Урушда тушган ўлжаларни тақсимлаш боби
Абу Юсуф айтади: Эй мўминлар амири, душмандан тушган ўлжаларнинг тақсимоти қандай бўлиши ҳақида мендан сўраган эдинг, Аллоҳ табарока ва таоло ўзининг китобида бу ҳақда баён қилиб, Расулуллоҳга (с.а.в.) нозил қилган:
«Агар Аллоҳга ва ажрим куни12 – икки қўшин тўқнашган куни бандамиз (Муҳаммад)га нозил қилган нарсамиз (оятлар, фаришталар, ғалаба)га имон келтирган бўлсангиз, билиб қўйингизки, ўлжа қилиб олган нарсаларингизнинг бешдан бири Аллоҳга, Расулга, қариндош(лари), етимлар, мискинлар ва мусофирларга (тегишли)дир13. Аллоҳ ҳар нарсага қодирдир». (Анфол, 41).
Бу нарса – Аллоҳ билгувчироқ – мусулмонлар мушрикларнинг аскарларидан ўлжа қилиб олган – моллар, қурол-аслаҳалар ва миниладиган ҳайвонларнинг бешдан бир қисми Аллоҳ азза ва жалла ўзининг муқаддас китобида санаганларга, бешдан тўрт қисми ўлжани қўлга киритган аскарлар, девон аҳли (рўйхатга олинганлар) ва бошқаларга тақсимланади, ҳадис ва ривоятларда келтирилишича улардан отлиққа уч улуш – икки улуш отга ва бир улуш ўзига, пиёдага бир улуш ажратилади. Бунда отлар бири-биридан афзал кўрилмайди, бу ҳақда Аллоҳ таоло китобида шундай деган: «У яна минишингиз учун ва зийнат сифатида отлар, хачирлар ва эшакларни (яратди)». (Наҳл, 8).
Яна Аллоҳ таоло шундай деган: «Улар учун имконингиз борича (ҳарбий) куч ва отлиқ бўлинмаларни тайёрлаб қўйингиз! Бу билан Аллоҳнинг ва ўзингизнинг душманингизни ва улардан ўзга сиз билмайдиган, лекин Аллоҳ биладиган (душман)ларни ҳам қўрқувга солган бўлурсиз». (Анфол, 60).
Араблар бу отлиқ аскар ва буни отлиқ аскар қилди десалар, бу билан миниладиган отларни эмас, балки юк ортиладиган отларни ҳам назарда тутадилар. Умуман олганда юк ортиладиган отлар кўпгина отлардан кучли ва отлиқлар учун мосдир. Шунга кўра бирор нарса бошқа нарсага нисбатан ажратилмайди, кучли от заиф отдан, тўлиқ қуролланган жасоратли одам, қиличидан бошқа қуроли бўлмаган қўрқоқ одамдан афзал кўрилмайди.
51. Абу Юсуф айтади: ал-Ҳасан ибн Али ибн Умора ал-Ҳакам ибн Утайбадан, у Миқсамдан, у Абдуллоҳ ибн Аббосдан (р.а.) ривоят қилади: “Расулуллоҳ (с.а.в.) Бадрдаги ўлжаларни отлиққа икки улуш, пиёдага бир улуш қилиб тақсимладилар”.
52. Абу Юсуф айтади: Қайс ибн ал-Робиъ Муҳаммад ибн Алидан, у Исҳоқ ибн Абдуллоҳдан, у Абу ал-Ҳозимдан ривоят қилади: Абу Зар ал-Ғифорий (р.а.) шундай деди: “Мен ва укам Расулуллоҳ (с.а.в.) билан Ҳунайн жангида қатнашдик, биз билан иккита отимиз ҳам бор эди. Расулуллоҳ (с.а.в.) ўлжадан бизга олти улуш ажратдилар. Иккита от учун тўрт улуш, биз учун икки улуш. Биз олти улушни Ҳунайнда иккита туяга сотдик”.
