Харакат инсон фаолиятининг ўзига хослиги сифатида Фаолият – бу субъектнинг олам билан ўзаро таъсирлашувининг ривожланувчи тизими. Бундай ўзаро таъсир жараёнида психик тасвирнинг юзага келиши ва унинг объектда ифодаланиши, шунингдек, субъектнинг воқелик билан ўз муносабатларини рўёбга чиқариши содир бўлади. Фаолиятнинг исталган оддий акти субъект фаоллигининг ифодаланиш шакли бўлиб ҳисобланади, бу эса, ҳар бир фаолиятнинг ундовчи сабабларга эга бўлиши ва маълум натижаларга эришишга йўналтирилишини билдиради.
Шундай қилиб, фаолиятни одамга хос бўлган, онг томонидан бошқариладиган, эҳтиёжларни қондиришда юзага келадиган, ташқи олам ва инсонни билиш, шунингдек, уларни ўзгартиришга қаратилган фаоллик сифатида таърифлаш мумкин.
Фаолият предметлилик ва субъектлилик хусусиятларига эга. Фаолият предмети деб, у бевосита шуғулланадиган ҳодисаларга айтилади. Масалан, билиш фаолиятининг предмети бўлиб, ҳар хил турдаги ахборотлар хизмат қилади, ўқув фаолиятининг пред-мети – билим, малака ва кўникмалар, меҳнат фаолиятининг предмети – яратилган муайян моддий маҳсулот ҳисобланади. Фаолият субъекти бўлиб одам, индивид ҳисобланади.
Фаолиятнинг предмети ва субъектидан ташқари, ушбу тушунча билан фаолият воситалари ва натижалари ҳам боғлиқ. Фаолиятни амалга оширишда одам учун меҳнат воситалари сифатида у ёки бу ҳаракат ва муолажаларни бажаришда фойдаланадиган асбоблар тушунилади. Фаолият натижалари бўлиб, моддий ёки маънавий хусусиятга эга бўлган яратилган маҳсулотлар ҳисобланади.
Шундай қилиб, фаолият қуйидаги белгилари билан фарқланади:
- фаолликнинг ички мотивга эга шаклидир;
- инсон фаолиятининг маҳсулдорлиги. Моддий ёки ҳар томонлама етук маҳсулотнинг яратилиши;
- инсоннинг хусусий, олий, ижтимоий эҳтиёжларидан келиб чиқади;
- инсоннинг фаолияти ўзи ишлаб чиқарган маҳсулотда намоён бўлади, фаолиятнинг бундай ифодаланиши ёки акс этиши ўзида инсоний билимлар ва малакаларни мужассамлаштиради.
Фаолият назарияси тўлалигича А.Н. Леонтьевнинг илмий ишларида, хусусан, «Фаолият. Онг. Шахс» асарида (М., 1982) баён этилган.
Фаолиятнинг тузилиши ҳақидаги тасаввурлар фаолият назариясини тўлиқ тушунтириб бермасада, унинг асосини ташкил этади.
Инсон фаолияти мураккаб тартибли зинапояли кетмакетлик тузилишига эга. У бир неча қатлам ёки даражалардан иборат. Юқоридан қуйига ҳаракатланиб, уларни номлаб чиқамиз: алоҳида фаолиятлар даражаси (ёки фаолиятнинг алоҳида турлари); ҳаракатлар даражаси; муолажалар даражаси; психофизиологик вазифалар даражаси. Шундай қилиб, фаолият тузилишининг таркибий қисмларига мотив, мақсад, ҳаракат (ташқи, предметли ва ички, ақлий; интериоризация ва экстериоризация жараёнлари), муолажалар, психофизиологик вазифалар киради. Мотив – бу фаолиятга ундовчи сабаб. Мақсад – бу исталган, яъни, фаолиятни бажариш билан эришиладиган натижанинг тасвири.
