Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан !



Download 1,04 Mb.
bet1/30
Sana21.02.2022
Hajmi1,04 Mb.
#78819
  1   2   3   4   5   6   7   8   9   ...   30
Bog'liq
Умумий


Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан !
Буни – Абу Юсуф (Аллоҳ унга раҳм қилсин) мўминлар амири Ҳорун ар-Рашид учун ёзди.
Аллоҳ мўминлар амирининг умрини зиёда қилсин, унинг шон-шуҳрати ва қадр-қимматини бардавом қилсин, Ўзининг марҳамати билан уни абадий тугамайдиган охират неъматлари ва Пайғамбарга (сав) ҳамроҳ бўлиш билан неъматлантирсин.
Мўминлар амири Аллоҳ уни қўллаб-қувватласин мендан ўзи учун ер солиғи1, ушр2, садақа3, ўлпон4 ва бошқа солиқларни йиғишда мазкур ишнинг моҳиятини англаб, унга мувофиқ иш тутишида қўлланма бўладиган китоб ёзиб беришимни сўради. Бу китобни ёздиришдан мақсади фуқароларига зулм (жабр) қилмаслик ҳамда уларнинг фаровонлигини таъминлашдан иборат. Аллоҳ мўминлар амирини кўзлаган ишига муваффақ қилсин, уни тўғри йўлга бошлаб, мақсадига эришишида ёрдам берсин, уни ташвишга солаётган нарсадан саломат қилсин. У сўраётган нарсасини амалда қўллай олиши учун мендан аниқ баён қилиб, тушунтириб ва шарҳлаб беришимни сўради ва мен ҳаммасини тушунтирдим ва шарҳладим.
Эй мўминлар амири! Албатта Аллоҳ, унга ҳамд бўлсин, (уни тўғри бажарсанг) савоби энг улуғ, (бепарволик қилсанг) жазоси энг оғир бўлган катта вазифани сенга топширди. Аллоҳ бу умматнинг ишини зиммангга юклади, демак, ғамхўрлик қилиш, улар ҳақида қайғуриш, ишларини бошқариш сенга ишониб топширилган кўплаб инсонлар учун эртаю-кеч ҳаракат қилиб иморат қурасан. Агар иморат тақво асосида қурилмаса, у узоқ турмайди, Аллоҳ унинг пойдеворини қулатади ва бунинг жавобгарлиги уни бино қилган ҳамда бу ишда унга ёрдам берганларнинг зиммасида бўлади. Сенинг зиммангда бўлган бу уммат ва фуқароларнинг ишларига эътиборсизлик қилма, зеро бирор ишни маромига етказиш Аллоҳнинг изни билан бўлади.
Бугун қилишинг керак бўлган ишни эртанги кунга қолдирма, агар шундай қилсанг кунингни зое қиласан. Ҳаётнинг интиҳоси (ажал) инсоннинг орзу-истакларига мувофиқ бўлмайди, шундай экан, ўз ишингни ажалинг келмасидан аввал тугатиб олишга ҳаракат қил, чунки ажалдан сўнг ҳеч қандай амал бўлмайди.
Чўпон ўз хўжайини учун бажариши керак бўлган нарсани бошлиқлар ўз Хожаси учун адо қиладилар. Шундай экан, кунда бир соат бўлса ҳам Аллоҳ сенга топширган ва зиммангга юклаган вазифаларни бажар. Қиёмат куни Аллоҳнинг ҳузурида бошлиқларнинг энг бахтлиси қўл остидаги фуқаролари ундан хурсанд бўлган бошлиқдир. Тўғри йўлдан адашма, токи фуқароларинг ҳам адашмасин. Ўз хоҳишингга кўра ва ғазаб устида иш кўрма. Агар бири охират ҳаётига, иккинчиси дунё ҳаётига алоқадор икки ишдан бирини танлашга тўғри келса, сен охират ҳаётига оидини танла, чунки охират ҳаёти абадий, дунё ҳаёти ўткинчидир.
Аллоҳдан қўрқ ва хушёр бўл, унинг буйруқларини бажаришда сенга яқин ва узоқ инсонларни ҳаммасини тенг кўр ва бу борада маломатчининг таъналаридан қўрқма. Эҳтиёткор бўл, зеро эҳтиёткорлик фақат тилда эмас, балки қалбда бўлиши керак. Аллоҳга тақво қил, албатта тақвода эҳтиёткорлик бор, кимки Аллоҳга тақво қилса, Унинг ҳимоясида бўлади. Белгиланган ажал вақти келгунига қадар ҳаракат қил, боришинг керак бўлган йўлдан бор, танланиши керак бўлган йўлни танла, эсланадиган амалларни қил, келишинг керак бўлган сувлоқ бошига кел, албатта бу ҳақ йўл ва қалблар қўрқувга тушадиган, Подшоҳнинг улуғлиги ва Унинг қудрати олдида далиллар тўхтатиладиган юқори манзилдир. Одамлар Аллоҳнинг ҳузурига тўпланиб, Унинг ҳукмини кутадилар ва жазосидан қўрқадилар, худди бу аввал бўлгандек. Оёқлар тоядиган, юз ранглари ўзгарадиган, узоқ туриладиган ва ҳисоб-китоб оғир бўладиган бу кунда билиб туриб амал қилмаганлар учун ҳасрат ва надомат етарли бўлади. Аллоҳ табарока ва таоло Ўзининг китобида шундай дейди: “Дарвоқе, Раббингиз наздидаги бир кун сизларнинг ҳисобингиздаги минг йилга баробардир” (Ҳаж, 47).
Аллоҳ таоло айтади: “Бу Ажрим кунидир! (Эй, бу кунни ёлғон деган кимсалар! Мана) Биз сизларни ҳам, аввалгиларни ҳам жамладик” (Мурсалат, 38).
Аллоҳ таоло айтади: “Ажрим куни (қиёмат куни) барчаларининг (ҳисоб-китоб) вақтидир” (Духон, 40).
Аллоҳ таоло айтади: “Улар ўзларига ваъда қилинаётган азобни кўрадиган кунда гўё (бу дунёда) фақат кундуздан бир соатгина тургандек бўлиб қолурлар” (Аҳқоф, 35).
Аллоҳ таоло айтади: “Улар уни (қиёматни) кўрган куни (бу дунёда қанча кўп умр кўрган бўлсалар ҳам) гўё бир оқшом ёки чошгоҳ пайти миқдорича тургандек бўлурлар” (Нозиат, 46).
Бу қандай хатоки кечирилмайдиган?! Бу қандай надоматки фойда бермайдиган?! Ҳақиқатда, тун ва куннинг алмашиниши ҳар бир янги нарсани эскиртиради, ҳар бир узоқ нарсани яқинлаштиради, ҳар бир ваъда қилинган нарсани олиб келади. Аллоҳ таоло ҳар бир жонни қилган ишига қараб мукофатлайди ва жазолайди, албатта, Аллоҳ тезда ҳисоб қилгувчидир.
Ё Аллоҳ, Аллоҳ! Албатта ҳаёт қисқа, мусибат оғир, бу дунё ва ундаги нарсалар ҳалок бўлгувчи, охират эса абадий қароргоҳдур. Сен зулм қилувчилар йўлидан борсанг, эртага Аллоҳнинг ҳузурида қай юз билан турасан?! Қиёмат куни ҳисоб-китоб қилувчи Зот бандаларнинг мансаб-мартабасига эмас, уларнинг амалларига қараб мукофатлайди ёки жазолайди. Аллоҳ сени огоҳлантирди, эҳтиёт бўл! Сен беҳудага яралмагансан ва эътиборсиз ташлаб қўйилмайсан. Аллоҳ сендан қилган ишинг ва унда нимага асосланганинг ҳақида сўрайди. Шундай экан, қандай жавоб беришинг ҳақида ўйла!? Шуни билгинки, қиёмат куни банда Аллоҳ таборака ва таолонинг ҳузурида савол жавобдан ўтмагунича бир қадам ҳам қўёлмайди. Пайғамбар (с.а.в.): «Қиёмат кунида банданинг оёқлари жойидан жилмайди токи у тўрт нарса – илми ва унга амал қилгани, умри ва уни қандай ўтказгани, моли ва уни қай йўл билан топиб, нимага сарфлагани, танаси ва ундан қандай фойдалангани ҳақида сўралмагунча», дедилар.
