Савод ерларидан солиқ йиғишда қилиниши лозим
бўлган ишлар ҳақидаги фасл
Абу Юсуф айтади: “Мен Савод ерларининг харожи ҳамда у ерлардан солиқ йиғиш усулларини ўрганиб чиқдим. Сўнгра харож илмини яхши биладиган кишилар ва бошқаларни тўплаб, мазкур масалада улар билан баҳслашдим. Лекин уларнинг ҳаммаси бу борада қилиниши лозим бўлмаган ишларни айтишди. Мен улар билан Умар ибн Хаттоб (р.а.) халифалиги даврида белгиланган ер харожи ва олинадиган солиқлар у ерларнинг имкон даражасидан ортиқ бўлмаслиги ҳақида баҳслаша бошладим: “Умар (р.а.) Ҳузайфа ва Усмондан: “Балки ерларга кўтармайдиган даражада солиқ солгандирсизлар?” деб сўради. Ўша вақтда Усмон Фрот дарёси қирғоғидаги ерларнинг, Ҳузайфа эса Дажла дарёси ортидаги Жавхадан бошлаб Дажла билан суғориладиган ерларнинг солиқ йиғувчиси эди.
Усмон: «Мен ерларга уларга муносиб даражада солиқ солдим, агар хоҳласам, икки баробар солиқ солар эдим», деди.
Ҳузайфа: “Мен ерларга уларнинг тоқатига яраша солиқ солдим, лекин ундан кўп ортиб қолгани йўқ”, деди.
Демак, уларнинг ерларидан белгиланган солиқларни тўлашга етадиган ҳосил олинган, зеро Расулуллоҳнинг (с.а.в.) иккита саҳобаси бу ҳақда маълумот беряпти ва бизгача бирор кишидан бу маълумотга зид нарса етиб келмаган”.
Улар эса шундай дедилар: “Ўша вақтда ишлов берилган ерлар кўп бўлиб, ташландиқ ерлар кам эди. Шунингдек, ишлов берилган лекин фойдаланилмайдиган ерлар кўп, ишлов берилган ва фойдаланиладиган ерлар кам бўлган.
Агар ишлов берилган лекин фойдаланилмайдиган ерлардан ишлов берилган ва фойдаланиладиган ерларга белгилангандек солиқ олинса, ҳозирги вақтда ишлов берилмаган ерларга ишлов беришни бошлаймиз ва қўлимиздаги нарса камлиги учун ишлов берилмаган ерларнинг харожини тўлаш бизларга оғирлик қилади.
Лекин юз йил, ундан кўпроқ ёки камроқ вақтдан бери ташландиқ ҳолда ётган ерларга яқин вақт ичида ишлов бериш ва улардан фойда олиш имкони йўқ, чунки уларга ишлов бермоқчи бўлган одамга озиқ-овқат ва сарф-ҳаражатлар керак бўлади. Ташландиқ ерларга ишлов беришни хоҳламаслигимиз сабаби мана шудир”.
Мен ўрганиб чиққаним бўйича, подшоҳ хазинаси ва давлат хазинасига аҳолидан келиб тушадиган солиқ сифатида маълум миқдордаги озиқ-овқат маҳсулотлари олинадими ёки маълум миқдордаги пул олинадими, бу борада ихтилоф мавжуд, харож солиғи олишда ҳам худди шундай.
Солиқ сифатида озиқ-овқат маҳсулотларини олиш масаласи: агар озиқ-овқатнинг нархи жудаям арзонлашиб кетса, подшоҳ аҳолидан олинадиган бу солиқдан қониқмайди ва уни бекор қилишни ҳам хоҳламайди, шунингдек бу билан армияни мустаҳкамлаб ва чегараларни ҳимоялаб бўлмайди.
Агар озиқ-овқатнинг нархи ҳаддан ташқари қимматлашиб кетса, султон нархлар кўтарилиши натижасида харож тўловчиларнинг қўлида ортиб қоладиган махсулотни уларда қолдиришни хоҳламайди. Нарх-навонинг тушиши ҳам, кўтарилиши ҳам Аллоҳнинг қўлида бўлиб, бу ҳолат бирор кимсанинг амри билан бўлмайди.
