Давлат ерлари (қатоиъ) ҳақидаги фасл
Абу Юсуф айтади: Ироқдаги давлат ерлари – Кисро, унинг чегарадаги ноиблари ва оила аъзоларига қарашли бўлиб, улардан бошқа ҳеч ким эгалик қилмайдиган ерлардир.
135. Абу Юсуф айтади: Абдуллоҳ ибн Валид ал-Маданий Бану Асадлик бир кишидан ривоят қилиб, у ҳақида: “Савод ишлари бўйича ундан кўра яхшироқ биладиган ҳеч кимни кўрмаганман”, деган. У айтади: “Умарнинг (р.а.) даврида давлат ерлари (савафий)дан келиб тушадиган фойда тўрт миллион дирҳамга етган эди. Бу ерлар давлатнинг фойдали ерлари дейилади. Чунки Умар (р.а.) Кисро ва унинг оила аъзоларига, урушда ҳалок бўлган ёки душман тарафга қочиб кетган одамга қарашли бўлган, суви қуриб қолган ёки сув босган ҳамма ерларни давлатнинг ҳисобига ўтказган эди”.
Шунингдек, Бану Асадлик киши менга яна икки турдаги ер ҳақида айтган эди, лекин эсимда қолмаган.
136. Абу Юсуф айтади: Абдуллоҳ ибн Валид Абдуллоҳ ибн Абу Ҳуррадан ривоят қилади: “Умар ибн Хаттоб (р.а.) Савод аҳлининг ўн хил турдаги – урушда ҳалок бўлган кишининг ери, душман томонга қочиб кетганнинг ери, Кисрога қарашли бўлган ҳамма ерлар, унинг оила аъзоларидан бирига тегишли бўлган ерлар, суви қуриб қолган ва сув босган ҳамма ерларни давлат тасарруфига ўтказди. Кисровийларга тегишли қолган тўрт турдаги ерлар эса ёдимда қолмаган. Умарнинг (р.а.) мазкур ерлардан оладиган харожи етти миллион дирҳамга етган эди. Лекин Жаможим уруши бўлганда одамлар девонни ёқиб юбордилар, натижада асл ёзувлар йўқолди ва энди уларни ҳеч ким билмайди.
137. Абу Юсуф айтади: мадиналик ёши улуғ шайхлардан бири ривоят қилади: “Девондаги ёзувлардан аниқланишича, Умар (р.а.) Кисро ва унинг оила аъзоларига қарашли бўлган ерлар, қочиб кетган ва урушда ҳалок бўлганларнинг ерлари, сув босган ерлар ва чакалакзорларни давлат тасарруфига ўтказган. Шунингдек, Умар (р.а.) бу ерларни хоҳлаган одамига ажратиб берган”.
Абу Юсуф айтади: юқорида зикр қилинганлар ҳеч кимга тегишли бўлмаган ва бирор кишига мерос қилинмаган мол-мулк сифатида қаралади ва одил имом уни исломга фойда келтирган одамга бериш ҳуқуқига эга бўлади, фақат уни муносиб бўлган кишига бериб, бу борада унга берилган ҳуқуқни суиистеъмол қилмаслиги керак. Бу ерлар билан ҳам худди шундай. Менинг фикримча, Ироқдаги давлат ерлари билан ҳам шу йўл тутилган. Ҳажжож ва Умар ибн Абдулазиз ҳам мана шундай қилишган. Умар (р.а.) бунда суннатга асосланган, сабаби одил ҳокимлар бирор кимсага ер берган бўлса, уни қайтариб олишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Агар бир киши бировга берилган ерни олиб бошқасига берса, бу ерларга бир кишидан зўрлик билан тортиб олиниб, бошқасига берилган мол-мулк сифатида қаралади. Жисмоний шахсларга берилган давлат ерлари солиқ олинадиган ерлар жумласидан бўлгани учун, улардан ушр солиғи олинади. Албатта бу масалани имом ҳал қилади – агар ушр солиғи солишни тўғри деб билса ушр солиғи, икки ҳисса ушр солиғи солишни тўғри деб билса икки ҳисса ушр солиғи олади. Агар харож ерлари суғориладиган анҳорлар билан суғорилишини эътиборга олиб, харож солиғи солишни тўғри деб билса, харож солиғи олади. Хусусан Ироқ ерларида мазкур масалада имомга кенг ваколат берилган. Мазкур ерлардан ушр солиғи ариқлар қазиш, бинолар қуриш ҳамда ерга ишлов беришга кетадиган харажатларни эътиборга олган ҳолда олинади. Чунки бу – ер соҳиби учун катта харажат бўлиб, шуни ҳисобга олиб ушр солиғи солинади.