Эй мўминлар амири сўраладиган нарсаларга жавобингни тайёрла, қилган амалларинг ёзиб қўйилган ва қиёмат куни сенга ўқиб берилади. Шуни ёдингда тут, гувоҳлар жам бўлганда сен билан Аллоҳ ўртасидаги парда кўтарилади. Эй мўминлар амири, Аллоҳ сенинг ҳимоянг ва ғамхўрлигингга топширганларни ҳимоя қилишинг ва асрашингни, бу борада фақат Аллоҳга юзланишинг ва Унинг учун ҳаракат қилишингни васият қиламан. Агар шундай қилмасанг, сен учун тўғри йўлдан юриш машаққатга айланади, унинг кенглиги торайиб, излари кўз ўнгингдан йўқолади, ундаги эътирофга лойиқ нарсани инкор қиладиган ва инкор этиладиган нарсани эътироф қиладиган бўлиб қоласан. Ўз нафсинг билан унинг зарарига эмас, фойдасига хизмат қиладиган нарса учун кураш. Беҳафсала чўпон қўл остида ҳалок бўлган жониворлар учун жавобгардир, агар хоҳласа Аллоҳнинг изни билан уларни ҳалокат жойидан, ҳаёт ва нажот бор жойга олиб келиши мумкин. Агар у буни тарк қилса, ўзини ҳалок қилади, ёки бошқа нарса билан машғул бўлса ҳалокат унинг учун тезроқ ва зарарлироқ бўлади. Агар ишини тўғри бажарса, бу билан бахт-саодатга эришади ва Аллоҳ унга бажарган нарсаси учун икки хисса мукофот беради. Қўл остингдагиларга зиён етказишдан эҳтиёт бўл, чунки уларнинг Эгаси сендан ҳақларини тўлиқ талаб қилиб олади ва сен етказган зиён эвазига сени савобингдан маҳрум қилади. Иморат бузилмасидан аввал уни мустаҳкамлаш керак. Аллоҳ томонидан ишлари сенинг зиммангга юклатилганлар учун қилган ҳар бир амалинг сенинг фойдангга, бу борада бажара олмаганларинг эса сенинг зарарингга хизмат қилади. Аллоҳ томонидан ишлари сенинг зиммангга юклатилганларга ғамхўрлик қилишни унутма, шунда сен ҳам унутилмайсан. Уларнинг фойдасига хизмат қиладиган нарсаларга бепарво бўлма, шунда сен ҳам эътиборсиз қолмайсан. Кечаю кундуз тилинг доимий равишда Аллоҳнинг зикри – Унга тасбеҳ, таҳлил ва таҳмид айтиш, ҳамда раҳмат пайғамбари ва ҳидоят имоми бўлмиш Унинг Расули (сав)га саловат айтиш билан банд бўлса, бу дунёдаги улушинг камайиб қолмайди.
Албатта, Аллоҳ ўз марҳамати ва раҳмати билан ҳокимларни Ўзининг ерида халифа қилди, уларни қўл остидагиларга қоронғу бўлган ишларни ёритадиган ҳамда уларни шубҳага соладиган ҳуқуқларини ойдинлаштириб берадиган нур қилди. Ҳокимлар нуридан тараладиган ёғду – бу ҳукмларни жорий қилиш, ҳақларни ишончли ва аниқ буйруқ асосида ўз эгаларига қайтаришдир. Солиҳ кишилар жорий қилган Суннатни тирилтириш жуда муҳим нарсадир, зеро суннатни тирилтириш доим яшайдиган эзгу ишдир.
Чўпоннинг адолатсизлиги поданинг ҳалокати, ишончга нолойиқ ва яхшилар аҳлидан бўлмаган кишиларга суяниш эса омманинг ҳалокатидир. Эй мўминлар амири Аллоҳ сенга ато этган неъматларни уларга мувофиқ яхшиликлар билан тўлдиргин, мазкур неъматларга шукр қилиш орқали уларнинг зиёда бўлишига эришгин. Аллоҳ таборака ва таоло Ўзининг муқаддас китобида шундай дейди: «Қасамки, агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман. Борди-ю, ношукрчилик қилсангиз, албатта, азобим (ҳам) жуда қаттиқдир» (Иброҳим, 7).
Аллоҳ учун энг севимли нарса – эзгу иш ва Унинг ғазабини келтирадиган энг ёмон нарса – фисқу фасодир. Гуноҳ қилиш неъматларни инкор қилишдир. Ўзларига берилган неъматларга ношукрлик қилган ҳамда тавба қилмаган инсонлар ўз куч-қудратларидан маҳрум бўлдилар ва Аллоҳ уларнинг устидан душманларини ҳукмрон қилиб қўйди. Эй мўминлар амири сенга Ўзини танитган Аллоҳдан ҳеч бир ишингда сени ўз ҳолингга ташлаб қўймаслигини, авлиёлари ва севганлари қаторида сени ҳам Ўзига яқин тутишини сўрайман, зеро Аллоҳ шунга қодир ва Ундан сўралиши лозим бўлган Зотдир.
Менга буюрган нарсангни ёздим ва уни шарҳлаб, тушунтириб бердим. Сен эса буни тушуниб, фикр юритгин, токи ёдлаб олмагунингча такрор-такрор ўқигин. Мен бу ишда сен учун ҳаракат қилдим, Аллоҳнинг жамоли ва мукофоти умидида ҳамда Унинг жазосидан қўрқиб сенга ва мусулмонлага яхшилик хоҳладим (насиҳат қилдим).
Умид қиламанки, агар бу ерда баён қилинган нарсага мувофиқ иш кўрсанг, Аллоҳ мусулмон ва муоҳидлар5нинг ҳеч бирига зулм қилмаган ҳолатда харожингни кўпайтиради, қўл остингдагиларга яхшиликлар юборади, яхшилик – уларга алоқадор ҳукмларга риоя қилиш, улардан зулмни бартараф қилиш ҳамда ҳақлари уларни шубҳага солганда ўзаро зулм қилишларидан асрашдир.
Сенга ҳасан ҳадисларни ёздим, уларда сен мендан сўраган ва Аллоҳнинг хоҳиши билан амалга оширадиган ишларингга рағбат ва қизиқтириш бор.
Аллоҳ сени Ўзининг марҳаматига муяссар қилсин ва сен орқали бошқаларга яхшиликлар ато этсин.
Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳ айтади:
1. Яҳё ибн Саъид Абу аз-Зубайрдан, у Товусдан, у Муоз ибн Жабалдан ривоят қилади: Расулуллоҳ (с.а.в.): «Одам боласини дўзахдан озод қиладиган амаллар ичида Аллоҳни зикр қилишдан афзали йўқ», дедилар.
– «Эй, Аллоҳнинг Расули, ҳатто Аллоҳнинг йўлида жиҳод қилиш ҳамми?», деб сўрашди.
– «Аллоҳнинг йўлида жиҳод қилиш ҳам, агар қиличинг сингунча урушсанг, сўнгра қиличинг сингунча урушсанг, яна қиличинг сингунча урушсанг ҳам», деб уч марта такрорладилар.
Эй мўминлар амири, албатта жиҳоднинг фазли улуғ ва савоби каттадир.
2. Абу Юсуф айтади: баъзи шайхларимиз Нофеъдан, у Ибн Умардан ривоят қилади: Абу Бакр Сиддиқ (р.а.) Язид ибн Абу Суфённи Шомга (қўшин билан) юборди ва улар билан тахминан 2 мил6 юрди. Унга «Эй Расулуллоҳнинг халифаси қайтмайсизми?», дейишди.