Шунингдек, солиқ сифатида пул олиш ҳам бу билан боғлиқ кўп масалалар қатори тушунтириш кўп вақтни оладиган масаладир. Нарх-навонинг тушиши ва кўтарилишининг амал қилинадиган маълум чегараси йўқ, у самовий иш бўлиб, нарх-наво қандай бўлишини ҳеч ким билмайди. Нархларнинг пасайиши озиқ-овқат маҳсулотларининг кўплиги, кўтарилиши эса камлиги билан боғлиқ эмас. Бу ҳолат Аллоҳнинг амри ва қазосидир, зеро озиқ-овқат кўп лекин қиммат, кам лекин арзон бўлиши ҳам мумкин.
103. Абу Юсуф айтади: Муҳаммад ибн Абдурраҳмон ибн Абу Лайло ал-Ҳакам ибн Утайбадан, у бир кишидан ривоят қилади: “Расулуллоҳ (с.а.в.) замонларида нарх-наво кўтарилиб кетди ва одамлар Расулуллоҳга (с.а.в.): “Нархлар ошиб кетди, бизларга маълум нархни белгилаб берсангиз, ўшанга амал қилардик”, дейишди. Шунда у зот: “Нарх-навонинг пасайиши ва кўтарилиши Аллоҳнинг қўлидадир, бизлар Унинг амри ва қазосига аралаша олмаймиз”, дедилар.
104. Абу Юсуф айтади: Собит Абу Ҳамза ал-Ямоний Солим ибн Абу ал-Жаъддан ривоят қилади: Абу ал-Жаъднинг шундай деганини эшитдим: “Одамлар Расулуллоҳга (с.а.в.) нархлар ошиб кетди, бизларга нархларни белгилаб беринг”, дейишди. Шунда у зот: “Нарх-навонинг пасайиши ва кўтарилиши Аллоҳнинг қўлидадир. Мен Аллоҳнинг ҳузурида бирор кимсанинг мендан талаб қиладиган ҳақи бўлмаган ҳолимда туришни хоҳлайман”, дедилар.
105. Абу Юсуф айтади: Суфён ибн Уяйна Айюбдан, у Ҳасандан ривоят қилади: “Расулуллоҳ (с.а.в.) даврларида бир нарх-наво кўтарилиб кетди. Шунда одамлар: “Эй Аллоҳнинг расули, бизларга нарх-навони белгилаб бермайсизми?” дейишди.
У зот (с.а.в.): “Аллоҳ нарх-навони белгиловчидир. Аллоҳ хоҳлаган кишисининг ризқини кам қилувчидир. Аллоҳ хоҳлаган кишисини ризқини кенг қилувчидир. Аллоҳга қасамки, мен сизларга бирор нарса бермайман ва сизлардан бирор нарсани ман қилмайман. Мен соқчиман ва менга буюрилган ишни бажараман. Умид қиламанки, Аллоҳнинг ҳузурига борганимда ҳеч ким мендан унинг шахсига, жони ва молига зулм қилганим борасида жавобгарлик талаб қила олмасин”.
Абу Юсуф айтади: харож тўлайдиганлар борасида – улардан солиқ озиқ-овқат маҳсулотлари билан олинадими ёки пул билан, қатъий белгиланган тартиб билан ернинг майдони ёки ҳосилнинг сифати асосида олиниши керак. Солиқ қандай шаклда олинмасин, кучлилар кучсизлардан устун келиб, уни ўзлаштириб оладилар ва харожни имкони йўқларга уларнинг хоҳишига қарши юклаб қўядилар. Яна шу масала билан боғлиқ кўп муаммолар борки, агар кўп вақтни олмаганида уларни ҳам тушунтириб берар эдим. Лекин мен бу масалаларни сенга баён қилганман ва Аллоҳнинг иродаси билан харож, ушр, закот ва жизя ҳамда шу каби бошқа солиқларни йиғишда етарли бўлади деб умид қиламан.
