Артериал пульс
Артериялардаги босимнинг систолада кўтарилиши сабабли артерия деворининг ритмик тебраниши артериал пульс деб аталади. Юзада жойлашган билак, чаққа, оёқ панжасининг орқа артерияси в.б. ни ушлаб кўриб, пульс уришини бемалол сезиш мумкин.
Пульс тўлқини (бошқача айтганда, босимнинг кўтарилиш тўлқини) қоринчадан қон отилиб чиқиб, аортадаги босим кескин кўтарилганда ва шу сабабли аорта девори чўзилганда вужудга келади. Пульс тўлқини ва артерия деворининг унинг оқибатида тебраниши аортадан артериолалар ва капиллярларга муайян тезлик билан тарқалади ва капиллярларда сўнади.
Пульс тўлқинининг тарқалиш тезлиги қоннинг оқиш тезлигига боғлиқ эмас. Артерияларда қон оқимининг чизиқли тезлиги 0,5м\сек дан ортмайди, ёш ва ўрта ёшдаги соғлом одамларда пульс тўлқинининг тарқалиш тезлиги аортада 8 м\с гача, четки артерияларда эса 9,5 м\сек гача бўлади. Ёш ортиши билан, томирлар эластиклиги камайган сайин, пульс тўлқинининг тарқалиш тезлиги (айниқса аортада) ортади.
Алохида пульс тебранишини синчиклаб тахлил қилиш учун у ҳаракатланаетган коғоз ёки фотопленкага махсус асбоб – сфигмограф ёрдамида қайд қилинади. Ҳозирги вақтда пульсни текшириш учун артерия деворининг механик тебранишларини электр ўзгаришларига айлантирувчи датчиклардан фойдаланилади. Аорта билан йирик артерияларнинг пульс эгри чизиғида – сфигмограммада икки асосий қисм: анакрота (эгри чизиқнинг кўтарилиши) ва катакрота (эгри чизиқнинг тушиши) ажратилади.
Анакротик кўтарилиш қон хайдалиш фазасининг бошида юракдан отилиб чиққан қон таъсирида артериал босимнинг кўтарилиши ва шу сабабли артериялар деворининг чўзилиши оқибатидир. Қоринча систоласининг охирида ундаги босим пасая бошлаши билан эгри чизиқнинг катакротик тушиши бошланади. Қоринча диастоласи бошланиб, ундаги босим аортадаги босимга нисбатан пасайганда аортага отилиб чиққан қон орқага-қоринча томонга ҳаракатланади, артериялардаги босим пасаяди ва йирик артерияларнинг сфигмограммасида чуқур уйма – инцизура пайдо бўлади. Бироқ қон юракка қайтиб келаётганда ёпилган яримойсимон клапанларга дуч келиб қайтади ва босим кўтарилишининг иккиламчи тўлқинини ҳосил қилади, бу тўлқин таъсирида артериялар девори яна чўзилади. Натижада сфигмограммада дикротик (иккиламчи) кўтарилиш пайдо бўлади. Аорта ва йирик артерияларнинг марказий пульс деб аталувчи пульс эгри чизиғи четки артерияларнинг пульс эгри чизиғидан шаклан бир мунча фарқ қилади.
Пайпаслаш орқали ёки сфигмограммани ёзиб олиш усули билан пульсни текшириш юрак-томир тизимининг фаолияти ҳақида қимматли маълумотлар беради. Биринчи навбатда юрак уришининг бор ёки йўқлиги, сўнг пульс частотаси ва ритми (ритмик ёки аритмик) аниқланади. Қандай куч билан томирни қисганда унинг дистал қисмида пульс йўқолишига қараб пульснинг таранглигига баҳо берилади (қаттиқ ёки юмшоқ пульс). Пульснинг таранглиги муайян даражада ўртача артериал босим катталигини акс эттиради.
Бўлмалар билан қоринчалар систоласи вақтида юракка қон келишининг қийинлашуви вена пульсига сабаб бўлади. Юрак бўлмалари қисқарганда веналардаги босим кўтарилади ва деворлари тебранади. Вена пульси фақат юрак яқинидаги йирик веналарда кузатилади. Майда ва ўртача веналарда қон босимининг пульс тебраниши йўқ. Буйинтирик венаси пульсини ёзиб олиш ҳаммадан қулайдир.
Вена пульсининг эгри чизиғи – флебограммада – учта тиш: а, с, ва v фарқ қилинади. а тиши ўнг бўлма систоласига тўғри келади ва кавак веналарнинг бўлмага қуйиладиган тешигининг халқасимон мускул толалари билан қисилиб бекилишига боғлиқ. Бўлмалар диастоласи вақтида уларга қон бемалол ўтади ва вена пульсининг эгри чизиғи пасаяди.Тез вақтда уйқу артериясининг туртқисидан келиб чиққан с тиши пайдо бўлади. Сўнг эгри чизиқ пасая бошлайди ва у янгидан кўтарилади – v тиши пайдо бўлади. v тиши қоринчалар систоласининг охирида, бўлмалар қонга тўлиб бўлганда, веналарда қон дамланиб қолиб, вена деворини чўзиши туфайли вужудга келади.
Do'stlaringiz bilan baham: |