«(У ўлжалар яна) ўз диёрларидан ва мол-мулкларидан ҳайдаб чиқарилган камбағал муҳожирларникидир, зеро, улар Аллоҳдан фазл ва ризолик истайдилар» (Ҳашр, 8) оятини «Улардан кейин (дунёга) келган зотлар …» (Ҳашр, 10) гача ўқиди.
Умар: «Мен қандай қилиб уни сизларга тақсимлаб, кейин келадиганларни улушсиз қолдираман», деди. Шундан сўнг Саводни тарк қилиб, ундан харож йиғишга келишилди. Ерларига харож солиғи, киши бошига жизъя солиғи солиб, уни аҳолисининг қўлида қолдириладиган бўлди.
82. Абу Юсуф айтади: ас-Сарий ибн Исмоил Омир ибн аш-Шаъбийдан ривоят қилади: «Умар ибн Хаттоб (р.а.) Саводни ўлчади, у ўттиз олти минг минг жарибни ташкил қилди. У экинларнинг ҳар жарибига бир дирҳам ва бир қафиз, узумзорларни ҳар жарибига ўн дирҳам, хурмозоларнинг ҳар жарибига беш дирҳам солиқ солди. Кишиларга эса, ўн икки дирҳам, йигирма тўрт дирҳам ёки қирқ саккиз дирҳам солиқ солди».
83. Абу Юсуф айтади: Саъид ибн Абу Аруба Қатодадан, у Мижлиздан ривоят қилади: «Умар ибн Хаттоб (р.а) Аммор ибн Ёсирни намоз ўқиш ва уруш қилишга, Абдуллоҳ ибн Масъудни қозилик ишлари ва байтул молга, Усмон ибн Ҳунайфни ерларни ўлчашга масъул қилиб юборди. Улар учун кунига биттадан қўйни маош қилиб белгилади, унинг ярми ва ичаклари Аммор ибн Ёсирга, тўртдан бир қисми Абдуллоҳ ибн Масъудга, қолган тўртдан бир қисми Усмон ибн Ҳунайфга тегишли эди. Умар: «Мен ўзимни ва сизларни бу мол борасида етимнинг васийси қаторига қўяман. Аллоҳ таборака ва таоло шундай дейди: «Ким бой бўлса, (етимнинг мулкидан ейишдан) сақлансин. Агар камбағал бўлса, яхшиликча (меъёрида олиб) есин» (Нисо, 6). Аллоҳга қасамки, ундан кунига биттадан қўй олинадиган ер тез кунда хароб бўлади», деди.
Усмон ерларни ўлчади ва узумзорларнинг ҳар жарибига ўн дирҳам, хурмозоларнинг ҳар жарибига саккиз дирҳам, қамишзорларнинг ҳар жарибига олти дирҳам, буғдойзорларнинг ҳар жарибига тўрт дирҳам, арпазорларнинг ҳар жарибига икки дирҳам, киши бошига ўн икки дирҳам, йигирма тўрт дирҳам ва қирқ саккиз дирҳам солиқ солди, аёллар ва ёш болаларни солиқдан озод қилди.
Саъид: «Баъзи дўстларим айтгани меникига тўғри келмайди: хурмозорларнинг жарибига ўн дирҳам, узумзорларнинг жарибига саккиз дирҳам», деди.
84. Муҳаммад ибн Исҳоқ Ҳориса ибн Музрибдан, у Умар ибн Хаттобдан (р.а.) ривоят қилади: «Умар Саводни мусулмонлар ўртасида тақсимлашни хоҳлади ва уларга ҳисоблаб чиқишни буюрди. Натижада бир кишига икки ёки учтадан деҳқон тўғри келди. Умар Муҳаммаднинг (с.а.в.) саҳобалари билан маслаҳатлашди, шунда Али (р.а.): «Уни тақсимламанг, мусулмонларга мулк бўлиб қолсин», деди.
Умар Усмон ибн Ҳунайфни юборди, у қирқ саккиз, йигирма тўрт ва ўн икки дирҳам солиқ солди.