Мен давлат хазинаси учун фойдали ҳамда харож тўлайдиганларни ўзаро зулм қилиш ва оғирликни бир-бирларига юклашларини чеклайдиган, уларни ноиблар ва солиқ йиғувчиларнинг жазосидан сақлайдиган адолатли ва малол келмайдиган муқосама30 усулидаги солиқдан кўра яхшироғини кўрмадим. Бу подшоҳ учун ҳам манфаатли ва унда харож тўлайдиганлар ўзаро зулм қилиш ва оғирликни бир-бирларига юклашдан сақланадилар, уларда хотиржамлик ва сероблик бўлади. Мўминлар амири, Аллоҳ унинг умрини зиёда қилсин, Аллоҳ ўзининг дини ва бандалари борасида унга берган мавқеига яраша бу ҳолатни яхшироқ кўради ва англай олади. Мен Аллоҳдан мўминлар амири учун у кўзда тутган ва афзал кўрган ишларида ёрдам беришини, дини ва қўл-остидагиларнинг фойдаси учун тўғри йўлга бошлашини сўрайман.
Аллоҳ мўминлар амирининг умрини узайтирсин! Буғдой ва арпа етиштирувчи Савод аҳолисидан табиий суғориладиган ерлардан бешдан икки қисм, сунъий суғориладиган ерлардан бешдан бир ва ярим, хурмозор, узумзор ва боғлардан учдан бир қисм, ёзги ғалладан тўртдан бир қисм муқосама сифатида олингани маъқул деб ҳисоблайман. Шунингдек, мазкур маҳсулотлардан солиқ чамалаб тахминан олинмаслиги ва савдогарларга сотиладиган нарх асосида белгиланмаслиги керак. Муқосама солиғи етиштирилган маҳсулот ҳажмини ҳисобга олган ҳолда, шу маҳсулотнинг маълум бўлган нархи ёки адолатли баҳолаш асосида олиниши лозим. Шунда харож тўлайдиганларга оғирлик қилмайди ва подшоҳга ҳам зарар бўлмайди. Улардан фақат лозим бўлган солиқ олиниши ва харож тўлайдиганлар учун енгилроқ бўлган усулни қўллаш керак. Агар маҳсулотни сотиш ва ундан тушган пулни улар ва подшоҳ ўртасида тақсимлаш осонроқ бўлса, шундай килиниши керак.
106. Абу Юсуф айтади: Муслим ал-Ҳизомий Анас ибн Моликдан ривоят қилади: Расулуллоҳ (с.а.в.) Хайбар ерларини тенг шериклик асосида яҳудийларга қайтардилар ва уларга Абдуллоҳ ибн Равоҳани юбордилар. У ҳосилни баҳолади ва яҳудийларга ўзлари хоҳлаган ярмини танлаш имконини берди. Ёки уларга “Ҳосилни ўзингиз баҳоланг ва мен хоҳлаганимни танлаб олай”, деди. Улар: “Бундай муносабатда осмонлар ва ер туради”, дедилар.
107. Абу Юсуф айтади: Ҳажжож ибн Артат Нофеъдан, у Абдуллоҳ ибн Умардан ривоят қилади: Расулуллоҳ (с.а.в.) Хайбар ерларини унинг аҳолисига тенг шериклик асосида қайтардилар. У ерлар Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳаётликларида, Абу Бакр халифалиги даврида ҳамда Умар халифалигининг аксарият йилларида яҳудийларнинг қўлида бўлди. Кейинчалик Умар у ерларни яҳудийлардан қайтариб олди.