– «Йўқ, мен Расулуллоҳнинг (с.а.в.): «Кимнинг оёқлари Аллоҳнинг йўлида чанг билан қопланса, Аллоҳ уларга дўзах оловини ҳаром қилади», деганларини эшитганман», деб жавоб берди.
3. Абу Юсуф айтади: Муҳаммад ибн Ажлон Абу Ҳозимдан, у Абу Ҳурайрадан ривоят қилади: Расулуллоҳ (с.а.в): «Аллоҳнинг йўлида эрталабки ва кечки юриш бу дунё ва ундаги нарсалардан яхшидир», дедилар. Макҳулдан бизга етиб келишича, Расулуллоҳнинг (с.а.в.) «Аллоҳнинг йўлида эрталабки ва кечки юриш» деган гаплари «эрталабки ва кечки юришга ўзингни фидо қилиб чиқасан, бу эса дунё ва ундаги нарсалардан яхшидир, зеро бу дунёдаги нарсаларни ўзингни фидо қилмасдан сарфлайсан» маъносида айтилгандир.
4. Абу Юсуф айтади: Абон ибн Абу Айёш Анасдан ривоят қилади: Расулуллоҳ (с.а.в.): «Ким менга битта саловат айтса, Аллоҳ унга ўнта саловат айтади ва ундан ўнта ёмонликни ўчиради», дедилар.
5. Абу Юсуф айтади: баъзи машойихларимиз Абдуллоҳ ибн ас-Соибдан, у Абдуллоҳдан (яъни Ибн Масъуд) ривоят қилади: Расулуллоҳ (с.а.в.): «Аллоҳнинг ер юзини кезиб юрадиган ва менга умматимдан салом етказадиган фаришталари бор», дедилар.
6. Абу Юсуф айтади: Ал-Аъмаш Абу Солиҳдан, у Абу Саъиддан ривоят қилади: Расулуллоҳ (с.а.в.): «Қачонки сур соҳиби7 уни оғзига олиб келса, пешонасини тириштириб, қачон (сур чалишга) буюрилишини кутиб ҳушёр турса ўзингизни қандай тутасиз?» дедилар.
– «Эй, Аллоҳнинг Расули, биз нимани айтишимиз керак?» дедик.
– «Аллоҳнинг ўзи бизга кифоя қилади, У қандай яхши вакил»ни айтинглар, дедилар.
7. Абу Юсуф айтади: Язид ибн Синон Оъизуллоҳ ибн Идрисдан ривоят қилади: Шаддод ибн Авс инсонларга хутба ўқиб, Аллоҳга ҳамд ва сано айтди, сўнгра: Огоҳ бўлинглар, мен Расулуллоҳнинг (с.а.в.): «Ҳамма яхшилик тўлалигича жаннатда, ҳамма ёмонлик тўлалигича дўзахда. Огоҳ бўлинглар, жаннат ёмон кўриладиган нарсалар билан ўралган, дўзах шаҳватлар билан ўралган. Қачон инсонга нохушлик пардаси очилса ва у бунга сабр қилса, жаннатга яқинлашади ва унинг аҳлидан бўлади. Қачон инсонга ҳой-ҳавас ва шаҳват пардаси очилса, у дўзахга яқинлашади ва унинг аҳлидан бўлади. Огоҳ бўлинглар, фақат адолат билан ҳукм қилинадиган кун учун ҳақ билан амал қилинглар, шунда ҳақ (адолатли) манзилга тушасизлар», деганларини эшитганман, деди.
8. Абу Юсуф айтади: Ал-Аъмаш Язид ибн ар-Рақошийдан, у Анасдан ривоят қилади: Пайғамбар (с.а.в.) меърож кечаси осмонга яқинлашганларида гумбурлаган овозни эшитдилар ва «Эй Жаброил, бу нима?» деб сўрадилар. Жаброил: «Бу жаҳаннамнинг оғзидан ташланган тош бўлиб, у 70 йил деганда унинг тубига энди етиб борди», деб жавоб берди.
9. Абу Юсуф айтади: Ал-Аъмаш Язид ибн ар-Рақошийдан, у Анас ибн Моликдан ривоят қилади: Расулуллоҳ (с.а.в.): «Дўзах аҳли йиғлашга маҳкум қилинган, улар кўз ёшлари қолмагунча йиғлайдилар, сўнгра юзлари ўйилиб ариқ шаклига кириб қолгунча йиғлайдилар», дедилар.
10. Абу Юсуф айтади: Муҳаммад ибн Исҳоқ Абдуллоҳ ибн ал-Муғирадан, у Сулаймон ибн Умардан, у Абу Саъид ал-Худрийдан (р.а.) ривоят қилади: Мен Расулуллоҳнинг (с.а.в.): «Жаҳаннамнинг у четидан бу четига Сирот кўприги тортилади, у саъдон8нинг тиконларига ўхшаш тиконлар билан қопланган бўлади. Кейин инсонлар ундан ўтишга ҳаракат қиладилар, баъзилар зиён-захматсиз ўтади, баъзилар тилиниб-тирналиб, кейин ўтади, баъзилар қоқилиб-суқилиб охири жаҳаннамга қулайди», деганларини эшитганман.
11. Абу Юсуф айтади: Саъид ибн Муслим Омирдан, у Абдуллоҳ ибн аз-Зубайрдан, у Авф ибн ал-Ҳорисдан, у Оишадан (р.а) ривоят қилади: Расулуллоҳ (с.а.в.): «Эй Оиша, ёмон ишлардан сақлан, зеро улар учун Аллоҳ сендан жавоб талаб қилади», дедилар.
12. Абу Юсуф айтади: Абдуллоҳ ибн Воқид Муҳаммад ибн Моликдан, у ал-Барро ибн ал-Озибдан ривоят қилади: Биз Пайғамбар (с.а.в.) билан бирга жанозада қатнашдик, қабрга яқинлашганимизда Пайғамбар (с.а.в.) тиззаларини букиб ўтирдилар, мен орқамга ўгирилиб у кишига юзландим, у зот йиғладилар ҳатто тупроқ нам бўлди. Сўнгра ал-Барро шундай деди: «Биродарларим, мана шундай кунга ҳозирлик кўринглар».
13. Абу Юсуф айтади: Молик ибн Миғвал ал-Фазлдан, у Убайд ибн Умайрдан ривоят қилади: Албатта қабр: «Эй одам боласи, мен учун нима ҳозирладинг? Мен ғурбат уйи, қурт-қумурсқалар макони, ёлғизлик манзили эканимни билмасмидинг», деб сўрайди.
Абу Юсуф айтади: Муҳаммад ибн Амр Абу Саламадан, у Абу Ҳурайрадан ривоят қилади: Пайғамбар (с.а.в): Аллоҳ азза ва жала: «Мен солиҳ бандаларим учун кўз кўрмаган, қулоқ эшитмаган, ҳеч бир инсоннинг хаёлига келмаган нарсани тайёрлаб қўйганман. Агар хоҳласангиз ўзингиз ўқинг: (Сажда, 17).
Албатта, жаннатда бир дарахт бор, отлиқ 100 йил юрса ҳам унинг соясини айланиб чиқолмайди. Агар хоҳласангиз ўзингиз ўқинг: «Ёйиқ соя (ости)да» (Воқеа, 30).
14. Жаннатдаги қамишдек жой дунё ва ундаги нарсалардан яхшидир. Агар хоҳласангиз ўзингиз ўқинг: «Бас, (ўша куни) ким дўзахдан узоқлаштирилиб, жаннатга киритилса, демак, у (катта) ютуққа эга бўлибди. Бу дунё ҳаёти эса, фақат ғурур (алдов) матоҳидир» (Оли имрон, 185).