Абу Юсуф айтади: Илк фақиҳлардан бўлган Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ: “Кишига бир улуш, отга бир улуш. Мен ҳайвонни мусулмон кишидан афзал деб билмайман” деб айтарди. Бунга далил қилиб қуйидагини келтирар эди:
53. Бизга Закариё ибн ал-Ҳорис ал-Мунзир ибн Абу Хомиса ал-Ҳамадонийдан ривоят қилади: “Умар ибн Хаттобнинг (р.а.) солиқ йиғувчиси Шомнинг баъзи ерларида (ўлжани тақсимлашда) отлиққа бир улуш, пиёдага бир улуш ажратди. Бу тақсимотдан норозилик Умарга (р.а.) етказилди, лекин Умар (р.а) буни тўғри деб ҳисоблади ва шундай қилишга рухсат берди”.
Абу Ҳанифа мана шу ҳадисга асосланиб отга бир улуш, пиёдага бир улуш ажратган. Лекин отга икки улуш ва пиёдага бир улуш ажратилиши ҳақидаги ҳадислар ва ривоятлар кўпроқ келган ва улар ишончлироқ ҳамда кўпчилик шунга асосланади. Бу эса (отни инсондан) афзал кўриш жиҳатидан эмас, агар гап афзал кўриш ҳақида бўлганида, отга бир улуш ва пиёдага бир улуш ажратилмаган бўларди, зеро бу ҳайвонни мусулмон киши билан тенглаштириш бўлиб қоларди. Бу фақат кишининг қурол-яроғи бошқасиникидан кўп бўлишига, Аллоҳ йўлида отларни ҳам жалб қилишга одамларни тарғиб қилишдир. Отнинг улуши отга эмас унинг эгасига берилаётганини кўрмаяпсанми? Шунингдек, урушга ўз хоҳишига кўра борган ва чақирув бўйича борган (ўлжа) олишда тенгдир.
Эй мўминлар амири, бу икки фикрдан бирини ол ва мусулмонлар учун энг афзал ва яхши деб билганинг бўйича амал қил, албатта бу борада, Аллоҳнинг хоҳиши билан сенга кенглик (имконият) берилган. Аммо мен бир кишига (яъни отлиққа) икки отнинг улушидан кўпроқ улуш ажратишингни тўғри деб ҳисобламайман.
54. Абу Юсуф айтади: Яҳё ибн Саъид ал-Ҳасандан ривоят қилади: у урушда бир неча отлари билан иштирок этган киши ҳақида шундай деди: “Унга ўлжадан икки отнинг улушидан ортиқ улуш ажратилмайди”.
Абу Юсуф айтади: Муҳаммад ибн Исҳоқ Язид ибн Язид ибн Жобирдан, у Макҳулдан ривоят қилади: “Икки отнинг улушидан ортиқ улуш ажратилмайди”.
Ўлжанинг бешдан бир қисм ҳақида:
55. Муҳаммад ибн ас-Соиб ал-Калбий Абу Солиҳдан, у Абдуллоҳ ибн Аббосдан ривоят қилади: Расулуллоҳнинг (с.а.в.) даврларида бешдан бир улуш беш қисмга ажратилиб – Аллоҳга ва унинг Расулига бир қисм, пайғамбарнинг қариндошларига бир қисм, етимлар, мискинлар ва мусофирларга уч қисм берилган. Сўнгра Абу Бакр, Умар ва Усмон (р.а.) ўлжанинг бешдан бир улушини уч қисмга ажратишган, Расулуллоҳ (с.а.в.) билан у кишининг қариндошларига ажратиладиган икки қисм бекор қилиниб, қолган уч қисмга тақсимлаб берилган. Али ибн Абу Толиб (р.а) ҳам Абу Бакр, Умар ва Усмонлар (р.а.) қилгандек тақсимлаган.
Абдуллоҳ ибн Аббосдан (р.а.) ривоят қилинади: «Умар (р.а.) бизларга ўлжанинг бешдан бир улушидан бўйдоқларимизни уйлантиришни ва қарзларимизни тўлашни таклиф қилди. Биз агар бу улушни (пайғамбарнинг қариндошларига ажратиладиган қисмни) тўлиқ бизнинг ихтиёримизга топширса шундай қилишимизни айтдик, Умар (р.а.) бунга рози бўлмади.
56. Муҳаммад ибн Исҳоқ Абу Жаъфардан ривоят қилади: «Мен ундан ўлжанинг бешдан бир улуш ҳақида Алининг (к.в.) фикри қанақа эди?» деб сўрадим. У шундай деди: «Бу борада Алининг (к.в.) фикри қариндошларининг фикри билан бир эди, лекин у Абу Бакр ва Умарга (р.а.) қарши чиқишни ёқтирмас (хоҳламас) эди».
