www.ziyouz.com kutubxonasi
114
баъзида гувоҳлик учун чақирилганида ҳам "Мен гувоҳлиги қабул қилинмайдиган одамман", деб
рад қилди.
Нофиъ ва Шибл Ҳазрати Умарнинг таклифларини қабул этиб, тавба қилишганини
билдиришди.
Тўрт оға-ини яна Басра томон йўл олдилар. Зиёд бундан буён ҳам Басранинг янги волийига
котиб қилишда давом этди. Бироқ, оғаси Абу Бакра билан ўрталарига совуқчилик тушиб, бир
умр ярашмадилар.
Зиёд бу воқеани яхши эслаб қолди. Чунки кейинроқ унинг бошқа отадан экани айтилганида,
у виждон товушини бостиришга уринди.
Муҳим мактуб
Ҳазрати Умар Басра волийлигига янга тайинланган Абу Мусо Ашъарийга мактуб ёздилар.
Фақиҳлар катта аҳамият берган ва Исломда ҳукм чиқариш усулларининг асли ва асоси
кўрсатилган ушбу мактубда одил раҳбар шундай деганлар:
"
Абу Мусо, ҳукм қилиш Аллоҳ китобидаги фарз ва Расулуллоҳнинг суннатлари эканини
биласан. Сенга даъво билан келганларида, уни чуқур англаб, кейин ҳукм чиқар ва уни ижро эт.
Зеро, ижроси таъминланмаган ҳукмнинг баён қилиш билан чекланишидан наф йўқ.
Даъвогарларни ҳузурингда баробар кўр. Ҳар икки тарафга бир хил муомала қил. Юз
ифоданг иккала тарафга бир хил бўлсин. Токи, обрў-эътиборлиси сенинг ноҳақликка йўл
қўйишингга умид қилмасин ва, айни чоғда, заифроқ тараф адолатингдан ноумид бўлмасин.
Даъвогар даъвосини далиллар билан исботлаши лозим. У исботлолмаган тақдирда даъвони
инкор қилган тараф қасам ичиб ўзини оқлаши керак.
Мусулмонларни ҳақ-ҳуқуқлари таъминлаган ҳолда ўзаро яраштириб қўй. Аммо Аллоҳ
ҳаром қилганни ҳалол деган ва ҳалолни ҳаром деганлар билан муроса қилиш асло мумкин эмас.
Бирор одам ҳали йўқ, нарсани даъво қилса ёхуд далили узоқдалигини айтадиган бўлса, унга
мухлат бер. Даъвосини исботлай олса, ҳаққини ато эт. Исботлай олмаса, унга ҳукм чиқариш
ўзингга ҳавола.
Узоқдаги далил учун мухлат берилса, кейин эътироз пайдо бўлмайди.
Мабодо чиқарган ҳукмингга шубҳа қилган ёки ҳақиқат бошқа ёқда эканини англаган
тақдирингда ҳақ ҳукмни танлашдан сени ҳеч нарса қайтармасин. Чунки ҳақиқат азалийдир.
Вақтинча яширин қолса-да, бир куни ошкор бўлади ва ҳеч бир нарса уни инкор қилолмайди.
Ҳақиқатга қайтиш эса, ботилда қолиб кетишдан яхшироқдир.
Барча мусулмонларнинг гувоҳликларини қабул қил. Фақат ёлғончилиги исботланган ёки
шаръий жазо сифатида гувоҳлик бериш ҳуқуқидан маҳрум бўлган кишилар бундан мустасно.
Шунингдек, қариндошлик ва қул-хожалик муносабатлари туфайли гувоҳликлари қабул
қилинмайдиганлар бор. (Яъни, фарзанд отаси, қул хожаси фойдасига гувоҳлик бериши
мумкинлиги эҳтимоли бор.) Булардан бошқа барча мўминларнинг гувоҳлиги қабул қилинади.
Бандаларнинг ниятлари ва ички дунёларини буюк Аллоҳнинг ўзи баҳолаб, ўзи ҳукм
чиқаради. Далил билан исботланмаган ва қасам билан тасдиқланмаган ишга жазо берилмайди
(
яъни, буларнинг ҳукми Аллоҳга ҳавола).
Агар сенга Қуръон ва суннатда ҳукми айтилмаган даъво билан келсалар, аввал, уни яхшилаб
тушуниб ол. Кейин у масаланинг Қуръондаги ўхшашлари билан таққосла ва ўшанга қараб ҳукм
чиқар. Аллоҳ ҳузурида мақбул, ҳақиқатта яқин эканига кўнглинг чопса, ҳукм чиқар.
Ғанимларни муҳокама этаётганингда қаҳр-ғазаб, бепарволик қилма. Даъвогарга ҳам,
айбланувчигаям азият етказма. Бировга паст ва бегона назар билан боқма. Чунки ҳақиқатни
юзага чиқариш учун муҳокама қилиш муҳим вазифадир. У Аллоҳнинг мукофотига васила
бўлади ва ҳукм чиқарувчи учун шарафдир.
Ҳазрати Умар ибн Хаттоб (р.а.). Аҳмад Лутфий Қозончи
Do'stlaringiz bilan baham: |