10.4. Фронт. Илиқ ва совуқ фронт.
Бир-бирига яқин жойлашган ҳар хил ҳаво массаларининг ҳароратлари бир хил бўлмайди. Бунда ҳарорати юқори бўлган ҳаво массасини илиқ ҳаво, ҳарорати пастроғини совуқ ҳаво деб юритилади.
Демак, бу ерда кўрсатилган «илиқ» ёки «совуқ» тушунчалари олинган ҳаво массасининг ҳарорати бошқасиникидан юқори эканлиги, иккинчисининг ҳарорати биринчи ҳаво массасиникидан паст эканлигини кўрсатади, халос. Бунда ҳаво массаларининг ҳақиқий ҳарорат-лари ҳақида сўз бормайди. Масалан, илиқ ҳаво массаси ҳарорати –10С, совуқ ҳаво массаси –20С га тенг бўлиши мумкин ва ҳ.к.
Биз олдинги мавзуда ҳаво массаларининг узлуксиз ҳаракат қилиб туришини, бирор ҳудуддаги ҳаво массаси ўзгарса шу ҳудуднинг об-ҳавоси ҳам ўзгариб кетишини кўрсатганмиз.
Об-ҳаво ҳар хил ҳароратдаги икки ҳаво массаси орасидаги чегарада ҳам кескин ўзгаради. Бу икки ҳаво массаси бир-бири билан тўқнаш келганда совуқ ҳаво иссиқ ҳаво остига понасимон шаклда кира бошлайди. Ҳаво жуда ҳаракатчан бўлгани учун бу икки ҳаво массаси орасидаги чегара аниқ равшан бўлмайди. Чегара қатламда илиқ ҳаво совуқ ҳаво билан аралашиб кетган бўлади ва бу қатламнинг чегараси ер сиртидаги горизонтал йўналишда 10-15 км га, баъзан эса 60 км га етади.
Икки ҳаво массаси ўртасидаги оралиқ қатламни фронтал юза, оралиқ қатламнинг ер сирти билан кесишган жойини фронт чизиғи ёки қисқача фронт деб юритилади (10.2-расм).
Икки ҳаво массаси бир томонга ҳаракатланаётганда фронтал юза горизонтал ер юзасига жуда кичик бурчак остида совуқ ҳаво томон қия равишда жойлашади, қиялик бурчаги =0,5 атрофида тебранади. Демак, кўчаётган фронтал юза атмосферада ер юзасига совуқ ҳаво массаси томон қия тарзда ўтади. Қиялик бурчагининг тангенси 0,01 дан 0,001 гача ўзгариши мумкин.
Фронтал юзанинг горизонтал эмас, балки ернинг горизонтал юзасига нисбатан жуда кичик бурчакларда қия бўлиши муҳим аҳамиятга эга. Фронтал юза қия бўлгани учун ердаги фронт чизиғи 60 км. гача етади.
Агар совуқ ҳаво илиқ ҳаводан чекинса, яъни фронт совуқ ҳаво томон ҳаракат қилса, бундай фронтни илиқ фронт деб аталади. Агар илиқ ҳаво совуқ ҳаводан чекинса, яъни фронт илиқ ҳаво томон силжиса, бундай фронтни совуқ фронт деб аталади.
Демак, фронтнинг номи ўзаро таъсирлашаётган ҳаво массаларининг қайси бири бошқасига нисбатан фаолроқ эканлигига боғлиқ.
Илиқ фронтда чекинаётган совуқ ҳаво ўрнини илиқ ҳаво эгаллаб боради. Шунинг учун кузатувчи турган жойдан илиқ фронт ўт-ганда бу жойнинг ҳавоси исийди. Совуқ фронтда эса чекинаётган илиқ ҳаво ўрнини совуқ ҳаво эгаллаб боради, шунинг учун кузатиш жойидан совуқ фронт ўтганда бу жойнинг ҳавоси совиб кетади. Ҳар иккала фронтда ҳаво ҳароратигина ўзгариб қолмай, балки бошқа метеорологик катталиклар ҳам ўзгариб кетади.
Энди фронтлар олиб келадиган об-ҳавони тавсифлашга ўтамиз.
Илиқ фронт. Бу ҳолда илиқ ҳаво совуқроқ ҳавога бостириб киради. Илиқ фронт схемаси 10.3 расмда кўрсатилган бўлиб, унда чизмадаги ётиқ ва тик йўналишларда масштаб бир хилда қилиб олинмаган. Агар иккала ўқ бўйлаб масштаб бир хилда олинганида расм горизонтал йўналишда жуда ҳам чўзилиб кетган бўлар эди. 10.3-расмда илиқ ҳавони совуқроқ ҳаводан ажратиб турадиган фронтал юза иккита қия чизиқ билан кўрсатилган.
Do'stlaringiz bilan baham: |