57. Муғира Иброҳимдан ривоят қилади: у Аллоҳ таолонинг «ўлжа қилиб олган нарсаларингизнинг бешдан бири Аллоҳга … (тегишли)дир». (Анфол, 41) ояти ҳақида: «Аслида ҳамма нарса Аллоҳга тегишлидир, бу ерда «Аллоҳга» сўзи жумланинг калитидир», деган.
58. Ашъас ибн Саввор Абу аз-Зубайрдан, у Жобир ибн Абдуллоҳдан ривоят қилади: «Аллоҳнинг йўлидаги ўлжанинг бешдан бир улуши олиб келиниб, белгиланган кишиларга берилар, мол кўпайиб кетса етимлар, мискинлар ва мусофирларга тарқатилар эди».
59. Муҳаммад ибн Исҳоқ аз-Зуҳрийдан, у Саъид ибн ал-Мусаййибдан, Жубайр ибн Мутъимдан ривоят қилади: «Расулуллоҳ (с.а.в.) қариндошларнинг улушини Ҳошим ва Муттолиб уруғларига тақсимлаб берардилар».
60. Муҳаммад ибн Абдураҳмон ибн Абу Лайло отасидан ривоят қилади: Алининг (р.а.) шундай деганини эшитганман: Мен: «Эй Аллоҳнинг Расули, ўлжанинг бешдан бир улушидаги бизнинг ҳаққимизни менга топширинг, ҳаётлик вақтингизда уни ўзим тақсимлаб берай, токи сиздан кейин ҳеч ким уни биздан тортиб олишга ҳаракат қилмасин. Шундай қилинг!», дедим. Расулуллоҳ (с.а.в.) шундай қилдилар ва қариндошларнинг улушини менга топширдилар, у зот ҳаётликларида мен уни тақсимладим. Сўнгра Абу Бакр (р.а.) ҳам уни тақсимлашни менга топширди ва у ҳаётлигида мен бу ишни бажардим. Кейин Умар (р.а.) ҳам уни тақсимлашни менга топширди ва у ҳаётлигида мен бу ишни бажардим. Умар (р.а.) ҳаётининг охирги йилида кўп ўлжа келиб тушди ва у бизнинг ҳаққимизни ажратди. Кейин мени чақиртириб: «Буни ол ва тақсимлаб бер», деди. Мен: «Эй мўминлар амири, бу йил бизнинг унга эҳтиёжимиз йўқ, мусулмонларнинг эса бунга эҳтиёжлари бор. Бу йил уни мусулмонларга бер», дедим. Умардан (р.а.) сўнг ҳозирги мақомимга етгунимча ҳеч ким улушимизни олиш учун бизни чақирмади. Умарнинг (р.а.) олдидан чиққанимда Аббос ибн ал-Муттолиб менга учраб: «Эй Али, сен бугун эрталаб бизни шундай нарсадан маҳрум қилдингки, энди у қиёматгача бизга қайтарилмайди», деди.
61. Муҳаммад ибн Исҳоқ аз-Зуҳрийдан ривоят қилади: Нажда Ибн Аббосга (р.а.) пайғамбар қариндошларининг улуши кимга берилиши ҳақида сўраб хат ёзди. Ибн Аббос унга: «Пайғамбар қариндошларининг улуши кимга берилиши ҳақида сўраб менга хат ёзибсан, у бизга тегишлидир. Умар ибн ал-Хаттоб (р.а.) бу улушдан бўйдоқларимизни уйлантиришни, қарзларимизни тўлашни, оилаларимизга ишлатишни таклиф қилди. Биз уни тўлиқ бизнинг ихтиёримизга топширса шундай қилишимизни айтдик, Умар (р.а.) бунга рози бўлмади.
62. Қайс ибн Муслим ал-Ҳасан ибн Муҳаммад ибн ал-Ҳанафийядан ривоят қилади: Расулуллоҳнинг (с.а.в) вафотларидан сўнг одамлар икки улуш – у зотнинг (с.а.в.) ва қариндошларининг улуши борасида ихтилоф қилдилар. Баъзилар Расулуллоҳнинг (с.а.в.) улушлари у кишидан кейин халифага тегишлидир дедилар. Бошқалар қариндошларнинг улуши пайғамбар қариндошларига тегишлидир дедилар. Яна бир тоифа қариндошларнинг улуши халифанинг қариндошларига тегишлидир дедилар. Сўнгра бу икки улушни отлар ва қурол-аслаҳаларга ишлатишга келишдилар.