15. Абу Юсуф айтади: ал-Фазл ибн Мазруқ Аътийя ибн Саъддан, у Абу Саъиддан ривоят қилади: Расулуллоҳ (с.а.в.): «Мен учун инсонларнинг энг севимлиси ва қиёмат куни менга энг яқин бўладигани одил имомдир. Мен учун инсонларнинг энг ёмони ва қаттиқ азобга учрайдигани золим имомдир», дедилар.
16. Абу Юсуф айтади: Ҳишом ибн Саъд аз-Заҳҳок ибн Музоҳимдан, у Абдуллоҳ ибн Аббосдан ривоят қилади: Расулуллоҳ (с.а.в.): «Агар Аллоҳ бир қавмга яхшиликни хоҳласа уларга ҳалим инсонларни бошлиқ қилиб қўяди ва уларнинг мол-мулкларини саховатли кишилар қўлига топшириб қўяди. Агар Аллоҳ бир қавмга ёмонликни хоҳласа уларга аҳмоқ инсонларни бошлиқ қилиб қўяди ва уларнинг мол-мулкларини бахил кимсалар қўлига топшириб қўяди. Огоҳ бўлинглар, ким умматимнинг ишидан бирор нарсага бошчилик қилса ва уларнинг ҳожатини чиқаришга ёрдам берса, Аллоҳ ҳам муҳтож бўлган кунида унга ёрдам беради. Кимки уларнинг ҳожатини чиқаришдан юз ўгирса, Аллоҳ ҳам унинг эҳтиёжи ва ҳожатини қондиришдан юз ўгиради», дедилар.
17. Абу Юсуф айтади: Абдуллоҳ ибн Али Абу аз-Зиноддан, у ал-Аърождан, У Абу Ҳурайрадан ривоят қилади: Расулуллоҳ (с.а.в.): «Албатта имом унинг орқасида жанг қилинадиган ва у билан ҳимояланадиган қалқондир. Агар имом Аллоҳдан қўрқишга буюрса ва адолатли бўлса, бунинг учун унга ажр бор. Агар у бунинг аксини қилса гуноҳи ўзига», дедилар.
18. Абу Юсуф айтади: Яҳё ибн Саъид ал-Ҳорисдан, у Зиёд ал-Ҳимярийдан ривоят қилади: Абу Зар Расулуллоҳдан (с.а.в.) уни ҳоким этиб тайинлашларини сўради. У зот (с.а.в.): «Сен (бунинг учун) заифлик қиласан. Ҳокимлик омонатга бериладиган нарса бўлиб, унга муносиб бўлган ва ўзига юклатилган мажбуриятларини бажарган кишидан бошқалар учун қиёмат кунида шармандалик ва надоматдир», дедилар.
19. Абу Юсуф айтади: Исроил Абу Исҳоқдан, у Яҳё ибн ал-Ҳусайндан, у бувиси Уммул Ҳусайндан ривоят қилади: Расулуллоҳни (с.а.в.) кийимларига ўралиб олиб, уни қўлтиқларини тагигача кўтарганларини ва: «Эй инсонлар, Аллоҳдан қўрқинглар, Унга қулоқ солинглар ва бўйсунинглар, агар сизларга бурни кесилган ҳабаший қул бошлиқ бўлса ҳам унга қулоқ солинглар ва бўйсунинглар», деганларини кўрдим.
20. Абу Юсуф айтади: Ал-Аъмаш Абу Солиҳдан, у Абу Ҳурайрадан ривоят қилади: Расулуллоҳ (с.а.в.): «Ким менга бўйсунса, Аллоҳга итоат қилибди, ким имомга бўйсунса, менга итоат қилибди. Ким менга бўйсунмаса, Аллоҳга осийлик қилибди, ким имомга бўйсунмаса, менга осийлик қилибди», дедилар.
21. Абу Юсуф айтади: Баъзи шайхларимиз Ҳабибдан (яъни ибн Абу Собит), у Абу ал-Бахтарийдан, у Ҳузайфадан ривоят қилади: «Ўз имомингга қурол кўтаришинг суннатдан эмас».
22. Абу Юсуф айтади: Мутарриф ибн Тариф Абу ал-Жаҳмдан, у Холид ибн Ваҳбондан, у Абу Зардан ривоят қилади: Расулуллоҳ (с.а.в.): «Ким жамоатдан ва исломдан бир қарич узоқлашса, бўйнидан исломнинг арқонини олиб ташлабди», дедилар.
23. Абу Юсуф айтади: Муҳаммад ибн Исҳоқ Абд ас-Саломдан, у аз-Зуҳрийдан, у Муҳаммад ибн Жубайр ибн Мутъимдан, у отасидан ривоят қилади: Расулуллоҳ (с.а.в.) Минодаги Хайфада туриб шундай дедилар: «Менинг сўзимни эшитиб, уни худди эшитганидек етказган кишини Аллоҳ мукофотласин. Илм соҳиблари борки улар олим эмаслар ва яна илм соҳиблари борки ўзларидан илмлироқ киши … Уч нарса борки мўминнинг қалби уларга боғланган бўлади: Аллоҳ йўлидаги ишларда ихлосли бўлиш, мусулмонларнинг бошлиқларига хайрихоҳ бўлиш ва уларнинг жамоатидан ажралмаслик, зеро уларнинг дуолари уни ҳимоя қилади».
24. Абу Юсуф айтади: Ғийлон ибн Қайс ал-Ҳамадоний Анас ибн Моликдан ривоят қилади: «Муҳаммаднинг (с.а.в) саҳобаларидан улуғларимиз бизларни бошлиқларимизни ҳақорат қилмаслик, уларни алдамаслик ва уларга исён қилмаслик, Аллоҳдан қўрқиш ва сабрли бўлишга буюрдилар».
25. Абу Юсуф айтади: Исмоил ибн Иброҳим ибн Муҳожир Воил ибн Абу Бакрдан ривоят қилади: Мен ал-Ҳасан ал-Басрийнинг шундай деганини эшитдим: Расулуллоҳ (с.а.в.): «Ҳокимларни ҳақорат қилманглар, агар улар яхшилик қилсалар, уларга ажр бўлади, сизларга шукр қилиш лозим бўлади. Агар улар ёмонлик қилсалар, уларга гуноҳ бўлади, сизларга сабр қилиш лозим бўлади. Зеро ҳокимлар Аллоҳ улар билан Ўзи хоҳлаганини жазолайдиган жазодир. Шундай экан Аллоҳнинг жазосини нафрат ва ғазаб билан қабул қилманглар. Уни бўйсуниш ва итоат билан қабул қилинглар», дедилар.
26. Абу Юсуф айтади: Ал-Аъмаш Зайд ибн Ваҳбдан, у Абдураҳмон ибн Абд Рабб ал-Каъбадан ривоят қилади: Мен Абдуллоҳ ибн Умарга яқинлашдим, у Каъбанинг соясида ўтирар атрофига одамлар йиғилган эди. Унинг шундай деяётганини эшитдим: Расулуллоҳ (с.а.в.): «Ким имомга байъат қилиб, унга қўли ва қалбини берса, қўлидан келганча унга итоат қилсин. Агар бошқаси келиб у билан ҳокимият талашса, унинг бошини кесинглар», дедилар.
27. Абу Юсуф айтади: Баъзи шайхларимиз Макҳулдан, у Муоз ибн Жабалдан ривоят қилади: Расулуллоҳ (с.а.в.): «Эй Муоз, ҳар қандай амирга итоат эт, ҳар қандай имомнинг орқасида намоз ўқи ва саҳобаларимдан биронтасини ҳақорат қилма», дедилар.
