Буйрак усти безлари пўстлоғининг гормонлари Буйрак усти безлари ўстлоғининг гормонларини уч группага ажратиш мумкин.
I. Минералокортикоидлар — алъдостерон, кортикостерон, дезоксикортикостерон— коптокчали зонадан чиқади ва минерал моддалар алмашинувини бошқаради.
II. Глюкокортикоидлар — кортизон, гидрокортизон ва кортикостерон (кортикостерон минералокортикоидларга ҳам киради)— тутамли зонадан чиқади, углеводлар, оқсиллар ва ёғлар алмашинувига таъсир этади.
III. Жинсий гормонлар — андрогенлар, эстрогенлар прогестерон тўрли зонадан чиқади.
Минералокортикоидлар. Минералокортикоидлар организмда минерал моддалар алмашинувини, биринчи галда қон плазмасидаги натрий ва калий миқдорини бошқаради.
Минералокортикоидлардан энг активи альдостерондир. У буйрак каналчаларида натрий ва хлор реабсорбциясини кучайтиради, шу муносабат билан қон, лимфа ва тўқима суюқлиғида ош тузи кўпаяди. Шу билан бирга, альдостерон буйрак каналчаларида калий реабсорб циясини камайтиради, натижада калий чикиб кетиши кучайиб, организмдаги калий миқдори камаяди.
Альдостерои қон ва тўқима суюқлигидаги ош тузи концентрациясини ошириб, осмотик босимни кўтаради, шу сабабли организмда кўп сув ушланиб қолади ва қон босими ортади. Натрий реабсорбциясининг кучайиши натижасида алкалоз авж олиши ҳам мумкин.
Минералокортикостероидлар етишмаслиги қарама-қарши ўзгаришларга сабаб бўлади. Буйрак каналчаларида натрий реабсорбцияси камаяди, натижада организм шунча кўп натрий йўқотадики, ички муҳитда ҳаётга тўгри келмайдиган ўзгаришлар вужудга келади ва буйрак усти безлари пўстлоғи олиб ташланган ҳайвон бир неча кундан кейин ўлиб қолади. Фақат кўп миқдорда натрий ёки минералокортикоидлар юбориб, буйрак усти безлари пўстлоғи олиб ташланган ҳайвоннинг ҳаётини сақлаб қолиш мумкин. Шунинг учун минералокортикоидларни «ҳаётни сақлаб турувчи гормонлар» деган образли ном билан ҳам аташади.
Қондаги минералокортикоидлар миқдорининг бошқарилиши.Буйрак усти безларидан чиқадиган минералокортикоидлар миқдори организмдаги натрий ва калий миқдорига бевосита боғлиқ. Масалан, организмга натрий юборилганда қондаги Na миқдорининг ортиши альдостерон секрециясини сусайтиради, натижада сийдик билан натрий чиқиши кучаяди. Организмда натрий етишмаслиги эса, аксинча, альдоетсрон секрециясини кучайтиради ва шу сабабли буйрак каналчаларида Nа реабсорбциясини оширади. Альдостерон тер безлари орқали натрий чиқишини ҳам камайтиради: организм қизиб кетганда қаттиқ терлаш сабабли натрий чиқиб кетишини шу йўл билан тўхтата олади.
Чиқаётган альдостерон миқдори қондаги ва тўқима суюқлиғидаги натрий ва калийнинг абсолют миқдоригагина эмас, балки натрий ва калий ионларининг нисбатига ҳам боғлиқ. Қондаги натрий ионлари етишмагандагина эмас, балки қондаги калий ионлари ортганда ҳам альдостерон секрециясининг кучайиши, қондаги калий ионлари етишмаганда эса альдостерон секрециясининг сусайиши бунга далил бўла олади. Шундай қилиб, натрий ионлари билан калий ионлари минералокортикоидларнинг ажралиб чиқиш процессига қарама-қарши таъсир этади. Аммо, буйрак усти безлари пўстлоғининг ҳужайраларига қон-даги натрий ионлари концентрациясининг ўзгаришидан кўра калий ионлари миқдорининг ўзгариши кучсиз таъсир этади.
Минералокортикоидлар секрециясини ўзгартирувчи факторларга тўқима суюқлиғи билан қон плазмасииииг миқдори ҳам киради. Уларнинг кўпайиши альдостерон секрециясини сусайтиради, организмдан натрий чиқиб кетишига ва у билан боғланган сувнинг ажралишига сабаб бўлади.
Альдостерон чиқиш активлиги натрий ва калий ионларининг буйрак усти бези ҳужайраларига бевосита таъсир этиши йўли билангина эмас, балки гипоталамус орқали бошқарилади. Гипоталамуснинг емирилиши минералокортикоидлар ички секрециясининг натрий, калий ионлари миқдорига ва организмдаги сув миқдорига қарамлигини йўқотади ва бу секрецияни кескин даражада сусайтиради. Буйрак усти безини иннервацияловчи нервлар қирқиб қўйилса, шунингдек буйрак усти бези кўчириб ўтказилса гипоталамус минералокортикоидлар секрециясини бошқараверади. Гипофиз олиб ташлангандан кейин гипоталамус таъсири сақланади. Гипоталамус альдостерон секрециясини вегетатив нерв системасининг толалари орқали, шунингдек гуморал йўл билан бошқаради. Гипоталамуснинг баъзи нерв ҳужайралари қонга физиологик актив модда чиқаради, бу модда буйрак усти безининг пўстлоғига таъсир этиб, альдостерон секрециясини кучайтиради, деб фараз қилишади.