85. Али ибн Абу Толибдан (р.а.) бизга етишича, у: «Агар бир-бирингизни юзингизга урмаганингизда эди, Саводни сизларнинг ўртангизда тақсимлаган бўлардим», деди. Савод аҳли Алига шикоят қилишди ва у Саълаба ибн Язид ал-Ҳиммоний бошчилигида юзта отлиқни юборди. Саълаба у ерда ёмонликларни кўрди ва қайтиб келгач: «Аллоҳга қасамки, бошқа ҳеч қачон Саводга қайтмайман», деди.
86. Абу Юсуф айтади: Ал-Аъмаш Иброҳимдан, у Муҳожирдан, у Амр ибн Маймундан ривоят қилади: Умар (р.а.) Ҳузайфа ибн Ямонни Дажла дарёси ортидаги ерларга, Усмон ибн Ҳунайфни унинг олдидаги ерларга юборди ва қайтиб келганларида улардан сўради: «Ерга қандай солиқ солдингиз? Солиқни аҳолисига оғирлик қиладиган даражада солмадингизми?» деб сўради.
Ҳузайфа: «Мен уларга етарлича қолдирдим», деди.
Усмон: «Мен уларга ярмини қолдирдим, агар хоҳласанг уни ҳам олардим», деди.
Умар (р.а.): «Шундайми, Аллоҳга қасамки, агар уни Ироқ аҳлининг беваларига қолдирсам, мендан кейин келадиган амирга уларнинг эҳтиёжларини қолдирмасдим», деди.
87. Абу Юсуф айтади: Ас-Сарий аш-Шаъбийдан ривоят қилади: «Умар ибн Хаттоб (р.а.) узумзорларга ўн дирҳам, хурмозорларга беш дирҳам, ишлов берилган ёки берилмаганидан қатъий назар сув етиб борган ҳар қандай ерларга дирҳам ва махтум24 солиқ солди. (Омир айтади: «У махтум ҳажжожий25 бўлиб, худди соъ26 кабидир»). Ёмғир билан суғориладиган хурмозоларга ушр, сунъий равишда суғориладиган ерларга ярим ушр солиқ солинди, хурмозорларни тагидаги ишлов берилган ерларга эса ҳеч қандай солиқ солинмади.
88. Ҳусайн ибн Абдураҳмон Амр ибн Маймундан ривоят қилади: «Мен Умар ибн Хаттобни (р.а) қаттиқ яраланишидан уч ёки тўрт кун олдин кўрдим, у Ҳузайфа ибн Ямон ва Усмон ибн Ҳунайфни чақириб улардан: «Ерларга кўтармайдиган даражада солиқ солмадингизми?» деб сўради. Усмон Фрот дарёси атрофидаги ерларнинг, Ҳузайфа эса Дажла дарёси ортидаги Жавхадан бошлаб Дажла билан суғориладиган ерларнинг солиқ йиғувчиси эди.
Усмон: «Мен ерларга уларга муносиб даражада солиқ солдим, агар сен хоҳлаганингда мен ўз ерларимдан икки баробар солиқ олар эдим», деди.
Ҳузайфа: “Мен ерларга уларнинг тоқатига яраша солиқ солдим, шундан ташқари яна кўп ортиб қолди”, деди.
Умар (р.а.): “Ерлар учун имкондан ташқари солиқ белгиламанглар. Агар мен Ироқ аҳлининг беваларига қолдирсам, мендан кейинги амирга эҳтиёжлари бўлмайди”, деди.
Ҳузайфа Жавхада, Усмон ибн Ҳунайф Фрот дарёсининг қуйи қисмидаги ерларда мухрлаш ишларига масъул эдилар.
Умар (р.а.) ўз васиятида зиммийлар борасида улар билан тузилган аҳдлашувга риоя қилиш, тоқатларидан ортиқ нарсани юкламаслик ва уларга қарши урушганлар билан уруш қилишни васият қилди.
89. Абу Юсуф айтади: Мужолид ибн Саъид Омир аш-Шаъбийдан ривоят қилади: Умар ибн Хаттоб (р.а.) Савод ерларини ўлчашни хоҳлаганида одам юбориб Ҳузайфага “Менга Жавхадан деҳқон юбор”, Усмон ибн Ҳунайфга эса “Менга Ироқ томондан деҳқон юбор” деб кўрсатма берди. Уларнинг иккиси ҳам биттадан деҳқон юборди, деҳқонларнинг ҳар бири билан бирга Ҳийрадан иккита таржимон ҳам бор эди.