108. Абу Юсуф айтади: Муҳаммад ибн ас-Соиб ал-Калбий Абу Солиҳдан, у Абдуллоҳ ибн Аббосдан ривоят қилади: Расулуллоҳ (с.а.в.) Хайбарни фатҳ қилганларида, унинг аҳолиси у зотга: “Эй Муҳаммад, биз ер эгаларимиз ва унга ишлов беришни сизлардан кўра яхшироқ биламиз, шундай экан, унга ишлов беришни ўзимизга қўйиб бер”, дейишди. Расулуллоҳ (с.а.в.) уларга ерни тенг шериклик асосида ва “Агар сизларни бу ерлардан кўчиришни хоҳласак, кўчириб юборамиз” деган шарт билан бердилар. Расулуллоҳ (с.а.в.) Хайбар аҳолиси билан ана шундай битим тузганлари ҳақида Фадак31 аҳолиси ҳам эшитди. Расулуллоҳ (с.а.в.) Фадакка Муҳаййис ибн Масъудни юбордилар, улар билан худди Хайбар аҳолиси билан тузилганидек, уларни ҳимоя қилиш ва ўлдирмаслик борасида битим тузилди. Расулуллоҳ (с.а.в.) Фадак аҳолисига худди Хайбар аҳолисига жорий қилган қоидаларини жорий қилдилар. Расулуллоҳ (с.а.в.) Фадакни шу тариқа қўлга киритдилар ва бу ишда мусулмонлар от ва туяларни ҳолдан тойдирганлари йўқ.
109. Абу Юсуф айтади: Муҳаммад ибн Абдурраҳмон ибн Абу Лайлодан, у ал-Ҳакам ибн Утайбадан, у Муқсимдан, у Абдуллоҳ ибн Аббосдан ривоят қилади: Расулуллоҳ (с.а.в.) Хайбарни фатҳ қилдилар ва унинг аҳолиси у зотга: “Биз бу ерларга ишлов беришни сизлардан яхшироқ биламиз”, деди. Шунда Расулуллоҳ (с.а.в.) бу ерларни тенг шериклик асосида уларга бердилар. Сўнгра Абдуллоҳ ибн Равоҳани ҳосилни ўзлари билан уларнинг ўртасида тақсимлаш учун юбордилар. хайбарликлар Абдуллоҳ ибн Равоҳага ҳадя беришди, лекин у уларнинг ҳадяларини рад этди ва: “Пайғамбар (с.а.в.) мени сизларнинг молингизни ейиш учун юбормадилар, балки ҳосилни у зот ва сизларнинг ўртангизда тақсимлашим учун юбордилар”, деди.
Яна қўшимча қилиб: “Агар хоҳласангиз мен бу ишга киришиб, ҳосилнинг ярмини сизларга ўлчаб бераман”, деди.
Шунда улар: “Бу нарсада осмонлар ва ер туради”, дедилар.
110. Абу Юсуф айтади: Муҳаммад ибн Исҳоқ Нофеъдан, у Абдуллоҳ ибн Умардан ривоят қилади: Умар хутба қилиб шундай деди: Пайғамбар (с.а.в.): “Биз Хайбар аҳолиси билан хоҳлаган вақтимиздан хайбарликларни ерларидан чиқариб юборишимиз мумкинлиги шарти билан сулҳ туздик” деганлар. Улар Абдуллоҳ ибн Умарга душмандирлар, шунингдек, олдинроқ ансорларга душманлик қилганлар, биз улардан бошқа душманни билмаймиз. Кимнинг Хайбарда моли бўлса, уни олсин, мен хайбарликларни ерларидан чиқариб юбормоқчиман”.
Абу Юсуф айтади: бўлиб берилган давлат ерларига келадиган бўлсак, табиий суғориладиган ерлардан ушр солиғи, челак, меш ва қудуқдан сув тортадиган туялар ёрдамида сунъий суғориладиган ерлардан эса, уларга кетадиган ҳаражатларни ҳисобга олган ҳолда ушр солиғининг ярми олинади.
Мевалар ва экинлардан олинадиган ушр ва закот солиғи, фақатгина ушр солиғи олинадиган ерлардан олинади, бу ҳақда ривоятлар келган ва суннатда бор. Табиий суғориладиган ерлардан ушр, челак, меш ва қудуқдан сув тортадиган туялар ёрдамида сунъий суғориладиган ерлардан ушрнинг ярми олинади. Бунга биз кўрган уламоларимизнинг сўзлари ва бу борада келган ривоятлар асосида ижмо қилинган.
