www.ziyouz.com kutubxonasi
106
солиғини тўлаб бўлганимни айтсам ҳам, унашмади. Вазиятни ўзингизга тушунтириб бериш
учун бу ёққа келдим.
Ҳазрати Умар бадавийнинг гапларини эшитиб хафа бўлиб: — Битта отдан икки марта солиқ
олинмайди-ку! — деди. Ҳалиги одам у зотнинг: «Дарҳол буйруқ ёз. Бу одамнинг ҳаққига хиёнат
қилинмасин», дейишини кутди. Лекин Ҳазрати Умар индамай, яна ўз ишлари билан машғул
бўлди. Тағлиблик киши халифа ҳузуридан чиқаркан, келганига афсусланди. Буёғи борадиган
жойи, шикоят қиладиган одами йўқ эди. У энди шунча йўл босиб келганига куйсинми ёки
ноҳақлик туфайли тўлайдиган минг дирҳамигами? Йўлда кетаркан, ўзига ўзи «Одил халифа
деганлари шу бўлса, золими қандай бўларкан?» деди. Иккинчи марта отига солиқ тўлаш учун
Зиёднинг олдига борди. Зиёд эса жавобан шундай деди:
—
Ол пулингни. Сен аввалроқ солиқ тўлаган эдинг. Бадавий севиниб кетди.
—
Ўзингиз икки марта олмоқчи эдингиз-ку!
—
Тўғри, лекин халифадан келган буйруққа кўра, бир йил ўтмай туриб, иккинчи марта
солиқ олиш мумкин эмас. Ундан кейин, сендан узр сўраймиз.
Тағлиблик ҳаммасини тушунди. «Халифа кўп гапиргандан кўра, амалда қилишни афзал
биладиган одам экан.
Ҳазрати Умар вақтни бой бермасдан юқоридаги амрни юбориб, бу одам етиб келмасдан
Зиёдни огоҳлантирган эди. Ҳолбуки, ўша пайт Ҳазрати Умар: «Сен насрониймисан? Тўлайвер»,
дейиши мумкин эди. Ҳозир бир кўнгил забт этилди. Ким билади, бу адолат яна қанча
кўнгилларни ўзига ром этган? Бадавий қисқа фурсатда бир қарорга келди:
—
Мен халифанинг динига кириш учун нима қилишим керак?
У айтилганидек аввал ғусл қилди, кейин шаҳодат калималарини айтиб, икки ракъат намоз
ўқиди.
* * *
Ҳазрати Умар одатига кўра Мадинани айланаркан, бир тиланчини учратди. Бечора қариб,
кўзлари кўр бўлиб қолган эди. Ҳазрати Умар чаққон бориб, унинг билагидан олди:
—
Тўхта-чи, биродар, қайси диндасан?
—
Яҳудийман. Ўзинг кимсан, нега сўраяпсан?
—
Мен Умар ибн Ҳаттобман. Қани айт-чи, не сабабдан тиланчилик қилиб юрибсан?
—
Шунга мажбурман. Акс ҳолда, гарданимдаги жизяни тўлашга қурбим етмайди.
—
Мен билан юр!
Ҳазрати Умар тиланчини олдига солиб, уйига олиб келди. Унинг қорнини тўйғазди ва
қўлига садақа қилиб, озгина пул ҳам тутқазди. Тиланчини кузатиб қўяркан, Ҳзрати Умар унинг
ёнига бир одамни қўшиб, Байтулмолга юборди ва:
—
Бу одам ва шу кабилардан хабар олиб туринглар. Уларни ўз ҳолларига ташлаб қўйсак,
инсофдан бўлмайди, — деб тайинлади. Бундан буён қария фақирлардан солиқ олмасликни
буюрди.
Бир куни Тоифдан мактуб келтирдилар: «Асаларичилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва
салламга тўлаган солиқларини бизга тўлашмаяпти, устига устак қутиларини қўриқлашимизни
ҳам талаб қилишяпти».
Ҳазрати Умар уларга қуйидагича жавоб ёзди: «Улар Расулуллоҳга ўн меш асалдан бир
мешини солиқ сифатида тўлар эдилар. Агар улар шуни тўлашда давом этмасалар, сиз уларнинг
қутиларини қўриқлашингиз шарт эмас».
* * *
Ҳазрати Умар ибн Хаттоб (р.а.). Аҳмад Лутфий Қозончи
Do'stlaringiz bilan baham: |