10.3. Ҳаво массалари.
Тропосфера ҳар доим бир-биридан об-ҳаво режими билан фарқ қиладиган ғоят катта ўлчамли ҳаво массаларига тақсимланган. Ҳаво массаларининг горизонтал йўналишдаги ўлчами минглаб км га, тик юқорига йўналишдаги ўлчами эса бир неча км.гача етади.
Ҳаво массалари қуёш радиациясининг Ернинг турли қисмларини бир хилда иситмаслиги натижасида уларнинг устидаги ерга туташган ҳаво қатламининг турлича исиганлигидан вужудга келади.
Биз 3-бобда айтганимиздек қуёш радиацияси атмосферадан ўтиб (миқдоран 20-25% га камайиб) Ер сиртининг турли қисмларига тушади ва уларда ютилган қисми иссиқликка айланади.
Аммо ер сиртининг турли қисмлари-тоғлар, ўрмонлар, чўллар, яйловлар, океан ва денгизлар майдонлари ва бошқалар бир хилда исимайди. Шунинг учун уларнинг устидаги ҳаво қатламлари ҳам турлича даражада исийди, демак улар ҳароратлари билан бир-биридан фарқ қилади.
Масалан, ёзда Саҳрои Кабирда жойлашган географик параллел устидаги ҳаво массаларининг ҳарорати, Атлантика океанининг худди шу параллелдаги қисми устидаги ҳаво ҳароратидан юқори бўлади.
Атлантика океани устидаги ҳавонинг намлиги, саҳро устидаги ҳавонинг намлигидан анча катта. Ниҳоят Атлантика океани устидаги ҳавонинг чангланиши кам, саҳро устидаги ҳавонинг таркибида чанг кўп бўлади.
Шундай қилиб, ёзда Саҳрои Кабир устида ҳарорати юқори, намлиги кам ва чангланиши кучли ҳаво массаси шаклланади. Бундай физик хоссаларга эга бўлган ҳаво массасини континентал ҳаво массаси деб юритилади.
Океан устида эса ҳарорати нисбатан паст, намлиги юқори, чанги кам ҳаво массаси вужудга келади. Бундай физик хоссаларга эга бўлган ҳаво массасини денгиз ҳаво массаси деб юритилади.
Ёзда континентал ҳаво массасининг ҳарорати, денгиз ҳаво массасининг ҳароратидан юқори, қишда эса континентал ҳаво массасининг ҳарорати денгиз ҳаво массасиникидан паст бўлади.
Шундай қилиб, ҳар хил ҳаво массалари бир-биридан даставвал ҳарорати, намлиги ва чангланиш даражаси, булутлар тури билан фарқ қилади.
Ҳаво массаси деб бир-биридан ўзининг хоссалари билан фарқ қиладиган ва бу хоссаларини узоқ вақт сақлайдиган кенг хажмли ҳавога айтилади.
Ҳаво массалари Ер сиртининг ҳар қандай қисми устида вужудга келади. Лекин ҳаво массаларининг тез-тез ташкил топадиган Арктика (ёки жанубий ярим шарда Антарктика), Атлантика океани, ўрта Ер денгизи каби жойлари –«ўчоқлари» бор.
Ҳаво массаларини, уларнинг ташкил топган жойларининг географик кенглигига қараб қуйидаги асосий турларга ажратилади;
1. Арктик (ёки Антарктикалик) ҳаво массалари. Улар Арктика (ёки Антарктика) да вужудга келади ва қуйи кенгликларга томон кўчади.
2. Мўътадил кенгликлар ҳаво массалари. Улар ўрта кенгликларда шаклланиб шимолга ёки жанубга томон ҳаракатланади.
3. Тропик ҳаво массалари. Улар субтропик ва тропик кенгликларда шаклланиб, мўътадил кенгликларга томон кўчади.
4. Экваториал ҳаво массалари. Улар экватор яқинида шаклланади. Т. Мухторовнинг кўрсатишича, ҳозирги вақтда «экваториал ҳаво массаси» атамаси қўлланилмайди, чунки кўпчилик метеорологлар бундай ҳаво массаси йўқ деб қарайди, аммо унинг ўрнига тропик нам ҳаво массаси мавжуд деб ҳисоблайдилар.
Юқорида кўрсатилган асосий ҳаво массалари (экваториал ҳаво массасидан ташқари) континентал ва денгиз ҳаво массаларига ажратилади.
Арктик ҳаво массаси Ўрта Осиёга Сибир ёки Таймир ярим ороли ҳудудларидан, шунингдек Колима ва Чукотка ҳавзасидан келади. Арктик ҳаво массалари жануброқда жойлашган ҳудудларга келиб кирганда ўзи билан қишда қаттиқ совуқларни, баҳор ва эрта куз даврида тонг совуқларини, ёзда эса салқин об-ҳавони олиб келади.
