Ишқаланишга чидамлилиги ва эскириши. Табиий тошлар пардозлаш ишларида, полбоп тахталар ва зинапоя каби буюмлар тайёрлашда ишлатиладиган хиллари эса юқори мустаҳкам, ишқаланишга чидамли бўлиши керак. Майда кристалл тошлар ишқалаганда улар жуда силлиқ бўлиб кетади. Шу сабабли, зинапоя ва полбоп тахталар учун ўртача йирикликдаги табиий тошлар ишлатилади.
Ўтга чидамли тош ашёларнинг минералогик таркиби катта аҳамиятга эга. Тош ашёлар таркибидаги гипс 200°C да, оҳактош 900°C да бузилади. Гранит ва порфирлар юқори ҳароратда (иншоотларга ўт кетганда) кенгайиши ҳисобига ёрилади.
Қаттиқлик. Табиий тош ашёларнинг қаттиқлигини аниқлашда Мооснинг қаттиқлик шкаласидан фойдаланилади (3.7-расм). Махсус танлаб олинган 10 хил минерал қаттиқлик шкаласида шундай жойлашганки, навбатдаги минерал билан ўзидан олдинги минералга чизилганда из қолади, лекин унинг ўзига шу минерал билан чизилганда из қолмайди.
Минералларнинг қаттиқлигини аниқлаш учун текширилаётган минералларнинг силлиқ юзасига шкалада кўрсатилган минералларнинг ҳаммаси билан (юмшоқ минералдан бошлаб) чизиб кўрилади. Бунда синалаётган намунада қайси минерал билан из қолдирилганлигини билиш керак. Масалан, текширилаётган апатит билан чизганда унда из қолса ва намунанинг ўзи плавик шпатда из қолдирса, текширилаётган минералнинг қаттиқлик кўрсаткичи 4,5 бўлади.
Зарарли муҳитга чидамлилиги. Тоғ жинслари атмосфера таъсирида ундаги физик-механик жараёнлар, ҳароратнинг ўзгариши, сув ва муз таъсирида аста-секин бузила бошлайди.
Муҳит ва ер ости сувлари таркибида ҳар хил моддалар — карбонат ангидрид, сулфатлар, органик бирикмалар бор. Aгар тоғ жинсларига шу моддалар таъсир этса, унинг таркиби аста-секин ўзгара боради ва мураккаб физик-кимёвий жараёнлар рўй беради. Жинсдаги оксидланиш, карбонизацияланиш каби жараёнлар унинг кимёвий бузилишини тезлаштиради.
Тоғ жинсларнинг атроф муҳит таъсирида бузилиши унинг емирилиши дейилади. Жинсларнинг емирилишга чидамлилиги уларнинг таркибига, тузилишига ва табиатнинг таъсир этувчи омилларига боғлиқ.
Бино ва иншоотларни қуришда ишлатиладиган табиий тош ашёларини емирилишдан ва физик-кимёвий жараёнлар таъсирида бузилишдан сақлашнинг қуйидаги усуллари кенг қўлланилади:
— сирти силлиқланган ва пардозланган тошларни ишлатиш;
— тош сиртида ёмғир ва қор сувларининг ушланиб қолишига йўл қўймаслик;
— тош сиртига кимёвий усуллар билан ишлов бериш ва ҳоказо.
Кимёвий усуллар билан ишлов беришда табиий тошнинг сиртига кимёвий моддалар шимдирилади. Модда тошдаги минераллар билан бирикиб, тош сиртидаги ғовакларни тўлдиради. Натижада, ашёнинг мустаҳкамлиги, совуққа ҳамда кимёвий эритмалар таъсирига чидамлилиги ортади ва сув шимувчанлиги камаяди.
Do'stlaringiz bilan baham: |