Мўлалитепа тақинчоқлари тўғрисида дастлабки мулоҳазалар
Каттаева Г.Ч. ТерДУ таянч докторанти
Сўнгги бронза даврида, Сурҳондарё вилоятига Сополли маданияти номи билан машҳур бўлган моддий маданият вакиллари келиб ўрнашади. Ушбу маданият Намозгоҳ маданияти туркумининг энг шарқий қанотини ва шунингдек Қадимги Шарқ дунёсининг шимолий-шарқий чегарасини ташкил этади2. Окс цивилизациясининг маҳаллий шимолий Бақтрия варианти бўлган Сополли маданияти мил. авв. XX асрдан XV асргача бўлган давр оралиғида гуллаб – яшнаган3.
Cополли маданияти 1960 – йилнинг охиридан бошлаб ўрганиб келинмоқда. ЎзР ФА Археология институтининг А.А.Асқаров раҳбарлигидаги археологик экспедицияси томонидан даставвал Сополлитепа ва Жарқўтон ёдгорликлари очиб ўрганилган4. Кейинги йилларда амалга оширилган археологик тадқиқотлар натижасида бугунги кунгача Сополли маданиятининг қуйидаги асосий ёдгорликлари очиб ўрганилди: Молали1, Бўстон I, II, III, IV, V, VI, VII2 ва Тиллабулоқ3. 2015 йилдан сўнг, Термиз давлат университети ва Чехиянинг Прага университетларининг Ўзбекистон – Чехия тадқиқот лойиҳаси асосида Пашҳурт-Зарабоғ минтақаси янада тизимли равишда ўрганиб чиқилди. Тадқиқотлар Пошҳурт текислигининг шимолий қисмида мил. авв. II минг йилликда аҳоли зич яшаганлигини кўрсатади. Пашҳурт ҳудудида 20 дан ортиқ ва унинг шимолий қисмида жойлашган Қорабоғ, Зарабоғ, Майдон қишлоқларида эса 10 га яқин Сополли маданияти ёдгорликлари аниқланган4.
Сополли маданиятининг Мўлали босқичи қишлоқ макони Сурхондарё вилоятининг Олтинсой туманида жойлашган(Шўрчи шаҳридан 9 км шимолий-ғарбда). Ушбу ёдгорлик Миршоди воҳаси маданий ёдгорликлари таркибига кирувчи ёдгорлик бўлиб, у билан бир даврга тегишли 7 та қабр илк бор, 1970 йилда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Санъатшунослик институтининг Г.А.Пугаченкова раҳбарлигидаги археологик экспедициясининг аъзоси, археолог Б. Турғунов томонидан топилган. Қабристон жойлашган ҳудуд яқин атрофдаги қишлоқ номидан келиб чиқиб, Молали (Моллали) деб номланган. Кейинчалик қабристондан 2 км шимоли-шарқда, 8-9 гектар майдонга эга Мўлали қишлоқ макони топилган. 1975 йилда А.С. Сагдуллаев ёдгорликнинг шарқий қисмида археологик тадқиқот ишларини амалга ошириб, сопол буюмлар тўпламини топиб ўрганади5. Ушбу қабрларда олиб борилган қазишмалар натижасида уларни Сополли маданиятининг навбатдаги хронологик босқичига тегишли эканлиги аниқлангач, Жарқўтондаги бу давр қабрлари ҳам Мўлали босқичи номи билан ўрганила бошланди. Шунингдек, Бўстон VI ёдгорлигидан ҳам Мўлали босқичига тегишли кўплаб қабрлар очиб ўрганилган1. А.А.Асқаров ўзининг Жарқўтон топилмаларига бағишланган монографияларида Жарқўтон қабристонининг Мўлали босқичиги тегишли қабрларидан топилган жами 32 та тақинчоқлар тўғрисида умумий маълумот бериб ўтган2. Мустақиллик йилларида ҳам Мўлали босқичи қишлоқ маконида археологик тадқиқот ишлари амалга оширилган. Хусусан 2012 йилда Германия Археология Институти ва Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Санъатшунослик институнинг қўшма экспедицияси томонидан Мўлали қишлоқ маконида археологик қазишма ишларини амалга оширишиб, ёдгорликдан топилган сўнгги бронза даврига тегишли археологик топилмаларни омма эътиборига ҳавола этган3.
Мўлали қабристонига тегишли 7 та қабрдан асосан сопол буюмлар тўплами, бронза буюмлар, олтиндан ясалган мунчоқлар топилган4.
Do'stlaringiz bilan baham: |