www.ziyouz.com kutubxonasi
95
Масжид ёнида Саъд ибн Абу Ваққос учун уй қурилди.
* * *
Куфада Саъд учун уй қуриларкан, Мадинадаги Бақиъ қабристонида ҳам бир қабр қазилди.
Унга Расулуллоҳнинг Иброҳим деган ўғилларининг онаси Марям дафн қилинди.
Мисрда туғилиб, улғайган, лекин тақдири илоҳий билан Мадинага келиб қолган Марям
онамиз Сарвари коинот соллаллоҳу алайҳи ва салламга завжа бўлиш бахтига етишган эди. Миср
подшоси уни Расулуллоҳга ҳадя қилиб юборган эди. Тўрт йил давомида Расули акрамнинг
жориялари бўлган Марям онамиз, аввал, Мадинанинг Аволий даҳасидаги Ҳориса ибн Нўьмонга
тегишли уйда, кейинроқ бошқа жойда истиқомат қилди. Ҳазрати Марям тўладан келган, гул
юзли, чиройли аёл эди. Иброҳим дунёга келгач, у кишининг мавқеи ҳам ўзгарди. Расулуллоҳ
соллаллоҳу алайҳи ва саллам фурсат бўлди дегунча фарзандлари ва аёллари зиёратига
келардилар. Иброҳим касал бўлиб қолгач, янада кўпроқ келадиган бўлдилар. Табиийки, бошқа
оналаримиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни Марямдан қизғанишар, чунки ҳеч
бирлари фарзанд кўришмаган эди. Ҳазрати Оиша бир кун хотираларини ёдга оларкан:
«
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳеч бир аёлларини Марямчалик рашк
қилмаганман», деган эди. (Ибн Ҳажар, «Исоба»)
Бу ҳам Марям онамизнинг Расулуллоҳ наздларидаги қадри ва эътибори қанчалик бўлганини
билдиради.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг вафотларидан кейин Ҳазрати Абу Бакр Марям
онамизнинг ҳурматини жойига қўйиб, ҳолларидан хабар олиб турарди. Ҳазрати Умар ҳам бу
ишни давом эттирди. Бир пайтлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг вакиллари
билан Мисрдан Мадинага сафар қилган Ҳазрати Марям бу гал Буюк Парвардигорнинг вакили
билан фоний дунёдан боқий оламга йўл олди.
Илк сафар оламларга раҳмат бўлган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларида
ниҳоя топган бўлса, энди яна у зот томонга йўналди. Ҳазрати Марям Расулуллоҳ соллаллоҳу
алайҳи ва салламга ширингина суюкли фарзанд ҳадя қилди. Зотан, Оламлар сарварини хурсанд
қилган инсоннинг кўнглини Аллоҳнинг ўзи кўтаради.
Марям онамиз ювилиб, кафанланди, Ҳазрати Умар жаноза намозини ўқиди. Кейин елкалар
оша тобут Бақиъ қабристонига йўналди. Маййит эшикнинг шундоқ рўпарасидаги қабрга дафн
этилди. Марям онамизнинг вафоти ҳижрий 16 йилнинг муҳаррам ойига тўғри келди. («Тарихи
Табарий")
Бу ерда Марям онамиз ўз оилаларидан яна неча кишига «қўшни» бўлди. Улардан бири
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бор-йўғи уч ойгина умр кечирган Зайнаб ибн
Хузайма эди. У мусулмон бўлмасидан олдиноқ «уммул масокин» (мискинлар онаси) деган
номга сазовор бўлган эди. Бир неча қадам нарида эса уч нафар гул юзли аёллар ётарди. Улар
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кўзларининг нури, қалбларининг сурури бўлган
қизлари Зайнаб, Руқийиа ва Умму Гулсум эдилар.
Асҳоби киром Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан қолган яна бир хотиранинг
ўчганидан қайғурди. Бу қайғу баъзиларининг кўз ёшига сабаб бўлди. Ўлим карвони Расулуллоҳ
соллаллоҳу алайҳи ва салламга суюкли бўлган яна бир инсонни олиб кетиб, қалбларга титроқ
солди.
Бу карвон ўзи истаган пайтда Мадинага келиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам
учун қадрли бўлган инсонларни бирма-бир олиб кетади ва бир кун келиб: «Бу шаҳарда
Расулуллоҳни кўрган ҳеч ким қолмади», деган сўзлар айтилади.
* * *
Ҳазрати Умар ибн Хаттоб (р.а.). Аҳмад Лутфий Қозончи
Do'stlaringiz bilan baham: |