Ҳаракат – бу фаолият таҳлилининг асосий бирлиги. Таърифга кўра ҳаракат – бу мақсадни амалга оширишга йўналтирилган жараён. «Ҳаракат» тушунчасига оид қуйидаги хусусиятларни келтириш мумкин.
Биринчи хусусият: ҳаракат зарур таркибий қисм сифатида мақсад қўйиш ва уни ушлаб қолиш кўринишидаги онг актини ўз ичига олади.
Иккинчи хусусият: ҳаракат – бу бир вақтнинг ўзида ҳулқатвор акти ҳам бўлиб ҳисобланади .
Шундай қилиб, фаолият назарияси аввалги концепциялардан (бихевиоризм) тафовутлари кўрсатилган бирламчи икки хусусиятларининг онг ва ҳулқатворнинг узлуксиз бирлигини тан олишидан иборат.
Учинчи, жуда муҳим хусусият: фаолият назарияси фаоллик тамойилини «ҳаракат»тушунчаси орқали таъсирчанлик тамойилига қарама-қарши қўйган ҳолда тасдиқлайди. Фаоллик ва таъсирчанлик тамойилларининг алоҳида ҳар биридан келиб чиққан ҳолда фаолият таҳлилининг бошланғич нуқтаси ташқи муҳитга ёки субъект организмига жойлаштирилиши лозим.
Тўртинчи хусусият: ҳаракат тушунчаси одам фаолиятини ижтимоий ва жисмли дунёга «олиб чиқади».
Ҳаракат доимо мақсад билан боғлиқ бўлади. Мақсад ҳаракатни белгилайди, ҳаракат эса мақсаднинг амалга ошишини таъминлайди. Мақсаднинг хусусияти орқали ҳаракат хусусиятини аниқлаш мумкин. Инсон мақсадларини таҳлил қилиб, нималарни айтиш мумкин? Авваламбор, уларнинг жуда хилма-хиллигини, муҳими эса кенг ҳажмлилигини келтириш мумкин.
Йирик мақсадлар майдароқ, хусусий мақсадларга бўлинади, улар ҳам ўз ўрнида булардан ҳам хусусийроқ мақсадларга бўлиниши мумкин ва ҳ.к. Шунга мос равишда ҳар бир етарли даражадаги йирик ҳаракат қуйи тартибли кетма-кетликнинг ҳаракатлар тизимида турли даражаларга ўтиб туришидан иборат. Масалан, бошқа шаҳар билан телефон орқали боғланмоқчисиз. Бу ҳаракатни амалга ошириш учун (И тартиб) сиз бир қатор хусусий ҳаракатларни бажаришингиз керак (ИИ тартиб): шаҳарлараро сўзлашув телефон тармоғига бориб, зарур автоматни топиб, навбатга туришингиз лозим ва ҳ.к. Кабинага киргандан сўнг, абонент билан боғланишингиз керак. Лекин бунинг учун қатор майда ишларни бажаришингизга тўғри келади (ИИИ тартиб): танга ташлаб, тугмачани босиб туриб, маълум сонларни териш керак бўлади ва ҳ.к.
Муолажа – бу фаолият бажарилишининг навбатдаги қуйироқ даражаси. Муолажа деб, ҳаракат бажарилишининг усулига айтилади. Масалан, иккита икки хонали сонларни кўпайтириш амалини хотирада ва мисолни устунча шаклида ёзган ҳолда ечиш мумкин. Бу бир хилдаги математик мисолнинг икки турлича усули ёки икки хил амал бўлади.
Қўлланиладиган муолажаларнинг хусусияти нимага боғлиқ бўлади? Авваламбор, улар ҳаракат амалга ошириладиган шароитларга боғлиқ. Агар ҳаракат мақсаднинг ўзига жавоб берса, муолажа мақсад қўйилган шароитларга жавоб беради. Бундай шароитларга ташқи вазиятлардан ташқари, шунингдек, фаолият кўрсатаётган субъектнинг имкониятлари ёки ички воситалари ҳам киради.
