www.ziyouz.com кутубхонаси
242
пешлаб яна барқарор ҳолатига қайтиши, қаддини ростлаши, кучини тўплаши ва кўтарилишда
давом этиши керак.
Лиммо-лим бир ваннадан сутдай, тўсаттан оппоқ, тип-тиниқ нур тепадан унинг боши узра
тўкилди.
— Вудсмисан?
Ёруғликдан у ўзига келди, боши айланишдан тўхтади. У қаддини ростлади ва иккала қўлини
панжарадан олди.
— Мазанг бўлмаяптими?
— Сал кўпроқ олворибман, шекилли, — деди у хаёлига келган дастлабки ўйга маҳкам
ёпишиб; шу заҳоти ўзини меҳрибон хотинининг ихтиёрига топшириб қўяётганини ҳам англади.
— Гапингни англамаяпман. Бўпти, бу ёққа чиқ.
Эгнига кўк-яшил шотландча халат кийиб олган Эдис унга қараб турарди. Унинг сочлари
майда сариқ гажак қилиб бураб ташланганди. Юзи бўрдай оппоқ ва маъносиз, кўзларидаги
сурма ювилиб кетган, лаблари пушти эди. Яноқлари тагида заиф яшилга мойил соя кўзга
ташланарди.
— Сени уйғотиб юборганим учун узр.
— Уйғотмадинг. Китоб ўқиб ётгандим. Келиб, камин олдида нималар биландир машғул
бўлганингни эшитиб тургандим. Уйдалигингни билганимдан кейин ухлаб қолдим.
— Кутишнинг кераги йўқ эди. Қанчагача ҳаяллаб қолишимни билмайман дегандим-ку.
— Ҳа. — Хотинининг қўли чироқ ўчиргичдан пастга тушди. — Бу шаҳарларда... — У қўли
билан ноаниқ, тушуниб бўлмайдиган ҳаракат қилди, — нима бўлиши мумкинлигини ҳеч қачон
билмайман. Ярим тунда сенга нима бўлишини ҳам ҳеч қачон билмайман.
— Қўявер. Мен таксида юраман.
— Кейин, — деди жувон гапида давом этиб, — ухлаб қолиб, дарров уйғониб кетдим, чунки
сен бўкирибми ё инграбми юбординг. Бу ҳам жуда қўрқинчли овоз эди, Вудс. Билмадим, аммо
шундай эшитилдики... — Аёл бошини чайқади.
Қирқ саккизинчи боб
Бруклинда қаттиқ совуқ ҳукм сурарди. Ист-Ривер узра тунги январ шамоли эсар, дарёда муз
бўлаклари сузарди. Хейтс туманида майда, аммо серҳашам кўпхонадонли уйлар орасида ва
Бороу Холл атрофидаги очиқ жойларда шамол увларди. Тунги соат ўнларга яқин ҳатто ишчан
одамлар яшайдиган маҳаллаларни ҳам сукунат чулғаганди, аҳён-аҳёнда бу сукунатни битта-
яримта машина овозигина бузар эди. Олисдаги Бруклин кўприги панжараларини ҳисобга
олмаганда, ўйлади Палмер, ушбу туманни ҳар қандай мўъжаз шаҳарчанинг ишчан қисмига
йўйиш мумкин эди. Шиддатли шамол кўчаларни ана шу тариқа шиббалаб ташлаганди.
Палмернинг асли бруклинлик бўлган ҳайдовчиси машинани моҳирлик билан бир қанча тор
кўчалардан олиб ўтди-да, агар гранит деворига ўйиб ишланган эмблемаларига қараб ҳукм
чиқарилса, бир вақтлар масон ибодатхонаси бўлган муҳташам эски бино олдида тўхтатди. Энди
ибодатхоналиги ҳам қолмаган, деб ўйлади Палмер машинадан чиқаркан, чунки бугунги
йиғилишни шу ерда ўтказишга келишилган эди.
У изғиринли шамолда бирпас тўхтаб турди ва шошилмай атрофга назар солди. Бу унинг
Бруклин билан биринчи марта тўқнашуви эди. Эски шаҳар, ўйлади у. У бир вақтлар тароватли
бўлган Манхеттендан анча кўҳнароқ кўринмоқда эди.
— Жимми, энди ярим тунгача сиз менга керак бўлмайсиз, — мурожаат қилди у ҳайдовчисига.
— Иссиқроқ бир жой топиб, исиниб олсангиз бўлармиди.
— Бу пайтда бу ерда ҳамма нарса ёпиқ бўлади, мистер Палмер.
— Унда машинани қулфланг-да, мен билан юринг.
Банкир (роман). Лесли Уоллер
Do'stlaringiz bilan baham: |