10.1 - расм. Атмосферада ҳаво оқимларининг зона (кенглик) лар бўйлаб тақсимоти а-ишқаланиш қатламидан юқорида, б-ишқаланиш қатламида. Расмлар орасида турли кенгликлардаги босим градиентлари йўналишларини стрелкалар билан кўрсатилган (унда юқори босимни «Ю» паст босимни «П» ҳарфлари билан белгиланган) Ернинг баъзи кенгликлари ва ўлкаларида тропосферанинг юқори қисмида ғарбий кўчиш кескин кучаяди, яъни тезлиги 50-100 м/с гача етадиган ингичка «ҳаво дарёлари» вужудга келади. Тез ҳаво оқимлари субтропик кенгликлар устида, айниқса кўп кузатилади, у ерларда тез ҳаво оқимлари энг катта интенсивликка эришади. Тез ҳаво оқимлари экваториал кенгликлардан бошқа ҳамма жойда ғарбдан-шарққа қараб эсади.
¶арбий шамолларнинг кўп кузатилишига сабаб, тропосферада ҳаво ҳароратининг экватордан қутбга томон пасайиб боришидир. Динамик метеорология қонунларига асосан атмосферанинг юқори қат-ламларида бирор сатҳ (баландлик) дан бошлаб босим ҳаво ҳарорати пасайиб бораётган йўналиш бўйлаб камая боради. Бошқача айтганда юқори ҳароратли соҳада яъни экватор устида босим энг катта, қутб устида эса энг кам бўлади (бу хулосалар атмосферанинг ишқаланиш қатламидан юқорига оид).
Горизонтал барик градиент эса тропосферанинг катта қисмида экватордан қутбга томон йўналган. Аммо ҳаво барик градиент бўйлаб кўчмайди, чунки ҳавонинг барик градиент бўйича ҳаракатига Ернинг оғдирувчи кучи таъсир қилади.
Ҳавонинг ҳаракати ўз ўқи атрофида айланадиган Ерда рўй бергани учун барик градиент кучи, Ернинг оғдирувчи кучи билан мувозанатлашади ва бу шароитда ҳавонинг кўчиши ғарбдан шарққа йўналишда бўлади.
Қиш вақтида стратосферада ҳам босим ва шамолнинг худди шундай тақсимоти сақланади. Аммо ёзда 20 км баландликлардан бошлаб ҳавонинг ғарбий йўналишдаги кўчиши ўрнига шарқий йўналишдаги кўчиш ўрнатилади (10.1-расм, а).
Шу вақтгача тропосферанинг юқори қисми ва стратосферадаги шамолларнинг йўналишига тўхталдик. Энди атмосферанинг қуйи қатлами ва ер юзасидаги шамоллар йўналишини қараймиз.
Атмосферанинг қуйи қатламларида, шу жумладан ер юзасида циклонлар ва антициклонларнинг кўчиши ва ер юзасининг бир жинсли эмаслиги натижасида босимнинг тақсимланиши анча мураккаблашади. Бунда экваторда паст босим, субтропикларда юқори босим, субқутбий кенгликларда яна паст босим, қутбий кенгликларда эса катта босим кузатилади.
Мўътадил кенгликларда атмосферанинг қуйи қатламидаги горизонтал барик градиент субтропиклардан қутб доираси томон йўналган. Шунинг учун бу қатламда барик градиентдан ўртача оғиш 60-70 ни ташкил этиб, шимолий ярим шарда жануби-ғарбий шамоллар, жанубий ярим шарда эса жануби-шарқий шамоллар кўп кузатилади (10.1-расм, б).
Ўзбекистон ҳудудидаги текисликларда аввал айтганимиздек ёзда шимолий ва шимоли-ғарбий, қишда эса шимолий ва шимоли-шарқий йўналишдаги шамоллар бошқа йўналишдагиларга нисбатан кўпроқ кузатилади.