Фаолият назариясида маълум шароитлардан кўзланган мақсад масала деб аталади. Масала ечиш жараёнини тасвирлашда уларни амалга оширувчи ҳаракатларни ҳам, муолажаларни ҳам кўрсатиш лозим.
Муолажаларнинг асосий хоссаси уларнинг камроқ англанганлиги ёки умуман англанмаганлигидан иборат. Бу хоссалари билан муолажалар онгли мақсадни ҳам, ҳаракатнинг бажарилишини назорат қилишни ҳам белгилаб берадиган ҳаракатлардан тамомила фарқ қилади.
Муолажалар икки турга бўлинади: баъзилари адаптация, мослашиш, бевосита тақлид қилиш ёрдамида юзага келади; бошқалари ҳаракатларни автоматлаштириш воситасида пайдо бўлади. Биринчи турдаги муолажалар англанмайди, уларни онгимизда, ҳатто, махсус воситалар ёрдамида ҳам ҳосил қилиш мумкин эмас. Иккинчи тур муолажалар онг чегарасида жойлашади. Улар осонгина долзарб англанувчиларга айланиши мумкин.
Ҳар бир мураккаб ҳаракат ҳаракатлар кетма-кетлиги ва «тўшалувчи» муолажалар қатламидан иборат. Ҳар бир мураккаб ҳаракатда долзарб бўлган онгли ва англанмаган фаолиятлар ўртасидаги чегаранинг белгиланмаганлиги ҳаракатлар кетма-кетлигини муолажалар кетма-кетлигидан ажратиб турувчи чегаранинг ҳаракатчанлигини билдиради. Бу чегаранинг юқорига йўналган ҳаракати муолажадаги баъзи ҳаракатларнинг (асосан, энг соддаларининг) ўзгаришини англата-ди. Чегараларнинг пастга ҳаракатланиши эса, аксинча, муолажаларнинг ҳаракатга айланишини, яъни, фаолиятнинг майдароқ бирликларга бўлинишини билдиради. Қуйида шунга мос мисол келтирамиз. Мунозара вақтида сизда янги ғоя туғилди, ва сиз ифодаланиш усулини ҳисобга олмаган ҳолда, асосан, мазмунидан келиб чиқиб, уни баён қилдингиз, деб тасаввур қиламиз. Сиз кўплаб, яъни, ақлий, нутқли ва ҳ.к. муолажалар билан таъминланган ҳаракатни амалга оширган бўласиз. Уларнинг барчаси биргаликда ғояни баён қилиш фаолиятини амалга оширган бўладилар.
Фаолият тузилишидаги энг қуйи даража – психофизиологик вазифаларни кўриб чиқамиз. Фаолият назариясида бу вазифаларга психик жараёнларнинг физиологик таъминоти киради. Уларга одам организмига хос бўлган ҳис этиш, ўтмиш таассуротларининг қолдиқларини ҳосил қилиш ва қайд этиш лаёқатлари, мотор лаёқати ва бошқалар киради. Мос равишда сенсор, мнемик, мотор вазифалар ҳақида сўз юритиш мумкин. Бу даражага шунингдек, асаб тизими морфологиясида мустаҳкам ўрин тутган туғма ва ҳаётнинг биринчи ойларида юзага келадиган механизлар киради. Барча лаёқат ва механизмлар инсонга туғилиши биланоқ берилади, яъни улар ирсият томонидан белгиланган бўлади.
Психофизиологик вазифалар психик вазифаларни амалга ошириш учун фаолият воситаларини зарур дастлабки шарт-шароитлар билан таъминлайди. Масалан, бирор маълумотни хотирамизда сақлаб қолиш учун тез ва сифатли ёдда сақлаб қолишнинг махсус усулларидан фойдаланамиз. Лекин агарда биз ёдда сақлаб қолиш лаёқатидан иборат мнемик вазифаларга эга бўлмаганимизда, бу фаолиятни амалга ошира олмаган бўлардик. Мнемик вазифалар туғма бўлади. Бола туғилиши биланоқ катта миқдордаги маълумотни ёдида сақлай бошлайди. Дастлаб, бу оддий ахборот бўлиб, кейинчалик ривожланиш жараёнида хотирада сақланиши зарур бўлган ахборот ҳажмидан ташқари, ёдда сақлашнинг сифат кўрсаткичлари ҳам ўзгаради.
