Юрак фаолиятининг бошқарилиши Одам юраги ҳатто тинч ҳолатда узлуксиз ишлаб туриб, бир кеча-кундузда артериал тизимга 10 тонна қонни, бир йилда 4000 т, ҳает давомида 300000 т қонни хайдаб чиқаради. Юрак қисқаришлари частотаси ва кучи организм талабларига мослашади, яъни организмнинг фаолияти ва ташқи муҳит шароитига яраша қон билан таъминланишини амалга ошириб туради. Юрак фаолиятининг организм ўзгариб турувчи талабларига мослашуви қатор бошқарув механизмлар иштирокида содир бўлади. Бу механизмларнинг бир қисми юракнинг ўзида жойлашган бўлиб, юрак ичидаги – интракардиал бошқарув механизмлари дейилади. Уларга ҳужайра ичидаги бошқарув механизмлари, ҳужайралараро ҳамкорликнинг бошқарилиши ва асаб механизмлари, яъни юрак ичи периферик рефлекслари киради. Иккинчи гуруҳни юракдан ташқи механизмлар ташкил қилган, унга экстрокардиал асаб ва гуморал механизмлар киради.
Ҳужайра ичи бошкарув механизмлари шундан иборатки, миокардни ташкил этган миоцитларда, уларнинг структураси ва функцияси сақланишини таъминловчи оқсил синтезини бошқарувчи механизмлар бор. Ҳар бир оқсил синтезининг тезлиги унинг сарфланишига қараб бошқарилади. Мунтазам равишда жисмоний иш билан шуғулланганда миокардда оқсил синтези кучайиб, миокарднинг ишчи (физиологик) гипертрофияси содир бўлади. Бундай гипертрофияни спортчиларда кузатиш мумкин.
Ҳужайра ичи бошқарув механизмлари юракка оқиб келган қон миқдорига мослаштириб, миокард толалари қисқариш кучини ўзгартириб туради. Бу механизм “юрак қонуни” (Франк-Старлинг қонуни) номини олган. Миокард қисқаришлари кучи ундаги толаларнинг узунлигига, яъни диастола вақтида миокард чўзилишининг даражасига боғлиқ. Диастолада миокард толаларининг чўзилиши эса юракка оқиб келган қон миқдорига боғлиқ. Миокард қисқарувчанлигининг бундай миоген бошқарилиши гетерометрик, яъни ўзгарувчан катталик бўлган миокард толаларининг бошланғич узунлигига боғлиқ бошқарилиш дейилади. Миокард толаларининг бошланғич узунлиги ўзгармаганда қисқариш кучининг ўзгариши гомеометрик бошқарилиш дейилади. Бундай бошқарилишга биринчи навбатда қисқариш кучининг ритм билан боғлиқ ўзгаришлари киради. Бир хил узунликдаги миокард тасмасига частотаси ошиб бораётган таъсирот берилса, кейинги ҳар бир қисқаришнинг кучи ошиб бораётганини кузатиш мумкин (Боудич норвони). Гомеометрик бошқарилишга тест сифатида Анреп синамасидан фойдаланадилар. Анреп синамаси чап қоринчадан аортага отилиб чиқадиган қонга қаршиликни кескин кучайтириш билан ўтказилади ва муайян чегараларда миокард қисқаришининг кучи ошади. Бу синамада икки фаза ажратилади. Бошида қон оқимига қаршиликнинг кучайиши ниҳоявий диастолик ҳажмни оширади ва қисқариш кучининг ошиши гетерометрик механизм бўйича амалга ошади. Кейинчалик ниҳоявий диастолик ҳажм ўзгармас бўлиб қолади ва қисқаришларнинг кучайиши гомеометрик механизм асосида содир бўлади.
Сўнгги йилларда аниқланишича, миокард ҳужайраларини ўзаро боғлаб турувчи оралиқ дискларнинг муайян қисмлари – нексуслар қўзғалишни ҳужайрадан ҳужайрага ўтказиб, миокард ҳужайраларини функционал синцитийга бирлаштиради. Ҳужайралараро ҳамкорлик бузилганда, улар асинхрон қўзғалади ва юрак аритмиялари пайдо бўлади.
Ҳужайралараро ҳамкорликка кардиомиоцитларнинг миокарддаги бириктирувчи тўқима ҳужайралари билан муносабати ҳам киради. Бириктирувчи тўқима ҳужайралари нафақат механик таянч вазифасини бажаради, балки кардиомиоцитларга қатор мураккаб юксак малекулали моддаларни ҳам етказиб беради. Ҳужайраларнинг ўзаро креатор боғланишлари ҳам шу бошқарилишга киради.
Юрак ичидаги периферик рефлексларнинг ейи МНТ да эмас, миокарднинг интрамурал тугунларида уланади. Бу рефлекслар ейи дендритлари миокард толалари ва тожсимон томирларда чўзилиш рецепторлари ҳосил қилган афферент нейронлар, оралиқ нейронлар ва эфферент нейронлардан иборат. Бу нейронлар ўзаро синапслар билан боғланган бўлиб, эфферент нейронларнинг аксонлари миокард ва тожсимон артериялар силлиқ мушакларида тугайди. Мазкур рефлекс ейлари орқали миокард толаларининг чўзилиш даражасига қараб унинг қисқаришлари кучайтирилиши исботланган.
Иссиқ қонли ҳайвонлар юрагининг гомотрансплантацияси ва экстрокардиал нерв элементларининг нобуд бўлишидан сўнг юракда рефлектор тамойилда ишлайдиган аъзо ичидаги нерв тизими фаолият кўрсатади.
Ўнг бўлма миокарди одатдагидан кўпроқ чўзилганда (табиий шароитда бу хол юракка оқиб келаётган қон ҳажми ошганда кузатилади) чап қоринча миокарди қисқаришларининг кучайиши тажрибаларда исботланган.
Миокард қисқаришлари кучининг гетерометрик ва гомеометрик бошқарилиш механизмлари веналардан оқиб келаетган қон бехосдан кўпайганда ёки артериал босим бирданига кўтарилганда юрак қисқаришлари энергиясини кескин оширади. Юракдан аортага оқиб чиқадиган қон миқдорининг кескин кўпайиши артериал тизимга албатта салбий таъсир этган бўлар эди. Аммо юрак ички нерв тизими рефлекслари амалга оширувчи ҳимоя туфайли бунга йўл қўйилмайди.
Юрак камераларининг оқиб келган қон билан хаддан ортиқ тўлиб кетиши юрак ичи четки рефлекслар орқали миокард қисқаришлари кучини пасайтиради. Бундай вақтда юрак систолада қоринчалардаги қоннинг одатдагидан камроқ қисмини артерияларга чиқаради. Ҳатто унча катта бўлмаган қўшимча қон ҳажмининг юрак камераларида сақланиб қолиши юрак бўшликларидаги диастолик босимни оширади ва веноз қоннинг юракка оқиб келишини камайтиради. Шундай қилиб, артериал тизимга салбий таъсир этиши мумкин бўлган қоннинг ортиқча ҳажми веноз тизимда қолиб кетади. Демак, юрак фаолияти ўз-ўзини бошқариш қобилиятига эга.