Табиий тошлар фактураси. Тоғ жинслари қазиб олингач, уларга технологик ишлов берилади ва улардан турли тош буюмлари тайёрланади. Табиий пардозбоп тошлар икки босқичда олинади:
— тош блокларидан яримфабрикатлар тайёрлаш;
— табиий тошлар юзасини талаб даражасида сайқаллаш.
Биринчи босқичда — тоғ жинсларидан (қайта ишлаш натижасида) турли шаклдаги, ўлчамдаги ва профилли пардозбоп буюмлар тайёрланади.
Иккинчи босқичда — машина ва механизмлар ёрдамида нуқтали, ғадир-будир, чизиқ-чизиқ ва бошқа кўринишдаги фактуралар берилади, силлиқланади (3.3-жадвал).
3.3-жадвал
Тош плита ва буюмларнинг юза қисмидаги фактуралар
Ҳозирги кунда тошларга ишлов беришнинг янги усуллари — ултратовуш ва иссиқлик таъсирида кесиш кенг қўлланилмоқда. Шунингдек, асосан турли абразивлар билан тош кесувчи станок-лардан фойдаланилмоқда.
Силлиқланган ва ялтиратилган фактурали пардозбоп тошлар катта зичликка ва мустаҳкамликка, кристалл тузилишга эга бўлган отқинди тоғ жинсларидан олинади.
Пардозбоп тошлар диск шаклидаги аррали станокларда 6 мм гача қалинликда олинади. Шу усул билан турли шаклдаги меъморий буюмларнинг устун қисмлари, ваза, карниз, зинапоя элементлари ва шу кабилар олиниши мумкин.
Бунда тошларга кесилгандан кейин махсус силлиқловчи машиналар ёрдамида қайта ишлов берилади. Aгар қайта ишлаш жараёнида майда ўлчамли абразивлар ишлатилса, силлиқланаётган юзанинг табиий ранги яхши кўринишга эга бўлади. Бундай ҳолат, асосан, гранит, лабрадорит ва рангли мармарларни қайта ишланганда кўзга яққол кўринади. Умуман, силлиқланган буюмларда табиий тош текстураси аниқ кўриниши лозим.
Бино ва иншоотларни пардозлашда турли фактурали тошлар ишлатилади (3.9-расм). Масалан, бинонинг сокол қисмини қоя кўринишидаги фактурали тошлар билан пардозланса, девор қисми тўқ рангдаги фактурага эга бўлган тошлар билан пардозланади.
Қаттиқ жинслардан тайёрланган донали буюмларни арралаш, йўниш, силлиқлаш ёки уларнинг сиртини ялтиратиш мумкин. Нотекис сирт — «қоя» ёки «пўстин» кўринишида, йўнилган сирт эса таралган бир текис параллел ариқчалар ўйиғи кўринишида бўлади.
Табиий тош ашёлари бир неча хил усуллар ёрдамида қайта ишланади (3.10-расм). Жумладан, тош юзасини хомаки ишлаш (харсанг тош, тош бўлаклари, чақилган тош, шағал ва қум); табиий тош тахтани тарам-тарам қилиб йўниш; тўғри шаклдаги тош буюмлари ва блоклари (деворбоп) ва тоштахталарни ҳар хил тасвирда тарашлаш ва силлиқлаш (қоплама ва полбоп тоштахталар); узун тоштахталар (зинапоя, токчабоп, тутқич, устун ости ва ҳ.к.), йўл қурилишибоп тош буюмларини (йўл чеккасибоп буюм, чор қиррали йўлбоп тош, йўлкабоп ҳар хил шаклдаги тош) ишлаш. Табиий тош ашёлари ва буюмларни арралаш (деворбоп тошлар ва блоклар, қоплама ва полбоп тоштахта) ва йўниш (йўл чеккасибоп тошлар ва ҳ.к.) усули билан ҳам ишланади. Бир хил рангдаги тоштахта юзасига гул ёки безаклар беришда тош йўнувчи асбоблар ёрдамида зарб уриш усули ишлатилади ва ҳар хил тасвирдаги тоштахталар ишлаб чиқарилади. Тасвири ғадир-будир юзанинг баланд қисми 2 мм гача, ўзаро параллел йўнилган юза чуқурлиги 0,5—1 мм, нуқтали нотекис юзадаги чуқурча ўлчами 0,5—2 мм бўлиши керак. Силлиқлаш усули билан табиий харсангтош арраланади, фрезаланади, силлиқланади, ундан кейин ялтирлатилади. Мармар, оҳактош ва бошқа зич табиий тошларни арралаш учун ускунага ўрнатилган энг қаттиқ темирдан ишланган арралардан фойдаланилади.
Олмос кескичли арра ишлатилганда, унинг тезлиги карборундлиги нисбатан 5—10 марта ошади, электр энергия харажати 2—2,5 марта камаяди, тайёр маҳсулотнинг сифати яхшиланади. Бунда, хомашё харажати 12—18 мм га камаяди, тоштахта қалинлигини эса 5—10 мм гача камайтириш мумкин бўлади.
Тоштахталарни силлиқлаш ва ялтиратиш ишлари айланадиган лаппак билан унинг юзаси бўйлаб юради. Бунинг учун заррачали корунд ёки олмос чанги билан тоштахта юзаси ишқаланади. Кейин тош юзаси силлиқ ва қўнғир рангли бўлади. Ялтиратиш учун лаппак махсус темир оксидли (хром, қалай, темир ва ҳ.к.) қуйқа ёки кукун суртилган кигиз ёки наматга ўралади, кейин тоштахта юзаси катта айланма тезликда ойнадек ялтирагунча артилади.
Деворлар сиртини қоплашда табиий муҳитга чидамли пардозбоп отқинди тоғ жинсларидан гранит, сиенит, габбро ва зич оҳактошлар ишлатилади. Девор сиртини қоплашда унинг пардозини ва ишлаш шароитини ҳисобга олиб табиий тош турларини тўғри танлаш зарур. Масалан, бино пойдеворини қоплашда об-ҳаво ва совуққа чидамлилиги юқори бўлган пардозбоп табиий тош ишлатилади. Девор сиртини қоплашда эса, об-ҳаво ва совуққа чидамлилиги нисбатан паст бўлган пардозбоп тошларни ишлатса ҳам бўлади. Бино ичини қоплашда пардозбоп мармар, оҳактош ва шу кабилардан тайёрланган ғовак тоштахта ишлатилади. Aкустик хусусиятлари яхши бўлган серғовак тоғ жинслари театрлар, консерт заллари ва шунга ўхшаш иншоотларнинг деворларини қоплаш учун ишлатилади.
Полбоп қурилиш ашёлари сифатида қаттиқ ва ишқаланишга чидамлилиги юқори бўлган тоғ жинсларидан тайёрланган тоштахта ишлатилади. Девор сиртини қопловчи мармар плиткалар қалинлиги 10...20 мм, эни 400 мм ва узунлиги 800 мм ўлчамда тайёрланади.
Деворбоп тошларни тайёрлашда ҳозирги вақтда замонавий олмосли диск ва олмосли арралар кенг қўлланилмоқда (3.11-расм).
Бунда, жуда кичик қалинликдаги юзаси ялтироқ тоштахталар олиш мумкин. Бундай тоштахталарнинг нархи одатдаги қалинроғидан анча арзон бўлади.
Do'stlaringiz bilan baham: |