Томирлар тонусининг рефлектор бошқарилиши
Юқорида кўрсатиб ўтилганидек, артерия ва артериолалар доимо бир мунча қисқарган бўлади, чунки томирларни ҳаракатлантирувчи марказдан уларга импульслар келиб туради. Бу марказнинг тонуси эса перифериядаги баъзи томирлар ва гавда юзасидаги рецепторлардан келувчи афферент импульсларга ҳамда нерв марказини бевосита таъсирлантирадиган гуморал моддаларнинг таъсирига боғлиқ. Демак, томир ҳаракатлантирувчи марказ тонуси рефлекс йўли билан ва гуморал йўл билан келиб чиқади.
Артериялар тонусининг рефлекс йули билан ўзгариши – томирлар рефлекси – В.Н.Черниговский классификациясига мувофиқ икки гуруҳга: хусусий ва бирга ўтувчи рефлексларга бўлинади. Хусусий томир рефлекслари томирларнинг ўзларидаги рецепторлардан келадиган импульслар таъсирида юзага чиқади. Аорта ейи ва каротид синус (умумий уйқу артерияси ташқи ва ички уйқу артерияларига ажраладиган жой) даги рецепторлар айниқса муҳим физиологик аҳамиятга эгадир. Томирлар тизимининг рецепторларга жуда бой бўлган бу қисмлари томирларнинг рефлексоген зоналари деб аталади.
Аорта ейида жойлашган рецепторлар марказга интилувчи нерв толаларнинг учлари бўлиб, бу толалар И.Ф.Цион ва К.Людвиг кашф этган депрессор нервнинг таркибида бўлади. Бу нервнинг марказий учига электр токи билан таъсир этилса, адашган нерв ядросининг тонуси рефлектор ошади ва томир торайтирувчи марказ тонуси рефлектор пасаяди, шу сабабли қон босими пасаяди. Натижада юрак фаолияти тормозланади, ички аъзоларнинг томирлари эса кенгаяди.
Каротид синуснинг рефлексоген зонасидаги рецепторлардан марказга интилувчи нерв толалари бошланади ва улар Геринг нервини ёки каротид синуси нервини ҳосил килади. Бу нерв тил-халқум нервининг таркибида мияга киради. Ажратиб қуйилган каротид синусга қон конюла орқали юқори босим билан юборилса, гавда томирларида артериал босим пасаяди. Босимнинг пасайишига сабаб шуки, босим билан келган қон таъсирида уйқу артерияси девори чўзилади ва ундаги рецепторлар қўзғалади, натижада томир торайтирувчи марказ тонуси пасайиб, адашган нервлар ядросининг тонуси ошади.
Томирлар рефлексоген зоналаридаги рецепторлар улардаги қон босими кўтарилганда қўзғалганлиги учун уларни прессорецуепторлар ёки барорецепторлар деб атайдилар. Иккала томондаги синокаротид ва аортал нервлар қирқиб қўйилса гипертония рўй беради, яъни қон босими кўтарилади: итнинг уйқу артериясидаги қон босими одатдаги 100-120 мм ўрнига 200-250 мм сим. уст. га етади. Аорта ейи ва каротид синуснинг рефлекоген зоналари қон босими доимийлигини бошқарилишида муҳим аҳамиятга эга.
Организмдаги қон миқдорининг камайиши (қон йўқотилганда) ёки юрак фаолиятининг пасайиши ёки ниҳоят, бирор йирик аъзонинг ортиқча кенгайиб кетган томирларига қон ўтиши сабабли артериал босим пасайиб қолса, аорта ейи ва каротид синус прессорецепторлари нормал қон босимидагига нисбатан камроқ таъсирланади. Депрессор ва синус нервларининг қон босимига таъсири сусаяди, томирлар тораяди, юрак иши кучаяди ва қон босими бир мунча кўтарилади. Артериал босимнинг бу усулда бошқарилиши манфий қайта боғланиш томойилида содир бўлади, бу тизимнинг “чиқишдаги” бошқарилишидир.
“Киришдаги” бошқарилиш қон босимининг ўзгаришидан олдин унинг меъердан четлашувининг олдини олиб, ишга киришади. Бу реакциялар миокард тожсимон томирларидаги рецепторлар таъсирланишидан бошланади. Мазкур рецепторлар юрак камераларининг қонга тўлиш даражаси тўғрисидаги ахборот манбаидир. Бошқарилиш реакциялари бунда юрак ичидаги нерв тизими ва МНТ нинг вегетатив марказлари орқали амалга оширилади.
Қон босимининг рефлектор ўзгариши ўпка, ичак, талоқ томирларида босим кўтарилганда ҳам кузатилиши мумкин.
Қон босимининг рефлектор бошқарилиши механорецепторлардан ташқари хеморецепторлар ёрдамида ҳам бўлади. Бу рецепторлар қоннинг кимевий таркиби ўзгаришига сезувчандир ва аорта ейи билан каротид синусда кўпроқ йиғилган. Хеморецепторлар СО2 ва қонда О2 етишмовчилигига сезгир, уларга ис гази – СО, цианидлар, нистатин ҳам таъсир этади. Қўзғалиш бу рецепторлардан марказга интилувчи нерв толалари орқали томир ҳаракатлантирувчи марказга бориб, унинг тонусини оширади. Натижада томирлар торайиб, қон босими кўтарилади. Шу билан бир вақтда нафас маркази ҳам қўзғалади. Шундай қилиб, аорта ва уйқу артериясидаги хеморецепторларнинг таъсирланиши натижасида томирларнинг прессор рефлекслари, механорецепторлар таъсирланганда эса депрессор рефлекслар юзага чиқади.
Хоморецепторлар талоқ, буйрак усти бези, буйраклар, қизил кўмик томирларида ҳам топилган, улар қондаги ацетилхолин, адреналин каби кимёвий бирикмаларга сезувчандир.
Томирларнинг бирга ўтувчи рефлекслари бошқа тизим ва аъзоларда вужудга келиб, асосан артериал босим кўтарилишида намоён бўлади. Бу рефлексларни масалан, тана юзасига таъсирот бериб чақириш мумкин. Чунончи оғритувчи таъсиротлар томирларни, айниқса қорин бўшлигидаги аъзолар томирларини торайтириб, қон босимини кўтаради. Терига совуқ таъсир қилганда ҳам томирлар, асосан тери артериолалари рефлектор тораяди ва қон босими кўтарилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |