8 МАЪРУЗА МАВЗУ: ПЬЕЗОМЕТРИК ГРАФИГ. НОРМАЛ БОСИМГА ҚЎЙИЛАДИГАН ТАЛАБЛАР РЕЖА: 1.Пьезометрик график 2.Нормал босимга қўйиладиган талаблар Иссиқлик тармоқларини лойиҳалаш ва уларни ишлатишда пьезометрик графикдан кенг фойдаланилади. Бу графикда биноларнинг жойлашиш баландликлари, тармоқдаги сиқув (босим)нинг қиймати ва қувур ўтказилган ер юзининг тузилиши (рельефи), яъни паст-баландлиги маълум масштабда кўрсатилади: бу графикдан тармоқнинг ҳар бир нуқтасидаги сиқувнинг қиймати осон аниқланади. Пьезометрик графиклари қишли ва ёзли ҳисобий шароитлар учун қурилади. Очиқ иссиқлик таъминоти тизимларини лойиҳалашда иситиш мавсуми учун алоҳида узатиш ва қайтиш қувурларидан максимал сув истеъмолини ҳисобга олган ҳолда пьезометрик графикларни қуриш лозим. Чизиқли ўлчамларда ифодаланган босим сиқув ёки пьезометрик сиқув дейилади. Иссиқлик таъминоти тизимларида пьезометрик графиклар ортиқча босимга мос бўлган сиқувларни белгилайди, шунинг учун улар оддий манометр ёрдамида ўлчаниб, олинган натижалар эса метрларга айлантирилади. Соддалаштирилган иссиқлик таъминоти тизимининг пьезометрик графигини кўриб чиқайлик (1-расм). Берк тармоқда сувнинг айланиши 1 насос ёрдамида амалга оширилади. Сув сатҳи доимий бўлган кенгайиш идиши 4, насоснинг айланиб ўтиш қувури 2 га уланган. Амалда кенгайиш идиши ўрнига одатда таъминот насоси ўрнатилади. Агарда тармоқ насоси ишламаса, унда иссиқлик таъминоти тизимининг барча нуқталарида сиқув кенгайиш идишидаги сув сатҳи билан аниқланади. Иссиқлик таъминоти тизимининг бундай статик ҳолатида пьезометрик график кенгайиши идишдаги сувнинг сатҳи бўйича ўтказилган S-S горизонтал чизиғи кўринишида бўлади. Тармоқнинг исталган нуқтасидаги сиқув S-S чизиғи ва берилган нуқта орасидаги вертикал кесма билан аниқланади. Динамик режимда, яъни тармоқ насоси ишга тушган вақтда, пьезометрик график иссиқлик тармоғи учун К1, А1, В1, С1, С2, В2, К2, айланиб ўтиш қувури учун эса К1NК2 чизиқлари билан тасвирланади. Агарда сиқувларни аниқлаш учун саноқ текислиги сифатида О-О сатҳни қабул қилсак, унда Нс кесмаси иссиқлик тармоғида статик сиқувни ифодалайди. Тармоқ насоси ишлаган вақтда Нn кесмаси насоснинг узатиш қувурчасидаги сиқувни, Нвс кесмаси эса – насоснинг сўриб олиш қувурчасидаги сиқувни белгилайди. Нсн=Нn-Нвс фарқи тармоқ насоси ҳосил қиладиган сиқувга тенгдир. Бу сиқув иссиқлик ташувчиси ҳаракатидаги гидравлик қаршиликларни енгиш учун сарфланади. Нт, Нn, Но кесмалар мос равишда 3 иситгич қурилмасида, тармоқнинг узатиш ва қайтиш магистралларида сиқув йўқолишларини ташкил қилади; Н1, Н2 –I ва II маҳаллий тизимлар ихтиёридаги ҳисобий сиқув. 1 – расм. Иситиш тизимлари боғлиқ бўлган чизма бўйича уланган икки қувурли иссиқлик тармоқнинг пьезометрик графиги. 1-тармоқ насоси; 2-тармоқ насоси айланиб ўтиш қувури; 3-станция сув иситгичи; 4-кенгайиш баки. Пьезометрик график қурилганда қуйидаги шартларни бажариш лозим: 1. Иссиқлик тармоғига бевосита уланадиган маҳаллий истеъмолчилардаги босим статик ва динамик режимларда рухсат этилгандан ошиб кетмаслиги лозим. Иситиш тизимининг чўян радиаторлари учун максимал ортиқча босим 0,6 МПа дан ортиқ бўлмаслиги керак, бу тахминан 60 м сув устини сиқувига тенгдир. 2. Узатиш қувурлардаги максимал сиқув қувурлар ва барча сув иситкич қурилмалар мустаҳкамлиги билан чегараланади. Рухсат этилган сиқувлар қуйида келтирилган
Жиҳозларнинг номи
|
Рухсат этилган сиқув, м
|
Пўлатли сув иситкич қозонлар
|
250
|
Чўян қозонлар
|
60
|
Тармоқ сувнинг иситкичлари
|
140
|
Калориферлар
|
80
| 3. Ташқаридан ҳаво сўрилмаслиги учун иссиқлик тармоғининг барча қисмларида ортиқча босим таъминланиши лозим. Бу талаб бажарилмаган тақдирда жиҳозларнинг занглаши (коррозияси) ва сувнинг циркуляцияси бузилиши мумкин. Ортиқча босимнинг минимал қиймати сифатида 0,05 МПа (5 м сув устини) қабул қилинади. 4. Иссиқлик тармоғида сувнинг қайнаб кетмаслигини таъминлаш. Бунинг учун иссиқлик таъминоти тизимининг барча нуқталарида маълум ҳароратда сув буғининг тўйиниш босимидан юқори босимни сақлаш лозим. Пьезометрик графикни ҳисоблашдан кўзланган асосий мақсад тармоқ насоси, арматура ва тегишли ростлагичларни тўғри танлашдан иборат.
Do'stlaringiz bilan baham: |