28. Абу Юсуф айтади: Исмоил ибн Абу Холид Қайсдан ривоят қилади: Абу Бакр (р.а.) ўрнидан туриб Аллоҳга ҳамд ва сано айтди, сўнгра шундай деди: «Эй инсонлар, сизлар ушбу оятни ўқияпсизлар: «Эй, имон келтирганлар! Ўзингизга қарангиз! Модомики, ҳидоят топган экансиз, адашганларнинг сизларга зарари йўқ» (Моида, 105). Албатта биз Расулуллоҳнинг (с.а.в.): «Агар инсонлар мункар (ножўя) нарсани кўрсалар ва уни ўзгартирмасалар, Аллоҳ уларга ҳам ўзининг жазосини юбориши мумкин», деганларини эшитдик.
29. Абу Юсуф айтади: Яҳё ибн Саъид Иброҳимдан, у Исмоил ибн Абу Ҳакимдан, у Умар ибн Абдулазиздан ривоят қилади: «Албатта Аллоҳ хос (зодагон) ларнинг амали учун оддий халқни жазоламайди. Агар гуноҳлар юзага чиқса ва бу қораланмаса, жазога ҳамма лойиқ бўлади».
Абу Юсуф айтади: Исмоил ибн Абу Холид Зайд ибн ал-Ҳорис ёки ибн Собитдан ривоят қилади: Абу Бакр (р.а.) вафоти яқинлашганда ўзидан кейин уни халифа деб эълон қилиш учун Умарга одам юборди.
Шунда одамлар: «Бизларга қаҳри қаттиқ ва шафқатсиз одамни халифа қиласанми, бизга бошлиқ бўлгандан кейин у янада қаттиққўл ва шафқатсизроқ бўладику?! Бизларга Умарни (р.а.) халифа қилиб қолдирсанг, Раббингни ҳузурига борганингда унга нима дейсан?», дейишди.
Абу Бакр (р.а.) шундай жавоб берди: «Мени Раббим билан қўрқитяпсизларми? Мен: «Эй Аллоҳим, уларга халқингни яхшисини амир қилдим», дейман. Сўнгра Умарга одам юборди ва шундай деди: Сенга васият қиламан, агар унга амал қилсанг ўлим сенга яқинлашганда сен учун ўлимдан севимлироқ нарса бўлмайди, агар уни зое қилсанг сен учун ўлимдан ёмонроқ нарса бўлмайди ва ундан ҳеч ҳам қочиб қутулолмайсан.
Албатта Аллоҳнинг сенда тундаги ҳаққи борки уни кундуз куни қабул қилмайди ва кундузги ҳаққи борки уни тунда қабул қилмайди. Шунингдек, фарз ибодатни адо қилмагунингча қўшимча ибодат қабул қилинмайди. Тарози енгил келса: қиёмат куни кимнинг тарозиси енгил келса бу дунёда ботил (ёлғон)га эргашганлари учун бўлади. Тарозининг енгил келиши уларнинг бўйнигадир, тарози унга ботил (ёлғон)дан бошқа нарса қўйилмагани учун енгил келишга ҳақлидир. Тарози оғир келса: қиёмат куни кимнинг тарозиси оғир келса бу дунёда ҳаққа эргашганлари учун бўлади. Тарозининг оғир келиши уларнинг бўйнигадир, тарози унга ҳақдан бошқа нарса қўйилмагани учун оғир келишга ҳақлидир. Агар сен менинг бу васиятимга амал қилсанг, ғоиб (ҳали келмаган) нарсалар ичида – ўлимдан севимлироқ нарса бўлмайди, ваҳоланки ўлим албатта келади. Агар сен менинг бу васиятимни зое қилсанг, ғоиб (ҳали келмаган) нарсалар ичида – ўлимдан ёмонроқ нарса бўлмайди ва ундан ҳеч ҳам қочиб қутулолмайсан.
30. Мусо ибн Уқба Асмо бинти Умайс (Увайс)дан ривоят қилади: Абу Бакр Умарга айтди: «Эй Хаттобнинг ўғли, сени ўзимдан кейин қолдириш учун халифа қилиб танладим. Сен Расулуллоҳнинг (с.а.в.) саҳобаси бўлгансан, демак, у зот ўзларидан кўра бизларни, ўз оилалаларидан кўра бизнинг оилаларимизни афзал кўришларини кўргансан, ҳатто биз у зотдан олган нарсалардан ортиб қолганини, у кишининг оилаларига тортиқ қилишда давом этардик. Шунингдек, сен менга ҳам ҳамроҳ бўлдинг ва мен фақат ўзимдан аввал ўтган (зот)нинг йўлига эргашганимни кўрдинг. Аллоҳга қасамки, мен туш кўриш учун ухлаганим йўқ, хато қилиш учун тахмин қилганим йўқ. Албатта мен тўғри йўлдаман, четга чиқиб кетганим йўқ. Эй Умар, сен эҳтиёт бўлишинг керак бўлган биринчи нарса бу – сен ўзингсан (нафсингдир). Ҳар бир қалб (нафс)нинг хоҳиш-истаги бўлади, уни қондирсанг бошқасини талаб қилади. Расулуллоҳнинг (с.а.в.) қуйидаги сифатларга эга саҳобаларидан эҳтиёт бўл: қорин қўйган, кеккайган ва уларнинг ҳар бири фақат ўзи (учун яхши нарса)ни ўйлайди. Улардан бири адашса ҳайрон бўлишади. Сен бундай бўлма! Шуни билгинки, сен Аллоҳдан қўрқсанг улар сендан қўрқишда давом этадилар, сен тўғри йўлда бўлсанг, сенга бўлган муносабатда ростгўй бўладилар. Мана шу сенга васиятим. Сенга салом бўлсин!».
31. Абу Юсуф айтади: Абдураҳмон ибн Исҳоқ Абдуллоҳ ал-Қурашийдан, у Абдуллоҳ ибн Ҳакимдан ривоят қилади: «Абу Бакр (р.а.) бизга хутба ўқиди ва шундай деди: «Аммо баъд, мен сизларга Аллоҳдан қўрқишни, Уни муносиб равишда улуғлашни, рағбат (хоҳиш-истак)ни қўрқув билан, талабни илтимос билан қилишни васият қиламан. Аллоҳ таоло Закариё9 ва унинг оиласини мақтади ва (шундай) деди: «Дарҳақиқат, улар (мазкур пайғамбарлар) яхши ишларни қилишга шошар ва Бизга рағбат ва қўрқув билан дуо қилар эдилар ҳамда Бизга (барча буйруқларимизга) итоат этувчи эдилар» (Анбиё, 90).
Сўнгра, эй Аллоҳнинг бандалари, албатта Аллоҳ бўйнингиздаги Унинг ҳаққини адо қилишингиз учун қалбларингизни гаровга олди ва бунинг учун сизлар билан битим тузди ҳамда абадий охират эвазига арзимас бу дунёни сотиб олди. Сизларда ажойиботлари тугамайдиган ва нури сўнмайдиган Аллоҳнинг –ушбу китоби бор, шундай экан, Унинг каломига ишонинглар, Унинг китобидан насиҳат изланглар ва зулматли кун учун у билан кўзингизни равшан қилинглар. Зеро, Аллоҳ сизларни ибодат учун яратди ва ҳар бирингиз учун олийжаноб ёзиб олувчи (фаришта)ларни вакил қилди, улар қилаётган ишларингизни биладилар.
Сўнгра, эй Аллоҳнинг бандалари, сизлар қачон келиши яширин бўлган ажал чегарасида тонг оттириб, кеч қиласизлар (яшайсизлар). Агар қўлингиздан келса ажалингиз етиши Аллоҳ учун амал қилаётган вақтингизга тўғри келишига эришинг, лекин сизлар ундай қилолмайсизлар, буни фақатгина Аллоҳнинг ёрдами билан қилишингиз мумкин. Шундай экан, ажалингиз етиб, энг ёмон амалларингиз ўзингизга қайтарилгунгача (билан ҳисоб қилингунингизгача) берилган муддатда шошилинг (ҳаракат қилинг). Шундай кишилар борки, улар ўзларини унутиб, улар учун берилган муддатни бошқалар учун сарфлайдилар, мен сизларни улар каби бўлишингиздан қайтараман. Шундай экан, шошилинг, шошилинг! Нажотга эришинг, нажотга эришинг! Зеро, сизнинг ортингизда тезда (ҳисоб қиладиган) Сўровчи бор, унинг иши жадалдир.