Мен ушр солиғи фақатгина одамларнинг қўлида сақлаб бўладиган маҳсулотлардан олиниши керак, узоқ сақлаб бўлмайдиган маҳсулотлар, кўкатлар ва ўтиндан эса олинмаслига керак деб ҳисоблайман. Одамлар қўлида узоқ сақлаб бўлмайдиган маҳсулотлар – қовун, бодринг, ошқовоқ, бақлажон, сабзи, кўкатлар, хушбўй ўсимликлар ва шу каби маҳсулотлардан ушр олинмайди.
Одамлар қўлида узоқ сақланадиган маҳсулотларга эса қафиз ва ратл ўлчов бирликларида ўлчанадиган буғдой, арпа, тариқ, гуруч, донлар, кунжут, наша, бодом, ўрмон ёнғоғи, ёнғоқ, писта, заъфарон, зайтун, ёввойи заъфарон, зира, арпабодиён, пиёз, саримсоқ пиёз ва шу кабилар киради.
Агар ердан олинадиган ҳосил беш васқ32 ва ундан кўпроқ бўлиб, ер оқар сув ёки ёмғир ёрдамида суғориладиган бўлса ушр солиғи олинади. Челак, меш ва қудуқдан сув тортадиган туялар ёрдамида сунъий суғориладиган ерлардан эса ярим ушр солиқ олинади. Агар ердан олинадиган ҳосил беш васқдан кам бўлса ҳеч қандай солиқ олинмайди.
Агар ердан икки ярим васқ буғдой ва икки ярим васқ арпа миқдорида ҳосил олинса ундан ушр солиғи олинади. Шунингдек, бир васқ буғдой, бир васқ арпа, бир васқ гуруч, бир васқ хурмо, бир васқ майиз миқдоридаги жами беш васқ ҳосилдан ҳам ушр солиғи олинади.
Агар ҳосил беш васқдан бир васқ кам, бир васқдан камроқ ёки ортиқ миқдорда кам бўлса ҳам ундан ушр солиғи олинмайди. Фақат заъфаронда истисно бўлиб, агар у ушр солиғи олинадиган ерда ўсган бўлса ва унинг қиймати беш васққа тенг бўлиб, ушр солиғи олинадиган энг майда донлар каби оқар сув ёки ёмғир билан суғориладиган ерда бўлса ундан ҳам ушр солиғи олинади. Агар челак, меш ва қудуқдан сув тортадиган туялар ёрдамида сунъий суғориладиган ерда бўлса ярим ушр солиғи олинади. Агар заъфарон харож солиғи олинадиган ерда ўсган бўлса, юқоридаги шартларга асосан ундан харож солиғи олинади, лекин ҳосилнинг миқдори беш васққа етмаган бўлса ҳеч қандай солиқ олинмайди.
Абу Ҳанифа: “Агар заъфарон ушр солиғи олинадиган ерда ўсган бўлса, ундан ушр солиғи олинади, ҳатто ҳосили бир ратл бўлса ҳам. Агар харож солиғи олинадиган ерда ўсган бўлса, ундан харож солиғи олинади”, деган.
Бизнинг (ҳанафий мактаби намояндаларидан бўлган) дўстларимиз ердан олинадиган ҳосилдан солиқ қачон олиниши борасида турлича фикрдалар.
Абу Ҳанифа: “Ҳосил кам ёки кўп бўлишидан қатьий назар солиқ тўланади”, деган.
Бошқалар эса: “Ҳосил камида беш васқни ташкил қилса, ундан солиқ олинади, беш васққа етмаса, ундан солиқ (закот) олинмайди”, дейишган.
Абу Ҳанифа: “Ердан олинадиган ҳосил кам бўладими ёки кўп, у ушр солиғи олинадиган ерда бўлиб, оқар сув билан табиий суғорилса ушр солиғи, челак, меш ва қудуқдан сув тортадиган туялар ёрдамида сунъий суғорилса ярим ушр солиқ олинади. Харож солиғи олинадиган ерлардаги буғдой, арпа, хурмо, майиз, тариқ, дон, турли сабзавотлар ҳамда шу каби ёзги ва қишки ғалладан, улар ўлчанадими ёки йўқ харож солиғи олинади. Ердан олинадиган юқоридаги маҳсулотлар кам бўладими ёки кўп, улардан ушр солиғи олинади. Бунда ишчиларнинг иш ҳақи, ҳайвонларга кетадиган харажатлар ҳисобга олинмайди. Оқар сув билан табиий суғорилса ушр солиғи, челак, меш ва қудуқдан сув тортадиган туялар ёрдамида сунъий суғорилса ярим ушр солиқ олинади”, деган.
