www.ziyouz.com kutubxonasi
93
қилмишини маълум қилди ва ундан хафа бўлганини айтди. Кейин уларга бирор кор-ҳол рўй
бермасдан етиб олишни буюрди. Утба буйруқни олган заҳоти ўн икки минг кишилик қўшин
ҳозирлаб, унга Абу Саброни қўмондон қилиб тайинлади. Кейин унга Форс кўрфазининг орқа
тарафидан юриб, Ало бошлиқ мусулмонлар қўшинига қўшилишни айтди.
* * *
Ало ибн Хазрамийнинг қўшини Хулайд бошчилигида Басра томон ҳаракатланаркан,
форслар Шаҳрок исмли одам атрофига бирлашиб, катта қувват билан уларнинг йўлини тўсди.
Ниҳоят, Ҳазрати Умар хавфсираган воқеа рўй берди. Форслар яна жангни бошлаб,
мусулмонларни бирин-кетин қира бошлади. Шу он узоқдан кўтарилган чанг-тўзон икки
тарафдан бирига мадад кучлари етиб келаётганидан дарак берарди. Қарши тараф учун эса, бу
ҳалокат дегани эди. Мусулмонлар ёрдамдан умид қилолмасди. Чунки у ёқда ҳеч ким уларнинг
йўлга чиққанидан хабардор эмасди. «Душманга ёрдам келди», «мағлубиятга учрадик», деб
тахмин қилиб турган мўминларга ўша тарафдан келаётган такбир садолари гўё қайта жон
бағишлагандек бўлди. Улар ўзгача куч ва ғайрат билан жанг қилишга киришдилар. Утбанинг
аскарлари жанг қилаётган мусулмонлар ортидан урушга кирдилар. Энди мусулмонларнинг
ғалабаларига шубҳа қолмади. Ана-мана зафар қозондик, деб турган форслар яна мағлубиятга
мубтало бўлдилар.
* * *
Утба ибн Ғазвон Ҳазрати Умарнинг олқишига сазовор иш қилди. Чунки у деярли аниқ
мағлубият бўлган жангни ғалаба билан якунлади. Кейин пойтахтга хат йўллаб, ҳаж қилишга изн
сўради. Мадинадан рухсат берилгач, ҳарб ишларини Абу Саброга, имоматни Муғийра ибн
Шўъбага қолдириб, йўлга отланди. Утба Маккаи мукаррамага етиб келиб, Ҳазрати Умар иккови
ҳаж қилди. Ҳазрати Умар билан бир суҳбатда давлат ишларидан чарчаганини ва дам олмоқчи
эканини айтиб, вазифасидан озод этишини сўради. Ҳазрати Умар унинг бу истагини қабул
қилмади, бундан буён ҳам кўп фойдаси тегишини айтиб, вазифасини давом эттиришини айтди.
Утба чорасиз йўлга чиқди. Лекин негадир оёқлари олдинга тортмасди. Кўпчилик учун орзу
бўлган Басра ва унинг атрофидаги ерларга волийлик қилиш у учун аҳамиятсиз эди. Утба Макка
билан Тоиф орасидаги Нахла деган жойга етди. Бу жой у учун охирги манзил эди. Бир пайтлар
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Тоифдан қайтарканлар, шу ерда бомдод намозини
ўқиган эдилар Қуръонни Пайғамбаримиздан тинглаган жинлар шу ерда Исломга кирган эди.
Утба шуларни эслаб, Нахлада тўхтади. У ёғига негадир юргиси келмади. Унинг наздида
«
Нахлада тўхта!» деган амр Ҳазрати Умардек зотнинг: «Басрага қайт!» деган амридан юқорироқ
мақомдан келган эди. Зеро, бу мақом амрини тўхтатадиган ёхуд кечиктира оладиган бошқа
мақомнинг ўзи йўқ эди. Утба йигирма саккиз йилдан бери шу мақом соҳибига яхши қул бўлиш,
Унинг Пайғамбари йўлини маҳкам тутиш учун курашиб келди. Бу йўлда унинг чекмаган
заҳмати, кўрмаган қийинчилиги, қилмаган фидокорлиги қолмади. Ҳозир эса, ундан жони
сўралаётган эди. У бу талабга қарши боролмасди. Моҳир қўмондон Нахлада жон таслим қилди.
* * *
Ҳазрати Умар Утбанинг ўлими хабарини эшитиб, қаттиқ қайғурди. Мадинага қайтаркан,
унинг қабрини зиёрат қилди. Қабр бошида: «Агар умр белгилаб қўйилмаганида, инсон ажали
билан ўлмаганида, сени мен ўлдирдим, деган бўлардим, Утба. Қанийди, илтимосингни
қилсайдим ва сени мажбур этмасдан, ўз ҳолингга қўйган бўлсайдим», деб йиғлади. («Тарихи
Ҳазрати Умар ибн Хаттоб (р.а.). Аҳмад Лутфий Қозончи
Do'stlaringiz bilan baham: |