Абу Саҳл Масиҳий (970-1010)
Шарқнинг йирик табиатшунос олими Абу Саҳл Масиҳийнинг ҳаёти ҳақидаги айрим маълумотлар Беруний, Байҳакий, ибн ал-Кифтий, ибн Абу Усайбиа асарларида мавжуд. Беруний «Геодезия» рисоласида олимнинг тўлиқ исмини Абу Саҳл Исо ибн Яхё ал-Масиҳий деб тилга олади. Абу Саҳл Масиҳий 970 йилда Каспий денгизининг жануби-шарқий соҳилидаги Журжон (Гурган) шаҳрида туғилиб, Бағдод, Эрон ва Хуросон шаҳарларида мадраса таълимини олган ва Шарқда машҳур олим бўлиб етишган. Масиҳий анча вақт Журжон амири Қобус ибн Вушмагир саройида хизмат қилади. 995-997 йилларда у Хоразмга, Гурганжга кўчиб келиб, дастлаб Маъмун ибн Муҳаммад сўнгра Али ибн Маъмун хизматида бўлган. 1004 йилдан бошлаб узлуксиз 16 йил давомида у Маъмун Академиясида Беруний, ибн Сино, Абул Ҳайр Хаммор ва бошқа олимлар сафида ижод қилади ва Академиянинг илмий котиби вазифасини бажарган. Масиҳий астрономия, математика, табиатшунослик, фалсафа, мантиқ айниқса, табобатга доир асарлар ёзиб, Шарқда табиб-олим сифатида танилган. Абу Саҳл Масиҳий Беруний ва ибн Синонинг энг яқин дўсти бўлиб, табобат соҳасида уларга устозлик қилган. Ибн Сино Масиҳийдан табобатнинг кўпгина назарий ва амалий масалаларини ўрганиб "Тиб қонунлари"ни тайёрлашда устози маслаҳатларидан баҳраманд бўлган. Бироқ Масиҳий Хоразмда узоқ яшамаган. Маҳмуд Ғазнавий истилосидан олдинроқ шогирди ибн Сино билан Хуросонга жўнаб кетаётиб, 1010 йилда йўлда оғир касалга чалинган ва 40 ёшида вафот этган.
Масиҳийнинг илмий меросига оид асарлар бизгача тўлиқ етиб келмаган бўлсада унинг бизгача сақланган математика, геометрия, астрономия, табобат, фалсафа ва этикага оид асарлари йирик истеъдод эгаси эканлигидан гувоҳлик беради. Жаҳоннинг турли кутубхоналарида олимнинг табобат фанига оид 8 та асари сақланиб қолган, улар умумий терапия, одам физиологияси, асаб, чечак, вабо ва бошқа масалаларга доир бўлиб, «Табобат санъати бўйича юз масала», «Одамни яратишда Оллоҳ таоло доноликларининг сирини очиш», «Умумий тиббиёт китоби», «Чечак ҳақида рисола» деб номланади. Ушбу асарларда тиббиётдан ташқари фалсафа, мантиқ, биология, физиология фанларига доир қимматли маълумотлар ҳам мавжуддир. Олимнинг энг катта асари -"Кутуб ал-миъз фи-с-синоъат ат-тиббия" ("Табобат санъати бўйича юз масала (китоб)") ни дунё олимлари қомусий асар деб баҳолаганлар. Асарнинг ягона тўлиқ бўлмаган, араб тилида ёзилган нусхаси Тошкентда, Шарқшунослик институти кутубхонасида сақланади. Бу қўлёзма 36 бобдан иборат бўлиб, унда табобатнинг умумий назарий масалаларидан ташқари, одам организмида юз берадиган касалликлар, уларнинг келиб чиқиш сабаблари, даволаш усуллари ҳамда доришуносликка оид кўпгина масалалар ўз ифодасини топган.
Шарқнинг машҳур олими Арузий Самарқандий Масиҳийнинг юқоридаги "Табобат санъати бўйича юз китоб" асарини машҳур рум табиби Гален (II аср), ар-Розий ва ибн Сино каби олимлар асарлари билан бир қаторда турадиган ноёб асар сифатида баҳолаш билан бирга, уни чуқур ўрганишни тавсия этган. Афсуски Абу Саҳл Масиҳийнинг илмий мероси ҳалигача етарли даражада тадқиқ этилмаган.
Do'stlaringiz bilan baham: |