Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан !


Ахлоқсиз, ўғрилик билан шуғулланадиган кимсалар ва жиноятларга бериладиган жазолар ҳақидаги фасл



Download 1,04 Mb.
bet30/30
Sana21.02.2022
Hajmi1,04 Mb.
#78819
1   ...   22   23   24   25   26   27   28   29   30
Bog'liq
Умумий

Ахлоқсиз, ўғрилик билан шуғулланадиган кимсалар ва жиноятларга бериладиган жазолар ҳақидаги фасл
Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳ айтади: Эй мўминлар амири, сен ахлоқсиз, бузуқ ва ўғри кимсалар бирор жиноят қилиб, қамоққа олинса, қамоқда уларга озиқ-овқат бериладими ва у йиғиладиган солиқ ҳисобиданми ёки бошқа маблағданми, умуман бу борада нима қилиш кераклиги ҳақида сўраган эдинг.
Агар шу каби ҳолатдаги кишининг ейишга бирор нарсаси, мол-мулки ва ўзини таъминлаш учун ҳеч нимаси йўқ бўлса, у садақа ёки давлат хазинаси ҳисобидан таъминланади. Мазкур икки йўлдан қайси бирини танлашинг сенинг ихтиёрингдадир. Мен уларнинг ҳар бирининг озиқ-овқати давлат хазинаси томонидан таъминланиши афзал ҳамда бундан бошқача йўл тутиш тўғри эмас деб ҳисоблайман.
Мушриклардан асир олинган кишига токи у ҳақда ҳукм қилинмагунича таом берилиб, яхши муомала қилинади, шундай экан қандай қилиб мусулмон киши хато ёки гуноҳ қилса, уни очликдан ўлгунча ташлаб қўйиш мумкин? У бу ишга тақдир тақазоси ва жоҳилликдан қўл урган. Эй мўминлар амири, халифалар қамоқдагиларни таом, зираворлар, қишки ва ёзги кийимлар билан таъминлаб турганлар. Бу ишни биринчи бўлиб Ироқда Али ибн Абу Толиб (р.а.) амалга оширган, сўнгра Шомда Муовия ва ундан кейинги халифалар амалга оширган.
288. Исмоил ибн Иброҳим ибн ал-Муҳожир Абдулмалик ибн Умайрадан ривоят қилади: “Али ибн Абу Толиб (р.а.) бирор қабила ёки қавмда жиноятчи киши бўлса, уни қамоққа олар эди. Агар ўша жиноятчининг мол-мулки бўлса, нафақасини унинг молидан тўлар, агар мол-мулки бўлмаса, унга мусулмонларнинг давлат хазинасидан нафақа тўлар эди”. Бу ҳақда Али (р.а.) шундай деган: “Жиноятчининг ёмонлиги мусулмонлардан тўсилиб, нафақаси давлат хазинасидан тўланади”.
289. Шайхларимиздан бири Жаъфар ибн Бурқондан ривоят қилади: Умар ибн Абдулазиз бизларга шундай мактуб ёзди: “Қамоқхоналарингиздаги мусулмонлардан ҳеч бирини туриб намоз ўқолмайдиган даражада занжирбанд қилманглар. Шунингдек, кечаси ҳам занжирбанд қилманглар, фақат қотил кимсалар бундан мустасно. Солиқ ҳисобидан уларнинг таом ва зираворларига етадиган маблағ билан таъминланглар. Вассалом!”.
(Эй мўминлар амири), маҳбусларни озиқ-овқат билан таъминлашда қанча таом ва зиравор кетишини аниқлашни ва уни дирҳамда ҳисоблаб, ҳар ойда уларга етказилишини буюр. Агар уларга нон етказиб берсанг, қамоқхона бошлиқлари, назоратчилар ва миршаблар уни ўзларига оладилар. Бу ишни солиҳ кишилардан бирига топшир, у қамоқхонадаги солиқ ҳисобидан нафақа бериладиганларнинг исмларини ёзиб чиқсин ва бу рўйхат унинг ўзида сақлансин. Уларнинг нафақаларини ойма-ой бериб борсин ва ўтириб уларнинг ҳар бирини номма-ном чақириб, ўз қўлига берсин. Агар маҳбуслардан бирортаси озод қилиниб, қўйиб юборилган бўлса, унга ажратилган нафақа (давлат хазинасига) қайтарилади. Уларнинг ҳар бирига ойига ўн дирҳам нафақа ажратилади, лекин маҳбусларнинг ҳаммаси ҳам унга ажратиладиган нафақага муҳтож эмас. Уларнинг қишки либослари кўйлак ва устки кийим, ёзги либослари кўйлак ва изордан иборат. Аёл маҳбусларга ҳам худди шундай нафақа ажратилади ва уларнинг қишки либослари кўйлак, ёпинчиқ ва устки кийим, ёзги либослари кўйлак, изор ва ёпинчиқдан иборат.
Маҳбуслар занжирбанд ҳолида кўчага чиқиб одамлардан садақа сўраб юришларига йўл қўйма. Гуноҳ ва хато қилган мусулмон кишилар, уларнинг бу ҳоллари Аллоҳнинг қазосидир, қамоққа олиниб, занжирбанд ҳолларида садақа сўраб юришлари яхши эмас. Мен мушриклар ўз қўлларидаги мусулмон асирларга бундай муомала қиладилар деб ўйламайман, қандай қилиб мусулмонларга шундай муомала қилиш мумкин?! Агар занжирбанд ҳолларида чиқиб садақа сўрасалар, буни фақат очликнинг зўридан қиладилар ва баъзан ейишга нарса топсалар, баъзан топа олмасликлари мумкин. Албатта одам боласи гуноҳдан холи эмас!
(Эй мўминлар амири), сен маҳбусларнинг ишини кўриб чиқ ва улар борасида мен сенга тушунтирганимдек йўл тут! Маҳбуслардан бирортаси вафот этиб, унинг валийси ва қариндошлари бўлмаса, у ювилиб, давлат хазинаси ҳисобидан кафанланади ва унга жаноза намози ўқилиб, дафн қилинади. Ишончли кишиларнинг менга хабар беришича, бошқа ерлик бўлган маҳбуслардан бири вафот этса, қамоқхона бошлиғидан уни дафн қилишга рухсат сўрагунларича ва ўз ёнларидан маблағ ажратиб, уни қабрга олиб борадиган кишини ёллагунларича қамоқда бир-икки кун қолиб кетади ва ҳатто ювилмасдан, кафанланмасдан ва унга жаноза намози ўқилмасдан дафн этилади. Бу ислом аҳли учун катта гуноҳ!
Агар сен ҳад (шариатда жиноят учун белгиланган жазо)ларни қўллаганингда, қамоқларда маҳбуслар камаяр, фосиқ ва жиноятчи кишилар жазодан қўрқиб, қилаётган жиноятларини тўхтатар эдилар. Маҳбусларнинг кўпайиб кетишига сабаб, уларнинг ишлари ўрганилмайди. Жиноятчи ҳибсга олинади, лекин унинг иши кўриб чиқилмайди. Сен волийларингга маҳбусларнинг ишини ҳар куни кўриб чиқишни, улардан кимга жазо белгиланган бўлса, жазосини бериб, озод қилишни, жинояти тасдиқланмаганларни эса қўйиб юборишни буюр. Шунингдек, уларга жазо беришда ҳаддан ошиб, шариатга тўғри келмайдиган ишларни қилмасинлар. Эшитишимча, улар жиноятда гумон қилинган кишини ҳам уч юз ва икки юз, бундан ҳам кўп ёки кам дарра урадилар, бу қонунга зид ва мумкин эмас. Мўминнинг танаси ҳимояланган бўлиб, фақатгина бузуқлик, бўҳтон, ичкилик ичиш каби жиноятлар бундан мустасно, ҳад белгиланмаган жиноятлар ва юқоридаги ҳолатларда ҳам белгилангандан ортиқча дарра уриш мумкин эмас, менга етиб келишича, сенинг волийларинг шундай қиладилар. Расулуллоҳ (с.а.в.) намоз ўқийдиганларни дарралашдан қайтарганлар.
290. Шайхларимиздан бири Ҳавза ибн Атодан, у Анасдан ривоят қилади: Абу Бакр Сиддиқ (р.а.) шундай деди: “Расулуллоҳ (с.а.в.) намоз ўқийдиганларни дарралашдан қайтарганлар”.
Бизнинг фикримизча, бу ҳадиснинг маъноси, албатта Аллоҳ билгувчироқ, Расулуллоҳнинг (с.а.в.) бу қайтариқлари дарра урилмайдиган жазо турларига нисбатан айтилган. Лекин менга етиб келган маълумотларга кўра, сенинг волийларинг бу ишни ҳеч қандай ҳукмсиз ва жиноятга қандай жазо белгиланганига қарамасдан қилаверадилар. Жиноятнинг кичик ёки катталигидан қатъий назар жиноятчига нисбатан бундай қилиш мумкин эмас. Маҳбуслардан ким қасос70, ҳад ёки таъзир71 каби жазо турлари белгиланган жиноят қилган бўлса, ўша жазо тури билан жазоланади. Ким бировга жароҳат етказган бўлса, худди шундай жароҳат билан қасос амалга оширилади, яъни гувоҳлар ёрдамида у етказган жароҳат аниқланиб, унга ҳам худди шундай жароҳат етказилади, агар жароҳатланган киши уни авф этса ундан қасос олинмайди. Агар худди шундай жароҳат етказиш имкони бўлмаса, жиноятчига товон тўлаш белгиланади ва у жазонланиб, тавба қилмагунича узоқ муддатга қамалади, шундан кейин озод қилинади. Шунингдек, ким қўл кесилиши белгиланган ўғрилик амалга оширса, унинг қўли кесилади. Белгиланган ҳадларни амалга оширишнинг (у дунёда) ажри катта ва ер аҳолисига фойдаси кўпдир.
291. Ҳасан ибн Умора Жарир ибн Язиддан, у Абу Зуръа ибн Амр ибн Жарирдан ривоят қилади: мен Абу Ҳурайранинг шундай деганини эшитганман: Расулуллоҳ (с.а.в): “Ер юзида ҳадга амал қилиниши, унинг аҳолиси учун 30 кун эрталаб ёмғир ёғишидан яхшироқдир”, - деганлар.
Имом ҳадни амалга оширишда бирор кишининг тарафини олиши ва бировнинг ҳимояси билан ҳаддан озод қилиши мумкин эмас ва бу борада маломатчининг маломатидан қўрқмаслиги керак. Агар ҳадни амалга оширишда шубҳали жиҳатлар мавжуд бўлса, бу борада Расулуллоҳнинг (с.а.в) саҳобалари ва тобеъинлардан келган ривоятлар асосида ҳадни бекор қилади. Уларда шундай дейилади: “Шубҳали ўринларда қўлингиздан келганча ҳадларни бекор қилинглар. Зеро, кечиришда хатога йўл қўйиш, жазо беришда хатога йўл қўйишдан яхшидир”.
Ҳад белгиланмаган жиноятчига ҳад қўлланиши, шунингдек, ҳад белгиланганга агар шубҳадан холи бўлса, уни қўлламаслик мумкин эмас. Мусулмон киши имомдан белгиланган ва аниқ бўлган ҳадни бекор қилишни сўраши мумкин эмас. Агар иш хали имомга етиб бормаган бўлса, бунга кўп фақиҳлар рухсат беришган. Лекин билишимизча, фақиҳлар иш имомга етиб боргандан кейин бундай қилиниши мумкин эмаслиги борасида ихтилоф қилмаганлар. Аллоҳ билгувчироқдир!
292. Ҳишом ибн Урва Фурофаса ал-Ҳанафийдан ривоят қилади: Зубайрнинг олдидан бир ўғрини олиб ўтишди, шунда у унга раҳм қилишни сўради. Унга: “Ҳад борасида раҳм қилишни сўраяпсанми?”, - дейишди. У: “Ҳа, у хали имомнинг олдига олиб борилмади. Имомнинг олдига олиб борилгандан кейин уни кечирганни Аллоҳ кечирмайди”, - деди.
293. Ҳишом ибн Саъд Абу Ҳозимдан ривоят қилади: Али (р.а.) ўғрини кечиришларини сўради. Унга: “Наҳотки, ўғрини кечиришни сўраяпсан”, - дейишди. Али (р.а.): “Ҳа, у хали имомнинг олдига олиб борилмади. Имомнинг олдига олиб борилгандан кейин уни кечирганни Аллоҳ кечирмайди”, - деди.
294. Аъмаш Иброҳимдан ривоят қилади: “Қўлингиздан келганча, Аллоҳнинг бандаларидан ҳадларни бекор қилинглар”.
Мен кўпгина фақиҳларимиз ҳад борасида шафоатни қатъий қоралаганларини ва бундай қилишдан эҳтиёт бўлганларини кўрганман. Улар бу борада ибн Умарнинг қуйидаги: “Ким ўз шафоати билан Аллоҳ белгилаган ҳадлардан бирига тўсқинлик қилса, Аллоҳга унинг яратганлари борасида қарши чиққан бўлади”, - деган сўзини далил қиладилар.
295. Муҳаммад ибн Исҳоқ Муҳаммад ибн Талҳадан, у отасидан, у Оиша ибн Масъуддан, у отасидан ривоят қилади: Қурайшлик бир аёл Расулуллоҳнинг (с.а.в) уйларидан ипакдан тўқилган мато ўғирлади. Одамлар Расулуллоҳ (с.а.в) унинг қўлини кесмоқчи эканлари ҳақида гапирдилар ва буни оғир жазо деб ҳисобладилар. Биз пайғамбарнинг (с.а.в) ҳузурларига у зот билан гаплашгани келдик ва: “Биз у аёл учун 40 уқя кумуш товон тўлаймиз”,- дедик. У зот: “(Гуноҳдан) покланиш у аёл учун яхши”, - дедилар. Биз Пайғамбарнинг (с.а.в) юмшоқ сўзлаганларини кўриб, Усомани олдига бордик ва: “Расулуллоҳ (с.а.в.) билан гаплаш”, - дедик. Усома у зот билан гаплашди, шунда Расулуллоҳ (с.а.в) ўрниларидан туриб: “Менга Аллоҳнинг чўриларидан бири жазоланиши керак бўлган Аллоҳнинг ҳадларидан бири ҳақида намунча кўп гапирмасангиз?! Жоним қўлида бўлган зотга қасамки, агар Муҳаммаднинг қизи Фотима у аёл қилган ишни қилганида, Муҳаммад албатта унинг қўлини кесган бўларди”, - дедилар. Пайғамбар (с.а.в.): “Эй Усома, ҳад борасида шафоат сўрама!”, - дедилар.
296. Мансур Иброҳимдан ривоят қилади: Умар ибн Хаттоб (р.а.): “Шубҳали ҳолатларда ҳадларни бекор қилишим, шундай ҳолатларда уларни амалга оширишимдан яхшидир”, - деган.
297. Язид ибн Абу Зиёд Зуҳрийдан, у Урвадан, у Оишадан (р.а) ривоят қилади: “Шубҳали ҳолатларда мусулмонлардан ҳадларни қўлингиздан келганча бекор қилинглар. Агар мусулмон киши учун чиқиш (жазодан қутулиш) йўли топсангиз, уни ўз ҳолига қўйинг. Имомнинг кечиришда хатога йўл қўйиши, унинг учун жазо беришда хатога йўл қўйишидан яхшидир”.