Улар Умарнинг (р.а.) ҳузурига келганларида у: “Ерларингиздан форсларга қандай солиқ тўлар эдингиз?” деб сўради.
Улар: “Йигирма етти дирҳам”, дейишди.
Умар (р.а.): “Менга бу тўғри келмайди”, деди ва ишлов берилган ёки берилмаганидан қатъий назар сув етиб борган ҳар бир жариб ерга 1 қафиз буғдой ёки арпа ва 1 динор солиқ солди.
Ҳузайфа ва Усмон ерларни ўлчадилар, уларнинг майдони турлича чиқди. Усмон ер солиғи ҳақида яхши билар эди, у ерларни дебож ўлчови бўйича ўлчади. Жавха аҳолиси ёмон одамлар бўлиб, улар ерларни ўлчашда Ҳузайфани алдадилар. Ўша вақтда Жавха гуллаб яшнаган эди, ўлчов ишларидан кейин эса харобага айланиб, сувлари қуриди ва ундан олинадиган фойда камайиб кетди. Ўлчаш ишларида Ҳузайфани алдаганлари учун даромадлари камайиб кетди.
90. Абу Юсуф айтади: Ҳасан ибн Али ибн Умора Ҳакам ибн Утайбадан, у Амр ибн Маймун ва Ҳориса (Жарий) ибн Музрибдан ривоят қилади: “Умар ибн Хаттоб (р.а.) Усмон ибн Ҳунайфни Саводга юбориб, ерларини ўлчашни буюрди ва ишлов берилган ёки берилмаганидан қатъий назар ҳар бир жариб ердан олинадиган нарса учун дирҳам ёки қафиз солиқ белгилади. Узум, хурмо, янги пишган мева ва сабзавотларга эса ҳеч нарса белгиламади. Киши бошига 48 дирҳам солиқ солди, шунингдек у ердан ўтадиган мусулмоларни 3 кун меҳмон қилиш шартини қўйди.
Усмон улардан 3 йил солиқ йиғиб, Умарга (р.а.) юборди ва: “Бундан ортиғига ҳам уларнинг тоқатлари етар эди”, деди.
91. Абу Юсуф айтади: Ҳажжож ибн Артат Ибн Авфдан ривоят қилади: “Умар ибн Хаттоб (р.а.) Саводни Ҳулвон тоғигача ўлчади ва ишлов берилган ёки берилмаганидан қатьий назар табиий ёки сунъий равишда суғориладиган ҳар бир жариб ерга дирҳам ва қафиз, киши бошига бой бўлса 48 дирҳам, ўртаҳол бўлса 24 дирҳам, камбағал бўлса 12 дирҳам солиқ белгилади ва уларнинг бўйинларига мухрланган ... осдирди. Уларга ёрдам сифатида хурмозорларга солиқ белгиламади, узумзорларнинг ҳар жарибига 10 дирҳам, кунжутнинг ҳар жарибига 5 дирҳам, кўкатлар ва ёзги маҳсулотларни жарибига 3 дирҳам, пахтанинг жарибига 5 дирҳам солиқ белгилади.
92. Абу Юсуф айтади: Абдуллоҳ ибн Саъид ибн Абу Саъид бобосидан ривоят қилади: “Умар ибн Хаттоб (р.а.) қайси қавм билан сулҳ тузса уларга маълум бир харож солиғини тўлаш, мусофир мусулмонларни уч кун меҳмон қилиш, йўл кўрсатишлари, душманларимизга ёрдам бермаслик ва жиноятчини яширмаслик шартларини қўяр эди. Агар улар шунга амал қилсалар жонлари, оилалари ҳамда мол-мулклари омонда бўлади. Бу борада улар Аллоҳ ва пайғамбарнинг (с.а.в) ҳимоясида бўладилар, бизлар ўзбошимча қўшин эмасмиз”.
Do'stlaringiz bilan baham: |