32. Абу Юсуф айтади: Абу Бакр ибн Абдуллоҳ ал-Ҳузалий (ал-Ҳузайлий) ал-Ҳасан ал-Басрийдан ривоят қилади: Бир киши Умар ибн ал-Хаттобга (р.а.): «Эй Умар Аллоҳдан қўрқ», деди ва бу гапни кўп такрорлади. Кимдур унга: «Жим бўл! Мўминлар амирига кўп гапириб юбординг (бундай дейишга қандай ҳаддинг сиғди?)», деди. Шунда Умар (танбеҳ берган кишига): «Уни ўз ҳолига қўй! Агар улар бизларга шундай сўзларни айтмасалар, уларда яхшилик йўқдир ва биз (уларнинг гапларини) қабул қилмасак, бизларда яхшилик йўқдир», деди ва буни ўша гапни айтган кишига ҳам айтиб юборай деди.
33. Абу Юсуф айтади: Убайдуллоҳ ибн Абу Ҳамид Абу ал-Малиҳ (ал-Малик) ибн Абу Усома ал-Ҳузалийдан ривоят қилади: Умар ибн ал-Хаттоб (р.а.) хутба ўқиди ва шундай деди: «Эй одамлар, бизнинг устимиздаги сизларнинг ҳаққингиз – у дунё учун насиҳат қилиш ва яхшилик қилишга ёрдам беришдир. Эй бошлиқлар, Аллоҳга оқилликдан кўра севимлироқ нарса йўқ, умуман олганда (оммага) имомнинг оқиллиги ва шафқатлилигидан кўра фойдалироқ нарса йўқ. Аллоҳ учун жоҳилликдан кўра ёмонроқ нарса йўқ, умуман олганда (оммага) имомнинг жоҳиллиги ва аҳмоқлигидан кўра зарарлироқ нарса йўқ. Албатта, кимки атрофидагиларга офият улашса, ўзига ҳам юқоридан офият берилади».
34. Абу Юсуф айтади: Довуд ибн Абу Ҳинд Омирдан ривоят қилади: Абдуллоҳ ибн Аббос деди: Умар (р.а.) яраланганида унинг олдига кирдим ва шундай дедим: «Эй мўминлар амири, сизга жаннатнинг башоратини бераман, сиз бошқа инсонлар инкор қилганларида мусулмон бўлдингиз, улар Расулуллоҳни (с.а.в.) тарк қилганларида у зот билан жиҳод қилдингиз, Расулуллоҳ (с.а.в.) сиздан рози ҳолларида дунёдан ўтдилар, сизнинг халифалигингиз борасида ихтилоф бўлмади ва сизнинг жонингизга шаҳид каби қасд қилинди».
Шунда Умар (р.а.): «Гапингни менга яна бир марта қайтар», деди, мен қайтардим ва Умар (р.а.): «Ўзидан бошқа илоҳ бўлмаган Аллоҳга қасамки, агар ер юзидаги жамики олтин ва кумушлар меники бўлганда, уларни қиёмат кунининг даҳшатидан қутилиш учун сарфлаган бўлардим», деди.
Абу Юсуф айтади: Баъзи шайхларимиз Абдул-Малик ибн Муслимдан, у Усмон ибн Ато ал-Килоъийдан, у отасидан ривоят қилади: Умар (р.а.) одамларга хутба ўқиди, Аллоҳга ҳамд ва сано айтгандан сўнг шундай деди: «Сизларга ўзидан бошқа (барча нарсалар)га ҳаёт берадиган ва уларни ҳалок қиладиган Аллоҳдан қўрқишингизни васият қиламан, Унга бўйсуниш билан дўстлари фойда топадилар, Унга гуноҳ қилиш билан душманлари зарар кўрадилар, вафот этган одамга тўғри деб билиб, қасддан залолатда юргани ёки залолат деб билиб, ҳақни тарк қилгани учун ҳеч қандай узр йўқдир. Албатта бошлиқнинг ўз фуқароларига бўлган энг муносиб ғамхўрлиги бу – Аллоҳ ҳидоят қилган динларидан келиб чиқадиган, уларнинг Аллоҳ олдидаги мажбуриятларини бажаришларига ғамхўрлик қилишидир. Албатта бизнинг мажбуриятимиз сизларни Аллоҳ буюрган нарсага итоат қилишга буюриш (чақириш), Аллоҳ сизларни қайтарган нарсага бўйсунмасликдан қайтариш, Аллоҳнинг амрини мажбурият кимда бўлишидан қатъий назар яқин ва узоқ инсонлар орасида жорий қилишдир.
Огоҳ бўлинглар, албатта Аллоҳ намозни фарз қилди ва ва намоз учун қуйидагиларни шарт қилди: таҳорат, хушуъ, рукуъ ва сажда. Эй инсонлар, шуни билингларки очкўзлик – фақирликдир, маъюслик – бойликдир, ёлғизлик – ёмонлардан узоқ бўлиш гаровидир. Яна шуни билингларки, кимки Аллоҳнинг нохуш бўлган қазосидан норози бўлса, яхшиликлар учун Унга шукр қилмайди (шукр қилиш моҳиятини англамайди).
35. Яна шуни билингларки, Аллоҳнинг шундай бандалари борки, улар ёлғонни тарк қилиш билан уни ўлдирадилар, ҳақиқатни эслаш билан уни тирилтирадилар. Улар (ҳақиқатга) мойил қилиндилар ва улар (ҳақиқатга) мойил бўлдилар. Улар (ёлғондан) қўрқитилдилар ва улар (ёлғондан) қўрқдилар. Агар қўрқсалар хавфсиз бўлмайдилар. Кўз билан кўрмаган нарсаларини чин эътиқод билан кўра оладилар ва (ҳақиқатни) тарк этмаганлари учун халос бўладилар. Уларни қўрқув халос қилади ва ўзлари билан абадий қоладиган нарса учун уларни тарк этадиган нарсадан воз кечадилар. Ҳаёт улар учун неъмат, ўлим эса кароматдир».
36. Абу Юсуф айтади: Исмоил ибн Абу Холид Зубайд ал-Ямийдан ривоят қилади: Умар (р.а.) васият қилиб шундай деди: «Мендан кейин халифа бўладиган одамга Аллоҳдан қўрқишни васият қиламан. Шунингдек, унга илк муҳожирлар борасида, уларнинг ҳақларини билиш ҳамда ҳурматларини жойига қўйишни васият қиламан. Аввалдан Мадинада яшаган ва иймон келтирган ансорлар борасида, яхшилик қилувчиларини яхшилигини қабул қилиш ҳамда хато қилувчиларини хатосини кечиришни васият қиламан. Шаҳарлар аҳолиси борасида, уларнинг розилиги билан ўзларидан ортиб қолган нарсанигина олишни васият қиламан, сабаби улар исломнинг тиргаги, душманнинг ғазаби ва бойлик йиғувчилардир. Бадавийлар борасида, уларнинг молларидан олиб, ўзларидан бўлган фақирларга беришни васият қиламан, сабаби бадавийлар – асл араблар ва исломнинг таянчидир. Аллоҳ ва Расулуллоҳнинг (с.а.в.) ҳимоясида бўлганлар борасида, улар билан тузилган шартномага амал қилиш, уларни ҳимоя қилиш ва уларга тоқатларидан ортиқ нарсани юкламасликни васият қиламан».