298. Ҳасан ибн Абдулмалик ибн Майсара Наззол ибн Сабрадан ривоят қилади: “Биз Умар (р.а.) билан Минода эканлигимизда бир тўладан келган аёл эшакда йиғлаб кетаёганини кўрдик, одамлар унинг устига бостириб келиб ўлдириб қўяй деяётган ва у аёлга: “Сен зино қилдинг, сен зино қилдинг”, - дер эдилар. У аёл Умарнинг (р.а.) олдига келганда, ундан: “Сенга нима бўлди? Одатда аёлларни зўрлашади”, - деди. У аёл: “Мен боши оғир аёл эдим. Аллоҳ менга тунда намоз ўқиш неъматини берган эди. Бир куни тунда намоз ўқидим ва ухлаб қолдим. Аллоҳга қасамки, мени бир кишининг менга ташлангани уйғотиб юборди. Мен ётган жойимда унга қарадим, лекин у Аллоҳнинг қандай махлуқи эканини билмадим”, - деди. Шунда Умар (р.а.): “Агар бу аёл қатл қилинганида, икки Аҳбаш72 ўт ичида қоларди деб қўрқаман”, - деди ва шаҳарлар амирларига ҳеч ким унинг рухсатисиз қатл қилинмаслиги ҳақида мактуб ёзди.
299. Муғийра Атодан, у Муҳаммад ибн Умардан, у Умар ибн Абдулазиздан ривоят қилади: “Султон динга қарши курашган кишининг валийсидир, агар у бирор кишининг акаси ёки отасини ўлдирган бўса ҳам”.
Агар имомга бир киши ёки бир аёлни қасддан ўлдирган одамнинг иши тақдим қилинса ва бу иш ҳаммага маълум ва аниқ бўлиб, бунга далиллар бўлса, имом у далилларни ўрганади ва гувоҳлар ишончли, пок кишилар бўлса ёки гувоҳлардан бири ишончли, пок киши бўлса, жиноятчини қатл қилинган одамнинг валийсига топширади, валий хоҳласа уни қатл қилади, хоҳласа кечиради. Шунингдек, агар қотил бўйин эгиб қилган қотиллигига иқрор бўлса, унга қарши далиллар бўлмаса ҳам юқоридагидек йўл тутилади.
Агар бир киши бошқа бир кишининг ўнг ёки чап қўлининг бўғини ё бармоқларидан бирини ёки оёқларининг бўғини ё бармоғи ёки баъзи бармоқларининг бир ё икки бўғинини темир билан қасддан кесса ундан худди шундай қасос олинади. Шунингдек, қулоғининг ҳаммаси ёки бир қисмини кесса, бурнини кесса, тишларини ҳаммасини ёки баъзисини синдирса ёки суғуриб олса худди шундай қасос олинади. Тишлар борасида, агар тишни тўлиқ синдирса шундай қасос олинади, агар тўлиқ синдирмаса ва тишнинг бир қисми қолса, товон ундирилади.
Агар қўлни тирсак бўғинини ёки оёқнинг тизза бўғинини кесса шундай қасос олинади. Шунингдек, қасддан уриши натижасида кўзи кўр бўлиб қолса ҳам шундай қасос олинади. Бутун танага етказилган жароҳатларда ҳам худди шундай жароҳат етказиб қасос олиш имкони бўлса, шундай қасос олинади, агар бунинг имкони бўлмаса, товон ундирилади. Агар суякларини масалан болдир, елка ёки тос суяклари ёки қовурғаларидан бирини синдирса, бундай қасос олинмайди, товон ундирилади. Бу каби ҳолатлар учун қасос олинадиган ҳад белгиланмаган. Қасос бўғинларга етказилган жароҳатларга белгиланган. Бошга етказилган жароҳатларга ҳам қасос белгиланмаган, фақатгина қасддан уриш натижасида бош суяги очилиб қолган жароҳатда қасос олинади. Бундан бошқа ва каттароқ жароҳатларда қасос олинмайди, агар улар қасддан етказилган бўлса товон ундирилади.
Ким қасддан жароҳат етказса ва бунинг натижасида жароҳатланган киши вафот этса ёки ўлгунича тўшакда ётиб қолса, жароҳат етказгандан қасос олинади, яъни у ўлдирилади. Агар бу ишни қасддан қилмаган бўлса ва бунга далил бўлиб, унга ишончи кишилар ёки иккита ишончли киши гувоҳлик берса, жиноятчининг ота томонидаги қариндошларидан уч йил давомида ҳар йили учдан бири тўланадиган хун ундирилади. (Қотил ва ўлдириган одамнинг қариндошлари билан) сулҳ тузилган, жиноятни қасддан қилгани аниқланган ва жиноятчи жиноятига иқрор бўлган ҳолларда хун ундирилмайди.
Расулуллоҳдан (с.а.в.) ва саҳобаларнинг имомларидан қилинган ривоятларга кўра қотиллик учун хун 100 та туя ёки 1000 динор ё 10000 дирҳам ёки 2000 та қўй ё 200 та кийим ёки 100 та сигир кўринишида ундирилади.
300. Муҳаммад ибн Исҳоқ Атодан ривоят қилади: Расулуллоҳ (с.а.в) одамларга қотиллик хунини ўз молларидан – туя эгалари 100 та туя, қўй эгалари 2000 та қўй, сигир эгалари 200 та сигир, кийим эгалари 200 та кийим тўлашларини белгилаб берганлар.
301. Ибн Абу Лайло Шаъбийдан, у Убайда ас-Салмонийдан ривоят қилади: “Умар ибн Хаттоб (р.а.) қотиллик хунини олтин эгалари 1000 динор, кумуш эгалари 10000 дирҳам, туя эгалари 100 та туя, сигир эгалари 200 та сигир, қўй эгалари 2000 та қўй, кийим эгалари 200 та кийим тўлашларини белгилаб берган”.
302. Ашъас Ҳасандан ривоят қилади: Умар ва Усмонлар (р.а.) қотиллик хунини белгилаб, уни тўлайдиган одамга хоҳласа туя, хоҳласа ўша қийматдаги пул билан тўлаш имконини берганлар.
Бу мен кўрган ироқлик уламоларнинг сўзлари, Мадина уламолари эса қотиллик хунини 12000 дирҳам деб белгилаганлар.
Муҳаммаднинг (с.а.в) саҳобалари қасддан қилинмаган қотиллик хуни учун тўланадиган туянинг ёши борасида турли фикрда бўлганлар.
303. Абдуллоҳ ибн Масъуд ривоят қилади: Расулуллоҳ (с.а.в.): “Қасддан қилинмаган қотиллик хуни учун (беш хил ёшдаги туялар гуруҳининг ҳар биридан умумий туялар сонинг) бешдан бири олинади”, - деганлар. Бу ҳақда Ҳажжож Зайд ибн Жубайрдан, у Хишф ибн Моликдан, у Абдуллоҳдан ривоят қилади: Пайғамбар (с.а.в.) “Қасддан қилинмаган қотиллик хуни учун (беш хил ёшдаги туялар гуруҳининг ҳар биридан умумий туялар сонинг) бешдан бири олинади”, - деганлар.
304. Мансур Иброҳим ва Абу Ҳанифадан, у Ҳаммоддан, у Иброҳимдан, ривоят қилади: Абдуллоҳ: “Қасддан қилинмаган қотиллик хуни учун (беш хил ёшдаги туялар гуруҳининг ҳар биридан умумий туялар сонинг) бешдан бири – 20 та ҳиққа73, 20 та жазаъа74, 20 та бинт лабун75, 20 та ибн лабун76, 20 та бинт махад77 олинади”, - деган. Умар ибн Хаттоб (р.а.) ҳам қасддан қилинмаган қотиллик хуни ҳақида шундай деган.
305. Абу Ҳанифа Ҳаммоддан, у Иброҳимдан ривоят қилади: Абдуллоҳ: “Қасддан қилинмаган қотиллик хуни учун (беш хил ёшдаги туялар гуруҳининг ҳар биридан умумий туялар сонинг) бешдан бири олинади”, - деган.
Лекин Али ибн Абу Толиб (р.а.): “Қасддан қилинмаган қотиллик хуни учун (тўрт хил ёшдаги туялар гуруҳининг ҳар биридан умумий туялар сонинг) тўртдан бири – 25 та ҳиққа, 25 та жазаъа, 25 та бинти лабун, 25 та бинти махад олинади”, деган.
Усмон ва Зайд ибн Собитлар: “Қасддан қилинмаган қотиллик хуни учун 30 та жазаъа, 30 та бинт лабун, 20 та ибн лабун, 20 бинт махад олинади”, - деганлар. Бу ҳақда менга Шўъба Қатодадан, у Саъид ибн Мусайябдан ривоят қилган.
Қасддан қилинганга ўхшаш қотиллик хуни учун тўланадиган туянинг ёши борисидаги фикрлар ҳам ҳар-хил. Умар ибн Хаттоб (р.а.): “Қасддан қилинганга ўхшаш қотиллик хуни учун 30 та жазаъа, 30 та ҳиққа, 40 та сания – 6 ёшдан 9 ёшгача бўлган бўғоз туялар олинади”, - деган.
Али ибн Абу Толиб (р.а.): “Қасддан қилинганга ўхшаш қотиллик хуни учун 33 та ҳиққа, 33 та жазаъа, 34 та 6 ёшдан 9 ёшгача бўлган бўғоз туялар олинади”, - деган.
Абдуллоҳ ибн Масъуд: “Қасддан қилинганга ўхшаш қотиллик хуни учун 25 та жазаъа, 25 та ҳиққа, 25 та бинти лабун, 25 та бинти махад (тўрт хил ёшдаги туялар гуруҳининг ҳар биридан умумий туялар сонинг) тўртдан бири олинади”, - деган.
Усмон ибн Аффон ва Зайд ибн Собитлар (р.а.): “Бу ҳолатда катта хун – 40 та жазаъа, 30 та ҳиққа ва 30 та бинт лабун олинади”, - деганлар.
Абу Мусо ва Муғийра ибн Шўъбалар: “30 та ҳиққа, 30 та жазаъа, 40 та 6 ёшдан 9 ёшгача ва ҳаммаси бўғоз бўлган туялар олинади”, - деганлар.
Юқоридагилар қасддан қилинмаган ва қасддан қилинганга ўхшаш қотиллик хуни учун олинадиган туяларнинг ёши борасидаги саҳобаларнинг сўзларидир. Умид қиламанки, (эй мўминлар амири) Аллоҳнинг хоҳиши билан мазкур фикрлардан бирини танлаш сенга қийинлик қилмайди.
Қасддан қилинмаган қотилликда инсон бир жойни мўлжалга олиб, бошқа жойга уради. Муғийра Иброҳимдан ривоят қилади: Қасддан қилинмаган қотилликда инсон мўлжалга олмаган ерига уради ва унинг хуни ота томондаги қариндошлар бўйнида бўлади.
306. Қасддан қилинганга ўхшаш қотиллик борасида Ҳажжож ибн Артат Қатодадан, у Ҳасан ибн Абул Ҳасандан ривоят қилади: Расулуллоҳ (с.а.в.): “Қамчи ва калтак билан уриб ўлдириш қасддан қилинган қотилликка ўхшашдир”, - деганлар.
307. Абу Ҳанифа Ҳаммоддан, у Иброҳимдан ривоят қилади: “Темир бўлмаган ҳар қандай нарса билан қасддан уриш ва қурол ишлатмасдан ўлдириб қўйиш қасддан қилинганга ўхшаш қотиллик бўлиб, унинг хуни ота томондаги қариндошлар бўйнида бўлади”, - деганлар.
308. Шайбоний Шаъбий, Ҳакам (ибн Утайба) ва Ҳаммоддан ривоят қилади: “Тош, қамчи ёки калтак билан уриш натижасида одам ўлса, бу қасддан қилинганга ўхшаш қотиллик бўлиб, унда катта хун тўланади”.
Бошга дамия – қонли жароҳат етказилганда, яъни жароҳатдан қон оқиб турса адолатли ҳукм чиқарилади. Базиъа – кесилган жароҳат етказилганда, яъни бошнинг гўшти кесиб олинса, бу қонли жароҳатдан оғир бўлиб, унга оғирроқ ҳукм чиқарилади. Муталаҳима – чуқурроқ кесилган жароҳат етказилса, бу кесилган жароҳатдан оғир бўлиб, унга янада оғирроқ ҳукм чиқарилади. Симҳақ – суяккача етиб борган жароҳат етказилса, бу чуқурроқ кесилган жароҳатдан ҳам оғир бўлиб, унга яна ҳам оғирроқ ҳукм чиқарилади. Музиҳа – бош суяги очилиб қолган жароҳат етказилса, 5 та туя ва 500 дирҳам товон тўланади. Музиҳадан кўра енгилроқ жароҳат учун товонни ота томондаги қариндошлар тўламайди. Музиҳадан бошқа жароҳатлар товонини жиноятчи ўз молидан тўлайди, музиҳа ва ундан катта жароҳатлар товони жиноятчининг ота томондаги қариндошлари томонидан тўланади. Ҳошима – (бош) суяк синдирилган жароҳатда 10 та туя ёки 1000 дирҳам товон, яъни қотиллик хунининг ўндан бири тўланади. Мунаққила – суяк синиб, жойидан қўзғалган жароҳатда қотиллик хунинг ўндан бири ва унинг ярми (яъни, йигирмадан уч қисми – 15 та туя ёки 1500 дирҳам) тўланади. Омма – бош миягача етиб борган жароҳатда қотиллик хунининг учдан бири тўланади, агар бунинг натижасида ақлдан озса, қотиллик хуни тўлиқ тўланади, ақлдан озмаса-да, лекин сочи тўкилиб кетса, қотиллик хуни тўлиқ тўланади ва унинг товони ҳам шунинг ичида бўлади. Мазкур жароҳат турларида жиноятчи уларни қасддан етказган бўлса ҳам қасос олинмайди. Фақат музиҳа жароҳати бундан мустасно, агар у қасддан етказилган бўлса қасос олинади, чунки музиҳадан бошқа жароҳатларда худди шундай жароҳат билан қасос олиш имкони йўқ .
309. Ҳажжож Атодан ривоят қилади: Умар ибн Хаттоб (р.а.): “Биз суякларга етказилган жароҳатлардан худди шундай қасос олмаймиз”, - деган.
310. Муғийра Иброҳимдан ривоят қилади: “Бош миягача етиб борган жароҳат, суяк синиб жойидан қўзғалган жароҳат ва ички аъзоларга чуқур етказилган жароҳатда қасос олинмайди, агар улар қасддан етказилган бўлса, жиноятчи ўз молидан товон тўлайди”. Бу ҳақда Алидан (р.а.) ҳам ривоят қилинган.
Қўлнинг билак қисми кесилганда қотиллик хунининг ярми, бармоқларнинг ҳаммаси кесилганда ҳам қотиллик хунининг ярми, кесилган ҳар бир бармоқ учун қотиллик хунининг ўндан бири, кесилган ҳар бир бўғин учун бармоқ хунининг учдан бири олинади. Агар икки бўғинли бош бармоқ кесилса, унинг ҳар бир бўғинига бармоқ хунининг ярми олинади. Оёқ ва унинг бармоқлари борасида ҳам худди шундай хун олинади.
Икки кўз жароҳатланганда қотиллик хуни тўлиқ, битта кўз жароҳатланганда қотиллик хунининг ярми олинади. Икки кўзнинг қовоқлари жароҳатланганда қотиллик хуни тўлиқ, битта кўзнинг қовоғи жароҳатланганда қотиллик хунининг тўртдан бири олинади. Икки қош бошқа ўсмайдиган даражада жароҳатланса, қотиллик хуни тўлиқ, битта қош жароҳатланса, қотиллик хунининг ярми олинади. Ҳар бир кесилган қулоқ учун қотиллик хунининг ярми олинади, агар қулоқнинг бир қисми кесилса, қулоқ хунидан келиб чиқиб ҳисоб қилинади. Эшитиш тизими ишдан чиққанда қотиллик хуни тўлиқ олинади.
