Абу Мансур ас-Саолибий
Абу Мансур Абдалмалик ибн-Муҳаммад ас-Саолибий (961-1038) ва Абул Хайр ибн ал-Хаммор (942-1032) Хоразм Маъмун Академиясининг етакчи олимларидан бўлганлар. Буюк олим, шоир ва тарихчи бўлган ас-Саолибий 961 йили Нишапурда таваллуд топган. У ёшлигида тарих, адабиёт, мантиқ ва араб тилини чуқур ўрганган. Оғир шароитда ҳаёт кечирган олим пўстиндўзлик касби билан шуғулланиб тирикчилик қилган. Ас-Саолибий турли шаҳар ва мамлакатларда, шу жумладан, Марв, Ғазна, Бухоро ва Хоразмда бўлиб, етук олимлар билан ҳамсуҳбат бўлган. Кейинги ҳаёти Гурганжда Маъмун Академиясида кечиб, олимлар орасида катта ҳурматга сазовор бўлган. Айрим манбаларга қараганда ас-Саолибий тарих, мантиқ, адабиётга доир 51 та асар муаллифи бўлиб, бизгача тубандаги асарлари: "Йатимат ад-даҳр фи маҳосин аҳл ул-аср ("Замона аҳлининг фазилатлари ҳақида ягона дурдона"), "Китоб ал-ғурар" ("Маълумотлар китоби"), "Татиммат ал-йатима" ("Йатимат ал-даҳр қўшимчаси"), "Латоиф ул-маориф" ("Латиф ахборотлари"), «Шамс ул-адаб фи истеъмол ал-араб» («Араб тилидан фойдаланишда адаб қуёши»), «Китоб ал-Тамсил ва-л-мухадарат» («Нодир сўзлар ва суҳбат китоби»), «Макорим ул-аҳлоқ»(«Афзал ҳулқлар») ва «Ғурар ахбор мулук ул-фурс ва сиярухум» («Эрон подшоҳлари ҳақида маълумотлар») етиб келган.
Ас-Саолибийнинг «Йотимат ад-даҳр» ҳамда «Китоб ал-ғурар» асарлари Ўрта Осиё ҳалқларининг X-XI асрлардаги тарихий маданиятини ўрганишда қимматли манбадир.
Ас-Саолибийнинг "Эрон подшоҳлари ҳақида маълумотлар" асари тўрт жилддан иборат бўлиб унда Эрон, Афғонистон ва Ўрта Осиёда рўй берган ижтимоий-сиёсий воқеалар ҳикоя қилинади. Умуман, тарихчи олим ас-Саолибий асарларида Хоразм, Хуросон ва Ўрта Осиёда яшаб ижод этган 124 нафар олим, адиб ва давлат арбоблари ҳақида ишончли маълумотларни учратиш мумкин. Жумладан, олимнинг «Йатимат ал-даҳр» рисоласида Берунийга замондош ва унинг билан ҳамкорликда фаолият кўрсатган Абу Бакр Муҳаммад ал-Хоразмий, Абу Саъид Аҳмад ибн Шабиб аш-Шабибий, Абул Ҳасан Маъмун ибн Муҳаммад ибн Маъмун, Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Иброҳим ар-Раққоший, Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Ҳамид ал-Хоразмий, Абул Қосим Ахмад ибн Зирғон каби хоразмлик аллома, адиб ва давлат арбоблари ҳақида қимматли маълумотлар бор. Ас-Саолибийнинг илмий асарлари Европа ва рус шарқшунос олимлари томонидан юқори баҳоланган. Ас-Саолибий кейинчалик Султон Махмуд саройида Абу Райхон Беруний билан ҳамкорликда илмий тадқиқот ишларини олиб борган.Олимнинг «Йотимат ад-даҳр» асари 1883 ва 1947 йилларда арабча матнда Байрут ва Коҳирада нашр қилинган. Ўтган аср ўрталарида асарнинг француз, лотин, рус ва ўзбек тилидаги таржималари ҳам нашрдан чиқарилган. Атоқли арабшунос ўзбек олими Исматулло Абдуллаев ўзининг узоқ йиллар илмий тадқиқотлари туфайли ас-Саолибийнинг араб тилида ёзилган илмий ва бадиий асарларини ўзбек тилига таржима қилиб, ўрта асрнинг бу ноёб маданий мероси билан ҳозирги авлодларни таништиришга муваффақ бўлди.
Do'stlaringiz bilan baham: |