111. Абу Юсуф айтади: бу ҳақда Ҳаммод Иброҳим ан-Нахаъийдан ривоят қилади: “Ердан олинадиган маҳсулотлар кам бўладими ёки кўп, ҳатто бир боғ кўкатдан ҳам ушр солиғи олинади”.
Абу Ҳанифа мана шунга асосланиб: “Ер кам ҳосил берадими ёки кўп, бундан қатъий назар харож олинадиган ердан белгиланганидек харож солиғи, ушр олинадиган ердан белгиланганидек ушр солиғи олинади” деган.
Бошқалар эса: “Ердан олинган ҳосил беш васқдан кам бўлса, ундан закот олинмайди. Бу ҳақда Расулуллоҳдан (с.а.в.) ривоят келган”, дейишган.
112. Абу Юсуф айтади: Абон ибн Абу Айёш Ҳасан ал-Басрийдан, у Анас ибн Молтикдан ривоят қилади: Пайғамбар (с.а.в.): “Беш васқдан кам миқдордаги буғдой, арпа, тариқ, хурмо ва майиздан, беш уқия33дан кам миқдордаги ҳосилдан ва бештадан кам туядан ҳам закот олинмайди”, дедилар.
113. Абу Юсуф айтади: Яҳё ибн Абу Унайс Абу Зубайрдан, у Жобир ибн Абдуллоҳдан ривоят қилади: Пайғамбар (с.а.в.): “Беш васқдан кам миқдордаги ҳосилдан закот олинмайди”, дедилар.
Абу Юсуф: “Биз мана шунга асосланамиз”, дейди.
Пайғамбар (с.а.в.) ўлчаганлари асосида бир васқ олтмиш соъга, беш васқ уч юз соъга тенг. Бир соъ беш ва учдан бир ратлга тенг, у эса ал-Ҳажжож34 белгилаганига кўра қафизга, ҳошимийга рубуъ35га ва ҳошимий махтумга тенг. Биринчиси ўттиз икки ратлга тенг.
Агар ердан юқорида кўрсатилган маҳсулот турларидан уч юз соъ миқдорда ҳосил олинса, ер эгаси бу ҳосилдан ўзи ва оиласи учун сарфласа, қўшнисини ёки дўстини меҳмон қилса ва ундан қолгани уч юз соъдан кам бўлиб, табиий равишда суғориладиган ерда етиштирилган ҳосил бўлса ушр солиғи, челак, меш ва қудуқдан сув тортадиган туялар ёрдамида сунъий суғориладиган ерда етиштирилган ҳосил бўлса ярим ушр солиқ олинади. Ер эгасидан ўзи ёки бошқаларга сарфлагани учун ҳеч нарса олинмайди. Агар ҳосилнинг бир қисми ўғирланса, қолганидан ушр ёки ярим ушр солиқ олинади. Мана шуларнинг ҳаммаси ердан олинадиган маҳсулотлардан олинадиган солиқ ҳақида келган бўлиб, солиқ олишда асосий усуллардан ҳисобланади. Бундан фарқли ҳолатларда ҳам асосий усул ёки унга ўхшаш жиҳатлар асос қилиб олинади, чунки улар ўлчаш ва қиёс қилишнинг ифодасидир.
Эй мўминлар амири, бу масалада фуқаролар учун энг яхши ҳамда давлат хазинаси учун энг фойдали деб ҳисоблаганинг ва турли фикрлар билдирилган ҳолатда ўзинг афзал кўрганинг бўйича иш тут!
