Абу Райҳон Беруний (973-1048)
Қомусий билим соҳиби Маъмун Академиясининг етакчи олими, ташкилотчиси ва раҳбари бўлган ал-Беруний 973 йилнинг 4 сентябрида Хоразмнинг қадимги пойтахти Кот шаҳрида туғилган. Унинг исми Муҳаммад, отасининг исми Аҳмад, Беруний эса унинг нисбаси - таҳаллуси бўлиб "Берун"- шаҳар ташқариси, маъносини англатган. Абу Райҳон-"Райҳонли киши", унинг лақабидир. Абу Райҳон сўзи арабчада "Марҳаматли", "Раҳмдил" маъноларини англатади. Беруний ёшлигидан ота-онасидан етим қолиб, машҳур олим Абу Наср ибн Ироқ қўлида тарбияланган ва бошланғич ҳамда мадраса таълимини она шаҳри Котда олиб, буюк олим бўлиб етишган.
Беруний ёшлигидан аниқ фанларга қизиқиб, қадимги Хоразм, сўғд, сурёний, юнон, форс, араб, яҳудий, кейинчалик ҳинд-санскрит тилларини пухта ўрганди. "Мен болалик чоғимданоқ, - деб ёзади Беруний, - ўз ёшим ва шароитимга қараб, имкони борича кўпроқ билим олишга интилдим. Бунинг далили сифатида қуйидагини келтириш кифоя: биз турадиган жойга бир юнон кўчиб келган эди. Мен ҳар хил донлар, уруғлар, мевалар ва ҳакозаларни олиб бориб унга кўрсатар ва бу нарсалар унинг тилида қандай аталишини сўраб, номини ёзиб қўяр эдим. " Демак, Беруний ёшлигидан зўр иштиёқ ва матонат билан билим ўрганган. Ўша даврнинг машҳур олими Абу Наср ибн Ироқдан астрономия (илми нужум) ва математика (риёзиёт) илмидан дарс олиб, 17 ёшидан бошлаб Кот атрофида дастлабки астрономик кузатишларини олиб борди ва бунинг учун зарур бўлган астрономик асбобларни шахсан ўзи тайёрлади. Олимнинг дастлабки асарлари Котда ёзилди. "Алдамчилик санъати, яъни юлдузлар ҳукмидан огоҳлантириш китоби", "Хоразм тарихи"нинг дастлабки саҳифалари шулар жумласидандир.
Бироқ, сиёсий воқеалар юз бераётган Котда Беруний узоқ яшамади. Хоразмнинг икки ҳукмдори ўртасида ҳокимият учун кураш бошлангандан сўнг, 995 йилда, 22 ёшида ватанини тарк этиб, Теҳроннинг жанубида жойлашган Рай шаҳрига келди. Бу ерда кўп олимлар билан, жумладан, астрономик асбоблар ихтирочиси Абу Маҳмуд Хўжандий билан учрашди ва у билан айрим масалаларда фикр алмашди. 997 йилда яна Котга қайтиб келди. Ўша йили Ибн Сино билан хат орқали танишиб, табиат фалсафаси, физика, астрономиянинг айрим масалалари юзасидан илмий мунозаралар ўтказди. 998 йили Журжон вилояти амири Қобус ибн Вашмигир Берунийни ўз саройига таклиф қилиб, илмий ишларига ҳомийлик қилди. Бу ерда машҳур олим Абу Сахл ал-Масиҳий билан дўстлашиб, ундан математика, астрономияга доир кўп нарсаларни ўрганди. Масиҳий ўзининг физика ва математикага доир 12 та китобини Берунийга бағишлаб ёзган. Беруний Журжонда жиддий ижодий иш билан шуғулланди ва машҳур асари "Осор ал-боқия" ("Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар")ни ёзиб тугаллади. Бу асар Қобус Вашмигирга бағишланган эди. Олим шунга қадар ҳам яна 4 та асарини ёзиб тугаллаган эди. Беруний Журжонда 1004 йилгача яшади. Шу йили Хоразмшоҳ Али ибн Маъмун ва устози ибн Ироқ таклифига биноан Хоразмга қайтиб келди. Гурганжда шоҳ саройига таклиф этилиб, "Маъмун Академияси"га раҳбар этиб тайинланди. Ушбу вазифадаги осойишта ҳаёти 1017 йилгача давом этди. Беруний Гурганжда илмий фаолиятини давом эттириб мунтазам равишда астрономик кузатишлар олиб борган ҳамда Гурганжнинг географик кенглигини илмий жиҳатдан аниқлаб берган. 1017 йили Маҳмуд Ғазнавий Хоразмни истило қилгач, Беруний бир гуруҳ олимлар билан султон хизматига олиб кетилди ва умрининг охиригача Ғазнада, султон саройида ижодий иш билан шуғулланди. Унинг саройдаги ҳаёти дастлабки пайтларда анча оғир кечган бўлсада, бутун куч - қувватини илмий ишга сафарбар этди ва бебаҳо асарлар яратди. "Қуёш ҳаракатини аниқлаш йўли" ва "Геодезия" ("Масканлар орасидаги масофаларни аниқлаш учун жойларнинг чегараларини белгилаш") номли асарларини ниҳоясига етказди.
