www.ziyouz.com кутубхонаси
237
— Менми? Ҳм, бу енгил машина-ку.
— Меники “фольксваген”. Шафқат қилинг. Ўйлайманки, сиз ёрдам бероласиз... — Овози
секинлашди ва оғир нафас олиб жим бўлди. Ит орқа оёқларида туриб, олдингисини пальто
этагига қўйди.
— Ярим кварталгина нарида. Ана, кўряпсизми?
Палмер бурилиб қаради ва йўлка орқасидаги иккинчи қаторда турган кичкина машинани
кўрди.
— Майли, — рози бўлди у ва тезликни пасайтириб, машинани орқаси билан ҳайдади. Ёш аёл,
кучук ва бола, чамаси етти ёшлардаги қизалоқ, “корвет” орқасидан эргашдилар. Аёл худди
машинани етаклаб кетаётгандек, қанот томонини ушлаб олган эди.
— Ҳеч ким тўхташни хоҳламади, — гапирди у. — Сиз катта илтифот кўрсатдингиз.
— Машинангизга нима бўлди? — сўради Палмер ўзини эшитмаганга солиб, аслида ҳам уни
деб тўхтагани йўқ эди.
— Аккумулятор.
— Нима қилишни биласизми? Иккинчи тезликка солиб, ўт олдирасиз ва узатгични ишга
соласиз.
— О, буни биламан.
— Мен тезликни олганимдан кейин, сиз узатгични секин босинг, — давом этди у. — Секин.
— Биламан. Аккумулятор бутунлай ишдан чиққан.
Палмер “фольксваген” атрофини айланиб чиқди. Аёл ҳамон изидан қолмас эди.
— Машинага ўтиринглар, иккалангиз ҳам, — аёл боласига буюрди. — Сизга кўп раҳмат, —
мурожаат этди Палмерга у.
— Бу аккумуляторни нима қилиш кераклигини биласизми?
— Шу атрофда тунги гаражлар бор. У ерда бир ёки икки долларга зарядлаб беришади.
Бошқа иложи йўқми?
— Генератордан ўт олдириш учун кўп юришга тўғри келади. Бу фойда бермаслигиям мумкин.
Қисқа тўқнашув чиқиши хавфи ҳам бор. Гаражга мурожаат қилганингиз маъқул.
— Жуда қиммат. Имконим йўқ. Ҳафтанинг охиригача 30 цент пулим қолган.
У жилмайиб, бош силкиб қўйди. Сўнг машинага ўтирди. Палмер “корвет”нинг бурнини
“фольксваген”га тақаб, кичик тезликни ишга солди. У аста-секин тезликни ошира бориб,
машинани олдига жилдирди. Амортизаторлар оҳиста ғирчиллади ва “фольксваген” жойидан
қўзғалди. Аёл зудлик билан тўрт марта сигнал берди ва қизил чироқда Иккинчи авенюнинг
муюлишига бурилди. Палмер бурчакка етиб борганда “фольксваген” ғойиб бўлган эди.
— Эшитдингми? — сўради у.
Виржиния бош силкиди.
— Агар тўхташ жойидан ўрин топилса, у боласи билан машинада ухласа керак.
— Ҳозир совуқ-ку.
— Балки чек душанбада эрталаб келар.
— Қанақа чек?
— Алимент ёки ёрдам.
— Қаердан бил...
— Етар энди, — аёл гапни бўлди, овози совуқ ва силлиқ эди.
— У оғир аҳволда. Ҳали ёш экан. Ҳеч бўлмаганда машинани сотиши мумкин, агар ўзиники
бўлса.
— Аммо у жуда яхши таассурот қолдиради.
— О, худойим, Вудс, жим бўл.
Палмер Қирқ саккизинчи кўчадан шарққа бурилди, машинани топширди, хизматчининг
уйигача элтиб қўйиш ҳақидаги таклифни рад этди ва Биринчи авеню бўйлаб Виржиния билан
бирга кетди.
Банкир (роман). Лесли Уоллер
Do'stlaringiz bilan baham: |