114. Абу Юсуф айтади: Муҳаммад ибн Абдураҳмон ибн Абу Лайло Амр ибн Шуъайбдан ривоят қилади: “Буғдой, арпа, хурмо ва майиздан улар табиий суғориладиган ерда етиштирилса ушр солиғи, челак, меш ва қудуқдан сув тортадиган туялар ёрдамида сунъий суғориладиган ерда етиштирилса ушрнинг ярми олинади”.
115. Абу Юсуф айтади: Суфён ибн Уяйна Амр ибн Динордан ривоят қилади: Расулуллоҳ (с.а.в.): “Само суғорадиган ерлардан ушр, қудуқдан сув тортадиган арқон билан суғориладиган ерлардан ярим ушр солиқ олинади”, дедилар.
116. Абу Юсуф айтади: Ҳасан ибн Умора Абу Исҳоқдан, у Осим ибн Замрадан, у Али ибн Абу Толибдан (р.а.) ривоят қилади: “Само ва оқар сувлар ёрдамида суғориладиган ерлардан ушр, сунъий суғориладиган ерлардан ярим ушр солиқ олинади”.
117. Абу Юсуф айтади: Исроил ибн Юнус Абу Исҳоқдан, у Осим ибн Замрадан, у Алидан (р.а.) ривоят қилади: “Само суғорадиган ерлардан ўндан бир улуш солиқ, челак ёрдамида суғориладиган ерлардан йигирмадан бир улуш солиқ олинади. Яна бир ривоятда Али (р.а.) Пайғамбардан (с.а.в.) ривоят қилиб: “Суғориш чархпалаги ёрдамида суғориладиган ердан”, деган.
118. Абу Юсуф айтади: Муҳаммад ибн Солим Омир аш-Шаъбийдан ривоят қилади: Пайғамбар (с.а.в.): “Само ва оқар сувлар ёрдамида суғориладиган ерлардан ушр солиғи, суғориш чархралаги, қудуқдан сув тортадиган туялар ва челак ёрдамида суғориладиган ерлардан ярим ушр солиқ олинади”, дедилар.
119. Абу Юсуф айтади: Амр ибн Усмон Мусо ибн Талҳадан ривоят қилади: “Мен буғдой, арпа, хурмо, узум ва майиздан бошқасидан солиқ олинганини билмайман. Бизларда бу ҳақда Пайғамбар (с.а.в.) Муъозга ёзган мактублари бор. Унинг нусхаси бор ёки унинг нусхасини топдим”, деган.
120. Абу Юсуф айтади: Абон ибн Абу Айёш Анас ибн Моликдан ривоят қилади: Пайғамбар (с.а.в.): “Само ва оқар сув билан суғориладиган ерлардан ушр солиғи, челак, қудуқдан сув тортадиган туялар ёрдамида ёки (нузуҳ) ерлардан ярим ушр солиқ олинади”, дедилар.
121. Абу Юсуф айтади: Амр ибн Яҳё ибн Умора ибн Абул Ҳасан отасидан, у Абу Саъид ал-Худрийдан ривоят қилади: Расулуллоҳ (с.а.в.): “Бештадан кам туядан, беш уқия ва беш васқдан кам ҳосилдан закот олинмайди”, дедилар.
Амр: “Бир васқ бизнинг наздимизда олтмиш соъга тенг”, дейди.
122. Абу Юсуф айтади: Абдураҳмон ибн Маъмар айтади: Яҳё ибн Умора ибн Абул Ҳасан ал-Мозиний Абу Саъид ал-Худрий Расулуллоҳдан (с.а.в.) ҳудди шуни ривоят қилиб, “Ўша вақтдаги беш васқ ҳозирги икки васққа тенг”, деган жумлани зиёда қилган.
123. Абу Юсуф айтади: Абдуллоҳ ибн Али Исҳоқ ибн Абдуллоҳ ибн Абу Бакрдан, у Аббод ибн Тамимдан, у Расулуллоҳнинг (с.а.в.) бир қанча саҳобаларидан, шу жумладан Абу Айюбдан ривоят қилади: “Закот беш васқ ва ундан кўп бўлган буғдой, хурмо ва майиздан олинади”.
