Электромагнитли флуорометрия усули ҳам анча кенг тарқалган. Бу усул электромагнит индукцияси тамойилига асосланган. Қон томирини тақасимон магнит кутблари орасида жойлаштирадилар, томирда оқаётган қон магнит майдонини кесиб ўтади.
Одамда қон оқимининг ҳажм тезлигини қўл-оёқда плетизмография усули билан аниқлаш мумкин. Бу усул аъзо ёки тана қисми ҳажмининг унинг қонга тўлиши, яъни оқиб келган ва оқиб кетган қон орасидаги фарқга, қараб ўзгаришини ёзиб олишга асосланган. Қўл ёки оёқ герметик ёпиқ идишда жойлаштирилади ва монометр ердамида босим ўзгаришлари эгри чизиғи – плетизмограмма езиб олинади. Ҳажм тезлигини аниқлаш учун бир неча секундга веналар қисилиб, веноз оқим тўхтатилади ва қўл ҳажмининг ошишига қараб унга оқиб келган қон аниқланади (булар ўзаро тенг).
Веналарда қон оқимининг чизиқли тезлиги капиллярдагига нисбатан янада ортади, чунки веналар бир-бирига қўшилганда қон йўли торайиб қолади. Кавак веналарда қон оқимининг чизиқли тезлиги аортадаги чизиқли тезликнинг ярмига тенг келади.
Қон айланиш катта ва кичик доирасидан қон ўтиб олиши учун зарур вақт қоннинг айланиб чиқиш вақти деб аталади. Одамда қоннинг айланиб чиқиш вақти ўрта ҳисобда юракнинг 27 систоласини ташкил қилади. Юрак минутига 70-80 марта қисқарганда қон бутун гавдани 20-23 секундда айланиб чиқади. Аммо бу энг қисқа вақтдир, чунки томир ўқи бўйлаб ва унинг девори яқинида қон оқиш тезлиги ҳар хил ва томирларнинг ҳаммаси бир хил узунликда эмас.
Қоннинг айланиб чиқиш вақтини ўлчаш учун бир қанча усуллар қўлланилади. Одатда организмда учрамайдиган бирор модда венага юборилади ва унинг иккинчи томонидаги бир номли венада қачон пайдо бўлиши аниқланади. Сўнгги йилларда қоннинг айланиб чиқиш тезлигини натрийнинг радиоактив изотопи ва электрон ҳисоблагич билан аниқламокдалар.
Артериал томирларда қон босими
Артериал қон босими гемодинамиканинг энг муҳим кўрсаткичларидан биридир. Қон босими энг кўп ўлчанади ва клиникада уни меъерга қайтаришга ҳаракат қилинади.
Артериядаги босим юрак қисқариши натижасида артерияларга кирадиган қон ҳажми ва майда артериялар, артериолалар ва капиллярларда қон оқими учратадиган қаршиликка боғлиқ. Бу боғланиш оддий тенглама P=QхR билан ифодаланади.
Ҳайвон, баъзан эса одам артерияларидаги қон босимини ўлчаш учун шиша канюла ёки катетер артерияга киритилади ва иккинчи учи монометрга ўланади. Қон ивиб қолмаслиги учун уларга қонни ивишдан сақлайдиган модда тўлдирилади. Бу бевосита (ўонли) усулдан ташқари воситали, ёки қонсиз усуллар ҳам қўлланилади. Бу усуллар томир ичидан қон ўтишини тўхтатиш учун зарур бўлган босимни ўлчашга асосланган. Бундай текшириш учун Рива-Роччи сфигмоманометридан фойдаланадилар. Н.С.Коротков таклифига кўра сфигмоманометрдан фойдаланиш билан бирга артерияда томир тонлари эшитилади (аускультация).
Қон босими томирлар тизимида юрак фаолияти билан боғлиқ ҳолда ўзгариб туради. Қоринчалар систоласи вақтида қон кучли оқим билан аортага утади ва бу пайтда қон босими артерияларда энг катта бўлади. Шунинг учун бу босимни максимал ёки систолик босим дейдилар. Бу босимни катта тезлик билан оқаётган қон оқими артерия деворига урилиши туфайли пайдо бўлган товуш орқали аниклайдилар. Қоринчалар диастоласи пайтида аортага қон оқиб ўтиши тўхтаб қолганлиги сабабли артериал босим пасаяди, бу босимга минимал ёки диастолик босим дейилади. Н.С.Коротков усули билан артерияда ўлчанган босим миқдорини электроманометрга улаб қўйилган игнани шу одамнинг томирига киритиб қайд қилинган босим миқдорига солиштирилса, бир-бирига яқин натижалар олинади.
Артериялардаги қон босими доим бир хилда турмай, бир қадар ўртача миқдордан юқорига кўтарилиб ва пастга тушиб туради. Қон босимининг эгри чизиғида бу ўзгаришлар уч хил тўлқин шаклида бўлади.