Бурун кесилганда қотиллик хуни тўлиқ олинади, буруннинг юмшоқ қисми кесилса ҳам, ҳидлаш қобилияти йўқолганда ҳам қотиллик хуни тўлиқ олинади. Икки лаб кесилганда қотиллик хуни тўлиқ, битта лаб кесилганда қотиллик хунининг ярми олинади. Тил гапира олмайдиган даражада кесилса қотиллик хуни тўлиқ, агар бир қисми кесилса, тил хунидан келиб чиқиб ҳисоб қилинади.
Жинсий олатнинг боши қасддан кесилганда қасос олинади, агар қасддан бўлмаса қотиллик хуни тўлиқ олинади. Икки тухумдон кесилганда қотиллик хуни тўлиқ олинади. Агар аввал олат, сўнгра икки тухумдон кесилса қотиллик хуни икки баравар тўланади. Агар аввал икки тухумдон, сўнгра олат кесилса, тухумдон учун қотиллик хуни олинади, кейингиси қозининг ҳукмига ҳавола қилинади. Агар уларнинг ҳаммаси биттада кесилса қотиллик хуни икки баравар олинади.
Эркак кишининг кўкраги кесилса қозининг ҳукми бўйича товон тўланади, аёл кишининг кўкраги кесилса (аёл кишига тўланадиган) қотиллик хуни тўлиқ тўланади, агар икки кўкрагининг ёки биттасининг учи кесилса қотиллик хунининг ярми тўланади.
Қўлнинг тирсаккача бўлган қисми кесилса қотиллик хунининг ярми тўланади, ундан юқориси кесилса, Абу Ҳанифанинг фикрига кўра, қозининг ҳукмига ҳавола қилинади. Менинг фикримча эса, бу ҳолатда ҳам қотиллик хунининг ярми тўланади, Абу Лайло ҳам шундай деб ҳисоблайди.
Синган тиш учун қотиллик хунининг йигирмадан бири тўланади, тишларнинг ҳаммаси бир хил бўлиб, агар тишнинг бир қисми синса тиш хунидан келиб чиқиб ҳисоб қилинади. Агар уриш натижасида тиш қорайса, қизарса ёки кўкарса тиш хуни тўланади, агар сарғайса қозининг ҳукмига ҳавола қилинади.
Қўлнинг елкагача бўлган қисми кесилса, қозининг ҳукмига ҳавола қилинади, шунингдек, билак, болдир, сон, ўмров суяги ва қовурғаларнинг бири синса ҳам қозининг ҳукмига ҳавола қилиниб, жароҳатланган аъзонинг даражасига қараб товон олинади. Умуртқа суяги синса ва бунинг натижасида жабрланувчи букри ёки жинсий заиф бўлиб қолса, қотиллик хуни тўлиқ олинади.
Соқол юлиниши натижасида бошқа ўсмайдиган бўлиб қолса, қотиллик хуни тўлиқ олинади, (мўйлаб ва сочда ҳам худди шундай). Ички аъзоларга чуқур жароҳат етказилса, қотиллик хунининг учдан бири олинади, агар жароҳат ўта чуқар бўлса, қотиллик хунининг учдан иккиси олинади.
Шол бўлиб қолган қўл, чўлоқ бўлиб қолган оёқ, кўр бўлиб қолган кўз, қорайган тиш, соқов тил, ҳарам оғаси ва жинсий заиф кишиларнинг жинсий аъзоси кесилса, қозининг ҳукмига ҳавола қилиниб, жароҳатланган аъзонинг даражасига қараб товон олинади. Икки думба кесилганда қотиллик хуни тўлиқ олинади.
Ёш боланинг сут тишлари синса қозининг ҳукми бўйича товон тўланади, Абу Ҳанифа: “Мазкур ҳолатда товон тўланмайди, чунки тиш аввалгидек ўсиб чиқади”, - деган. Ортиқча бармоқ кесилса ва ортиқча тиш синдирилса қозининг ҳукмига ҳавола қилинади.
Аёл кишининг жинсий аъзосига шикаст етса, лекин катта ва кичик ҳожатни ушлаб туришида муаммо бўлмаса, қотиллик хунининг учдан бири олинади, бу ички аъзоларга чуқур жароҳат етказиш мақомида бўлиб, агар катта ва кичик ҳожатни ёки улардан бирини ушлаб туролмайдиган бўлиб қолса, қотиллик хуни тўлиқ тўланади.
Озод кишига етказилган қотиллик хуни тўлиқ тўланадиган ҳар қандай жароҳат қулга етказилганда ҳам қотиллик хуни тўлиқ тўланади. Озод кишига етказилган қотиллик хунининг ярми тўланадиган ҳар қандай жароҳат қулга етказилганда ҳам қотиллик хунининг ярми тўланади, бошқа жароҳатларда ҳам шундай ҳисоб қилинади.
Эркаклар ва аёллар бир-бирларига қасддан етказган жароҳатларда худди шундай қасос олинмайди, фақат ўлим ҳолати бундан мустасно, яъни агар экак киши аёл кишини ўлдирса, қотил эркак ўлдирилади, агар аёл киши эркак кишини ўлдирса, қотил аёл ўлдирилади. Лекин ўлимдан бошқа ҳолатларда қасос олинмайди, балки товон тўланади. Агар эркак киши аёл кишининг қўли ё оёғи ё бармоқларидан бирини кесса ёки музиҳа – бош суяги очилиб қолган жароҳат етказса ва буларни қасддан қилса, шунингдек, бу каби жароҳатлар аёл киши томонидан етказилса, улардан қасос олинмасдан, товон тўланади. Фақат ўлим ҳолатида қасос олинади.
Аёллар жароҳатининг товони эркаклар жароҳатининг ярми бўлади, чунки аёл қишининг қотиллик хуни эркак кишининг қотиллик хунининг ярмидир. Агар бир киши бир аёлнинг қўлини кесса, аёл кишига тўланадиган қотиллик хунининг ярмини тўлайди. Аёл кишига тўланадиган қотиллик хуни 5000 дирҳам бўлиб, қотил эркак шуни ярми – 2500 дирҳам ёки 25 та туя тўлайди.
311. Ибн Абу Лайло Шаъбийдан ривоят қилади: Али (р.а.): “Аёлларга етказилган қасддан бўлмаган жароҳат хуни жароҳатнинг кичик ёки катталигидан қатъий назар, эркакларга етказилган қасддан бўлмаган жароҳат хунинг ярмига тенг бўлади”, - деган.
Озод ва қул кишилар ўртасида ҳам ўлимдан бошқа ҳолатларда қасос олинмайди. Агар ҳур киши қулни қасддан темир билан ўлдирса ёки қул озод кишини қасддан ўлдирса, улар ўртасида қасос олинади. Агар қотиллик қасддан бўлмаса ёки икки ё битта кўзини ўйиб олса ёки икки қулоғи ё биттасини кесиб олса, бу ҳолат тенг бўлиб, жабрланувчига товон тўланади. Бу борада қулга етказилган жароҳат эътиборга олиниб, жиноятчи товонни қулнинг эгасига тўлайди. Агар ҳур киши қасддан бўлмаса ҳам қулни ўлдириб қўйса, унинг нархи қанча бўлса, хўжайинига тўлаб беради. Абу Ҳанифанинг фикрига кўра, қулнинг қотиллик хуни озод кишиниг қотиллик хунига тенг келмайди.
312. Саъид Қатодадан ривоят қилади: Саъид ибн Мусайяб ва Ҳасанлар қасддан бўлмаса ҳам қулни ўлдириб қўйган озод киши ҳақида: “У қулнинг ўлдирилган кунидаги нархини қанча баланд бўлса ҳам тўлайди”, - деганлар.
Агар бир киши бошқа бировнинг бир ёки икки жойига қасддан бўлмаган иккита жароҳат етказса, жабрланувчининг бир жароҳати тузалиб, бошқа жароҳатидан вафот этса, жароҳат етказганнинг ота томондаги қариндошлари қотиллик хунини юқорида келтирганимиздек тўлиқ тўлайди, битган жароҳат учун эса товон тўланмайди. Агар жароҳатни қасддан етказган бўлса, қотиллик учун қасос олинади, лекин битган жароҳат учун товон олинмайди.
Абу Ҳанифа: “Агар битган жароҳат қасос олиш мумкин бўлган ерда бўлса, бу имомнинг ҳукмига ҳавола қилинади, у хоҳласа битган жароҳат учун ҳам, ўлимга сабаб бўлган жароҳат учун ҳам қасос белгилайди, хоҳласа ўлимга сабаб бўлган жароҳат учун қасос белгилаб, битган жароҳат учун ҳеч қандай жазо белгиламайди”.
Агар жароҳатларнинг бири қасддан бўлмаган, иккинчиси қасддан бўлган жароҳат бўлиб, иккаласи жабрланувчининг ўлимига сабаб бўлса, қотиллик хунининг ярмини жиноятчининг ота томондаги қариндошлари, ярмини жиноятчининг ўзи молидан тўлайди. Агар жабрланувчига қасддан етказилган жароҳат тузалиб, у қасддан бўлмаган жароҳатдан вафот этса, жиноятчининг ота томондаги қариндошлари қасддан бўлмаган қотиллик хунини тўлиқ тўлайди, қасддан етказилган жароҳат учун эса жиноятчидан қасос олинади. Агар жабрланувчига етказилган қасддан бўлмаган жароҳат тузалиб, у қасддан етказилган жароҳатдан вафот этса, жиноятчидан қотиллик қасоси олинади, қасддан бўлмаган жароҳат хунини унинг ота томонидаги қариндошлари тўлайди.
Агар жабрланувчига қасддан етказилган жароҳат тузалиб, у қасддан бўлмаган жароҳатдан вафот этса, лекин қасддан етказилган жароҳат билан қасос олиш имкони бўлмаса, жиноятчининг ота томондаги қариндошлари қасддан етказилган жароҳат хуни тўлайди. Жабрланувчига етказилган қасддан ва қасддан бўлмаган жароҳатларнинг бири тузалган ва бошқасидан вафот этган ҳолатдаги каби қасддан етказилган жароҳат товони бекор қилинади.
Агар бир киши бошқа кишининг қўлини темир билан қасддан кесса ва жароҳат битиб кетса, имом жабрланувчига жароҳат етказган кишидан қасос олишни буюради. Жабрланувчи қасосни амалга ошириб, натижада жароҳат етказган киши вафот этса, Абу Ҳанифанинг фикрича, қасос олган кишининг ота томондаги қариндошлари қасос натижасида ўлган кишининг хунини тўлайди. Абу Лайло ҳам шундай деган.
Абу Юсуф айтади: “Мазкур масала бўйича келган ривоятларга кўра, қасос олувчи олган қасоси учун жавобгар бўлмайди, чунки у ўз ҳаққини олган ва бунинг натижасида ўлиб қолган кишига зулм қилмаган, унинг ўлими Қуръон ва суннатда белгиланган меъёрлар натижасидир. Лекин жабрланувчи қасосни имомнинг изнисиз ва жароҳат етказувчининг розилигисиз олган бўлса ва бунинг натижасида қасос олинаётган киши ўлиб қолса, ўзи учун қасос олган киши молидан хун тўлайди”. Абу Ҳанифа: “Мазкур ҳолат жароҳат қасос олиш мумкин бўлган ерда бўлса ўринлидир”, - деган.
Агар бир киши ўлдирилса ва унинг бири вояга етган, иккинчиси ёш бола бўлган иккита ўғли бўлиб, улардан бошқа меросхўри бўлмаса, бу борада Абу Ҳанифа шундай деган: “Мен ёш боланинг вояга етишини кутмасдан, вояга етган ўғилнинг гувоҳлигини қабул қилиб, унинг қасос олиши ҳақида ҳукм чиқараман. Нима деб ўйлайсан, агар бу ёш бола ақли заиф бўлиб вояга етса, буни (қасос олишдан) тўхтатиб тураманми?”.
Ибн Абу Лайло: “Мен ёш бола вояга етмагунича гувоҳликни қабул қилмайман, ёш бола йўқ бўлган одам қаторидадир, чунки йўқ бўлган одам ҳозир бўлмагунча қотил ўлдирилмайди”, - деган.
Абу Ҳанифа эса: “Йўқ бўлган одам ёш бола билан баробар бўлмайди, чунки валий ёш бола томонидан иш кўриши мумкин, лекин ўзи йўқ бўлган катта одам томонидан фақатгина у берган ваколатга кўра иш кўради”, - деган.
Ибн Абу Лайло қасддан қилинган қотиллик борасида ваколат берилган қасосга рухсат берган. Бизнинг фақиҳимиз Абу Ҳанифа эса, қасддан қилинган қотиллик борасида ваколат берилган қасосга рухсат бермаган ва мен буни яхши (тўғри) деб ҳисоблайман. (Бунга мисол) Ҳасан ибн Али (р.а.) Ибн Мулжим78ни ўлдирган, ўшанда Алининг ёш боласи бор эди.
Агар бозорлар, шаҳар атрофи ва шаҳар маҳаллаларида яшовчи савдогарлардан бири ёлланган ишчиларидан бирини мусулмонларнинг ҳовлилари олдидаги кўчага сув қуйишни буюрса ва бирор киши сирғаниб кетиб, ўлиб қолса, бунга шу ишни қилишга буюрган одам жавобгар бўлади. Агар у одам кўчага сув сепишни буюрса-ю, ёлланган ишчи у ерда таҳорат олса, таҳорат олган жавобгар бўлади. Чунки таҳорат олишдан таҳорат қилувчи, сув сепишдан эса шу ишга буюрган одам фойда олади.
Агар бир киши ёлланма ишчи ёлласа ва у мусулмонлар фойдаланадиган йўлда ҳокимнинг рухсатисиз қудуқ қазиса, сўнгра у қудуққа бирор киши тушиб кетиб, ўлса, бунга қиёсга кўра ёлланма ишчи жавобгар бўлади. Лекин бу ҳолатда биз қиёсни тарк қиламиз, чунки агар қудуқ эски бўлса, ёлланма ишчиларни аниқлаб бўлмайди ва бунга ёлловчининг ота томондаги қариндошлари жавобгар бўлади. Агар бирор киши тошга қоқилиб кетиб, мазкур қудуққа тушиб кетса, тошни ўша ерга қўйган киши жавобгар бўлади, чунки бу ҳолатда у қудуққа тушиб кетган кишини қўли билан итариб юборгандек бўлади. Агар тош қўйган киши аниқ бўлмаса, қудуқ эгаси жавобгар бўлади.
Агар қуддуққа тушиб кетган кишини подадан ажраб қолган миниладиган ҳайвон итариб юборса, ҳайвон эгаси ҳам, қудуқ эгаси ҳам жавобгар бўлмайди. Агар ҳайвон билан подачи, ҳайвон етакловчи ёки уни миниб олган киши бўлса, ўша жавобгар бўлади.
Агар деворнинг ағанаши бирор кишининг қудуққа тушиб кетиб, ўлишига сабаб бўлса ва девор эгаси уни бузиб ташлаш кераклиги тўғрисида огоҳлантирилган бўлса ҳам, уни бузмаган бўлса, бунга у жавобгар бўлади. Шунингдек, бу девор босиб қолиб, кимдир ўлса ҳам, девор эгаси жавобгар бўлади. Агар девор эгаси уни бузиш кераклиги ҳақида огоҳлантирилмаган бўлса, юқоридаги ҳолатларга у жавобгар бўлмайди, балки бунга қудуқ эгаси жавобгар бўлади.
