Рэспубликадаги пардозбоп табиий
тошни қайта ишлаш
Тошларни қайта ишлаш Ўзбекистон учун ўзига хос кўп йилларга тенг тарихга эга. Мамлакатимизда ихтисослашган махсус йирик корхоналарда тошларни қазиб олиш ва қайта ишлаш ўтган асрнинг 60-йилларидан бошланди. Республикамиз мустақилликка эришгандан сўнг, аниқроғи 1995—1996-йилларда, кўпгина муассаса ва шахсий фирмалар Италиянинг замонавий технологияларини олиб келдилар. Натижада, табиий тошларни қазиб олиш ва уларни қайта ишлаш саноати юксала бошлади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1997-йилдаги махсус қарорига кўра тош қазиб олувчи ва уларни қайта ишловчи барча корхоналар эскириб қолган техник базасини янги машина ва асбоб-ускунлар билан алмаштириш вазифаси қўйилди. Натижада, 1998-йилдан бошлаб «Ўзқурилишашё» ОAУ га қарашли корхоналар, Навоий Тоғ-металлургия комбинати, «Ўзавтойўл» консерни, Ўзбекистоннинг Aмерика, Aвстрия, Aнглия ва Греция давлатлари билан тузилган қўшма корхоналар, Тошкент шаҳар ҳокимияти ҳамда хусусий корхоналар ўзларининг моддий базасини чет эл ускуналари билан жиҳозлаш ишларини бошлаб юбордилар.
Ҳозир фаолият кўрсатаётган барча корхоналарни йирик, ўрта ва кичик гуруҳларга бўлсак 16 та йирик корхонада 2000-йилнинг бошларида табиий тошдан ишланган пардозбоп тоштахта миқдори 855 минг м2 ни ташкил этди. Республикамиздаги ўрта қувватга эга бўлган 9 та корхонада 180 минг м2 мармар тошлари ва 70 мингдан кўп майда корхона ва цехларда 100 минг м2 пардозбоп мармарлар ишланди.
Шундай қилиб, Ўзбекистонда 2000-йилнинг бошларига келиб 1 млн. 125 минг м2 қоплама табиий тош ашёлари ишлаб чиқарилди. Республикамиздаги корхоналарнинг иш унумини 2 марта ошириш имконияти яратилди.
Республикамиздаги барча корхоналар қуйидаги йўналишлар бўйича фаолият кўрсатмоқдалар: табиий тош қоплама буюмлар ишлаб чиқарадиган корхоналар; мармар гранит ва травертин блоклари; шағал, қум, чақиқ тош, харсангтошлар; шиша, сопол, фосфор, чинни буюмлари саноати учун хомашё — дала шпати ва доломит тошлари; омихта эм учун озиқа уни; пардозбоп майда тошлар ва мармар харсанглари; табиий тош, нақшбоп (мозаика), полбоп ва халқ истеъмол моллари ишлаб чиқарувчи корхоналардир.
Хорижий давлат технологиялари билан жиҳозланган Қашқадарё ва Самарқанд мармар AУ лари тоғ жинсларини олмос — арқон арраси ёки сувнинг юқори босимида кесувчи машиналардан фойдаланмоқдалар. Уларнинг имконияти 15 минг куб метргача мармар харсангларини арралаб блоклар тайёрлаш. Лекин республикамизнинг бундай блокларга бўлган эҳтиёжи фақатгина 78 минг м3 ни ташкил этади.
Ғозғон мармари бутун дунё бўйича кўпгина давлатларга таниш. Лекин ўзининг тўла қувватга эга бўлган имкониятидан фойдаланмаяпти. Мармар захираларини ўрганиш, борларидан тўлиқ фойдаланиш учун тоғ конларибоп машина ва ускуналарни хориждан (тендр асосида) сотиб олиш йўли билан, тоғ жинсларини қайта ишлаш ва самарали ашёлар ишлаб чиқаришни 3,5-4 баробар ошириш мумкин.
Халқ хўжалиги учун энг қимматли кварс, дала шпати концентрати, озуқа уни каби хомашёлар, шунингдек, шиша, чинни, сопол ва чорва озуқалари ишлаб чиқарувчи корхоналар Марказий Осиёда ягона — бизнинг Республикамизда мавжуд.
Болтиқбўйи, Беларуссия, Россия, Тожикистон, Қозоғистон каби давлатларга бизнинг республикамиздан жуда кўп миқдорда пардозбоп йирик мармар қуми (мраморная крошка), озуқа уни юборилар эди. Умуман, республикада табиий тош ашёларини ишлаб чиқариш 1990-йилга нисбатан анча камайди. Бунга сабаб: корхоналардаги машина, асбоб ва ускуналар моддий ва маънавий томондан эскирди; озуқа уни, доломит тоши, майдаланган мармар, кварс, дала шпатига бўлган талаб тубдан камайди; айрим табиий тош ашёларининг сифати Европа стандартлари талабини қондирмаяпти.
Республикада ойнабоп шишалар, шиша идишлар, автомобил шишалари учун асосий хомашё — кварс, дала шпати концентратини ихтисослашган «Лангар» AУ ишлаб чиқаради. Уюшманинг иш унуми йилига 50 минг тоннани ташкил этади. Ўзбекистон республикаси ҳар хил рангли табиий тош ашёларини чиқариш учун етарли захираларга эга. Ҳозирги кунга келиб ҳар хил муассислар ёрдамида республикада 33 та мармар конлари, 18 та гранит ва габбро, 1 та травертин ва оҳактошлар, 2 та туф ва пардозбоп қумтош конлари топилган, уларнинг хоссалари ҳар томонлама ўрганилган. Республикамиз конларида 80 млн метр кубдан зиёд қопламабоп табиий тош захиралари бор. Ишлаб чиқаришга тайёр бўлган табиий тош ашёлари жами 44,7 млн м3 га тенг, шулардан 25,2 млн м3 ни мармар, 17,3 млн м3 ни гранит ва габбро, 2,2 млн м3 ни қумтош захиралари ташкил этади.
Мустақиллик йилларида Ўзбекистон шаҳарларида саноат ва уй-жой бинолари қуриш ва уларга пардозбоп қоплама ашёларни кўплаб ишлатиш, шунингдек, халқаро талабларни қондирувчи кўприк, автойўл ва темирйўллар қурилиши жадал суръатларда ривожланиб Республикамиз капитал қурилишларида ажойиб ашё — табиий тошлар кўплаб қўлланила бошланди. Қурилиш учун зарур бўлган табиий тош ашёларини қидирув ишлари Ўзбекистонда яхши йўлга қўйилган. Ҳозиргача топилган қазилма бойликлар захиралари қурилиш талабларини бир неча ўн йилларгача қондиради.
Синов саволлари
1. Тоғ жинсларининг такрибий қисми, пардозбоп хилларини баён қилиб беринг.
2. Чуқурдаги яхлит чўкинди ва метаморф тоғ жинслари, хоссалари ва ишлатилиши ҳақида гапириб беринг.
3. Пардозбоп тоғ жинсларининг меъморчиликдаги ўрни.
4. Иншоотларнинг ички ва ташқи қисмини пардозлашда қандай жинслар ишлатилади?
5. Шаҳар хиёбонларини пардозлашда қандай табиий тошлар ишлатилади?
6. Тоғ жинсларининг асосий хоссалари ҳақида гапириб беринг.
7. Пардозбоп тоғ жинсларига қандай ишлов берилади?
8. Ўзбекистондаги асосий пардозбоп тоғ жинслари нималар?
Do'stlaringiz bilan baham: |