2.2. Дизайн лойиҳа воситасида ўқувчиларда креативлик қобилиятларини шакллантириш методикаси ва технологияси
Бугунги кунгача ўқувчиларнинг ижодий қобилиятларини ривожлантириш бўйича кўпгина илмий-амалий тадқиқотлар ўтказилган бўлиб, уларда ўқувчиларнинг ижодий фаолиятини ташкил этишнинг турли хил шакл, восита ва усуллари кўрсатиб берилган. Деярли барча тадқиқотларда ижодий фаолият орқали шахсни тарбиялашда катта имкониятлар мавжудлиги таъкидланган. Жаҳонда таълим барқарор тараққиётни таъминлайдиган асосий омил сифатида эътироф этилиб, халқаро ташкилотлар ҳамда дунёнинг аксарият мамлакатлари томонидан 2030 йилгача белгиланган халқаро таълим концепциясида «билимнинг мустаҳкам пойдеворига эга бўлиш, ижодий ва танқидий фикрлашни ривожлантириш, ўқувчиларда ҳамкорлик қобилиятлари ва билишга қизиқишни шакллантириш»39 долзарб вазифа сифатида қайд этилган. Шахсда креативликни шакллантириш бошланғич синфданоқ таълимнинг интерфаол технологиялари орқали интеллектни ривожлантиришга имкон берадиган янгича фикрлаш маданиятини таркиб топтиришни тақозо этади40. Шунингдек, бошланғич синф ўқувчиларида креативликни мақсадга йўналтирилган ва тизимли ривожлантириш умумтаълимий компетенцияларни таркиб топтириш, таълим сифатини оширишга хизмат қилади.
Ёшларни мустақил ҳаётга ва касб-ҳунарга тайёрлашда умумий ўрта таълим мактабларида ўқитиладиган технология дарслари ўқув фани катта аҳамият касб этади. Шунинг учун ҳам технология дарсларида ўқувчиларнинг мустақил фикрлаш ва мустақил ишлаш қобилиятларини ривожлантирадиган методлардан кенгроқ фойдаланиб бориш мақсадга мувофиқ ҳисобланади.
Мазкур масалаларни илмий-педагогик нуқтаи назардан ўрганиш, умумий ўрта таълим мактаблари технология дарслари жараёнида ўқувчиларнинг таълим олишга бўлган эҳтиёжини эътиборга олиш ва етарли шарт-шароитлар яратиб бериш зарурати бугунги куннинг долзарб масалаларидан бири сифатида қаралмоқда. Ўйламизки, «бундай ҳолда технология машғулотларида ўқувчилар томонидан тайёрланадиган буюмларни эстетик ва дизайн талабларига жавоб беришидан ташқари уларда буюмларни тайёрлаш жараёнига оид креатив қобилиятларни ривожлантириш зарур ҳисобланади. Яна шуни таъкидлаш керакки, ҳозирги техника ва технология дарслари инсон тафаккурига нисбатан жуда илгарилаб ривожланиб кетган бўлса, унга етиб олиш, фантазияда ёки ижодий тафаккурда ундан олдинда бўлиш зарурлигини тақозо қилмоқда»41. Шу сабабли, «бошланғич синфларданоқ ўқувчиларнинг фазовий, образли, эстетик фикрлашларини ҳамда график кўникмаларини ривожлантириш мақсад қилиб қўйилган. Бу каби билимларни технология фанига киритишдан мақсад – ўқувчилар буюмларни, маҳсулотларни эстетик ва иқтисодий жиҳатларини эътиборга олган ҳолда лойиҳалаш ишларини бажаришлари ва амалда уларни тайёрлаб ўрганишлари учун муҳим омил ҳисобланади»42. Технология дарсларида фикрни жамлаш, янгилик яратишга қаратилган фаолият креатив сифатлари билан боғлаб тушунтирилади.
Инсоннинг ҳар қандай соҳадаги, жумладан, ижодий фаолиятдаги эришадиган ижобий ютуғи, энг аввало, ундаги мавжуд қобилиятларга боғлиқ эканлиги барчамизга сир эмас. Кобилят –инсоннинг маълум Чунки қобилият – инсоннинг маълум ишларни бошқа кишиларга ва бошқа ишларга нисбатан тез ва қулай амалга оширишига имкон берувчи ўзига хос шахсий психологик хусусият ҳисобланади. Педагогика ва психология фанларидан маълумки, қобилият инсонда туғма ҳолда юзага келади. Кейинчалик бирор фаолият орқали бу қобилиятлар шакллантирилади ва ривожлантирилади. «Ижодий қобилият, бу қобилиятнинг даражаси, уни ривожлантириш ҳар бир инсоннинг шахсий руҳий ҳолати, ташаббускорлиги, мустақиллиги балан чамбарчас боғлиқдир. Айрим тадқиқотчилар ижодкорликни ахлоқий ва ғоявий қарашларни тез ўзлаштириш имконини беради, деб таъкидлайдилар»43. Демак, юқоридагилардан кўринадики, ўқувчиларнинг ижодий ишларини, ижодий фаолиятини ташкил этиш мураккаб жараён бўлиб, бу жараённинг ўзига хос педагогик ва психологик жиҳатлари, томонлари мавжуддир. Жумладан, психологик жиҳат инсондаги маълум ижодий қобилиятнинг юзага келиши ва ривожланиши (масалан, бирор фикрни ўзгартириш, бошқа соҳада қўллай олиш; Демак, ижодкорлик инсоннинг янгилик яратиш, илгари мавжуд бўлмаган нарсаларни яратиш, қонуниятларни очиш, уларни сифат жиҳатдан янгилаш соҳасидаги фаолиятидир. Биз ўқувчиларнинг ижодкорлик фаолияти деганда айнан уларнинг янги ғоя маҳсули сифатида янгилик яратиш ва уни ҳаётга тадбиқ этиш фаолиятини ифодалашни тушунамиз.
Технология дарсларида ўқувчиларни ижодий фаолиятини ташкил этиш педагогик ва психологик томондан жуда мураккаб жараёнлардан биридир. Сабаби, «бу жараёнда ўқувчидан бирор бир масала ёки топшириқни моҳиятини англаш, фикрлаш, ясаладиган буюмни фазовий тасаввурида шакллантира олиш ва уни амалда тайёрлай олиш каби ақлий ва жисмоний ишларини бажариш қобилияти талаб этилади. Бизга сир эмаски, кўпчилик ўқувчиларда юқоридаги қобилият яхлит ҳолда мужассамлашмаган»44. Айниқса, 5-7-синф ўқувчилари мана шундай ижодий ишлар жараёнига киришиб кетиши қийин бўлади. Ўқувчиларни бундай ижодий амалий фаолиятга жалб этиш ишларини енгиллаштириш учун уларни мазкур жараёнга олдиндан тайёрлаш, ижодий фикр юритишга, тасаввур қилишга ва ишлашга ёрдам берувчи усуллурдан фойдаланиш лозим.
Do'stlaringiz bilan baham: |