37. Абу Юсуф айтади: Саъид ибн Абу Аруба Қатодадан, у Солим ибн Абу ал-Жаъддан, у Маъдон ибн Абу Талҳа ал-Яъмарийдан ривоят қилади: Умар ибн ал-Хаттоб (р.а.) жума куни хутба қилди, Аллоҳга ҳамд ва сано айтди, сўнгра Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳамда Абу Бакрни (р.а) зикр қилди (эслади) кейин шундай деди: «Эй Аллоҳим, шаҳарларнинг амирлари борасида мен Сени гувоҳ қиламан: мен уларни инсонларга динлари ва Пайғамбарларининг (с.а.в.) суннатини ўргатиш, улар ўртасида ўлжаларини тақсимлаш ва уларга адолатли бўлишлари учун юбордим. Агар уларга бирор нарса қийинлик қилса, (бу масала билан) менга мурожаат қилсинлар».
Абу Юсуф айтади: Абдуллоҳ ибн Али аз-Зуҳрийдан ривоят қилади: Умар ибн ал-Хаттобнинг (р.а.) олдига бир киши келиб:
«Эй мўминлар амири, маломатчининг маломатига эътибор бермасдан Аллоҳга маъқул нарсани қилишим мен учун яхшими ёки ўзим учун амал қилишим яхшими?» деб сўради.
38. Умар (р.а.) шундай деди: «Кимга мўминларнинг ишидан бирор нарса топширилган бўлса, уни бажаришда маломатчининг маломатидан қўрқмасин. Ким бундай ишлардан озод бўлса, ўз иши билан машғул бўлсин ва шундай ишларга бошлиқ қилинганга насиҳат қилсин (хайрихоҳ бўлсин)».
39. Абу Юсуф айтади: Абдуллоҳ ибн Али аз-Зуҳрийдан ривоят қилади: Умар (р.а.): «Сенга алоқаси бўлмаган нарсага аралашма, душманингдан узоқ юр, дўстингдан эҳтиёт бўл, фақат ишончли дўст бундан мустасно, зеро унга ҳеч нарса тенглаша олмайди. Ахлоқсиз одам билан дўст бўлма, чунки у сенга ахлоқсизликни ўргатади, унга сирингни айтма. Ўз ишларинг борасида Аллоҳдан қўрқадиган кишилар билан маслаҳат қил», деди.
40. Абу Юсуф айтади: Исмоил ибн Абу Холид Саъид ибн Абу Бурдадан ривоят қилади: Умар ибн ал-Хаттоб (р.а.) Абу Мусога шундай хат ёзди: «Аммо баъд! Албатта, Аллоҳнинг ҳузурида бошлиқларнинг энг бахтлиси қўл остидагиларни бахтли қилганидир, бошлиқларнинг энг бадбахти эса қўл остидагиларни бахтсиз қилганидир. (Тўғри йўлдан) юз ўгиришдан эҳтиёт бўл, токи қўл остингдагилар ҳам адашмасин. Акс ҳолда Аллоҳнинг ҳузурида ердаги ўт-ўланга қараб фақат семиришни ўйлайдиган ҳайвон каби бўлиб қоласан. Албатта семириш – унинг ҳалокатидир. Сенга салом бўлсин!»
41. Абу Юсуф айтади: Мисъар бир кишидан ривоят қилади: Умар (р.а.): «Аллоҳнинг амрини (бировга) ён босмайдиган, хушомад қилмайдиган, ҳой-ҳавасларга эргашмайдиган кишигина бажара олади. Яна Аллоҳнинг амрини фақатгина фидокорлиги камаймайдиган ва ўз халқининг ҳаққи борасида хиёнат қилмайдиган кишигина бажара олади», деди.
Абу Юсуф айтади: Баъзи шайхларимиз Усмон ибн Аффоннинг (р.а) озод қилган қули Ҳониъдан ривоят қилади: Усмон (р.а) қачон бирор қабр олдида турса йиғлар эди, ҳатто соқоли ҳўл бўларди. Унга: «Сиз жаннат билан дўзахни эслайсиз лекин йиғламайсиз. Мана бундан йиғлайсиз!» дедилар. Усмон (р.а.) шундай деди: Расулуллоҳ (с.а.в.): «Албатта қабр охират манзилларидан – биринчи манзилдир, кимки қабрда нажот топса, ундан кейин келадигани осондир, кимки қабрда нажот топмаса, ундан кейин келадигани янада оғирдир», дедилар.
42. Расулуллоҳ (с.а.в.): «Мен қабрдан кўра даҳшатлироқ манзарани кўрмадим», дедилар.
43. Абу Юсуф айтади: Абу Ҳанифани (р.а.) шундай деганини эшитдим: Умар халифа қилиб сайланганида Али унга (иккисидан ҳам Аллоҳ рози бўлсин) шундай деди: «Соҳибингизга эргашмоқчи бўлсангиз, кийимингизга ямоқ солинг, изорингизни айлантиринг, оёқ кийимингизни таъмирланг, пойафзалингизни яманг, орзу-истакни камайтиринг, қорнингиз тўймасдан овқатдан туринг».
44. Абу Юсуф айтади: Баъзи шайхларимиз Ато ибн Абу Рабоҳдан ривоят қилади: Али ибн Абу Толиб (р.а.) урушга ҳарбий бўлинма юборганида, уларга бир кишини бошлиқ қилди ва унга: «Албатта ҳузурига борадиганинг Аллоҳдан қўрқ! У дунё ва охиратнинг эгасидир! Нима учун юборилган бўлсанг шуни бажар, сени Аллоҳ азза ва жаллага яқинлаштирадиган амалларни қил, албатта Аллоҳнинг ҳузуридаги нарса бу дунёнинг ўрнини эгаллайди», деди.
45. Абу Юсуф айтади: Исмоил ибн Иброҳим ибн ал-Муҳожир ал-Бажлий Абд ал-Малик ибн Умайрдан ривоят қилади: Менга Сақиф қабиласидан бир киши айтди: «Али ибн Абу Толиб (р.а) мени Укбарода10 солиқ йиғувчи қилиб тайинлади ва ерлик аҳолининг ҳузурида уларга эшиттириб менга шундай деди: «Қара, улардан харожни тўлиқ йиғиб ол, бирор нарсада уларга ён босишдан сақлан ва сенда заиф жиҳатни кўришларига йўл қўйма». Сўнгра менга «Туш вақтида менинг олдимга кел», деди. Мен ўша вақтга бордим ва у: «Мен сенга қарамоғингдаги вилоят аҳлини олдида қилган васиятни қиламан, чунки улар ёлғонга мойил кишилардир. Қара, уларни олдига келганингда, хоҳ қишда бўлсин, хоҳ ёзда кийимларни, керакли (еб турган) озиқ-овқатларни, ишда фойдаланаётган ҳайвонларни (солиқ учун) сотиб юборма, улардан биронтасини дирҳам11 учун бир қамчи ҳам урма, дирҳам ундириш учун бир оёқда туришга мажбур қилма, харождан (тўланмаган) бир нарса учун ҳеч кимнинг мол-мулкини (мол-дунёсини) сотма, биз улардан (солиқ сифатида) фақатгина ортиқча нарсани олишга буюрилганмиз. Агарда сен мен буюрган нарсага хилоф иш қилсанг, бунинг учун Аллоҳ сени менсиз жазолайди, агар хилоф иш қилганинг ҳақида эшитсам, мен сени мансабингдан тушираман», деди. Мен: «Сенинг ҳузурингдан қандай чиқиб кетган бўлсам, шундай қайтиб келаман», дедим. Али (р.а.): «Агар чиқиб кетганингдек қайтсанг, сенга яхшидир», деди. Сўнгра мен жўнаб кетдим ва у менга буюрганидек иш тутдим, кейин харождан бирор нарсани камайтирмаган ҳолда (қўлдан чиқармасдан) қайтиб келдим.