Агар кимдир бировнинг кўчага қуйган суви ёки таҳорат олганидан ортиб қолган суви ё сепган сувига сирғаниб, қудуққа тушиб кетса ёки қудуққа тушмасдан аввал ўлиб қолса, бунга сув қуйган одам жавобгар бўлади. Агар кимдир ёмғир сувига сирғаниб кетиб, қудуққа тушиб кетса ва ўлса, бунга қудуқ эгаси жавобгар бўлади. Шунингдек, кимдир сирғаниб кетиб ёки кийимига ўралиб, томдан қудуққа тушиб кетиб ўлса ҳам қудуқ эгаси жавобгар бўлади.
Яна йўлда кетаётган йўловчи кийимига ўралиб қолиб, қудуққа тушиб кетса, бунга қудуқ эгаси жавобгар бўлади. Агар у йўловчи бошқа бир кишининг устига йиқилиб тушиб, уни ўлдириб қўйса, иккаласининг ўлимига ҳам қудуқ эгаси жавобгар бўлади.
Агар бир киши қудуққа тушиб кетса-ю, лекин омон қолса ва қудуқдан чиқиш учун унинг деворларига тирмашиб, бир оз юқорига чиққандан сўнг пастга тушиб кетиб, ўлса, бунга қудуқ эгаси жавобгар бўлмайди. Чунки қудуқ эгаси уни ушлаб қолиш учун бу ерда бўлмаган. Нима деб ўйлайсан, қудуққа тушиб кетган ундан чиқмоқчи бўлиб, янада тубига тушиб кетса ва ўлса, бунга қудуқ эгаси жавобгар бўладими? Йўқ, у бунга жавобгар эмас.
Агар қудуқнинг тубида қоятош бўлиб, қудуққа тушиб кетган унга урилиб ўлса, агар ўша қоятош аввалдан бор бўлган ерида турган бўлса, қудуқ эгаси бунга жавобгар бўлмайди. Агар қудуқ эгаси қоятошни жойидан қўзғатиб, қудуқнинг бошқа ерига кўчирган бўлса, жавобгарлик қудуқ эгасида бўлади. Агар қудуққа тушиб кетган киши қўрқувдан ўлса ҳам, қудуқ эгаси жавобгар бўлади.
Агар имомга зино қилган бир киши олиб борилса ва унинг зино қилганига мусулмон озод кишилардан тўрт киши гувоҳлик бериб, бу фаҳш ишни қилганларини аниқ исботлаб берсалар, гувоҳлик бераётган кишилар ҳақида суриштирилади, улар ишончли, пок кишилар бўлиб, ораларида ёш бола бўлмаса, зино қилган эркак ва аёлнинг ҳар бири юз қамчидан урилади. Эркак киши шалворда ва турган ҳолида жазога тортилади, қамчи юз ва жинсий аъзоларидан ташқари бутун танасига урилади. Баъзилар бошга ҳам урилмайди деганлар, лекин аксарият фақиҳлар бошга ҳам урилишини айтганлар. Мазкур масалада бизга етиб келган ривоятларнинг энг тўғриси бошга ҳам урилади, бу борада Али ибн Абу Толибдан (р.а.) ривоят қилинган.
313. Ибн Абу Лайло Адий ибн Собитдан, у Муҳожир ибн Умайрадан ривоят қилади: Алининг (р.а.) олдига ҳад белгиланган кишини олиб келдилар ва Али: “Уни ур ва танасининг ҳар бир аъзосига белгиланган ҳақни ажрат, фақат юзи ва жинсий аъзосига тегма”, - деди.
Аёл киши ўтирган ҳолида жазога тортилади ва кўриниши мумкин бўлмаган ерлари очилиб қолмаслиги учун кийимига ўраб қўйилади. Эркак ва аёлнинг иккаласи жуда оғир ҳам, ўта енгил ҳам бўлмаган ўртача уришда урилади.
314. Бу ҳақда Ашъас отасидан ривоят қилади: “Мен Абу Барзанинг бир аёлга ҳад амалга ошираётганини гувоҳ бўлганман, унинг атрофида бир неча нафар одамлар бор эди, у: “Уни жуда оғир ҳам, ўта енгил ҳам бўлмаган ўртача уришда ур, уни ураётганингда эгнида либоси бўлсин, урадиган қамчи жуда қаттиқ ҳам, ўта юмшоқ ҳам бўлмасдан, ўртача бўлсин”, - деди”.
315. Муҳаммад ибн Ажлон Зайд ибн Асламдан ривоят қилади: Пайғамбарнинг (с.а.в.) ҳузурларига ҳад белгиланган кишини олиб келишди ва уни уриш учун қаттиқ қамчи келтирилди. Расулуллоҳ (с.а.в): “Бундан юмшоқроқ (бўлсин)”, - дедилар, шунда ёйилиб кетган қамчи олиб келдилар, у зот (с.а.в.): “Бундан қаттиқроқ (бўлсин)”, - дедилар. Сўнгра қуриган қамчи олиб келдилар ва Расулуллоҳ (с.а.в): “Мана шу бўлади”, - дедилар.
316. Осим Абу Усмондан ривоят қилади: Умарнинг (р.а.) ҳузурига ҳад белгиланган киши олиб келинди, у қамчи олиб келишни буюрди, унга қамчи олиб келишди, қамчи юмшоқ эди. Умар: “Бундан қаттиқроқ (бўлсин)”, - деди. Шунда ўртача қамчи олиб келишди, Умар (ҳадни амалга оширадиган кишига): “Уни ур, ураётганингда қўлтиғингни таги кўринмасин ва танасининг ҳар бир аъзосига белгиланган ҳақни ажрат”, - деди.
Агар гувоҳлар зино муҳсан79 ва муҳсана80 томонидан амалга оширилганига гувоҳлик бериб, бу фаҳш ишни қилганларини аниқ исботлаб берсалар, имом уларни тошбўрон қилишга буюради.
317. Муғийра Шаъбийдан ривоят қилади: яҳудийлар Пайғамбардан (с.а.в.): “Ким тошбўрон қилинади”, - деб сўрадилар. Расулуллоҳ (с.а.в.): “Агар тўрт киши зино қилинганига қалам сурма идишга солинганини кўргандек гувоҳлик берса, тошбўрон қилиш вожиб бўлади”, - дедилар.
Тошни биринчи гувоҳлар, кейин имом, сўнгра бошқа кишилар отадилар. Жазо бериш вақтида эркаклар ерга кўмилмайди, аёллар эса киндигигача ерга кўмиб қўйилади.
318. Бу ҳақда Яҳё ибн Саъид Мужолиддан, у Омирдан ривоят қилади: “Али (р.а.) бир аёлни тошбўрон қилганида, уни киндигигача ерга кўмиб қўйган”. Омир: “Мен ўзим бунга гувоҳ бўлганман”, - деган.
Шунингдек бизга етиб келишича, Пайғамбарнинг (с.а.в.) ҳузурларига ғомидлик бир аёл келиб, зино қилганига иқрор бўлган, Расулуллоҳ (с.а.в.) уни кўкрагигача кўмиб қўйишга буюрганлар ва одамларга уни тошбўрон қилишни, сўнгра унга жаноза намози ўқиб, кўмишни амр қилганлар.
Бирор киши имомнинг олдига келиб зино қилганига иқрор бўлса, у яна келиб иқрор бўлмагунича, имом унинг сўзини қабул қилмаслиги керак. Агар у одам тўрт марта келиб иқрор бўлса ҳам, имом унинг сўзини қабул қилмасдан, у одам ҳақида суриштиради. Яъни, у савдойи эмасми? Ақлдан озмаганми? Унинг ақлида шубҳали жиҳатлар йўқми? Агар унда буларнинг бирортаси бўлмаса, унга ҳад вожиб бўлади. Агар муҳсан бўлса тошбўрон қилинади, тошбўронни аввал имом бошлаб бериб, сўнгра одамлар давом эттирадилар. Агар уйланмаган йигит бўлса, имом юз қамчи уришга буюради. Бизга етиб келишича, Расулуллоҳ (с.а.в.) зино қилганига иқрор бўлиб келган Моъиз ибн Моликни шундай жазолашни буюрганлар.
319. Муҳаммад ибн Амр Абу Саламадан, у Абу Ҳурайрадан (р.а.) ривоят қилади: Моъиз ибн Молик Пайғамбарнинг (с.а.в.) олдиларига келиб: “Мен зино қилдим”, - деди. Расулуллоҳ (с.а.в.) ундан юз ўгирдилар, Моъиз яна тўрт марта келиб бунга иқрор бўлди ва Расулуллоҳ (с.а.в.) уни тошбўрон қилишни буюрдилар. Моъизга биринчи тош отилиши билан у орқасига ўгирилиб, тез қоча бошлади, шунда у туянинг жағини кўтариб олган кишига дуч келди ва халиги киши Моъизни ўша билан уриб ағанатди. Пайғамбарга (с.а.в.) Моъизнинг биринчи тош отилишиданоқ қочгани ҳақида айтишганда у зот (с.а.в.): “Нега уни ўз ҳолига қўймадингиз?”, - дедилар.
Яна бизга етиб келишича, Пайғамбар (с.а.в.) Моъиз ибн Моликнинг ақл-ҳуши ҳақида суриштириб: “Унинг ақлида нуқсон кўрганмисиз? Унда шубҳали жиҳатлар йўқми?”, - деб сўрадилар. “Биз уни ақли расо ва яхши кишиларимиздан деб биламиз”, - дедилар.
Бизнинг асҳобларимиз иҳсон81 борасида турли фикрда бўлганлар. Баъзилар мусулмон озод эркак муслима озод аёлга қонуний уйлангандагина муҳсан бўлади, аҳли китоблардан бўлган зиммий аёл ва бошқасига уйланса муҳсан бўлмайди деганлар. Баъзилар аҳли китобларга уйланса ҳам муҳсан бўлади, аҳли китоблар ва бошқа зиммийларнинг ўзаро турмуш қуриши ҳам иҳсон ҳисобланади деганлар. Яна баъзилар мусулмон озод эркак чўри аёлга уйланса, муҳсан бўлмайди, шунинг учун у зино қилса қамчи билан урилади, агар аҳли китоблардан бўлган аёлга уйланса муҳсан бўлади, бошқалар эса, муҳсан бўлмайди деганлар. Баъзилар аҳли китоблардан бўлган аёлга уйланган эркак муҳсан бўлмайди, лекин аҳли китоблардан бўлган аёли муҳсана бўлади деганлар.
Бу борада биз эшитганларимизнинг энг тўғриси, албатта Аллоҳ билгувчироқ, мусулмон озод эркак муслима озод аёлга уйлансагина муҳсан бўлади, агар аҳли китоблардан бўлган аёлга уйланган бўлса, ўша аёл (мусулмон эри сабабли) муҳсана бўлади, лекин ўзи (аҳли китоб бўлган аёли сабабли) муҳсан бўлмайди.
320. Муғийра Иброҳим ва Шаъбийдан ривоят қилади: “Яҳудий ёки насроний аёлга уйланган озод мусулмон эркак зино қилса, қамчи урилади, тошбўрон қилинмайди”.
321. Абдуллоҳ Нофеъдан ривоят қилади: “Ибн Умар мушрик аёл эрини муҳсан қилмайди деб ҳисоблаган”.
322. Абу Ҳанифа Ҳаммоддан, у Иброҳимдан ривоят қилади: “Яҳудий аёл ҳам, насроний аёл ҳам, чўри ҳам (мусулмон озод) эрини муҳсан қилмайди”.
Агар муҳсана аёл ҳомиладор бўлиб, унинг зино қилганига гувоҳлик берилса ёки аёлнинг ўзи шу ишни қилганига тўрт марта иқрор бўлса, қорнидаги боласини туғиб олмагунча, тошбўрон қилинмайди. Бизга етиб келишича Пайғамбар (с.а.в.) шундай қилганлар.
323. Абон Яҳё ибн Абу Касирдан, у Абу Қилобадан, у Муҳаллабдан, у Имрон ибн Ҳусайндан ривоят қилади: Жуҳайна қабиласидан бир аёл Пайғамбарнинг (с.а.в.) ҳузурларига келиб: “Мен ҳадга лойиқ иш қилдим, уни менга қўлланг”, - деди. У аёл ҳомиладор эди, Расулуллоҳ (с.а.в.) боласини туғгунича унга яхши муомала қилишни буюрдилар. Аёл боласини туғиб, Пайғамбарнинг (с.а.в.) олдиларига келиб, аввал иқрор бўлганидек (гуноҳига) иқрор бўлди. Расулуллоҳ (с.а.в.) уни товонигача кийимига ўрашни буюрдилар, уни тошбўрон қилиб, сўнгра унга жаноза намози ўқидилар. Шунда: “Эй Расулуллоҳ, унга жаноза намози ўқияпсиз, ахир у зино қилган-ку”, - дейишди. У зот (с.а.в.): “Бу аёл шундай тавба қилдики, агар унинг тавбаси Мадина аҳлидан 70 кишига тақсимланса, уларнинг барчасига етади. У ўз жонини қурбон қилишдан ҳам яхшироқ нарса қила олармиди?!”, - дедилар.
Агар кўзи ожиз тўрт киши эркак ва аёлнинг зино қилганига гувоҳлик берса, имом бу гувоҳларга ҳад белгилайди, лекин улар қарши гувоҳлик берганлар жазоланмайди. Бундай гувоҳлик қуллар, туҳмат қилгани учун ҳад белгиланганлар ёки зиммийлар томонидан берилса ҳам шундай йўл тутилади. Мазкур масалада тўртта адолатли озод мусулмон кишиларнинг гувоҳлиги қабул қилинади. Агар гувоҳлик берганлар фосиқ кишилар бўлса ёки улар ҳақида суриштирилганда, ишончли, пок кишилар эканлиги аниқланмаса, улар тўртта бўлгани учун жазога тортилмайди, шунингдек, улар қарши гувоҳлик берганлар ҳам жазоланмайди.
324. Ашъас ривоят қилади: Шаъбий бир кишининг зино қилганига гувоҳлик берган тўртта гувоҳ ҳақида: “Агар уларнинг биттаси ёки ҳаммаси ишончли, пок кишилар бўлмаса, уларнинг ҳеч бирини жазоламайман”, - деган.
325. Ҳажжож ривоят қилади: Зуҳрий: “Расулуллоҳ (с.а.в.) ва у зотдан кейинги икки халифа даврларидан бери ҳадлар борасида аёлларнинг гувоҳлиги қабул қилинмайди”, - деган.
Имомнинг ҳукмига хавола қилинган хамр ичган киши, кўп ёки кам ичганидан қатъий назар жазога тортилади. Чунки хамрнинг ози ҳам, кўпи ҳам ҳаром бўлиб, унга ҳад вожибдир. Шаробнинг ҳар қандай туридан маст бўлиш ҳаром ва унга ҳад вожибдир.
326. Ҳажжож Ҳусайндан, у Шаъбийдан, у Ҳорисдан ривоят қилади: Али (р.а.): “Хамрнинг озига ҳам, кўпига ҳам саксон қамчи урилади”, - деган.
327. Ҳажжож Атодан ривоят қилади: “Хамрдан бошқа шароб турларида агар улар маст бўладиган даражада ичилмаса, ҳад йўқдир”.
328. Ибн Абу Аруба Абдуллоҳ Донождан, у Ҳусайндан ривоят қилади: Али (р.а.): “Расулуллоҳ (с.а.в.) ва Абу Бакр (р.а.) хамр ичган кишини 40 дарра урганлар, Умар ибн Хаттоб (р.а.) эса 80 дарра урган, хамр ичган киши борасида буларнинг иккаласи ҳам суннатдир”, - деган.
Бизнинг фақиҳларимиз оз ёки кўп бўлсин хамр ичган одам 80 дарра урилиши, хамрдан бошқа шароб турларини ичиб, эсини йўқотадиган ва ҳеч нарсани фарқлай олмайдиган даражада маст бўлган одам ҳам 80 дарра урилишига ижмо қилганлар. Умар ибн Хаттоб (р.а.) хурмонинг шаробидан маст бўлганни 80 дарра урган.
329. Шайбоний Ҳассон ибн Махориқдан ривоят қилади: Бир киши Умар ибн Хаттоб (р.а.) билан сафарда ҳамроҳ бўлди, у рўза тутган эди. Ифтор вақти бўлганда у Умарнинг (эгарда) осилиб турган, ичида хурмо шароби бор мешига ёпишди, у шаробни ичиб, маст бўлиб қолди. Умар (р.а.) уни белгиланган ҳадга кўра уриб жазолади. Шунда халиги киши Умарга: “Ахир мен сенинг мешингдан ичдимку”, - деди. Умар (р.а.): “Мен сени ичганинг учун эмас, маст бўлганинг учун жазоладим”, - деди.