124. Абу Юсуф айтади: Лайс ибн Абу Салим Мужоҳиддан, у ибн Умардан ривоят қилади: “Кўкатлардан закот олинмайди”.
125. Абу Юсуф айтади: Валид ибн Исо ривоят қилади: мен Мусо ибн Талҳанинг шундай деганини эшитганман: “Кўкатлар, барра сабзавотлар, қовун, тарра ва бодрингдан закот олинмайди. Закот хурмо, буғдой, арпа ва узумдан олинади”. У закот деганда ушр солиғини назарда тутган.
126. Абу Юсуф айтади: Қайс ибн ар-Робиъ ал-Асадий Абу Исҳоқдан, у Осим ибн Замрадан, у Алидан (р.а.) ривоят қилади: “Кўкатлардан закот олинмайди. Кўкатлар ва полиз экинлари, тарра, бодринг, қовун каби йиғиб олинганидан кейин илдизи қолмайдиган бир йиллик маҳсулотлардан закот олинмайди”.
127. Абу Юсуф айтади: Абон Анас ибн Моликдан ривоят қилади: “Полиз экинларидан закот олинмайди”.
128. Абу Юсуф айтади: Ашъас ибн Саввор Ато ибн Абу Рабоҳдан, у Ҳакам ибн Утайбадан, у Иброҳим ан-Нахаъийдан ривоят қилади: “Ердан ўсадиган ҳамма нарсадан закот олинади”.
129. Абу Юсуф айтади: Муҳаммад ибн Абдуллоҳ Ҳакам ибн Утайбадан, у Мусо ибн Талҳадан, у Умар ибн Хаттобдан (р.а.) ривоят қилади: Пайғамбар (с.а.в.): “Закот фақат тўрт нарса – хурмо, майиз, буғдой ва арпадан олинади”, дедилар.
130. Абу Юсуф айтади: Ҳажжож ибн Артат Ҳакам ибн Утайбадан, у Муқсимдан, ривоят қилади: Абдуллоҳ ибн Аббос Аллоҳ азза ва жалланинг: “Ҳосил йиғиш кунида ҳаққини берингиз” (Анъом, 142) ояти ҳақида: “Ҳаққи дейилганда ушр ва ярим ушр солиғи назарда тутилган”, деган.
131. Абу Юсуф айтади: Ашъас ибн Саввор Муҳаммад ибн Сиррийндан ривоят қилади: Абдуллоҳ ибн Умар Аллоҳ азза ва жалланинг: “Ҳосил йиғиш кунида ҳаққини берингиз” (Анъом, 142) ояти ҳақида: “Бу ерда ҳосилдан олинадиган закот (садақа)дан ташқари нарса назарда тутиляпти”, деган.
132. Абу Юсуф айтади: Муғира Саммокдан ривоят қилади: Иброҳим Аллоҳ азза ва жалланинг: “Ҳосил йиғиш кунида ҳаққини берингиз” (Анъом, 142) ояти ҳақида: “Бу нарса ушр ва ярим ушр солиғи жорий қилинмасидан аввал бўлган эди, ушр ва ярим ушр солиғи жорий қилинганидан кейин бекор қилинган”, деган.
133. Абу Юсуф айтади: Баъзи машойихларимиз Абу Ражоъдан, у Ҳасандан ривоят қилади: Аллоҳ азза ва жалланинг: “Ҳосил йиғиш кунида ҳаққини берингиз” (Анъом, 142) ояти ҳақида: “У дон ва мевалардан олинадиган закотдир”, деган.
134. Абу Юсуф айтади: Қайс ибн Робиъ Солим ал-Афтосдан ривоят қилади: Саъид ибн Жубайр Аллоҳ азза ва жалланинг: “Ҳосил йиғиш кунида ҳаққини берингиз” (Анъом, 142) ояти ҳақида: “Уйингизга меҳмон келса унинг от-уловини тўйдиринг, тиланчи келса унга бирор нарса беринг, шундан кейин ушр ва ярим ушр солиғи олинади”, деган.
Do'stlaringiz bilan baham: |