиб бўлиб. — Хайрли тун. — У
эшикни қаттиқ ёпиб, машина олдидан йўлкага қараб чопиб кетди, туфлисининг баланд
пошналари ялтираб, кўча чироқлари ёғдусини акс эттирарди. Бурчаккача чопиб боргач, у ёғига
секин юриб кетди. Аёл кўздан ғойиб бўлгунча Палмер унинг келишган сонларини кузатиб
турди. Шофёр тишлари орасидан нималарнидир сўриб, ғалати бир товуш чиқариб қўйди.
— Қаерга борамиз? — сўради у совуққина.
Палмер хўрсиниб, ўйланиб қолди. Сўнг:
— Дўстимни “фольксваген” машинаси бор. У Олтмишинчи кўча ҳудудида, Биринчи ва Учинчи
авенюларнинг ўртасида иккинчи қаторда бўлиши керак. Келинг, излаб топамиз.
— Майли, излаймиз, — Шофёр тезликни оширди, такси светофор ёнидан ўтиб, олға интилди.
— У ёш аёл, — деди у, — қайси томондан катта кўчага чиқишни билса керак.
Палмер шу билан суҳбатга чек қўйилади деб ўйлаб, жим бўлди. Бироз юришгандан кейин
шофёр гапга тушди:
— Мана шунисига тушунмайман. Одамлар нима қилишаётганини билмагандек юришади. Яна
ҳаммаси маълумотли.
Палмер сигарет чекиб, “фольксваген”ни излаб бораверди.
— Ҳозирги маълумотлилардан ниманиям кутиш мумкин? Нарх ошгандан ошиб кетаяпти.
Зиғирдак иш ҳақи билан қанақа маълумот олиш мумкин?
Палмер олдинга энгашди.
— Шу ердан бурилиб, илон изи қилиб ҳайданг.
— Яхши. Менинг ўғлим бор. Ўн беш ёшда. Икки йилдан кейин коллежга кириши керак. Бу
даражани — олмагунча худди лойнинг ўзисиз. У “санъат бакалаври” деб аталади. У бўлмаса,
ҳеч нарсага арзимайсиз. Аммо у — қобилиятли бола. Даҳо эмас. Оддийгина қобилиятли ўсмир.
Ўртача баҳолар олиши мумкин. Нью-Йоркдаги коллежларга кириш учун ўртача баҳо
зарурлигини биласиз. Энди ҳеч кутилмаганда 87 балл билан кирадиган қилиб қўйишибди. Бу —
ўғлим учун тобутда ётиш билан баравар. Умуман, ҳамма рисоладаги йигитлар учун... Ҳеч ким
аптекачи бўлишни хоҳламайди. У фармакологияга жойлашмоқчи, у ерда ҳозирча яхши
тўлашади.
Такси Учинчи авенюга чиқди, сўнг яна шарққа бурилиб, ёндош кўчага ўтди. Палмер кўча
бўйлаб “фольксваген”ни қараб борди, машина кўринмас эди.
— Барча иллатлар, — шофёр ҳасратини давом эттирди, — мактабга тақалади. Ўқитиш
савияси паст. Улар болаларга зарур билимларни беролмайдилар. Ё, худо, телбасифат ғор
одамлар, греклар, мисрликлар ва яна ҳеч кимга кераги йўқ аллакимлардан бошлайдилар.
Булар болаларга зарурми — айтинг-чи?!. Улардан қандай наф бор? Ўқитадиган китобларини
айтмайсизми? Бу китоблар кимга керак? Шеърият? Шекспир? Умрингизда кўрмаган, эшитмаган
одамлар ёзган китоблар. Сиз ҳам уларни ҳеч қачон кўрмаган бўлсангиз керак? Наҳотки бу
китоблар болаларга пул ишлашни ўргата олса?
Такси Иккинчи авенюни кесиб ўтиб, дарё томонга қараб кетди.
— Исо ҳурмати, булардан воз кечиш керак, — тўхтовсиз валдирар эди шофёр, — болалар
эркин нафас олсин. Жин урсин, улар мактабга нега боришлари керак? Ота сифатида
гапираяпман болаларга яхши маълумот олиш ҳуқуқи берилган. Улар яна...
— Секинроқ ҳайданг, — гапини бўлди Палмер. У Биринчи авеню охиридаги тўхташ жойида
турган “фольксваген”ни кўриб қолган эди. — Жуда секин. — У ҳамёнини чиқариб, ён
дафтарчасидан бир варақ йиртиб олди. Ёнидаги ўн долларликларни — улар учта эди, —
Банкир (роман). Лесли Уоллер
Do'stlaringiz bilan baham: |