«Корсаков синдроми» деб аталадиган (уни илк маротаба ўрганган машҳур россиялик психиатр С.С. Корсаков номи билан) хотира касаллиги мавжуд. Бунда айнан мнемик вазифа оқсайди. Бу касалликда воқеалар, ҳатто, бир неча дақиқа аввал содир бўлганлари ҳам умуман ёдда сақланиб қолмайди. Бундай беморлар, масалан, шифокор билан кунига бир неча марта саломлашиб, бугун овқатланганми ёки йўқми, эсламаслиги ҳам мумкин. Бир бемор онасига китобий асарнинг ўзига ёқиб қолган парчасини ҳозиргина ўқиб берганини ёдидан чиқариб юбориб, бетўхтов ўқиб берарди ва, шу аснода бир неча ўн марталаб такрорларди. Агар бундай бемор бирор матнни ёд олишга уриниб кўрса, у шу заҳотиёқ матн билан бирга ёд олишнингрни ўзини ҳам ёдидан чиқариб юбориши мумкин.
Шундай қилиб, психофизиологик вазифалар фаолият жараёнларининг органик устқурмасини ташкил этади, деб хулоса ясаш мумкин. Уларга таянмай туриб, ҳаракатлар ва муолажаларнинг бажарилишидан ташқари вазифалар белгиланишининг ҳам имконияти мавжуд эмас.
Исталган фаолият тузилишида ички ва ташқи таркибий қисмларни ажратиш мум-кин. Ички таркибий қисмларга марказий асаб тизими томонидан бошқариладиган фаолиятларда иштирок этадиган анатомик ва физиологик тузилмалар ҳамда жараёнлар, шунингдек, фаолиятни бошқаришга тааллуқли психологик жараёнлар ва ҳолатлар киради. Ташқи таркибий қисмларга эса фаолиятни амалиётда бажариш билан боғлиқ турли ҳаракатларни киритиш мумкин (Н.А. Бернштейн).
Фаолиятнинг тараққий этиб ва ўзгариб бориши билан ташқи таркибий қисмларнинг ичкиларига тизимли ўтиши амалга оширилади. Бунда интериоризация, автоматизация ва экстериоризация ҳам кузатилади.
Шундай қилиб, ташқи фаолиятдан ташқари ички, ақлий фаолиятни ҳам ажратиш мумкин. Бундай фаолиятнинг вазифалари нималардан иборат? Авваламбор, бу вазифалар ички ҳаракатларнинг ташқи ҳаракатларни тайёрлашидан иборат. Улар зарур ҳаракатни тезда танлаб олишга имкон яратиб, инсон кучини тежашга, шунингдек, қўпол хатоликларга йўл қўймасликка ёрдам берадилар. Масалан, одам китоб жавонларини деворга қоқиб қўйиш учун жойни мўлжаллайди. Бир йўлни танлаб олиб, баҳолайди, сўнгра ундан воз кечиб, иккинчисига, учинчисига ўтади, ниҳоят, ўзига мос ва қулай ҳолатда тўхталади. Гарчи бу вақт ичида бир марта ҳам «бармоғини қимирлатиб» қўймайди, яъни, бирор бир амалий ҳаракатни амалга оширмайди.
