Лимфатик тизим ва лимфа ҳаракати
Организмда қон томирлари тизими билан биргаликда лимфа томирлари тизими ҳам мавжуд. Лимфатик тизим қуйидаги тузилмалардан иборат:
1) барча аъзо ва тўқималардаги бир томони ёпиқ эндотелиал найчалардан иборат бўлган лимфа капиллярлари,
2) аъзолар ичидаги клапанларга эга бўлган майда лимфа томирлари,
3) йирик лимфа йўлларига қуйиладиган аъзолардан ташқаридаги лимфа томирлари, булар ўз йўлларидаги лимфа тугунларидан ўтиб кетади,
4) бўйиндаги йирик веналарга қуйиладиган кўкрак ва ўнг лимфа йўллари.
Лимфа капиллярларининг девори бир қават эндотелиал ҳужайралардан иборат бўлиб, коллаген толалар ёрдамида атрофдаги тўқималарга туташган. Лимфа капиллярлари деворида эндотелиал ҳужайралар орасида кўп сонли тешикчалар мавжуд, бу тешикчалар босимлар фарқи ўзгарганда очилади ва ёпилади. Лимфа капиллярларида гидростатик, онкотик ва осмотик босимларнинг ўзгариб турувчи фарқи таъсирида лимфа ҳосил бўлади. Аъзолар ичидаги ва ташқарисидаги лимфа томирлари ва лимфа йўллари асосан транспорт функциясини бажаради, улар лимфа тизимида ҳосил бўлган лимфани қон томирлар тизимига етказиб беради. Лимфа томирлари лимфангионлар занжиридан иборат. Лимфангион лимфа томирларининг морфофункционал бирлиги бўлиб, спиралсимон жойлашган силлиқ мускул ҳужайралари ва икки – дистал ҳамда проксимал клапанлардан иборат. Қўл-оёқлар ва ички аъзоларнинг йирик лимфа томирлари кўкрак ва ўнг лимфа йўлларини ҳосил қилади. Бу йўллардан лимфа ўнг ва чап ўмров ости веналар орқали умумий қон оқимига қўшилади.
Лимфа – лимфатик тизим орқали тўқима оралиғидан қон оқимига қайтариладиган суюқликдир. Лимфа ҳужайралараро бўшликда қон капиллярлари девори орқали содир бўладиган реабсорбциядан фильтрация устунроқ бўлиши окибатида йиғиладиган тўқима суюқлигидан ҳосил бўлади. Қон капиллярларидан суюқликнинг чиқиши ёки унга кириши гидростатик ва осмотик босимлар нисбатига боғлиқ. Осмотик кучлар гидростатик кучларга қарама-қарши йўналган бўлиб, суюқликни қон капилляри ичида сақлашга интилади.
Лимфанинг ҳаракати ҳосил бўлган лаҳзадан бошланади. Шунинг учун қон капиллярларидан суюқлик фильтрацияси тезлигини оширувчи омиллар лимфа ҳосил бўлиши ва ҳаракат қилиш тезлигини ҳам оширади.
Лимфа ҳосил бўлишини оширувчи омиллар:
а) қон капиллярларида гидростатик босимнинг кўтарилиши,
б) аъзонинг функционал фаоллиги ошганда кузатиладиган фаол капиллярлар умумий юзасининг кўпайиши,
в) капиллярлар ўтказувчанлигининг ошиши,
г) гипертоник эритмаларни юбориш.
Лимфа ҳосил бўлишининг лимфа ҳаракатидаги аҳамияти шундан иборатки, у лимфанинг капиллярлардан лимфа томирларига оқиб ўтишини таъминловчи бирламчи гидростатик босимни ҳосил қилади. Лимфа томирларида лимфанинг ҳосил бўлган жойидан лимфа йўлларининг йирик веналарга қуйилиш жойигача оқиб боришини таъминловчи куч лимфангионларнинг ритмик қисқаришларидир. Найсимон лимфатик микроюрак сифатида қабул қилинган лимфангионларда лимфанинг фаол транспорти учун зарур бўлган барча унсурлар – ривожланган мускул қатлами ва клапанлар бор. Лимфанинг капиллярлардан майда томирларга ўтиши билан бир вақтда лимфангионлар тўлиб, улар девори чўзилади ва бунга жавобан силлиқ мушак толалари қисқаради. Силлиқ мушаклар қисқариши лимфангион ичидаги босимни етарли даражада оширганда дистал клапан ёпилиб, проксимал клапан очилади. Натижада лимфа навбатдаги лимфангионга оқиб ўтади. Лимфангион иши юрак фаолиятини эслатади, лимфангион циклида ҳам систола ва диастола кузатилади.
Лимфа ҳаракатини бошқаришда нерв ва гуморал механизмлар иштирок этади. Симпатик нерв тизими ва адренал тизим қўзғалганда лимфангионлардаги силлиқ мушаклар тоник қисқаради ва лимфа томирлари тизимида босим ошади. Булар натижасида лимфа ҳаракати тезлашади ва кўпроқ лимфа қон оқимига қўшилади. Гистамин қон капиллярлари ўтказувчанлигини ошириб, лимфа ҳосил бўлишини кучайтириш билан бирга лимфангионлар силлиқ мушаклари қисқаришларининг частотаси ва амплитудасини оширади. Лимфангионлардаги миоцитлар метаболитлар концентрациясининг ўзгариши, кислород парциал босимининг ўзгариши ва ҳарорат кўтарилишига сезувчандир.
Организмда асосий механизмдан ташқари, лимфанинг томирларда ҳаракатини енгиллаштирувчи омиллар ҳам мавжуд:
1) кўкрак қафасининг сўриш қобилияти,
2) диафрагма қисқаришлари туфайли кўкрак лимфа йўлидаги цистернанинг қисилиши,
3) скелет мушаклари, юрак, ичак в.б. қисқаришлари лимфа томири ичидаги босимни ошириб, лимфа ҳаракатини тезлаштиради.
Do'stlaringiz bilan baham: |