Биринчи тартибдаги тўлқинлар энг кўп бўлиб, юрак қисқаришларига боғлиқ. Ҳар бир систола вақтида қон артерияларга чиқиб, уларнинг эластик чўзилишини оширади. Қоринчалар систоласи вақтида аорта ва ўпка артерясига келадиган қон миқдори кетадиган миқдоридан ортиқ бўлади, шунинг учун улардаги босим кўтарилади. Диастола вақтида эса юракдан қон чиқиши тўхтагани сабабли деворларнинг чузилиши камаяди ва қон босими пасаяди. Систолик босим билан диастолик босим орасидаги фарқ, яъни босимнинг ўзгаришлар амплитудаси пульс босими деб аталади. Бир хил шароитда пульс босими ҳар бир систолада юракдан отилиб чиқадиган қон миқдорига мутаносибдир.
Пульс босими юракка яқин артерияларда энг юқори. Юракдан узоқлашган сари пульс босими пасайиб боради, яъни систолик ва диастолик босимлар орасидаги фарқ секин-аста камаяди. Артериола ва капиллярларда қон босимининг пульс тўлқинлари йўқ, уларда босим доимий бўлиб, систола ва диастола вақтида ўзгармайди.
Систолик, диастолик ва пульс артериал босимларидан ташқари ўртача босим деб аталувчи босим ҳам аниқланади.
Ўртача артериал босим систолик босим билан диастолик босим орасидаги миқдор бўлиб, қон босимининг пульс тўлқинлари бўлмаганда қон босимининг табиий тўлкинлари булган вақтдагидай гемодинамик самарани бера олади. Муайян артерияда ўртача босим ҳамма вақт ўзгариб турадиган систолик ва диастолик босимдан кўра доимий миқдордир.
Марказий йирик артерияларда ўртача босим диастолик босим билан пульс босими ярмининг йиғиндисига тенг: Рўрт =PD +(Рс-РD):2. Периферик артерияларда ўртача босим диастолик босим билан пульс босимининг учдан бири йиғиндисига тенг: Рўрт =РD +(Рс - РD):3.
Қон босимининг эгри чизиғида пульс тўлкинларидан ташқари нафас ҳаракатларига мос келувчи иккинчи тартибдаги тўлқинлар ҳам кузатилади, буларга нафас тўлқинлари дейилади. Нафас олинганда қон босими пасаяди, нафас чиқарилганда эса қон босими кўтарилади.
Қон босимининг эгри чизиғида баъзан учинчи тартибдаги тўлқинлар кузатилади. Улар қон босимининг янада секин кўтарилиши ва пасайишидан иборат бўлиб, ҳар бири бир нечта нафас тўлқинини ўз ичига олади. Учинчи тартибдаги тўлқинлар томирларни ҳаракатга келтирувчи марказ тонусининг ўзгариб туришидан келиб чиқади. Мия О2 билан етарли таъминланмаганда, масалан, атмосфера босими пасайганда, қон йўқотилганда ва заҳарланишда учинчи тартибдаги тўлқинлар кўпроқ кузатилади.
Ўрта ёшли кишида систолик босим бевосита ўлчанганда аортада 110-125 мм сим. уст. га тенг. Йирик артерияларда қон босими деярли ўзгармайди. Майда артерияларда, айниқса артериолаларда қон босими кескин даражада пасаяди, артериолаларнинг капиллярларга ўтадиган жойида босим 25-30 мм сим. уст.га тенг(жадвал №2)
Жадвал №2.
Одам томирлар тизимининг турли қисмларида ҳажм, қон босими
ва қон оқиши тезлиги
Томир
|
Ҳажм, мл
|
Босим, с.у.мм
|
Тезлик, см\с
|
Аорта
|
100
|
100
|
40
|
Артериялар
|
300
|
100-40
|
40-10
|
Артериолалар
|
50
|
40-30
|
10-0,1
|
Капиллярлар
|
250
|
30-12
|
0,1
|
Венулалар
|
300
|
12-10
|
0,3
|
Веналар
|
2200
|
10-5
|
0,3-0,5
|
Ковак вена
|
300
|
2
|
5-20
|
Клиник амалиётда қоннинг артериал босими одатда елка артериясида ўлчанади. 15-50 ёшгача систолик қон босими Коротков усули билан ўлчанганда 105-120мм\сим. уст. ни ташкил этади. 50 ёшдан кейин кўпчиликда кўтарилади. 60 ешда максимал босим ўрта ҳисобда 135-140 мм\ни ташкил этади. Янги тўғилган болаларда максимал қон босими 50 мм, лекин бир неча кундан сунг 70 мм га, бир ойлик бўлганда 80мм\сим. уст.га етади.
Қоннинг минимал босими ўрта ёшдаги соғлом одамнинг елка артериясида ўрта ҳисобда 60-80 мм, пульс босими 35-50 мм, уртача босим 90-95 мм\сим. уст. га тенг.
Do'stlaringiz bilan baham: |