63. Ато ибн ас-Соиб ривоят қилади: Умар ибн Абд ал-Азиз Расулуллоҳ (с.а.в.) ва у кишининг қариндоларининг улушини Ҳишом уруғига юборар эди.
Абу Юсуф айтади: Абу Ҳанифа (р.ҳ) ва кўпчилик фақиҳларимиз Абу Бакр, Умар, Усмон ва Али (р.а.) килганидек ўлжанинг бешдан бир қисмини халифа тақсимлаб бериши керак деб ҳисоблашар эди.
Абу Юсуф айтади: мусулмонлар мушрикларнинг аскарларидан ўлжа қилиб олган – моллар, қурол-аслаҳалар, отлар ва бошқа нарсалар, шунингдек, маъданлардан – олтин, кумуш, мис, темир, қўрғошин белгилаб берилганидек тақсимланади. Араб ерларида бўладими ёки ажам ерларида бешдан бир улуш белгилаб берилганидек олинади ва унинг бешдан бири садақа сифатида тақсимланади. Бешдан бир улуш денгиздан чиққан қимматбаҳо ашёлар ва хушбўй моддалардан ҳам олинади ва ўлжалар Аллоҳ азза ва жалла ўзининг китобида айтган ўринларга тақсимланади : « … билиб қўйингизки, ўлжа қилиб олган нарсаларингизнинг бешдан бири Аллоҳга, Расулга, қариндош(лари), етимлар, мискинлар ва мусофирларга (тегишли)дир» (Анфол, 41).
Абу Юсуф айтади: ўлжа сифатида олинган маъданлар кўп миқдорда бўладими ёки кам миқдорда улардан бешдан бир улуш чиқарилади. Агар бир киши маъданлардан икки юз дирҳамдан кам миқдордаги кумуш ёки йигирма мисқол14дан кам миқдордаги олтин олса, ундан ҳам бешдан бир улуш олинади ва унга закот эмас ўлжа сифатида қаралади. Бешдан бир улуш фақатгина соф олтин, соф кумуш, темир, мис ва қўрғошиндан олинади, уларнинг рудаларидан эмас. Бу металларни конлардан қазиб олиш сарф-харажати бешдан бир улуш ҳисобидан бўлмайди. Қазиб олишга кетган сарф-харажат қазиб олинган нарсаларнинг ҳаммасини қоплаши мумкин. Бу ҳолатда ундан бешдан бир улуш олинмайди, лекин маъдан тозалангандан сўнг, у кам миқдорда бўладими ёки кўп миқдорда бешдан бир улуш олинади, лекин унга кетган сарф-харажат ҳисобга олинмайди. Шундан бошқа қазиб олинган – ёқут, феруза, сурма, симоб, олтингугурт ва охра15 каби маъданлардан бешдан бир улуш олинмайди, чунки улар лой ва тупроқ билан тенглаштирилади.
Агар кимдир олтин, кумуш, темир, мис ва қўрғошинни қўлга киритса ва унинг қарзи бўлса, бу нарса ундан бешдан бир улуш олинишини бекор қилмайди.
Кўриб турганингдек, бирор бир қўшин урушда ўлжа қўлга киритса, уларнинг қарзи бор ёки йўқлигидан қатъий назар бешдан бир улуш олинади, агар уларнинг қарзи бўлса ҳам, бу нарса бешдан бир улуш олинишига монеъ бўла олмайди.
Аллоҳ азза ва жала ерни яратганида пайдо қилган олтин ва кумуш конларидан ҳам бешдан бир улуш олинади. Кимки эгаси бўлмаган қадимий хазина топиб олса ва унда олтин, кумуш, қимматбаҳо тошлар ёки кийим-бош бўлса, ундан бешдан бир улуш олинади, бешдан тўрт улуш хазинани топганга берилади, чунки топилган хазина аскарлар қўлга киритган ўлжа қаторида бўлиб, унинг бешдан бир улуши олинади ва қолгани уларга берилади.
