Умуртқа поғанаси - columna vertebralis алохида тузилишга эга бўлган 5 турдаги умуртқаларнинг ўзаро қўшилишидан хосил бўлади. Умуртқаларнинг турлари: 7-та - бўйин умуртқаси – vertebrae cervicales, 12-та кўкрак умуртқаси -vertebrae thoracicae, 5-та бел умуртқаси - vertebrae lumbales, 5-та думғаза умуртқаси - vertebrae sacrales, 1 дан 3 гача дум умуртқалари - vertebrae coccygeae. Умуртқа поғонаси 4 сохада эгрилик хосил этади: бўйин, кўкрак, бел ва думғаза эгриликлари деб аталади. Бўйин ва бел сохасидаги эгриликлар олдинга, кўкрак ва думғаза сохасидаги эгриликлар эса орқага бўртиб туради.
Олдинга бўртиб турган бўйин ва бел сохасидаги эгриликларга лордоз холати дейилиб, бўйин эгрилиги lordosis cervicalis (lordosis colli) деб аталса, бел сохасидаги эгрилик lordosis lumbalis дейилади. Орқа тарафга йўналган эгриликларга кифоз холати дейилиб, кўкрак эгрилигига kуphosis thoracica деб аталса, думғаза эгрилиги kуphosis sаcralis дейилади. Бу 4 та эгрилик соғ одамларда учрайди.
Баъзи бир паталогик холатларда ён тарафга бўртиб чиққан эгриликлар хосил бўлиб, сколиоз - scoliosis деб аталади. Кўпинча сколиоз холати кўкрак умуртқалари сохасида бўлиб, ўнг тарафга бўртган эгрилик холатида учрайди. Бу эгрилик кўпинча мактаб ўқувчиларининг ёзиш пайтида нотўғри ўтириши сабабидан ёки касб фаолиятининг таъсиридан хосил бўлади.
Умуртқаларнинг умумий тузилиши.
Хар бир умуртқа – vertebra нинг тузилиши бажарадиган вазифасига мос бўлади.
1.Таянч вазифасини бажаргани учун, умуртқаларда танаси- corpus vertebrae бўлади. Биринчи бўйин умуртқасида тана қисми бўлмайди, бел умуртқаларида эса тана қисми каттароқ бўлади. Каттароқ оғирлик тушадиган думғаза умуртқалари қўшилиб, суякланиб кетади.
2. Умуртқа поғанасининг канали орқа мия учун химоя вазифасини бажаради.
Орқа миянинг кенгайган сохаларида умуртқа канали хам кенгроқ бўлади. Орқа миянинг ташқи чегараси II бел умуртқасига тўғри келганлигидан, унинг остида умуртқа канали торайиб бориб, дум умуртқалари сохасида якунланади.
3.Хар бир умуртқада мушаклар бирикадиган ўсимталар бўлади.
Кўндаланг ва қиррали ўсимталарнинг ривожланганлиги уларга бирлашадиган мушак ва бойламларнинг кучи билан боғлиқ бўлади. Бел ва кўкрак сохаларида бу ўсимталарга кучли мушаклар бирикади ва шу сохадаги ўсимталар анча ривожланган бўлади.
Думғаза умуртқаларининг ўзаро қўшилиб кетиши натижасида думғаза суягининг тузилиши бошқачароқ бўлади.
Умуман хар бир сохадаги умуртқаларнинг тузилиши унинг вазифасига мос бўлади.
4. Қовурғалар кўкрак сохасида сақланиб қолади. Қовурғаларнинг олдинги учлари тўш суягига бирикади. Тўш суяги, қовурғаларнинг олдинги ўчидан тараққий этади, елка камари ва қўл пайдо бўлган хайвонлардан бошлаб учрайди.
5. Тана скелетининг тузилишига одамнинг вертикал (тикка) холатига ўтиши қуйидагича таъсир кўрсатади:
5.1. Умуртқа поғонасида эгриликлар хосил бўлади. Охирги бел умуртқаси ва думғаза суяги орасида олдинги тарафга бўртиб чиққан юза promontorium хосил бўлади.
5.2. Умуртқаларнинг танаси пастга йўналган сари катталашиб боради ва нихоят оёқ камари сохасидаги думғаза умуртқалари ўзаро суякланиб кетади.
5.3. Кўкрак қафасининг кенглиги, олдинги – орқа ўлчовидан катта бўлади.
Умуртқа поғанаси – columna vertebralis алохида умуртқа vertebrae ларнинг қўшилишидан хосил бўлади. Умуртқа поғанаси таянч вазифасини бажаради. Умуртқа поғанасининг ичида жойлашган орқа мия учун химоя вазифасини бажаради. Умуртқа поғанасига мушаклар бирлашади ва калла ва тана харакатида фаол қатнашади.
Умуртқа - vertebra (грекча spondylos) - таналари corpus vertebrae билан ўзаро туташган бўлади. Умуртқа таналарида, қўшни умуртқалар билан ўзаро туташадиган юза facies intervertebralis, қирғоқларига epiphisis anularis дейилади. Орқа тарафда эса умуртқанинг ёй қисми arcus vertebrae бўлиб, танаси билан оёқчалар pediculi arcus vertebrae воситасида туташади. Умуртқа ёйининг қолган қисмига lamina arcus vertebrae дейилади. Бу хосилалар орасида эса умуртқа тешиги foramen vertebrale хосил бўлади. Хамма умуртқаларнинг тешиклари - умуртқа поғанасининг канали canalis vertebralis ни ташкил этади.
Умуртқа ёйининг атрофида ўсимталар бўлади. Ўртадан тоқ холда, орқа тарафга қиррали ўсимта processus spinosus, ён тарафга эса жуфт кўндаланг ўсимталар processus transversus йўналади. Умуртқа ёйининг устки ва пастки қисмларидан: устки бўғим ўсимталари processus articularis superior ва остки бўғим ўсимталари processus articularis inferior йўналади. Бўғим ўсимталарида бўғим юзалари бўлиб-юқори бўғим юзасига facies articularis superior, пастки бўғим юзасига - facies articularis inferior дейилади. Умуртқа оёқчалари сохасида юқориги умуртқа ўймаси incisura vertebralis superior ва остки умуртқа ўймаси incisura vertebralis inferior хосил бўлади. Умуртқаларнинг ўзаро бирлашиши натижасида бу ўймалар умуртқалар аро тешик foramina intervertebrale ни хосил этишда қатнашади.
Do'stlaringiz bilan baham: |