46. Абу Юсуф айтади: Баъзи шайхларимиз Муҳаммад ибн Каъб ал-Қуразийдан ривоят қилади: Умар ибн Абд ал-Азиз (р.а) халифа этиб сайланганида менга одам юборди, мен (у вақтда) Мадинада эдим. Кейин келдим ва унинг ҳузурига кирганимда ундан кўзимни узмай таажжуб билан тикилиб турдим. У менга «Эй Ибн Каъб, сен менга бундан аввал ҳеч қарамаган назаринг билан қараяпсан», деди. Мен: «Бу таажжубдан!», дедим. У: «Сени нима ажаблантирди?», деди. Мен: «Юзингни ранги, жисмингни озғинлиги ва сочингни ўсиб кетгани», дедим. У: «Мени қабрга қўйилганимдан уч кун ўтиб, кўз қорачиқларим юзимга чиқиб кетган, бурнимдан йиринг ва қон оқаётган ҳолатда кўрганингда нима бўларди?! Мени янада танимаган бўлардинг», деди.
47. Абу Юсуф айтади: Баъзи шайхларимиз Умар ибн Зардан (русча таржимада Абу Зар) ривоят қилади: «Умар ибн Абд ал-Азизнинг адолатсизликни (қонунга хилоф солиқларни) бартараф қилиш ва одамларга улушларини тақсимлашдан бошқа ташвиши йўқ эди».
48. Абу Юсуф айтади: Шом аҳлидан бўлган бир шайх ривоят қилади: Умар ибн Абд ал-Азиз халифа этиб сайланганда унга юклатилган одамларнинг ишидан (мажбуриятдан) ташвиш чекиб, икки ой давомида ғам-қайғуга берилди. Сўнгра уларнинг ишларини ўрганиб чиқиб, қонунга хилоф равишда йиғилган солиқларни эгаларига қайтара бошлади. У ўз ишидан кўра кўпроқ одамларнинг ташвиши билан банд эди. Умар Аллоҳ унга раҳм қилсин умрининг охиригача шундай ҳаёт кечирди. Умар вафот этганда фақиҳлар унинг аёлининг олдига келиб таъзия билдирдилар ва унинг ўлими сабабли ислом аҳлига катта мусибат етгани ҳақида гапирдилар. Аёлига: «Умар ҳақида бизга гапириб бер, чунки инсоннинг оиласи у ҳақида бошқалардан кўпроқ билади», дедилар.
У шундай деди: «Аллоҳга қасамки, у сизлардан кўпроқ намоз ўқимас ва рўза тутмас эди. Лекин Аллоҳга қасамки, мен Умарчалик Аллоҳдан қўрқадиган Худонинг бандасини кўрмадим. Аллоҳ унга раҳм қилсин, у жисми ва қалбини халқига бағишлаган эди, кун бўйи уларнинг ишлари билан машғул бўлар, агар кеч кирганда ҳам ишлари тугамаса, бу билан тун бўйи машғул бўларди. Бир куни кеч бўлганда ишларидан фориғ бўлиб, ёритишда фойдаланадиган шамчироғини олиб келишни буюрди. Сўнгра икки ракъат намоз ўқиди ва қўлини иягига қўйиб чўккалаб ўтирди ва кўз ёшлари юзига оқа бошлади, шу ҳолатда саҳаргача ўтириб, рўзадор ҳолатида тонг оттирди.
Мен: «Эй мўминлар амири, сизга нима бўлдики, бу тунни кўрмадингиз (бу тунда ухламадингиз)», дедим.
Умар: «Ҳа, менга бу умматнинг – қора танлисининг ҳам, қизил танлисининг ҳам ишлари юклатилгани ҳақида ўйладим, ялиниб сўраётган бечораҳол ғарибни, муҳтож фақирни, жабрланаётган асирни ва ер юзидаги шу каби одамларни эсладим, шуни билдимки, албатта Аллоҳ таоло улар ҳақида мендан сўрайди ва Муҳаммад (с.а.в.) улар ҳақидаги далилларимни рад этадилар, Аллоҳнинг ҳузурида менга ҳеч қандай узр бўлмаслигидан қўрқдим, Муҳаммад (с.а.в.) мен билан бирга туриб ҳужжат келтирмайдилар, мен ўзим учун қўрқдим», деди.
Аллоҳга қасамки, агар Умар киши аёлидан хурсанд бўладиган вазиятда бўлса, Аллоҳнинг амридан бирор нарсани эслар ва худди чумчуқ сувга тушганда типирчилагани каби ҳавотирга тушар эди. Шундан кейин унинг йиғлаган овози эшитилар ва мен унга раҳмим келиб устимиздаги ёпинчиқни очардим. У: «Аллоҳга қасамки мен биз билан амирлик мартабаси ўртасида икки шарқ орасидек масофа бўлишини хоҳлардим», дер эди.
49. Абу Юсуф айтади: Куфалик баъзи шайхларимиз ривоят қилади: Менга мадиналик шайх шундай деди: «Умар ибн Абдул-Азизни Мадинада кўрдим, у одамлар орасида энг яхши кийинадиган, ундан энг хушбўй ҳидлар тараладиган ва фахр билан юрадиган кишилардан эди. Сўнгра уни халифа бўлганидан кейин кўрдим, у роҳибларга ўхшаб юрар эди. Кимки сенга унинг бундай юриши туғма деб айтса, Умар ибн Абдул-Азиз билан бўлган нарсадан кейин унга ишонма!».
50. Абу Юсуф айтади: Баъзи шайхларимиз Исмоил ибн Абу Ҳакимдан ривоят қилади: Бир куни Умар ибн Абдул-Азиз жуда қаттиқ ғазабланди – у қизиққон эди, бу вақтда ўғли Абдул-Малик унинг ёнида эди. Жаҳлидан тушгандан сўнг Умарга шундай деди: «Эй мўминлар амири, Аллоҳнинг сендаги неъмати, Аллоҳ сенга берган лавозими, бандаларининг ишини сенга топширганини шундай қадрлайсанми?! Қандай қилиб ғазаб сени мен кўрган аҳволга солиши мумкин?!», деди.
Шунда Умар: «Нима дединг?», деди. Абдул-Малик унга айтган гапини қайтарди. Умар унга шундай деди: «Ғазабланма эй Абдул-Малик! Агар ғазаб бирор нарсада намоён бўлгунича уни қайтармасам, мендаги қўрқув ҳеч нарсада ёрдам беролмайди», деди.

Download 1,04 Mb.

Do'stlaringiz bilan baham:
  1   2   3   4   5   6   7   8   9   ...   30




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©hozir.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling

kiriting | ro'yxatdan o'tish
    Bosh sahifa
юртда тантана
Боғда битган
Бугун юртда
Эшитганлар жилманглар
Эшитмадим деманглар
битган бодомлар
Yangiariq tumani
qitish marakazi
Raqamli texnologiyalar
ilishida muhokamadan
tasdiqqa tavsiya
tavsiya etilgan
iqtisodiyot kafedrasi
steiermarkischen landesregierung
asarlaringizni yuboring
o'zingizning asarlaringizni
Iltimos faqat
faqat o'zingizning
steierm rkischen
landesregierung fachabteilung
rkischen landesregierung
hamshira loyihasi
loyihasi mavsum
faolyatining oqibatlari
asosiy adabiyotlar
fakulteti ahborot
ahborot havfsizligi
havfsizligi kafedrasi
fanidan bo’yicha
fakulteti iqtisodiyot
boshqaruv fakulteti
chiqarishda boshqaruv
ishlab chiqarishda
iqtisodiyot fakultet
multiservis tarmoqlari
fanidan asosiy
Uzbek fanidan
mavzulari potok
asosidagi multiservis
'aliyyil a'ziym
billahil 'aliyyil
illaa billahil
quvvata illaa
falah' deganida
Kompyuter savodxonligi
bo’yicha mustaqil
'alal falah'
Hayya 'alal
'alas soloh
Hayya 'alas
mavsum boyicha


yuklab olish