Бу борада қандай иш юритиш ўзингга ҳавола эй мўминлар амири, нимани тўғри деб билсанг, Аллоҳнинг хоҳиши билан шуни қил!
Фасл
Ҳижоз, Макка, Мадина, Яман ва Расулуллоҳ (с.а.в.) фатҳ қилган бошқа араб ерларидаги солиқни ошириб ҳам, камайтириб ҳам бўлмайди. Чунки у нарса Расулуллоҳнинг (с.а.в.) амрлари ва қарорлари билан бўлган ва имом уни ўзгартириши мумкин эмас.
Бизга етиб келган маълумотларга кўра Расулуллоҳ (с.а.в.) бир қанча араб ерларини фатҳ қилиб, уларга ушр солиғи солганлар, ҳеч биридан харож солиғи олмаганлар.
Бу ерлар борасида бошқа (ҳанафий) қонуншуносларнинг ҳам фикри шундай.
Ўзингга маълум, Макка ва Ҳарамга харож солиғи солинмаган, араб ерларининг ҳаммаси, Баҳрайн ва Тоифга ҳам худди шундай қилинган. Яна шуни ҳам биласанки, бутларга сиғинувчи араблардан исломни қабул қилиши талаб қилинган, бош тортсалар қатл қилинганлар, бошқа халқлардан олингани каби улардан жизя солиғи олинмаган. Араб ерларида ҳолат шундай эди.
Пайғамбар (с.а.в.) Яман аҳолисидан аҳли китоб бўлган арабларга Аллоҳ азза ва жалланинг китобидаги қуйидаги сўзи: “Сизлардан кимки улар билан дўст тутинса, у албатта улардан (бўлиб қолур)” (Моида, 51) асосида харож36 солиғи солганлар ва ҳар бир вояга етган эркак ва аёлга бир динор ёки шу пулга тенг маъофир матосини солиқ сифатида белгилаганлар. Ерларига харож солиғи эмас, балки табиий суғориладиган ерларга ушр, сунъий суғориладиган ерларга суғориш учун кетадиган харажатларни ҳисобга олган ҳолда ярим ушр солиқ солганлар.
Фасл
Хорижийлар тўғри йўлдан адашдилар ва араб ерларини форс ерлари билан бир хил даражада кўриб, Расулуллоҳнинг (с.а.в.) саҳобалари ижмо қилган нарсани, шунингдек, Умар ва Алининг сўзларини қабул қилмадилар. Расулуллоҳнинг (с.а.в.) бу борада ижмо қилган саҳобалари хорижийлардан кўра (Аллоҳнинг хоҳишини) яхшироқ тушунтирадилар ва (Унинг) ёрдамига кўпроқ таянадилар.
Фасл
Басра ва Хуросон ерлари эса менинг назаримда Савод ерлари билан бир хил даражада бўлиб, куч билан фатҳ қилинган ерларга харож солиғи, аҳолиси билан сулҳ тузиб қўлга киритилган ерларга, сулҳ шартлари асосидаги солиқ, аҳолиси исломни қабул қилган ерларга ушр солиғи солинади. Мен Савод ва юқорида зикр қилинган ҳудудларни ҳеч бир нарсада фарқламайман. Мазкур ҳудудлар борасида маълум амалиётлар жорий қилинган бўлиб, ўтган халифалар уни амалга оширганлар, фикримча сен ҳам шундай қилишинг керак. Иш мана шундай, унга амал қилиш керак.
