“ДОРУЛ ҲИКМАТ ВАЛ МАОРИФ”
музей экспозицияси экскурция матни
Хоразм деганда, жаҳон илм-фани, маданияти ва санъати тараққиётига муносиб ҳисса қўшган, ўзбек давлатчилигининг тамал тоши қўйилган бетакрор бир ўлка кўз олдимизга келади.
Инсоният тарихидаги энг қадимий ёзма манбалардан бири бўлган “Авесто” китобининг айнан шу заминда пайдо бўлгани Хоразм юртининг тарихи қандай теран эканидан далолат беради.
Илк ўрта асрларда айнан шу ерда асос солинган Маъмун академияси бутун Шарқ ва Ғарб оламида қандай юксак шуҳрат қозонгани барчамизга яхши маълум.
Жўшқин Амударёдан сув ичиб, муқаддас ва табаррук Хоразм тупроғида униб-ўсган, халқимиз тарихида ўчмас из қолдирган Абу Райҳон Беруний, Муҳаммад Мусо Хоразмий, Маҳмуд Замахшарий, Нажмуддин Кубро, Паҳлавон Маҳмуд, Носириддин Рабғузий, Сулаймон Боқирғоний, Саккокий, Мунис, Феруз, Огаҳий, Баёний ва бошқа кўплаб алломалар, шоир ва мутафаккирларнинг номлари жаҳон цивилизацияси тарихига ҳақли равишда олтин ҳарфлар билан битилган.
Ҳамма ўз тарихини улуғлайди. Лекин бизнинг мамлакатимиздагидек бой тарих, боболаримиздек буюк алломалар ҳеч қаерда йўқ. Бу меросни чуқур ўрганишимиз, халқимизга, дунёга етказа билишимиз керак. Бу марказга келган одам тарихимиз ҳақида тўла тасаввурга эга бўлиши, катта маънавият олиб кетиши зарур.
Ш.МИРЗИЁЕВ
Хоразм воҳаси жаҳон цивилизациясининг қадимги марказларидан бири ҳисобланади. Хоразмда қадимдан шаҳарсозлик, меъморчилик ва ҳунармандчилик, тасвирий санъат, ёзув, моддий ва маънавий маданият ривожланиб келган. Бу воҳадан дунё илм-фанига катта ҳисса қўшган Муҳаммад ибн Мусо Хоразмий, Абу Райҳон Беруний, Маҳмуд Замахшарий, Нажмуддин Кубро, Паҳлавон Маҳмуд, Мунис, Огаҳий сингари буюк даҳолар етишиб чиққан.
Хоразм Маъмун академияси Шарқнинг машҳур олимлари тўпланган илмий марказлардан биридир. Х асрда Хоразм давлатнинг бирлашиши, иқтисодий юксалиш маънавий ҳаёт ривожига туртки бўлди. Хоразмшоҳ Маъмун ўз саройига олимларни тўплаб, уларга илм билан шуғулланишлари учун шароитлар яратиб берди. Бу даргоҳда Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Абу Наср ибн Ироқ, Абу Саҳл Масиҳий, Абу-л-Хайр Хаммор каби машҳур алломалар фаолият юритдилар.
Хоразм Маъмун академияси тарихини, академияда фаолият юритган алломаларнинг ҳаёти ва меросини тарғиб қилиш – бугунги куннинг долзарб вазифаларидан бири ҳисобланади.
“ДОРУЛ ҲИКМАТ ВАЛ МАОРИФ” ЁКИ
“ОЛИМЛАР МАЖЛИСИ ” (“МАЖЛИС AЛ-УЛАМО”)
Маъмун ибн Муҳаммад (995-997) Шимолий ва Жанубий Хоразмни бирлаштириб, Гурганч шаҳрини пойтахт қилди. Хоразмшоҳ Али ибн Маъмун (997-1009) даврида пойтахт Гурганж маърифат марказига айланди. Бу ерга нафақат Хоразмдан, шунингдек, Шарқнинг бошқа ерларидан машҳур олиму уламолар кела бошлади. Али ибн Маъмун фармони билан шоҳ саройи яқинида кутубхона очилиб, нодир қўлёзмалар тўпланди. Абу Райҳон Беруний ва унинг устози, “ўз даврининг Птолемейи” деган юксак унвонга сазовор бўлган Абу Наср ибн Ироқ шоҳнинг топшириғига биноан етук олиму уломаларга мактублар йўллаб, уларни пойтахт Гурганжга таклиф қилди. Натижада Самарқанд, Бухоро, Пойканд, Термиз, Нишопур, Балх, Марв ва ҳатто араб Ироқидан ўз даврининг машҳур олимлари Гурганжга келди. Гурганж тез орада нафақат маъмурий ва иқтисодий, балки илм-фан марказига айланди. Бу ерга мусулмон Шарқининг турли мамлакатларидан астрономия, математика, табобат, кимё, география, тарих, фалсафа ва бошқа илмларда ном чиқарган фан намояндалари тўпланди. Булар орасида ёш олим ва табиб Ибн Сино, Абу Райҳон Беруний ва унинг устози Абу Наср ибн Ироқ, Абу Саҳл Масиҳий, файласуф, табиб ва таржимон Ибн Хаммор, астроном Маҳмуд ал-Хўжандий ва бошқалар бор эди. Хоразмшоҳ Али Ибн Маъмун олимларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаб, уларга ғамхўрлик кўрсатди. Шу тариқа, 1004 йил бошларида Хоразмшоҳлар пойтахти Гурганжда “Мажлиси ал-уламо” номи билан аталган йирик илмий марказ шаклланди.
Бу ерда илм билан шуғулланган олимлар аниқ ва табиий фанлар, шунингдек, тарих, тил ва адабиёт, фалсафа, мантиқ ҳамда ислом илмлари бўйича йирик асарлар яратдилар. Маъмун академиясида юзга яқин олимлар фаолият юритишган, улардан 30 дан ортиғининг номлари аниқланиб, асарлари қисман ўрганилган.
Маъмун академиясида фаолият олиб борган энг машҳур олимлардан бири Абу Райҳон Берунийдир.
Do'stlaringiz bilan baham: |