Агар душман мусулмон диёрига омонлик олган ҳолда кириб, у ердан олтин-кумуш кони топиб олса, топилган нарсанинг ҳаммаси олиб қўйилади, унга ҳеч нарса берилмайди. Агар зиммий16 топиб олса, ундан худди мусулмондан олинганидек бешдан бир улуш олинади ва бешдан тўрт қисми унга берилади. Шунингдек мукотаб17 мусулмон диёрида олтин-кумуш кони топиб олса, бешдан бир улуш олингандан сўнг қолгани унга бўлади. Қулга, уммул-валад18га ва мудаббар19га ҳам худди шундай.
Агар мусулмон киши душман диёрига омонлик олмаган ҳолда кириб, у ердан олтин-кумуш кони топиб олса, топилган нарса унга тегишли бўлади ва ундан бешдан бир улуш олинмайди. Топилган нарса душман аҳлидан бирор кишига тегишли ерда бўлиши ёки бўлмаслигидан қатъий назар ундан бешдан бир улуш олинмайди, сабаби мусулмонлар уни қўлга киритиш учун душман ҳудудига от чоптириб борганлари ва мол-дунё сарфлаганлари йўқ. Агар мусулмон киши душман диёрига омонлик олган ҳолда кириб, бирор кишига тегишли ердан олтин-кумуш кони топиб олса, топилган нарса ер эгасиники бўлади. Агар ҳеч кимга тегишли бўлмаган ердан топиб олган бўлса, топиб олган кишиники бўлади.
64. Абу Юсуф айтади: Абдуллоҳ ибн Саъид ибн Абу Саъид ал-Мақрубий (ал-Мақбурий) бобосидан ривоят қилади: Исломгача бўлган даврда бир киши қудуқда ҳалок бўлса, ўша қудуқ ҳалок бўлган кишининг қариндошларига товон сифатида берилар эди, агар одам миниладиган жонивор томонидан ўлдирилса, у жонивор ҳам товон сифатида берилар эди, агар инсон конда ҳалок бўлса, ўша кон ҳам товон сифатида берилар эди. Бир киши Расулуллоҳдан (с.а.в) шу ҳақда сўради, у зот: «Тилсиз ҳайвон, кон ва қудуқ ўлим учун жавобгар эмас. Табиий кондан эса бешдан бир улуш олинади», дедилар. «Эй Расулуллоҳ, табиий кон нима?» деб сўрашди. Расулуллоҳ (с.а.в.): «Аллоҳ ерни яратганида, унда пайдо қилган олтин ва кумуш» деб жавоб бердилар.
Пайғамбарга (с.а.в.) тушган ҳар бир ўлжанинг энг яхшиси берилар эди, у ё от ёки қилич, ё жория бўлсин ўзлари энг яхшисини танлаб олар эдилар. Хайбар жангидаги энг яхши ўлжа София эди.
Расулуллоҳга (с.а.в.) бешдан бир улуш ажратилар ва у зот уни аёллари ўртасида тақсимлаб берар эдилар. Шунингдек, у зотга мусулмонлар билан тенг улуш берилар эди. Хайбар жангида тушган ўлжаларни тақсимлашда Расулуллоҳнинг (с.а.в) Осим ибн Адий билан биргаликдаги улушлари 100 улушни ташкил қилган, сабаби Расулуллоҳ (с.а.в.) Хайбар жангида мусулмонларнинг орасида эдилар. Аллоҳ Расулуллоҳга (с.а.в.) ажратган бешдан бир улуш уч турдаги улуш – ўлжанинг энг яхшиси, мусулмонларга бериладиган бешдан тўрт ҳисса таркибидаги улуш ва Аллоҳ у зот учун белгилаган бешдан бир улушдан иборат эди. Хайбар кунидаги тушган ўлжа 18 қисмга бўлиниб, ҳар бир қисм 100 кишига тақсимланган. Бадр жангидаги энг яхши ўлжа қилич бўлган.
65. Ашъас ибн Саввор Муҳаммад ибн Саввордан, у Муҳаммад ибн Сириндан ривоят қилади: «Расулуллоҳга (с.а.в.) ҳар бир ўлжанинг энг яхшиси берилар ва уни ўзлари танлаб олардилар. Хайбар кунидаги энг яхши ўлжа София бинти Ҳуйай эди».
66. Ашъас ибн Саввор Абу аз-Зиноддан ривоят қилади: «Бадр жангидаги энг яхши улуш Осим ибн Мунаббаҳнинг қиличи эди».
Do'stlaringiz bilan baham: |