330. Мисъар Абу Бакр ибн Амр ибн Утбадан ривоят қилади: Умар (р.а.): “Ҳад фақат (мастликдан) ақл-ҳушини йўқотганга урилади”, - деган.
Маст одам ўзига келмагунча, унга ҳад урилмайди. Али (р.а.) Нажжошийга шундай қилгани ҳақида бизга етиб келган.
331. Муғийра Иброҳимдан ривоят қилади: “Агар инсон маст бўлиб қолса, у ўз ҳолига қўйилади ва ўзига келгач, қамчи урилади”.
Агар имомга рамазон ойида хамр ёки шаробнинг бошқа туридан ичиб, маст бўлган киши ҳақида етказилса, унга белгилангандек ҳад урилади ва яна қўшимча калтакланади. Бизга етиб келишича, Али ва Умарлар (р.а.) шундай йўл тутишган.
332. Ҳажжож Абу Синондан ривоят қилади: Умарнинг (р.а.) ҳузурига рамазонда хамр ичган киши олиб келинди, Умар уни 80 дарра урди ва яна қўшимча 20 дарра урди.
333. Ҳажжож Ато ибн Абу Марвондан, у отасидан ривоят қилади: Али (р.а.) ҳам рамазонда хамр ичган кишига шундай жазо қўллаган.
Имомга озод мусулмон кишини зино қилди деб туҳмат қилган одам ҳақида етказилса ва унинг туҳмат қилганига иккита ишончли киши гувоҳлик берса ёки ўзи туҳмат қилганига иқрор бўлса, унга ҳад урилади. Шунингдек, у одам бир кишининг мусулмон онаси ёки отасига зино қилди деб туҳмат қилса ҳам ҳад урилади. Агар бу туҳматчи одам хали биринчи туҳмати учун жазоланмасдан туриб, яна бошқасига туҳмат қилса, иккала туҳмати учун бир марта ҳад урилади. Агар туҳмат қилган одам қул бўлса, қулга белгиланган ҳад82, яъни 40 дарра уриш билан жазоланади.
Агар туҳматчи83 қул жазоланмасдан туриб озод бўлса ва қозининг олдига олиб келинса, қози ҳадни 40 даррадан ортиқ белгиламайди, чунки у туҳмат қилган кунида қул бўлган. Агар озод бўлгандан кейин жазоланмай туриб, яна бошқасига туҳмат қилса, биринчи ва иккинчи туҳмати учун 80 дарра урилади. Агар 80 даррадан баъзиси урилган бўлиб, у яна (учинчи кишига) туҳмат қилса, 80 дарра охирига етказилади ва бунда аввал урилган дарралар ҳам ҳисобга олинади, белгиланган ҳаддан бир дарра урилмай қолган бўлса ҳам қўшимча саксон дарра урилмайди. Агар у тўртинчи кишига туҳмат қилиб, 80 даррадан бир дарра урилмай қолган бўлса, ўша 80 дарра охирига етказилиб, тўртинчи туҳмати учун қўшимча дарра урилмайди. Агар у 80 даррани тўлиқ олиб бўлгандан сўнг, бошқасига туҳмат қилса, бунинг учун яна 80 дарра урилади ва дарраларни енгиллатиш учун бир оз муддатга қамаб қўйилади.
334. Саъид Қатодадан ривоят қилади: Али (р.а.) озод кишига туҳмат қилган қул борасида: “У 40 дарра урилади”, - деган. Қатода: “Саъид ибн Мусайяб ва Ҳасанлар ҳам шу фикрда бўлишган”, - деган.
335. Ибн Журайж Умар ибн Атодан, у Икримадан ривоят қилади: “Абдуллоҳ ибн Аббос озод кишига туҳмат қилган қул борасида, у 40 дарра урилади”, - деган.
Абу Юсуф айтади: “Асҳобларимиз туҳмат қилган кишидан ҳеч қачон гувоҳлик қабул қилинмаслигига ижмо қилганлар, агар тавба қилса, унинг тавбаси ўзи ва Аллоҳ таолонинг ўртасидадир”.
Муғийра ривоят қилади: Иброҳим: “Насроний ва яҳудийга туҳмат қилган киши борасида, унга ҳад урилмайди”, - деган.
Абу Юсуф айтади: “Зино қилганга изорида дарра урилади, (маст қилувчи ичимлик) ичганга изорида дарра урилади, туҳматчига эса кийимида дарра урилади, лекин эгнида мўйнали пўстин бўлса, у ечиб қўйилади”.
336. Лайс Мужоҳиддан, у Муғийрадан ривоят қилади: Иброҳим: “Туҳматчига кийимида дарра урилади”, - деган.
337. Мутарриф Шаъбийдан ривоят қилади: “Туҳматчига кийимида дарра урилади, лекин унинг эгнида мўйнали пўстин ёки қалин устики кийим бўса, у дарранинг зарбини хис қилиши учун ечиб олинади”.
338. Абу Ҳанифа Ҳаммоддан ривоят қилади: Иброҳим: “Зино қилган кишининг либоси ечиб олиниб, изорида дарра урилади”, деди ва “Аллоҳнинг дини (ҳукми)да сизларни уларга (зинокорларга) нисбатан раҳм-шафқат (туйғулари) тутмасин!” оятини ўқиди. Шунингдек (маст қилувчи ичимлик) ичган одамга ҳам изорида дарра урилади.
Абу Юсуф айтади: “Зинокорга ичган одамга қараганда қаттиқроқ зарб урилади, ичган одамга туҳматчига қараганда қаттиқроқ зарб урилади, таъзирда эса (бу ерда қўшимча дарра белгилаш маъносида) юқоридаги ҳолатлардан қаттиқроқ йўл тутилади”.
Асҳобларимиз таъзир борасида турлича фикрда бўлиб, баъзилар 40 дарранинг энг кам миқдорига ҳам етмайди десалар, бошқалар 75 даррага етказилиб, озод одамга белгиланган ҳаддан камроқ бўлади, яна бошқалар эса ундан ҳам кўпроқ бўлади деганлар.
Бизнинг фикримизча, албатта Аллоҳ билгувчироқ, таъзир имомнинг ҳукмига ҳавола қилиниб, жиноятнинг катта ёки кичиклиги ва жазоланаётганнинг бардош бериш даражасида энг кам миқдор билан 80 дан камроқ миқдоргача белгиланади.
Асҳобларимиз зино қилган чўри ва қул борасида, уларнинг ҳар бири 50 дарра урилиши ҳақида ижмо қилганлар. Бизга бу ҳақда Умар ибн Хаттоб (р.а.) ва Абдуллоҳдан ривоят қилинган.
339. Яҳё ибн Саъид ибн Сулаймон ибн Ясор ривоят қилади: Ибн Абу Робиъа: “Умар бизларни бошқа қурайшлик ёшлар қаторида зино қилган бир нечта мадиналик чўриларга ҳад уриш учун чақирди ва биз уларни 50 даррадан урдик”, - деди.
340. Аъмаш Иброҳимдан, у Ҳаммомдан, у Амр ибн Шураҳбилдан ривоят қилади: Маъқил Абдуллоҳнинг олдига келиб: “Менинг жориям зино қилди”, - деган эди. Абдуллоҳ: “Уни 50 дарра ур”, - деди.
341. Ашъас айтади: Зуҳрий, Ҳасан ва Шаъбийлар: “Зўрланган аёлга ҳад урилмайди”, - деганлар.
Абу Юсуф айтади: “Мана шу биз бу борада эшитганларимизнинг энг тўғрисидир, албатта Аллоҳ билгувчироқ”.
Имомга ўғрилик қилган одам олиб борилса ва унинг ўғрилик қилганига гувоҳлар бўлиб, ўғирлаган нарсасининг қиймати 10 дирҳам ёки 10 дирҳамлик танга бўлса қўли бўғимидан кесилади. Агар шундан сўнг у яна ўғрилик қилиб, 10 дирҳам ёки шу қийматдаги нарсани ўғирласа чап оёғи кесилади. Лекин оёқнинг кесиладиган жойи борасида Муҳаммаднинг (с.а.в.) саҳобалари турлича фикрда бўлиб, баъзилар бўғими, бошқалар оёқ кафти кесилади деганлар. Сен булардан хоҳлаганингни танла, умид қиламанки, бу борада сенинг имкониятинг кенг. Қўлнинг бўғимдан кесилиши борасида эса ихтилоф қилмаганлар. Қўл ёки оёқ кесилгандан сўнг, қонни тўхтатиш учун кесилган жой куйдирилиши керак.
342. Майсара ибн Маъбад ривоят қилади: мен Адий ибн Адий Ражо ибн Ҳайвага: “Пайғамбар (с.а.в.) (ўғрининг) оёғини бўғимидан кесганлар”, - деганини эшитганман.
343. Муҳаммад ибн Исҳоқ Ҳаким ибн Ҳаким ибн Аълодан, у Ибод, у Нўъмон ибн Муррадан ривоят қилади: Али (р.а.) ўғрининг оёқ кафтини ўртасидан кесган”.
344. Исмоил ривоят қилади: Умму Разин: мен Абдуллоҳ ибн Аббос: “Ўша амирларингиз мана шу бадавий араб, яъни Нажда кесгандек кеса олмайдиларми? У оёқни хато қилмасдан, фақат товонни қолдириб кесар эди”, - деганини эшитганман.
345. Ибн Журайж Амр ибн Динордан, у Икримадан ривоят қилади: “Умар ибн Хаттоб (р.а.) қўлни бўғимдан, оёқни эса кафтидан кесишга буюрган. Умар оёқ кафтининг ўртасидан кесишга ишора қилган”.
346. Абдул Малик яъни ибн Абу Сулаймон Салама ибн Куҳайлдан, у Ҳужайя ибн Адийдан ривоят қилади: Али (р.а.) ўғриларнинг қўлини кесиб, сўнгра куйдирар эди”.
Бизнинг фақиҳларимиз кесишни вожиб қиладиган ўғрилик миқдори борасида турли фикрда бўлганлар. Баъзилар 10 дирҳам ва ундан юқори қийматда, бошқалар 5 дирҳам ва ундан юқори қийматда, баъзи ҳижозлик фақиҳлар эса 3 дирҳамда кесилади деганлар. Бизнинг фикримизча, албатта Аллоҳ билгувчироқ, 10 дирҳам ва ундан юқори қиймат энг тўғри бўлиб, бу ҳақда Муҳаммаднинг (с.а.в.) саҳобаларидан ривоятлар келган.
347. Ҳишом ибн Урва отасидан ривоят қилади: “Расулуллоҳ (с.а.в.) даврларида ўғирланган нарсанинг қиймати қалқон нархида бўлса, қўл кесилар эди, ўша вақтда қалқон қиммат бўлган. Арзимас нарсалар учун қўл кесилмаган”.
348. Муҳаммад ибн Исҳоқ Айюб ибн Мусодан, у Атодан ривоят қилади: Ибн Аббос: “Ўғирланган нарсанинг қиймати қалқоннинг нархидан кам бўлса, ўғрининг қўли кесилмайди, қалқоннинг нархи эса 10 дирҳамдир”, - деган.
349. Масъудий Қосим ибн Абдураҳмондан ривоят қилади: Абдуллоҳ ибн Масъуд: “Қўл 1 динор ёки 10 дирҳам қийматдаги нарса учун кесилади”, - деган. Бу ҳақда бизга Алидан (р.а.) ҳам ривоят қилинган.
350. Ҳишом ибн Урва отасидан ривоят қилади: Оиша (р.а.): “Расулуллоҳ (с.а.в.) даврларида арзимаган нарсалар учун қўл кесилмас эди”, - деган.
Абу Юсуф айтади: Агар тўрт киши бировнинг зино қилгани ҳақида орадан анча вақт ўтиб гувоҳлик берсалар, имомдан узоқда бўлганлари ўз вақтида гувоҳлик беришларига монеъ бўлолмайди ва уларнинг гувоҳлиги қабул қилинмайди ва қарши гувоҳлик берилган кишига ҳад қўлланилмайди. Шунингдек, бировнинг 10 дирҳам ва ундан кўп миқдорда ўғрилик қилгани ҳақида орадан анча вақт ўтиб гувоҳлик берсалар ҳам, қарши гувоҳлик берилган кишига ҳад қўлланилмайди, лекин у ўғирланган нарса учун жавобгар бўлади. Агар бировнинг мусулмонлардан бирор кишига туҳмат (зино қилди деб) қилгани ҳақида орадан анча вақт ўтиб гувоҳлик берсалар ва туҳмат қилинган киши ўз ҳаққини талаб қилса, бу инсон ҳуқуқларига доир бўлгани учун вақт ўтиб кетганига қарамай туҳматчига ҳад қўлланилади. Шунингдек, қасос олинадиган қасддан етказилган ва товон тўланадиган қасддан бўлмаган жароҳатларда ҳам шундай йўл тутилади.
Агар бир одам Басрада бир кишига, Тинчлик шаҳрида бошқа кишига, Куфада яна бошқа кишига туҳмат қилиб, уларнинг бирида ҳадга тортилса, ўша ҳад унинг учта жинояти учун кифоя қилади. Шунингдек, агар бир киши бир мартадан кўп ўғрилик қилса, барча ўғриликлар учун унинг битта қўли кесилади.
351. Абу Ҳанифа Ҳаммоддан, у ва Муғийра Иброҳимдан ривоят қилади: “Агар бир киши бир неча марта ўғрилик қилса, унинг бир қўли кесилади, агар бир неча марта маст қилувчи ичимлик ичса ёки бир неча марта туҳмат қилса ҳам унга бир марта ҳад қўлланилади”.
Абу Юсуф айтади: кишининг қўл кесиладиган ўғрилик қилганига иқрор бўлиши борасида фақиҳларимиз турлича фикрда бўлиб, баъзилар бир марта иқрор бўлганида, бошқалар эса икки марта иқрор бўлганида кесилади дейдилар. Бизнинг наздимизда бу борадаги энг тўғри фикр икки мажлисда икки марта иқрор бўлганида кесилади, бу ҳақда Али ибн Абу Толибдан (р.а.) ривоят келган. Шунингдек, шароб ичганига иқрор бўлган киши ҳам агар ундан шаробнинг ҳиди келиб турган бўлса, икки марта иқрор бўлмагунча жазоланмайди. Лекин туҳмат қилганини бўйнига олишда, бир марта иқрор бўлганида жазоланади. Шунингдек, инсонлар ўртасида уларнинг ҳуқуқларига оид жиноятлар – ҳалок қилувчи ёки бошқа жароҳатлар ёки молиявий зарар етказилганига иқрор бўлинганда, биринчи мартадаёқ жазо қўлланишига ижмо қилинган.
Бирор киши қўл кесиладиган ўғрилик қилгани ё шароб ичгани ёки зино қилганини бўйнига олса ва имом унга дарра уриш ёки қўлини кесишга буйруқ бериб, жазо қўлланилишидан аввал у ўз иқроридан қайтса ҳад бекор қилинади. Агар инсон ҳуқуқларига оид жиноятлар – туҳмат қилгани, одам ўлдиргани, жароҳат ёки молиявий зарар етказганини бўйнига олиб, сўнгра бу иқроридан қайтса, бўйнига олган жинояти учун жазо қўлланилади ва иқрор бўлгандан сўнг ундан қайтиши жазони бекор қилмайди.
352. Аъмаш Қосим ибн Абдураҳмондан, у отасидан ривоят қилади: “Мен Алининг (р.а.) ҳузурида ўтирган эдим, бир киши келиб: “Эй мўминлар амири, мен ўғрилик қилдим”, - деди. Али (р.а.) уни койиб берди, у иккинчи бор келиб яна иқрор бўлди. Шунда Али (р.а.): “Сен ўзингга қарши сўнгги гувоҳликни бердинг”, - деди ва унинг қўлини кесишни буюрди. Мен ўзим унинг қўли бўйнига осилиб турганини кўрдим”.