Абу Юсуф айтади: Ироқ, Ҳижоз, Яман, Тоиф ва бошқа араб ерларида ҳеч кимга қарашли эмас, бировнинг қўл остида бўлмаган, бировга мулк ёки мерос қилиб берилмаган ва қаровсиз бўлган ерлар бор бўлиб, имом уни бир кишига инъом қилса ва ўша одам ерга ишлов берса, агар ер харож солиғи тўланадиган ҳудудда бўлса, ўзига берилган ердан харож солиғи тўлайди. Харож солиғи куч билан қўлга киритилган ерлардан олинади, Савод ва бошқа шу каби ерлар бунга мисол. Агар ер ушр солиғи тўланадиган ҳудудда бўлса, ўзига берилган ердан ушр солиғи тўлайди. Ушр солиғи аҳолиси исломни қабул қилган ҳудудлардан олинади.
Ҳижоз, Мадина, Макка, Яман ва бошқа барча араб ерларидан ушр солиғи олинади. Куч билан қўлга киритилган ва имом томонидан бирор кишига тақсимланган барча ерлардан харож солиғи олинади, агар имом хоҳласа уни ушр солиғига ўзгартириши мумкин.
Бундай ҳуқуқ имомнинг ваколатида бўлиб, агар бир кишига харож ерларидан бўлган ер инъом қилиб, ундан ушр ёки бир ярим ушр ё икки баробар ушр ва ундан кўп ёки харож солиғи олишни тўғри деб билса, шундай қилади. Имом ер эгаларига қандай солиқ солишни тўғри деб ҳисобласа, масалани шундай ҳал қилади.
Умид қиламанки, бу борада имомнинг кенг ваколати бўлади ва у ўзи хоҳлаганидек иш тутади. Фақат Ҳижоз, Мадина, Макка, Яман ҳудудидаги ерлар ундай эмас, улардан харож олинмайди, имомнинг бу борада ваколати йўқ ва у Расулуллоҳнинг (с.а.в) амрлари ва қарорлари билан бўлган нарсани ўзгартириши мумкин эмас.
(Эй мўминлар амири) мен сенга ҳаммасини баён қилдим, икки йўлдан қайси бирини маъқул кўрсанг, шунисини танла ва мусулмонлар учун яхшироқ бўлган, уларнинг хосу-омларига умумий фойда келтирадиган ҳамда дининг учун тўғри бўлганига Аллоҳнинг хоҳиши билан амал қил!
138. Абу Юсуф айтади: Мужолид ибн Саъид Омир аш-Шаъбийдан ривоят қилади: Умар ибн Хаттоб (р.а.) Утба ибн Ғазвонни Басрага юборди – у вақтда Басра Ҳинд ерлари деб номланарди, Утба Басрага Саъд ибн Абу Ваққос Куфага етиб боришидан аввал етиб борди, отасининг ўғли Зиёд37 у ерда масжид ва қаср қурган ва улар ҳозир ҳам мавжуд. Абу Мусо ал-Ашъарий Тустар, Исфаҳон, Миҳражон Қузақ ва Моҳ Зубённи фатҳ қилди, бу вақтда Саъд ибн Абу Ваққос Мадоинни қамал қилаётган эди.
Абу Юсуф айтади: Адолатли ҳукмдорлар томонидан кимгадур берилган Савод, Араб, Жибал ва юқорида зикр қилганимиздек имом тақсимлаб бериши мумкин бўлган ерларни, улардан кейин келган халифалар уни бекор қилиб, ворислик ёки сотиб олиш йўли билан у ерларга эгалик қилаётганлардан тортиб олиши мумкин эмас. Агар волийлардан бири бу ерларни биронтасидан олиб, бошқасига берса, у бировдан зўрлик билан тортиб олиб бошқасига берадиган зулмкор даражасида бўлади. Имомнинг бирор инсонга мусулмон ёки муоҳиднинг ҳаққи бўлган ерни бериш ёки унинг бир қисмини олиб қўйиш ваколати йўқ. Лекин агар ер эгасининг имомда қарзи бўлса, имом ундан қарзи миқдоридаги ерни олиб ўзи хоҳлаган одамга бериши мумкин.