Арктик ҳаво массаларининг таркибида бошқа ҳаво массаларига нисбатан сув буғи ва чанг оз бўлади. Уларни ҳароратининг пастлиги билангина эмас, шунингдек осмон гумбазининг жуда тиниқлиги натижасида узоқдаги жисмларнинг яхши кўриниши билан ҳам аниқлаш мумкин. Ўрта Осиё ҳудудида ўрта кенглик ҳаво массалари кўп учрайди. Ўрта кенглик континентал ҳаво массалари бевосита Россия ҳудудида ташкил топади.
Ўрта Осиёга тропик денгиз ҳаво массаси жуда камдан-кам вақтлардагина етиб келади. Ўрта Осиёга етиб келувчи тропик континентал ҳаво массаси Месопотамия, Туркия, Эрон ва Афғонистон ҳудудлари устида вужудга келади.
Ўрта Осиё ҳудудига бостириб кирган бундай ҳаво массасининг ҳарорати, бу ердаги олдинги ҳаво массасининг ҳароратидан 6-12С га юқори бўлади. Шунинг учун ҳам бундай ҳаво массаси қишда Ўрта Осиёга келиб кирганда кунлар иссиқ бўлади. Агар қор қоплами бор бўлса тез эриб кетади, қор қоплами бўлмаган вақтларда ернинг сирти тез қурийди.
Ўрта Осиё ҳудуди ёзда кучли исиб кетганлигидан, унинг устида ўз хоссалари билан тропик ҳаводан кам фарқ қиладиган ҳаво массаси ташкил топади, уларни ҳам тропик континентал ҳаво массасига қўшиш мумкин.
Ҳаво массаси ҳар доим ер сирти бўйлаб, бир таглик сиртдан бошқасига ўтиб ҳаракатланади. Бунда таглик сиртнинг таъсири натижасида унинг дастлабки хоссалари ўзгаради. Бу таъсирнинг характери сиртнинг турига яъни унинг қуруқлик ёки сув сирти эканлигига боғлиқ.
Таглик сиртнинг ўзгариши билан ҳаво массаси сув сиртидан ўта бошласа, ўз иссиқлигининг бир қисмини сувга бериб совийди, яъни ҳарорати пасаяди, айни шу вақтда унинг таркибида сув буғи ортади.
Континентал ҳаво массаси сув билан таъсирлашуви оқибатида аста-секин ўзининг континентал ҳаво массаси хоссаларини йўқотиб, денгиз ҳаво массасига айланади.
Агар денгиз ҳаво массаси ёзда денгиздан қуруқлик устига ўтса, намлиги камайиб, ҳарорати ортади. Бундай ҳаво массаси материк ичкарисига ўтган сари континентал ҳаво массасига мос хоссалари кучая боради.
Совуқ Арктик ҳаво массалари одатда жанубга, иссиқ тропик ҳаво массалари шимолга томон ҳаракатланади.
Агар ҳаво массасининг ҳарорати, унинг ўтган янги таглик сирт ҳароратидан қанчалик кўп фарқ қилса, таглик сиртнинг ҳаво массасига таъсири шунчалик кучли бўлади.
Агар ҳаво массаси ўзидан совуқроқ ҳудудга, яъни анча совуқ таглик сирт томонга ўтса, бундай ҳаво массасини илиқ ҳаво массаси дейилади. Агар ҳаво массаси анча иссиқ ҳудудга, яъни анча иссиқ таглик сирт томонга ўтса, у ҳолда бундай ҳаво массасини совуқ ҳаво массаси деб юритилади.
Бирор ҳаво массасининг бошқа ҳаво массасига айланишини тушунтириш учун ушбу мисолни ҳам келтирайлик.
Бирор ҳаво массаси ёзда республикамиз ҳудуди устида бир неча кун туриб қолган бўлса, бу ҳаво массаси ер сиртининг таъсирида исийди, чанги кўпаяди. Натижада бу ҳаво массаси иссиқ, қуруқ ва хира ҳаво массасига айланади. Энди бу ҳаво массаси кетиб, унинг ўрнини Арктик совуқ ҳаво массаси эгалласин. Бундай алмашинув иссиқ, қуруқ ва хира ҳаво ўрнига, совуқ ва тиниқ ҳавони келтиради, натижада ҳаво ҳарорати пасайиб кетади, бошқача айтганда об-ҳаво ўзгаради.
Бир неча кундан кейин бу ҳаво массаси ҳам иссиқ, қуруқ ва хира ҳаво массасига айланади.
Демак, олинган ҳудуддаги ҳаво массаларининг алмашиниши билан об-ҳаво ҳар доим ўзгаради.
Do'stlaringiz bilan baham: |