353. Ҳажжож Ҳасан ибн Саъддан, у Абдуллоҳ ибн Шаддоддан ривоят қилади: “Умарнинг (р.а.) ҳузурига зино қилганига 4 марта иқрор бўлган аёл олиб келинди. Умар (р.а.) у аёлга: “Агар бу иқрорингдан қайтсанг, сенга ҳад қўлламаймиз”, - деди.
354. Ибн Журайж Исмоилдан, у ибн Шиҳобдан ривоят қилади: “Агар бирор киши ўғрилик ёки ҳад белгиланган бошқа жиноят қилганига бир неча марта иқрор бўлиб, кейин иқроридан қайтса, унга жазо қўлланилмайди”. Бу ҳақда Шаъбийдан ҳам ривоят келган.
Агар тижорат қилиш ҳуқуқи (маъзун) бўлмаган ёки аввал берилган шундай ҳуқуқи бекор қилинган (маҳжур) қул бирор кишини қасддан ўлдиргани ё туҳмат қилгани ёки қўл кесиладиган ўғрилик қилгани ёки зино қилганига иқрор бўлса, бу ўзига қарши далил сифатида қабул қилиниб, бировни қасддан ўлдирган бўлса ўз жони билан билан жавоб беради, туҳмат, ўғрилик ва зино учун эса бадани билан жавоб беради ва бу ҳолатларда ундан шубҳаланилмайди. Лекин молиявий ҳамда қасос олинмайдиган бошқа жиноятларда шубҳа пайдо бўлади, агар буни қулнинг хўжайини тасдиқласа, унга: “Қулингни бер” ё “Унинг жиноятига тўлов тўла” ёки “Унинг қарзини тўла”, - дейилади ёки қул ўша жиноят товонига сотилиши мумкин.
Агар қул қасддан бўлмаган қотиллик қилгани ёки қасддан бўлмаган жароҳат етказгани ё бировнинг молини куч билан тортиб олгани ёки қарз олганига иқрор бўлса, унинг бу иқрори қабул қилинмайди. Агар қулга тижорат қилиш ҳуқуқи берилган бўлса, қарз олгани ва бировнинг молини куч билан тортиб олгани ҳақидаги иқрори қабул қилинади. Қулнинг ўзи иқрор бўлмаса ҳам, унинг қасддан бўлмаган қотиллик қилгани ёки қасддан бўлмаган жароҳат етказганига гувоҳлик берилса, унинг хўжайинига: “Товон ўрнига қулингни бер” ё “Унинг учун қотиллик хуни тўла” ёки “У етказган жиноят учун товон тўла”, - дейилади. Шунингдек, қулнинг бировнинг молини куч билан тортиб олганига гувоҳлик берилса, унинг хўжайинига: “Товон ўрнига қулингни бер ёки товон тўлаш учун уни сот”, - дейилади. Юқорида қул борасида айтганларимиз чўри ва мукотаб84 қулга ҳам тааллуқлидир.
355. Муғийра Иброҳимдан ривоят қилади: “Мукотаб қулга белгиланган ҳад токи у шартномадаги пулни тўламагунча оддий қулга белгиланган ҳад каби амалга оширилади”.
356. Абу Ҳанифа Ҳаммоддан, у Иброҳимдан ривоят қилади: “Қулнинг ҳад белгиланган жиноят қилганига иқрор бўлиши қонуний (қабул қилинади), лекин уни қулликдан озод қиладиган ҳолатлардаги гувоҳлиги қонуний эмас (қабул қилинмайди)”.
Абу Юсуф айтади: Отаси, онаси, ўғли, ака-укаси, опа-синглиси, хотини ва умуман маҳрам85 ҳисобланган қариндошининг молини ўғирлаган кишининг қўли кесилмайди. Эрининг молидан ўғирлаган аёлнинг, хўжайиннинг молидан ўғирлаган қулнинг, қулнинг молидан ўғирлаган хўжайиннинг, хўжайиннинг молидан ўғирлаган мукотаб қулнинг ва мукотаб қулнинг молидан ўғирлаган хўжайиннинг, файъ ўлжасидан ўғирлаган кишининг, бешдан бир улушдан ўғирлаган кишининг қўли кесилмайди. Шунингдек, ҳаммомда, савдо-сотиқ қилинадиган очиқ дўконда, карвонсаройда ўғрилик қилган кишининг, шерикчиликдаги тижорат молидан ўғирлаган шерикнинг, ўзига сақлаш учун омонатга ёки гаровга берилган нарсани ўғирлаган кишининг қўли кесилмайди.
Талон-тарож қилиш мақсадида қабрни кавлаган киши борасида фақиҳлар турли фикрда бўлиб, баъзилар унинг қўли кесилади деб ҳисоблайди, баъзилар эса: “Мен унинг қўлини кесмайман, сабаби қабр қўриқланмайдиган жойдир”, - дейди. Бизнингча бу масалада энг тўғри фикр, албатта Аллоҳ билгувчироқ, унинг қўли кесилади. Шунингдек, киссавур бировнинг енгини кесиб, 10 дирҳам ўғирласа қўли кесилади, агар ўғирлаган нарсаси 10 дирҳамдан кам бўлса қўли кесилмайди, лекин (қозининг ҳукми билан) жазога тортилиб, тавба қилмагунича қамаб қўйилади.
Пул алмаштираётганда қаллоблик қиладиган ва майда фирибгар (қозининг ҳукми билан) жазоланиб, тавба қилмагунича қамаб қўйилади. Одамларнинг уйлари эшигини ёки дўконлар эшигини бузиб киривчи ўғри, у ердаги молларни олиб чиқиб кетса ва (тинтув қилинганда) ўша моллар унда экани маълум бўлса, унинг қўли кесилади. Шунингдек, аёл киши одамларнинг уйига кириб, у ердан кийим ёки қиймати 10 дирҳамлик бирор нарсани олиб чиқиб кетса, унинг қўли кесилади. Бегоналарнинг кириши таъқиқланган чодирдан бирор нарса ўғирлаган, қопларни тешиб ундаги нарсани ўғирлаган кишининг, уйнинг деворини тешиб, уйга кирмасдан, лекин ўша тешикдан қўлини киргазиб, ўғрилик қилган кишининг ҳам қўли кесилади.
Баъзи фақиҳларимиз чўнтаккесар борасида шундай дейишади: агар у енгнинг ичидаги ҳамённи кесиб, ундан 10 дирҳам ўғирласа, ҳамён енгнинг ички томонига тикилган бўлса, қўли кесилади, агар енгнинг ташқари томонида бўлса, қўли кесилмайди.
Бирор киши уйнинг ёки дўконнинг деворини тешиб кириб, бирор нарса олиб чиқиб кетаётганида, хали чиқиб улгурмасидан қўлга тушса, унинг қўли кесилмайди, у қаттиқ жазога тортилиб, тавба қилмагунича қамаб қўйилади.
357. Ҳажжож Ҳусайндан, у Шаъбийдан, у Ҳорисдан ривоят қилади: “Али ибн Абу Толибнинг олдига деворни бузиб кирган ва шу ҳолда қўлга тушган киши олиб келинди, Али (р.а.) унинг қўлини кесмади”.
358. Осим Шаъбийдан ривоят қилади: “Уйдан молни олиб чиқиб улгурмаса (ўғрининг) қўли кесилмайди”.
359. Масъудий Қосимдан ривоят қилади: “Бир киши давлат хазинасидан ўғирлаган эди, Саъд бу ҳақда Умарга мактуб ёзди. Умар (р.а.): “Унинг қўли кесилмайди”, - деб жавоб ёзди”.
360. Саъид Қатодадан, у Ҳасандан ривоят қилади: “Агар бирор киши ўзининг улуши бор бўлган ҳарбий ўлжадан ўғирласа, унинг қўли кесилмайди. Агар ўлжада унинг улуши бўлмаса, қўли кесилади”.
361. Саъид Қатодадан, у Саъид ибн Мусайябдан ривоят қилади: “Агар бирор киши ҳарбий ўлжа сифатида олинган жория билан жинсий алоқа қилса ва ўша ўлжада унинг улуши бўлса, унга ҳад қўлланилмайди”.
362. Абу Муовия Аъмашдан, у Иброҳимдан, у Ҳишомдан, у Амр ибн Шураҳбилдан ривоят қилади: Маъқил ал-Мазаний Абдуллоҳнинг олдига келиб: “Қулим жорямни ўғирлади, унинг қўлини кесаманми?”, - деди. Абдуллоҳ: “Йўқ, сенга тегишли бўлган нарсалар ўзаро боғлиқдир86”, - деди.
363. Умардан (р.а.) ривоят қилинади, унинг ҳузурига хўжайинининг нарсасини ўғирлаган қул олиб келинди, Умар (р.а.) унинг қўлини кесмади.
364. Алидан (р.а.) ривоят қилинади, у: “Агар менинг қулим менинг молимни ўғирласа, унинг қўлини кесмайман”, - деган.
365. Ҳажжож Ҳакам ибн Утайбадан, у Иброҳим ва Шаъбийдан ривоят қилади: “Ўликларимиздан ўғирлаган кишининг қўли, худди тирикларимиздан ўғирлаганидек кесилади”. Ҳажжож айтади: “Мен Атодан талон-тарож қилиш мақсадида қабрларни кавлайдиган киши ҳақида сўраган эдим, у: “Унинг қўли кесилади”, - деди”.
366. Ибн Журайж Абу Зубайрдан, у Жобирдан ривоят қилади: “Фирибгар, майда ўғри ва алдоқчининг қўли кесилмайди”.
367. Ашъас Абу Зубайрдан, у Жобирдан ривоят қилади: Расулуллоҳ (с.а.в.): “Алдов (фирибгарлик)да қўл кесилмайди”, - деганлар.
Абу Юсуф айтади: ривоятларда келишича, алдовда қўл кесилмайди. Расулуллоҳ (с.а.в.): “Бировни алдов билан ушлаб олсангиз, унинг молларини ёқиб юборинглар”, - деганлар. Абу Бакр (р.а.) ва Умар (р.а.) алдовда қаттиқ жазо берар эдилар. Менга етиб келишича, бизнинг фақиҳларимиз алдовда қаттиқ жазо бериш ва молини олиб қўйиш керак деб, ҳисоблаганлар.
Шароб, чўчқа ва ҳар қандай мусиқа асбобларини ўғирлаган одамнинг қўли кесилмайди, шунингдек хурмо шароби, ов қилиб тутилган қуш ва ҳайвон, ваҳший ҳайвон, данак, тупроқ, гипс, оҳак ва сув ўғирлаган одамнинг ҳам қўли кесилмайди.
Абу Ҳанифа: “Ейиладиган таомлар, яъни нон, хўл мевалар, яна ўтин, ёғоч, турли тошлар, гипс, оҳак, маргимуш, сопол идишлар, лой, қизил тупроқ, қозон, сурма, шиша, тузланган ёки янги балиқ, полиз экинлари, хушбўй ўсимликлар, гуллар, сомон, ёғоч лавҳ, Қуръон ёзилган саҳифалар ва шеър ёзилган саҳифалар ўғирланганда қўл кесилмайди. Лекин, беда ва сирка ўғирланганда қўл кесилади ”, - деган.
Абу Юсуф айтади: Сиёҳ тайёрланадиган ёнғоқ, ..., қуруқ дори-дармонлар, буғдой, арпа, ун, дон, қуруқ мевалар, қимматбаҳо тошлар, марварид, мой, алоэ, мушк, анбар ва шунга ўхшаш хушбўйликлар 10 дирҳам ва ундан кўп бўлган миқдорда ўғирланса қўл кесилади. Мана шу биз бу борада эшитганларимизнинг энг тўғрисидир, албатта Аллоҳ билгувчироқ.
Хурмо дарахтининг учидан хурмо ўғирлаган кишининг қўли кесилмайди, лекин омбор ва уйларда сақлаш учун олиб қўйилган хурмони 10 дирҳам ва ундан кўп миқдорда ўғирласа, қўли кесилади. Яйловда боқилаётган ҳайвонларни ўғирлаган кишининг қўли кесилмайди, лекин ҳимояланган жойдаги ҳайвонларни ўғирласа қўли кесилади.
..., дарахт ва ёғоч ўғирлаган кишининг қўли кесилмайди, агар улардан ясалган идиш ёки эшикни ўғирласа ва унинг нархи 10 дирҳамга тенг бўлса, қўли кесилади. Хоҳ ёғочдан, хоҳ тилладан, хоҳ кумушдан ясалган бўлсин, бутларни ўғирлаган кишининг қўли кесилмайди. Мана шу биз бу борада эшитганларимизнинг энг тўғрисидир, албатта Аллоҳ билгувчироқ.
368. Яҳё ибн Саъид Муҳаммад ибн Яҳё ибн Ҳайёндан, у Рофеъ ибн Хадиждан ривоят қилади: Расулуллоҳ (с.а.в.): “Мева ва хурмо меваси ҳосил бўладиган тугунча ўғирланганда қўл кесилмайди”.
369. Ашъас Ҳасандан ривоят қилади: “Пайғамбарнинг (с.а.в.) ҳузурларига таом ўғирлаган киши олиб келинди, у зот (с.а.в.) унинг қўлини кесмадилар”.
370. Ҳажжож ибн Артат Амр ибн Шуъайбдан, у отасидан, у бобосидан ривоят қилади: “Оғилхонада сақланмайдиган ҳайвон ва омборда сақланмайдиган мева ўғирланганда қўл кесилмайди”. Ибн Амрдан ҳам шунга ўхшаш ривоят келган.
Абу Юсуф айтади: Абу Ҳанифанинг шундай деганини эшитганман: Ҳаммод Иброҳимдан ривоят қилади: “Али ибн Абу Толиб (р.а.) қуш ўғирлаган кишининг қўлини кесмаган”.
Абу Юсуф айтади: Ибн Абу Лайло каъбапўшни ўғирлаган одамнинг қўли кесилмайди деб ҳисоблаган, мен ҳам шу фикрдаман.
Ўғрилик қилган кишининг ўнг қўли шол бўлса, мана шу шол қўли кесилади. Чап қўли шол бўлса, ўнг қўли кесилмайди, агар ўнг қўли кесилса, у қўлсиз қолиши эътиборга олиниб, ўнг қўл кесилмаслиги керак. Шунингдек, ўғрилик қилган кишининг ўнг оёғи шол бўлса, бир томондан ҳам қўл, ҳам оёқсиз қолмаслиги учун ўнг қўли кесилмайди. Агар ўнг оёғи соғлом бўлиб, чап оёғи шол бўлса, шол бошқа томонда экани эътиборга олиниб, ўнг қўли кесилади. Агар яна ўғрилик қилса, шол бўлган чап оёғи кесилади, агар учинчи марта ўғрилик қилса, қўллари кесилмайди, лекин мусулмонлардан узоқда бўлиши учун қамоққа олиниб, токи тавба қилмагунича қаттиқ жазога тортилади. Бизга етиб келишича, Абу Бакр (р.а.) ва Умар (р.а.) шундай йўл тутишган.
371. Ҳажжож ибн Артат Амр ибн Муррадан, у Абдуллоҳ ибн Саламадан ривоят қилади: Али (р.а.) ўғри борасида: “Унинг қўли кесилади, яна қайта ўғрилик қилса, оёғи кесилади, учинчи бор ўғрилик қилса, қамаб қўйилади”, - дер эди.
372. Ҳажжож Симокдан, у унга ривоят қилган кишидан ривоят қилади: “Умар (р.а.) ўғрилик қилган киши ҳақида одамлардан маслаҳат сўради, улар бир овоздан биринчи марта ўғрилик қилган кишининг қўли кесилиши, яна қайта ўғрилик қилса, оёғи кесилиши, учинчи марта ўғрилик қилса қамаб қўйилиши керак дедилар”.
373. Ҳажжож Амр ибн Динордан ривоят қилади: “Нажда Абдуллоҳ ибн Аббосдан ўғрилик қилган киши ҳақида сўраб, мактуб ёзди. Абдуллоҳ ибн Аббос унга Алининг (р.а.) сўзидек жавоб берди”. Бизга етиб келишича Абу Бакр (р.а.) ҳам ўғри борасида шундай йўл тутган.
Бирор киши қўли кесиладиган миқдорда ўғрилик қилиб, токи қўли кесилгунга қадар уруш ё қасос олиниши ёки бошқа йўл билан ўнг қўлидан айрилса, унинг чап оёғи кесилмайди, лекин қаттиқ жазо берилиб, ўғирлаган молини тўлйди ва тавба қилмагунича қамаб қўйилади.