Ер менинг наздимда пул кабидир, имом исломга фойда келтирган ва унинг ёрдами билан душмандан устун келинадиган одамга давлат хазинасидан пул бериши мумкин, имом бу иш мусулмонлар учун яхши ва улар учун фойдали бўлишини билса, уни амалга оширади.
Давлат ерлари ҳам худди шундай, имом юқорида айтиб ўтилган ҳудудлар доирасидаги ерлардан хоҳлаган кишисига беради. Менинг фикримча, имом ҳеч кимга тегишли бўлмаган ва қаровсиз ерларни эътиборсиз қолдирмасдан, одамларга тақсимлаб бериши керак, чунки бу шаҳарларнинг гуллаб-яшнаши ва олинадиган харожнинг кўпайишига замин яратади. Сенга хабар қилганимдек, мана шу – давлат ерларини алоҳида шахсларга бўлиб беришнинг менинг наздимдаги чегарасидир.
Абу Юсуф айтади: Расулуллоҳ (с.а.в) ҳам ерларни маълум кишиларга бўлиб берганлар ва бу билан инсонларни исломга жалб қилганлар, у кишидан сўнг халифалар ҳам кимларга ер берилишини фойдали деб билсалар, ўшаларга ерларни тақсимлаб берганлар.
139. Абу Юсуф айтади: Ибн Абу Нажиҳ Амр ибн Шуайбдан, у отасидан ривоят қилади: Расулуллоҳ (с.а.в.) Музайна ёки Жуҳайна қабиласидаги одамларга ер ажратиб бердилар. Улар дунёдан ўтгач, бошқалар келиб у ерларга ишлов бердилар. Шунда жуҳайналиклар ёки музайналиклар Умар ибн Хаттобга (р.а.) шикоят қилиб келдилар. Умар: “Агар бу ер мен ёки Абу Бакр томонидан берилган бўлганида, уни қайтариб олардим, лекин уни Расулуллоҳ (с.а.в.) бўлиб берганлар” деди ва сўнгра “Кимнинг ери бўлсаю, уни уч йил давомида ишлов бермасдан қаровсиз ташлаб қўйса ва бошқалар келиб у ерга ишлов берсалар, улар бу ерга ҳақлироқ бўладилар”, деб қўшимча қилди.
140. Абу Юсуф айтади: Ҳишом ибн Урва отасидан ривоят қилади: Расулуллоҳ (с.а.в.) Зубайрга хурмолар ўсадиган ер бердилар, бу ер аввал Бани Назир қабиласига қарашли эди. У ерлар Журф38 деб номланарди. Умар ибн Хаттоб (р.а.) ал-Ақиқни маълум кишиларга бўлиб бериб, Урва ибн Зубайрнинг еригача борди ва: “Бугун ер сўровчилар борми? Агар ернинг яхшиси бўлса, у мен турган жойдир” деди. Хаввот ибн Жубайр: “Уни менга беринг”, деди ва Умар у ерни унга берди.
141. Абу Юсуф айтади: Суфён ибн Уяйна Амр ибн Динордан ривоят қилади: “Пайғамбар (с.а.в.) Мадинага келганларида Абу Бакр ва Умарга ер ажратиб берганлар”.