Ҳаракатларни мияда «айлантириб чиқиш» уларни олдиндан ўйлаб олишга кира-ди. Қандай ҳаракат қилишни ўйлаётган инсон қандай йўл тутади? Қандайдир ҳаракатнинг рўёбга чиққанлигини тасаввур қилиб, унинг оқибатларини кўриб чиқади. Уларга қараб, ўзининг ҳолатига мос келадиган ҳаракатни танлайди. Ёки бошқа мисол, кўп ҳолларда инсон қандайдир қувончли ҳодисани кутганида, вақтдан ўзиб, ўша ҳодисани бўлиб ўтгандай тасаввур қилади. Натижада ўзини юзида бахтли табассум билан ўтирганини кўради. Бу мисоллар инсоннинг ички фаолиятига мисол бўла олади. У ўзининг икки асосий хусусияти билан фарқланади. Биринчидан, ички фаолият ташқи фаолият каби тузилишга эга, улар бир-биридан фақат cодир бўлиш шакли билан тафовутланади. Бу икки фаолият мотивлар ёрдамида уйғотилишини, ҳиссий кечинмалар билан бирга кузатилишини, ўзининг муолажавий техник таркиби мавжудлигини билдиради. Ички фаолиятнинг ташқи фаолиятдан фарқи ҳаракатлар реал жисмлар билан эмас, уларнинг хаёлий тасвири билан амалга оширилишидан, реал маҳсулот ўрнига ғоявий натижа ҳосил бўлишидан иборат. Иккинчидан, ички фаолият ташқи фаолиятдан мос ҳаракатларнинг ички ҳолатга ўтказилиш йўли билан пайдо бўлган. Бирор-бир ҳаракатни самарали равишда фикран амалга ошириш учун уни аввало амалиётда ўзлаштириб олиб, реал натижа олиш лозим. Масалан, шахмат ўйинида доналарнинг юриши ўзлаштирилиб, уларнинг оқибатлари идрок этилгандан кейингина шахмат юришини ўйлаб олиш имконияти туғилади.
Шуни таъкидлаб ўтиш лозимки, фаолият назариясининг муаллифлари ички фаолият тушунчаси орқали онг ва психик жараёнлар таҳлили муаммоси билан тўқнашдилар. Фаолият назарияси муаллифларининг фикрига кўра, психик жараёнлар фаолият нуқтаи назаридан таҳлил қилиниши мумкин, чунки исталган психик жараён ўз вазифалари ва муолажавий-техник тузилишига эга бўлиб, маълум мақсадда амалга оширилади. Масалан, таъмни идрок қилиш таъм сифатларининг ўзаро фарқлари ва мос келиш даражаларини аниқлаш билан боғлиқ перцептив мақсад ва вазифаларига эга. Перцептив вазифага яна бир мисол сифатида аниқлаш жараёнини келтириш мумкин. Бундай вазифаларни кундалик ҳаётимизда мунтазам ҳолатда кўз билан чамалаш масалаларини ҳал этишда, чеҳраларни, овозларни таниб олишда ва ҳ.к.да бажаришга тўғри келади. Барча вазифаларни ҳал этиш учун ҳар бирига мос равишда фарқлаш, аниқлаш, ўлчаш, таниш ва бошқа ҳаракатлар кўринишидаги перцептив ҳаракатлар амалга оширилади.
Психик жараёнлар (идрок, диққат, хотира, тафаккур ва ҳ.к.)ни фаолият назарияси нуқтаи назаридан фаолиятнинг алоҳида шакли сифатида ўрганиб, маълум ахборотлар – фаолиятнинг умумий тузилиши, даражалари, кечиш шакллари ва ҳ.к.ни қўллаш мумкин ва зарурдир.
Фаолиятнинг муолажавий-техник аспектларини кўриб чиқиш жараёнида, у ёки бу ҳаракат нима учун бажарилади, мақсаднинг ўзи қандай пайдо бўлади каби саволлар пайдо бўлиши мумкин. Бундай саволларга жавоб топиш учун эҳтиёжлар ва мотивлар каби тушунчаларга мурожаат қилишимиз зарур.
Do'stlaringiz bilan baham: |