Балоғат ёшига етмаган ўспиринга ҳад қўлланилмайди. Шубҳали ҳолатларда 15 ёшга тўлмаган ўспиринга ҳам ҳад қўлланилмайди, баъзилар бундан катта ёшга ҳам қўлланилмайди дейдилар. Шунингдек, қиз болага ҳам токи ҳайз кўрмагунича ёки 15 ёшга тўлмагунича бирор ҳад қўлланилмайди.
374. Убайдуллоҳ Нофеъдан ривоят қилади: Ибн Умар: “Расулуллоҳ (с.а.в.) Уҳуд жанги куни мени кўздан кечириб, мени жанг қилиш учун ёш деб ҳисобладилар ва қайтариб юбордилар, ўшанда мен 14 ёшда эдим. Хандақ жанги куни мени кўздан кечириб, менга жанг қилишга ижозат бердилар, ўшанда мен 15 ёш эдим”, - деди.
Нофеъ айтади: “Мен Умар ибн Абдулазиз халифа бўлганида, бу ҳадисни унга айтган эдим, у: “Мана шу балоғат ёши билан болаликнинг чегарасидир”, - деди ва ўз ноибларига: “Ким 15 ёшга тўлса, уни урушда қатнашадиганлар қаторига қўшинглар, бу ёшга етмаганларга эса болалик нафақаси белгиланглар ”, - деб мактуб ёзди. Мана шу биз бу борада эшитганларимизнинг энг тўғрисидир, албатта Аллоҳ билгувчироқ.
375. Абон Анасдан ривоят қилади: Абу Бакрнинг (р.а.) ҳузурига ўғрилик қилган ўспирин олиб келинди, балоғатга етганлик белгилари аниқ бўлмагани учун Абу Бакр (р.а.) унинг қўлини кесмади”.
376. Баъзи машойихларимиз Макҳулдан ривоят қилади: “Агар ўспирин 15 ёшга тўлса, унинг гувоҳлиги ўтади ва унга ҳадлар қўлланилади”.
377. Муғийра Иброҳимдан ривоят қилади: “Балоғат ёшига етмаган қиз турмушга чиқса ва шундан сўнг зино қилса, ҳайз кўрмагунича унга ҳад қўлланилмайди”.
Ўғрилик ёки бошқа жиноят қилишда тахмин ёки гумон қилинаётган кишини калтаклаб, дўқ пўписа билан қўрқитиш мумкин эмас, агар шундай қилиниши натижасида ўша киши ўғрилик, ҳад қўлланиладиган жиноят ёки қотиллик қилганини бўйнига олса, унинг бу иқрори қабул қилинмайди ва қўлини кесиш, иқрор бўлган жиноятига яраша жазо бериш мумкин эмас.
378. Шайбоний Али ибн Ханзаладан, у отасидан ривоят қилади: Умар (р.а.): “Агар сен бир кишини оч қолдириб, қўрқитиб, қамаб қўйсанг у ўзи қилмаган ишни бўйнига олишдан ўзини ҳимоя қилолмайди”, - деди.
379. Муҳаммад ибн Исҳоқ Зуҳрийдан ривоят қилади: Шомда Ториқнинг олдига ўғриликда гумон қилинаётган бир киши олиб келинди, Ториқ уни калтаклади ва у ўғрилик қилганига иқрор бўлди. Сўнгра Ториқ бу ҳолатда нима қилиш ҳақида сўраб, уни Абдуллоҳ ибн Умарнинг олдига юборди. Ибн Умар: “Унинг қўли кесилмайди, чунки у ўғрилик қилганига Ториқнинг калтаклашидан сўнг иқрор бўлган”, - деди”.
Эй мўминлар амири, сен волийларингга одамларни биргина гумон билан жазоламасликларини буюр. Масалан, бир киши бошқа кишининг (яъни волийнинг) олдига келиб: “Манави киши мени унинг нарсасини ўғирлашда гумон қиляпти”, - дейди ва у бунинг учун уни қўлга олишади ва ҳоказо. Бу иш қонунга зид. Бир кишининг бошқа киши томонидан қотиллик ва ўғриликда айбланиши токи бу аниқ исботланмагунча ёки волий томонидан қилинган ё мен сенга айтган таҳдидларсиз ўзи иқрор бўлмагунича, қабул қилинмайди ва унга ҳад қўлланилмайди. Бир киши бошқа кишининг туҳмати билан қамаб қўйилиши мумкин эмас, зеро Расулуллоҳ (с.а.в.) одамларни биргина туҳмат билан жазога тортмаганлар. Балки, айбловчи билан айбланаётган киши юзлаштирилади ва айбловчининг айбловини исботловчи далили бўлса, ўша асосда ҳукм чиқарилади, акс ҳолда айбланувчидан кафил талаб қилиниб, қўйиб юборилади. Агар шундан сўнг айбловчи айбланувчига қарши бирор нима топса, жараён давом этади, ундай бўлмаса айбланувчи ўз ҳолига қўйилади. Гумон билан қамалган маҳбуслар ва уларни айблаётганлар билан ҳам шундай йўл тутилади. Ривоятларда келишича, Расулуллоҳнинг (с.а.в.) саҳобалари ҳад жоиз бўлмаслиги мумкин бўлган ўринларда уни қўллашдан эҳтиёт бўлганлар ва шубҳали ҳолатларда уни бартараф этишни афзал кўриб, ўғриликда гумон қилиниб олиб келинган кишига: “Сен ўғрилик қилдингми?! Йўқ деб айтгин!”, - деганлар.
Ривоят қилишларича, Пайғамбарнинг (с.а.в.) ҳузурларига бир кишини олиб келиб: “Бу одам ёпинчиқ ўғирлади”, - дейишди. У зот (с.а.в.): “Уни ўғри деб ўйлашнинг сабаби нима?”, - дедилар.
380. Суфён ибн Уяйна Язид ибн Хусайфадан, у Муҳаммад ибн Абдураҳмон ибн Савбондан ривоят қилади: Ёпинчиқ ўғирлаган бири кишини Пайғамбарнинг (с.а.в.) ҳузурларига олиб келишди, у зот (с.а.в.): “У ўғирлади деб ўйлашнинг сабаби нима? Сен ўғирлик қилдингми?”, - дедилар.
381. Саъид ибн Абу Аъруба Аълим ан-Нажийдан, у Абул-Мутаваккилдан ривоят қилади: “Абу Ҳурайра амирлик қилиб турган вақтда, унинг олдига ўғрилик қилган одамни олиб келишди. Абу Ҳурайра унга: “Сен ўғрилик қилдингми?”, “Йўқ, деб айт!”, “Сен ўғрилик қилдингми?”, “Йўқ деб айт”, - деди.
382. Ибн Журайж Атодан ривоят қилади: Алининг (р.а.) ҳузурига унинг ўғрилик қилганига икки киши гувоҳлик берган бир кишини олиб келишди. Али (р.а.) одамларнинг ишлари билан банд эди. Сўнгра ёлғон гувоҳлик берганларга қандай жазо беришини айтиб: “Менга ёлғончи гувоҳ олиб келинса, уни мана бундай ва мана шундай жазолайман”, - деди ва ўша гувоҳларни чақиртирди, лекин уларни топа олишмади, шунда олиб келинган кишини қўйиб юборди.
Абу Юсуф айтади: Агар имом ўғрилик қилган кишининг ўнг қўлини кесишни буюрса, у кесиш учун чап қўлини узатса, шундан сўнг унинг ўнг қўли кесилмайди. Бу Шаъбийдан ривоят қилинган ва бизнинг наздимизда шу энг тўғридир, албатта Аллоҳ билгувчироқ.
Зиммийнинг молини ўғирлаган мусулмон, худди мусулмоннинг молини ўғирлаган мусулмон каби жазоланади, агар ўғри зиммий бўлса ҳам, мусулмон ўғридек жазоланади.
383. Ашъас Ҳасандан ривоят қилади: “Ким яҳудий ёки насроний ёки зиммийнинг молини ўғирласа, унинг қўли кесилади”.
Абу Юсуф айтади: Қурол билан йўлтўсарлик қилиб, қўлга тушган киши ҳақида Абу Ҳанифа шундай дейди: “Агар қурол ишлатиб, бировнинг молини тортиб олса, унинг қўли ва оёғи қарама-қарши томондан кесилади, лекин у ўлдирилмайди ва бутга қоқилмайди. Агар бировнинг молини тортиб олиш билан бирга уни ўлдирса, имомнинг ҳукмига ҳавола қилинади – имом хоҳласа уни қўл-оёғини кесмасдан ўлдиради, хоҳласа қўл-оёғини кесмасдан, бутга қоқади, хоҳласа қўл-оёғини кесиб, кейин ўлдиради ёки бутга қоқади. Агар бировни ўлдириб, лекин молини тортиб олмаса, у ўлдирилади. (Йўлтўсарни) сургун қилиш – уни қамаб қўйишдир”. Буни Абу Ҳанифа Ҳаммоддан, у Иброҳимдан ривоят қилган.
384. Абу Юсуф айтади: “Агар йўлтўсар бировни ўлдириб, молини олмаса, у ўлдирилади. Агар бировнинг молини олиб, уни ўлдирмаса, қўл-оёғи қарама-қарши томондан кестилади”. Буни Ҳажжож ибн Артат Аътийя ал-Авфийдан, у ибн Аббосдан ривоят қилган.
385. Лайс Мужоҳиддан ривоят қилади: “Қурол билан йўлтўсарлик қилган киши имомнинг ҳукмига ҳавола қилинади”.
Абу Юсуф айтади: Агар сенга (ҳукм чиқаришинг учун) идда сақлаётган аёлга уйланган киши олиб келинса, унга ҳад қўлланилмайди, бизга етиб келишича, Умар (р.а.) ва Али (р.а.) бу борада ҳад қўлланилмайди лекин бу эр-хотин ажратиб юборилади деб ҳисоблаганлар. Шунингдек, шерикликдаги чўриси ҳамда мукотаб чўриси билан жинсий алоқа қилган кишига ҳад қўлланилмайди. Яна хотини ёки отаси ё онасининг чўриси билан жинсий алоқа қилиб: “Улар (билан жинсий алоқада бўлиш) менга ҳаром эканини билмаган эдим”, - деса, унга ҳад қўлланилмайди. Агар: “Улар (билан жинсий алоқада бўлиш) менга ҳаром эканини билардим” – деса, унга ҳад қўлланилади. Ўғли ёки набирасининг чўриси билан жинсий алоқа қилган кишига, агар у : “У (билан жинсий алоқада бўлиш) менга ҳаром эканини билардим”, - деса ҳам ҳад қўлланилмайди. Бу борада Расулуллоҳнинг (с.а.в.): “Сен ва молинг отангни мулкидир”, - деган сўзлари инобатга олинади.
Лекин ака-укаси ёки опа-синглиси ё юқорида баён қилганимдан бошқа маҳрам қариндошларнинг чўриси билан жинсий алоқа қилса, унга ҳад қўлланилади.
386. Исмоил ибн Холид Умайр ибн Нумайрдан ривоят қилади: Ибн Умардан икки кишига тегишли бўлган чўри билан эгаларининг бири жинсий алоқа қилгани ҳақида сўрашди, Ибн Умар: “Унга ҳад қўлланилмайди”, - деди.
387. Муғийра Ҳайсам ибн Бадрдан, у Ҳарқусдан ривоят қилади: “Али (р.а.) хотининг чўриси билан жинсий алоқа қилган кишига ҳад қўлламаган.
388. Исмоил Шаъбийдан ривоят қилади: Абдуллоҳнинг олдига бир киши келиб: “Мен хотинимнинг чўриси билан жинсий алоқа қилдим”, - деди. Абдуллоҳ унга: “Аллоҳдан қўрқ ва бу ишни бошқа такрорлама!”, - деди.
389. Ашъас ривоят қилади: Ҳасан онасининг чўриси билан жинсий алоқа қилган киши ҳақида: “Унга ҳад қўлланилмайди, бобо ва бувининг чўриси, ота ва онанинг чўриси кабидир”, - деди.
Абу Юсуф айтади: Бир киши озод аёл билан жинсий алоқа қилса ва бунинг натижасида у аёл вафот этса, халиги киши қотиллик хуни тўлайди ва унга ҳад урилади. Агар бир аёл билан зино қилиб, сўнгра ўша аёлга уйланса, унга ҳад урилади. Агар чўри билан зино қилиб, кейин уни сотиб олса ҳам унга ҳад урилади. Агар чўри билан зино қилса ва ўша чўри вафот этса, мен унга чўрининг баҳосини тўлатиб, лекин ҳад урмасликни тўғрироқ деб ҳисоблайман.
Агар имом ёки унинг ишончли вакили бирор одамнинг ўғрилик қилгани ёки шароб ичгани ё зино қилганини кўрса, бунга ўзи гувоҳ бўлган бўлса ҳам, токи далиллар тақдим қилунмагунича, унга ҳад қўлланилмайди. Бу борада бизга етиб келган ривоятларга кўра мана шу истеҳсондир. Қиёсга кўра эса, унга ҳад урилади, бизга Абу Бакр (р.а.) ва Умардан (р.а.) шунга ўхшаш ривоят етиб келган. Агар бирор киши инсонларнинг ҳуқуқлари борсида жиноят қилганига иқрор бўлса, унга қарши гувоҳлар бўлмаса ҳам, унга ҳад қўлланилади. Ҳадлар масжидлар ва душман ерида қўлланилмайди.
390. Аъмаш Иброҳимдан, у Алқамадан ривоят қилади: “Биз Рум ғазотига бордик, Ҳузайфа биз билан бирга эди ва қурайшлик бир киши бизга амир қилинганди. Ўша киши шароб ичди ва биз унга ҳад урмоқчи бўлдик. Шунда Ҳузайфа: “Ўз амирингизга душманларингизга яқин келган ва улар сизни пойлаб турган ҳолатда ҳад урмоқчимисиз?”, - деди.
Яна бизга етиб келишича, Умар (р.а.) аскарлар ва ҳарбий бўлимлар бошлиқларига урушдан қайтмагунларича ҳеч кимга ҳад урмасликни буюрган, чунки у жазоланган киши шайтоннинг васвасасига учиб, душман томонга ўтиб кетишини хоҳламаган.
391. Ашъас Фузайл ибн Амр ал-Фуқаймидан, у Маъқилдан ривоят қилади: Бир киши алининг (р.а.) олидига келиб, унга ташланди. Шунда Али (р.а.): “Эй Қанбар, буни масжиддан чиқар ва унга ҳад ур”, - деди.
392. Лайс Мужоҳиддан ривоят қилади: “Масжидларда ҳадлар амалга оширилиши маъқулланмаган” .
Абу Юсуф айтади: Агар бирор зиммий мусулмон аёлни зўрласа, фақиҳларимизнинг сўзларига кўра, унга худди мусулмон кишига қилинганидек ҳад урилади.
393. Бу ҳақда бир неча ҳадислар ривоят қилинган, улардан бирини Довуд ибн Абу Ҳинд Зиёд ибн Усмондан ривоят қилади: “Бир насроний мусулмон аёлни зўрлагани ҳақида Убайдага етказилди, у: “Биз сизлар билан бундай сулҳ тузмаган эдик”, - деди ва уни калласини олишни буюрди.
394. Мужолид Шаъбийдан, у Сувайд ибн Ғафаладан ривоят қилади: Шомлик набатийлардан бир зиммий миниладиган ҳайвонда ўтирган аёлни туртди, лекин аёл йиқилмади, зиммий уни итариб йиқитди, шунда аёлнинг кийимлари очилиб кетди ва зиммий уни зўрлади. Бу воқеа Умар ибн Хаттобга (р.а.) етказилган эди, у зиммийни бутга қоқишни буюрди ва “Биз сизлар билан бундай сулҳ тузмаган эдик”, - деди.
395. Саъид Қатодадан ривоят қилади: Абдуллоҳ ибн Аббос озод кишини сотган бошқа озод киши ҳақида: “Уларга жазо берилади, лекин қўли кесилмайди”, - деган.