142. Абу Юсуф айтади: Ашъас ибн Саввор Ҳубайб ибн Абу Собитдан, у Салт ал-Маккийдан, у Абу Рофиъдан ривоят қилади: “Пайғамбар (с.а.в.) уларга ер ажратиб бердилар, лекин улар ерга ишлов бера олмадилар ва Умар ибн Хаттобнинг (р.а.) халифалиги даврида уни саксон минг динор ёки сакки юз минг дирҳамга сотдилар. Бу пулларини Али ибн Абу Толибга (р.а.) сақлаш учун бердилар, уни қайтариб олганларида эса берганларидан кўра камлигини кўрдилар”.
Улар: “Бу биз берган пулдан камку”, дедилар.
Али: “Закотини ҳисобланглар!”, деди.
Улар закотни ҳисобладилар ва пуллари тўғри эканини билдилар.
Шунда Али: “Мени ўзида ушлаб турган пулдан закот тўламайди деб ўйладингларми?”, деди.
143. Абу Юсуф айтади: Мадиналик шайхларимиздан бири ривоят қилади: Расулуллоҳ (с.а.в.) Билол ибн ал-Ҳорис ал-Мазанийга денгиз ва қоялар (саҳро) орасидаги ерни бердилар. Умар ибн Хаттоб (р.а.) ўз халифалиги даврида Билолга: “Сен бу ерга ишлов беришга қодир эмассан”, деди ва бу ердан олинадиган маъданларни олиб, ерни Билолнинг қўлида қолдиришини билдирди.
144. Абу Юсуф айтади: Ал-Аъмаш Иброҳим ибн ал-Муҳожирдан, у Мусо ибн Талҳадан ривоят қилади: Усмон ибн Аффон (р.а.) Абдуллоҳ ибн Масъудга Наҳрайндан ер берди, Аммор ибн Ёсинга Истинёни, Хаббобга Саънабани, Саъд ибн Моликка Ҳурмузон қишлоғини берди. Бу ерлар ҳаммаси ёнма-ён жойлашган эди. Абдуллоҳ ибн Масъуд ва Саъд ўз ерларини бошқаларга учдан бир ёки тўртдан бир ҳосил эвазига ишлов беришга бердилар.
145. Абу Юсуф айтади: Абу Ҳанифа (р.а.) ўзига айтиб берганлардан ривоят қилади: Абдуллоҳ ибн Масъуднинг харож тўланадиган ери бор эди. Ҳусайн ибн Алининг харож тўланадиган ери бор эди. Расулуллоҳнинг (с.а.в.) бошқа саҳобаларининг ҳам харож тўланадиган ерлари бор эди. Шунингдек, Шурайхнинг ҳам харож тўланадиган ери бор эди ва уларнинг ҳаммаси харож тўлар эдилар. (Абдуллоҳ ибн Масъуд, Ҳусайн ибн Али ва Расулуллоҳнинг (с.а.в.) бошқа саҳобаларининг харож тўланадиган ерлари бор эди. Шунингдек, Шурайхнинг ҳам харож тўланадиган ери бор эди ва уларнинг ҳаммаси харож тўлар эдилар).
Абу Юсуф айтади: Мазкур ривоятларда келишича, Пайғамбар (с.а.в.) маълум кишиларга ер ажратиб берганлар ва у зотдан кейин халифалар ҳам шундай қилганлар. Расулуллоҳ (с.а.в.) бу ишлари билан кишиларни исломга жалб қилиш ва ерга ишлов бериш каби яхшиликни кўзлаганлар. Шунингдек, халифалар ҳам исломга фойдаси теккан ва душмандан ғолиб келганларга ер ажратиб берганлар ва бу ишларини энг афзал йўл деб ҳисоблаганлар, акс ҳолда бундай қилмаган бўлардилар. Яна улар мусулмон ва муоҳидга қарашли ерларга тегмаганлар.
146. Абу Юсуф айтади: Ҳишом ибн Урва отасидан, у Саъид ибн Зайддан ривоят қилади: Расулуллоҳ (с.а.в.): “Ким ҳаққи бўлмаган ҳолда бир қарич ерни олса, (қиёмат кунида) бўйнига етти ерга тенг тақинчоқ осилади” дедилар.
Do'stlaringiz bilan baham: |