https://uza.uz/uz/posts/358557
“Биз коинот сари интиляпмиз”– Ўзбек қизлари Қозоғистонда стратосферага сунъий йўлдош учирмоқда
ЖамиятТанлаш
Рўйхатдан ўтинг
Чоп этиш
09:23 / 27.03.2022
Ҳозирда 20 нафар ўзбек қизлари нано сунъий йўлдошини стратосферага учириш учун Қозоғистонда бўлиб турибди.
Қизлар сунъий йўлдош қурилмаларини UniSat лойиҳаси доирасида ўзлари йиғиб, дастурлаш ишларини мустақил амалга оширмоқда. Ўзбекистонда мазкур лойиҳани ЮНИСЕФ, Tech4Impactнодавлат ташкилоти ҳамда Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳамкорликда амалга оширмоқда.
Нано сунъий йўлдошлар қизлар томонидан Ал-Фаробий номли ҚозМУда 10 кунлик марафон доирасида яратилди. UniSat иштирокчилари космик кемаларни режалаштириш, лойиҳалаш, дастурлаш ва йиғишни ўзлаштирдилар. Улар космик технологиялар ва Ерни масофадан туриб зондлаш марказига ташриф буюриш имкониятига эга бўлишди. Қизларнинг олган назарий билимлари дарҳол амалиётга татбиқ этилди. Устозлари раҳбарлигида улар нано сунъий йўлдошлар корпусларини лойиҳалаштириб, уларни 3D принтерда барпо этдилар. Шунингдек, улар UniSat нано сунъий йўлдошларининг қуйи тизимларини дастурлаб, учиришдан олдин уларни лабораторияда синовдан ўтказдилар.
ЎзА мухбири қизларнинг мақсади ва кутилаётган космик тадқиқотлар ҳақида қизлар билан суҳбатлашди:
Юлдуз Шониёзова, Муҳаммад Ал Ҳоразмий номидаги Тошкент Ахборот технологиялари Қарши филиали талабаси:
–Мен ва яна 19 нафар ўзбек қизлари яқинда нано сунъий йўлдошини самога учирамиз. Бизнинг миссиямиз — илм-фан ва космик технологияларни ривожлантириш. Ҳозирда бу муҳим жараён олдидаги ҳаяжонни сўз билан тасвирлаб беришим қийин, чунки болалигимдан осмон жисмлари ва коинот тузилишини ўрганиш орзум бўлган. UniSat халқаро таълим дастуридаги иштироким эса бу орзунинг амалга ошишига сабаб бўлди. Бир куни ижтимоий тармоқлар орқали ушбу лойиҳа доирасидаги танловга кўзим тушди. Эълонда энг яхши “Топ-20”таликка кирган қизлар нано сунъий йўлдошини мустақил тайёрлаши ва ўзлари уни самога учиришлари ҳақида ёзилганди. Ўшанда ўз олдимга “20-та”ликнинг ичида албатта мен ҳам бўламан, деган қатъий мақсадни қўйдим ва саралаш босқичларида менинг ҳам номзодим танлаб олинди. Қизиқишларим – астрономия, IT йўналиши, робототехника, сунъий интеллект, график дизайнерлик ва дастурлаш. Шу кунгача мазкур йўналишларда бир нечта ишланмалар тайёрлаганман. Шунингдек, бир қатор тилларни ўзлаштирганман. Ҳозирда бу жараёнда қирғиз ва қозоқ миллатли тенгдошларимиз ҳам иштирок этмоқда, аммо сунъий йўлдошни улар алоҳида, биз эса алоҳида учирамиз.
МАЪЛУМОТ УЧУН: қизлар нано сунъий йўлдошни Ўзбекистонда ҳам 2022 йил 12 апрелда учириш режалаштирилган. Улар ўзлари парвоз режасини тузиб, аэронавигация хизматлари мутахассислари назорати остида наносунъий йўлдошни Ўзбекистондаги майдончадан учирадилар. Стратосферага учирилган наносунъий йўлдош Ер ва юлдузларнинг юқори аниқликдаги суратларини олиш имконини беради. Ўрнатилган махсус элементлар келажакда илмий тадқиқотлар учун фойдали бўлган маълумотларни тўплайди. UniSat дастури ЮНИСЕФнинг Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистондаги ваколатхоналари томонидан қўллаб-қувватланади. Ўзбекистонда ушбу лойиҳа Теч4Impact ННТ ва Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда.
Do'stlaringiz bilan baham: |