1


2 Даромаднинг ўндан бири миқдорида олинадиган солиқ тури.

3


4 Жон бошидан олинадиган солиқ.

5 Мусулмон мамлакатларида шартнома асосида жон пули тўлаб яшовчи мусулмонликни қабул қилмаган киши.

6 Мил – фарсахнинг учдан бирига ёки 1920 метрга тенг.

7 Сур соҳиби – Исрофил (а.с.)

8 Қушқўнмас (тиконли ёввойи ўсимлик).

9 Қуръонда зикр қилинган пайғамбарлардан бири.

10


11 Дирҳам – кумуш танга.

12 Ажрим куни – Бадр жанги куни. Ўша куни ҳақ билан ботил ажрим бўлган. Бадр жанги рамазон ойининг 17 ёки 19-си, жума куни кечган. Расул (а.с.) биринчи марта бу хилдаги жангда қатнашганлар. Мушриклар сони 1900 нафар бўлиб, уларга Утба ибн Рабиа қўмондонлик қилган. Мусулмонларнинг сони 315 нафар атрофида бўлиб, Аллоҳнинг нусрати билан улар ғалаба қилган эканлар (Хз.).

13 Тушган ўлжа Расулуллоҳ (а.с.) замонларида беш қисмга бўлиниб, биринчи қисми Пайғамбар (а.с.)га, иккинчи қисми ул зотнинг қариндошларига, яъни боболари Ҳошим ва Мутталибларнинг авлодига, қолган уч қисми етим, мискин ва мусофирларга берилар эди. Абу Ҳанифа (рҳ.) ижтиҳодларига кўра, Расул (а.с.)нинг вафотларидан кейин ул зотнинг ва қариндошларининг ҳиссаси соқит (бекор) бўлган. Имом Молик (рҳ.) ижтиҳодларига кўра, вафотларидан кейинги тушган ўлжалар ихтиёри подшоҳда бўлиб, у лозим кўрган жойларга сарфланади. Абул Олия (рҳ.) ўлжа олти қисмга бўлиниб, Аллоҳнинг улуши Каъбага сарфланади, қолган беш қисми ҳам ўз жойида қолади, деган (Мд. Хз.).

14 Ўлчов бирлиги, 1 мисқол – 4,235 гр.

15 Сариқ ёки қизил тусли минерал бўёқ.

16 Зиммий – мусулмонлар ҳимояси остида яшоқчи бошқа дин вакили.

17 Хўжайини билан бирор келишув асосида озод қилинган қул. Агар қул келишувни бузса, қулликка қайтарилади.

18 Хўжайинига ўғил фарзанд туғиб берган чўри. Хўжайин болани тан олса, унинг онаси хўжайин билан бўлган муносабатдан бошқасида озод аёл ҳуқуқига эга бўлади. Хўжайини чўрини олиб қолиши ёки ҳеч қандай келишувсиз озод қилиши мумкин, унинг вафотидан сўнг тўлиқ озод бўлади.

19 Хўжайинининг васияти билан унинг вафотидан сўнг озод қилинадиган қул. У бошқа хўжайинга берилмайди, фақат озод қилинади. Хўжайини билан муносабатдан бошқасида у озодлик ҳуқуқига эга.

20 Меҳрон ибн Баҳром чубин – форсларнинг ҳарбий саркардаси, Қодисия жангидан олдинроқ 13/634 йилда ҳалок бўлган.

21 Рустам – форсларнинг ҳарбий қўмондони, Қодисия жангида форс қўшинига бошчилик қилган ва шу жангда ҳалок бўлган. Унинг тўлиқ исми Рустам Фарухзода.

22 Ибодий – Хирада яшовчи насроний араблар.

23 Узайб – унча катта бўлмаган тепалик, Қодисия жангида дастлаб форсларнинг, сўнгра мусулмонларнинг ҳарбий қароргоҳи бўлган.

24 Махтум – сочилувчан жисмлар ўлчов бирлиги.

25 Махтум ҳажжожий = 4,2 литр.

26 Соъ = 4 мудда.

27 Сурия, Фаластин ва Ироқнинг бир қисмининг исломгача бўлган даврдаги араб аҳолиси, асосан насронийлар.

28 Мавло – озод қилинган қул.

29 Ар-Руфайл – форсча Мах Азер, Жалула фатҳ қилинганда мусулмонларга таслим бўлган ва исломни қабул қилган. Матнда хато равишда ал-Мирқол – Саъд ибн Абу Ваққоснинг жияни келган.

30 Муқосама – пул эвазига тўланадиган маҳсулот.

31 Фадак – Хайбардан 145 км узоқликда жойлашган, аҳолиси яҳудийлар бўлган воҳа.

32 Васқ – оғирлик ўлчови, туяга юкласа бўладиган юк = 275 кг.

33 Уқия – 37,44 гр га тенг оғирлик ўлчови.

34 Ал-Ҳажжож ибн Юсуф ас-Сақафий (41/661-95/714) – Абдул Малик халифалиги даврида Ироқ ва шарқий вилоятлар ноиби бўлиб, унинг ташаббуси билан муҳим молиявий ва маъмурий ислоҳотлар ўтказилган.

35 Ҳошимий рубуъ –оғирлик ўлчови, тахминан 2 кг га тенг.

36 Харож – бу ерда жизя солиғи маъносида.

37 Зиёд ибн Абу Суфён – уни ука сифатидан тан олган уммавийларнинг 1-халифаси Муовия ибн Абу Суфённинг ноиби.

38 Журф - Мадинанинг шимолидаги ерлар.

39 Моида сураси, 1-оят.

40 Аҳдномани ёзган шахснинг исми матндан тушиб қолган.

41 Нажронликлар кўчирилган янги ерлар назарда тутиляпти.

42 Аҳдномани ёзган шахснинг исми матндан тушиб қолган.

43 Хуросон икки ўркачли туяси

44 Ория – қарз, ўз мол мулкини бошқа бировга маълум муддатга уни йўқотмаслик ва зарар етказмаслик шарти билан фойдаланишга бериш.

45 Ҳарим – тақиқланган, бу ерда анҳор атрофидаги ер, шунингдек ҳарим – атрофида бўш ер бўлиши керак бўлган қудуқ, ҳовуз, кўприк ва шу каби объектларнинг атрофидаги ердир.

46 Собийлар – исломгача Қуйи Месопотамияда яшаган осмон ёритувчиларига сиғинувчилар. (Қадимда ҳозирги Яман ҳудудида ҳукмронлик қилган Жанубий Арабистоннинг асосий аҳолиси)

47 Сомирийлар – Фаластиннинг тарихий вилоятларидан бири бўлган Самарияга Бобилдан кўчиб келган ва яҳудийликни қабул қилган кишиларнинг авлодлари.

48 Тинчлик шаҳри – Бағдод шаҳрининг номларидан бири.

49 Мазкур моллардан олиниши керак бўлган солиқ, улар турган жойда олинади.

50 Муҳаммад (с.а.в.) Хорун ар-Рашиднинг бешинчи бобоси бўлган Аббос ибн Абдулмуттолибнинг жиянлари эдилар.

51 Мазкур жумланинг араб тилидан сўзма-сўз таржимаси қуйидагича: Адашишингдан ҳидоятингга, фақирлигингдан бойлигингга (қайт).

52 Яъни, вояга етганлар маъносида.

53 Манозир – Ироқнинг жануби-шарқий томонидаги вилоят.

54 Даст Майсон – Ироқнинг шарқий қисмида, Дажла дарёсининг қуйи оқимида жойлашган вилоят.

55 Ҳалабдан 125 км шимолий-шарқда жойлашган шаҳар.

56 Шартнома асосида озод қилинган чўри.

57 Форс кўрфази соҳилининг Дажла ва Фрот дарёлари қўшилган ери ва Басра шаҳрининг қуйи қисмида жойлашган шаҳар.

58 Фоид – Макка йўлидаги тоғ.

59 Муғиса – Қодисия билан Узайб ўртасидаги қудуқ.

60 Марзубон – форсларнинг мартабада подшоҳдан кейин турувчи бошлиқларининг номи.

61 Марусма – Ҳийрадан 100 км жануби-ғарбда жойлашган шаҳар.

62 Сандудия – Ҳийра шаҳридан 400 км юқорида жойлашган шаҳар

63 Кинда – исломгача бутун арабистон бўйлаб тарқалган жуда кўп сонли жанубий-араб қабиласи.

64 Иёд – Ҳийра шаҳрининг ғарбидаги чўлда яшовчи қабила.

65 Нуқайб – Қарқисиядан 150 км юқорида Фрот дарёсининг ўнг қирғоғида жойлашган қишлоқ.

66 Кавосил – Қарқисиядан 100 км жануби-ғарбда жойлашган қишлоқ.

67 Анат – Фрот дарёси оқими бўйлаб Қарқисиядан 300 км пастда жойлашган шаҳар.

68 Қарқисия – Фрот дарёсининг Хабур дарёси қуйиладиган юқори қисмида жойлашган шаҳар.

69 Холид ибн Валид Шомни фатҳ қилди, сўнгра у ерга амирлик қилишдан четлатилганининг хабарини эшитиб, иш буғдой ва асалга келганда, яъни ўроқда йўқ, машоқда йўқ, хирмонда ҳозир бўлгандай, унинг ўрнига бошқа одам қўйилганидан норозилигини билдирди.

70 Қасос – бировга қандай жароҳат етказган бўлса, худди шундай жароҳат билан жазоланадиган жазо тури.

71 Таъзир – танага зарар қилинмайдиган жазо тури.

72 Икки Аҳбаш – Макка атрофидаги икки тоғ, бири Абу Қубйс, иккинчиси Аҳмар.

73 Ҳиққа – 3 ёшдаги туя.

74 Жазаъа – 5 ёшдаги туя.

75 Бинт лабун – икки ёшдаги урғочи бўталоқ.

76 Ибн лабун – икки ёшдаги бўталоқ.

77 Бинт махад – бўғоз туя.

78 Ибн Мулжим – Али ибн Толибнинг (р.а.) қотили.

79 Муҳсан – уйланган эркак.

80 Муҳсана – турмушга чиққан аёл.

81 Иҳсон – уйланиш ёки турмушга чиқиш.

82 Қулга белгиланган ҳад озод одамга белгиланган ҳаднинг тенг ярмидир.

83 Бу ерда ва кейинги жумлалардаги туҳматчи, туҳмат қилган дейилганда зинода айблаб туҳмат қилган одам назарда тутилган.

84 Мукотаб – хўжайини билан маълум миқдор пул тўлагандан сўнг озод бўлиши ҳақида шартнома тузган қул. 

85 Маҳрам (таъқиқланган, ман этилган) – уйланиш ёки турмушга чиқиш мумкин бўлмаган яқин қариндош.

86 Яъни қул ҳам, жория ҳам хўжайиннинг мулки бўлиб қолаверади. Шунингдек, қул хўжайинининг бирор нарсасини ўғирласа, ўғирланган нарса хўжайинга тегишли бўлаверади, чунки қулнинг шахсий мулки йўқ бўлиб, унга тегишли бўлган нарсалар, унинг хўжайинига қарашлидир.



Download 1,04 Mb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   22   23   24   25   26   27   28   29   30




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©hozir.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling

kiriting | ro'yxatdan o'tish
    Bosh sahifa
юртда тантана
Боғда битган
Бугун юртда
Эшитганлар жилманглар
Эшитмадим деманглар
битган бодомлар
Yangiariq tumani
qitish marakazi
Raqamli texnologiyalar
ilishida muhokamadan
tasdiqqa tavsiya
tavsiya etilgan
iqtisodiyot kafedrasi
steiermarkischen landesregierung
asarlaringizni yuboring
o'zingizning asarlaringizni
Iltimos faqat
faqat o'zingizning
steierm rkischen
landesregierung fachabteilung
rkischen landesregierung
hamshira loyihasi
loyihasi mavsum
faolyatining oqibatlari
asosiy adabiyotlar
fakulteti ahborot
ahborot havfsizligi
havfsizligi kafedrasi
fanidan bo’yicha
fakulteti iqtisodiyot
boshqaruv fakulteti
chiqarishda boshqaruv
ishlab chiqarishda
iqtisodiyot fakultet
multiservis tarmoqlari
fanidan asosiy
Uzbek fanidan
mavzulari potok
asosidagi multiservis
'aliyyil a'ziym
billahil 'aliyyil
illaa billahil
quvvata illaa
falah' deganida
Kompyuter savodxonligi
bo’yicha mustaqil
'alal falah'
Hayya 'alal
'alas soloh
Hayya 'alas
mavsum boyicha


yuklab olish