Берунийнинг "Геодезия" асари 1025 йилнинг охирида ёзиб тугалланган, унинг қўлёзма нусхаси ҳозир Туркиянинг Истамбул кутубхонасида сақланмоқда. Олим ушбу асари билан геодезияни мустақил фан даражасига кўтарди. Маҳмуд Ғазнавийнинг ҳарбий юришлари муносабати билан Ҳиндистоннинг кўп шаҳар ва қишлоқларида бўлган олим ерли халқнинг тарихи, тили, дини ва урф-одатларини ўрганди. Умуман, Беруний Ҳиндистон, Хуросон, ҳозирги Афғонистон ва шимолий Эроннинг 20 дан ортиқ шаҳарлар-ида бўлиб, илмий тадқиқотлари учун зарур маълумотлар тўплади. 1030 йилда "Ҳиндларнинг ақлга сиғадиган ёки сиғмайдиган таълимотлари ҳақиқатини аниқлаш" ("Ҳиндистон") асарини ёзди. Ушбу асарни ёзиш учун машаққат билан бўлса-да, ҳиндларнинг мумтоз адабий тили бўлган санскритни чуқур ўрганди. Ҳиндистоннинг табиати, ҳалқининг ўтмиш тарихи, урф-одатлари, диний эътиқоди, фалсафий қарашлари, илми ва адабиётига доир қимматли маълумотлар тўплади. 13 йил давомида тўпланган бой маълумотлар олимнинг машҳур "Ҳиндистон" асарида ўз ифодасини топди. 80 бобдан иборат бўлган ушбу асар Ҳиндистон тарихи ва маданиятини ўрганишда ноёб манба ҳисобланади. Ал-Беруний умрининг охирги йилларида "Жавоҳирларни билиш учун маълумотлар тўплами" ("Минералогия"), Султон Маҳмуднинг маърифатпарвар ўғли, математика ва астрономияга ихлосманд Султон Масъудга (1030-1040) бағишланган "Қонуни Масъудий" ва "Сайдана" асарларини яратди.
Берунийнинг «Китоб ат-тафҳим ли-авоили синоати ат-танжим» («Астрономия санъатининг бошланғичини ўрганиш китоби») асари араб ва форс тилларида битилган бўлиб, унда геометрия, арифметика, астрономия, география, тарихга доир 530 саволга жавоб ҳозирланган.
Беруний юқоридаги асарлари билан астрономия, математика, геология, минерология, география фанларига кўплаб янгиликлар киритди. Умуман айтганда, Берунийнинг илмий мероси 152 (70 таси астрономияга, 20 таси математикага, 12 таси география ва геодезияга, қолганлари физика, минерология, тарих, фалсафа, адабиёт, этнография ва бошқа фанларга алоқадор). асардан иборат бўлиб, шулардан бизгача 30 та асари етиб келган, холос. Рус шарқшунос олими И.Ю.Крачковский таъбири билан айтганда, «Беруний қизиққан соҳаларни санаб чиқишдан кўра, қизиқмаган соҳаларини санаб чиқиш осонроқдир». Берунийнинг сермаҳсул, сермазмун илмий фаолияти унинг илмни ҳар қандай мартабадан ҳамда бойликдан устун қўйганлиги, фан йўлида оғир машаққатдан қайтмаганлиги натижасидир. Машҳур ҳукмдор Қобус ибн вушмогир унга вазирлик лавозимини таклиф қилганида, ўзини фан йўлига бағишлаган олим ҳукмдор таклифини рад қилади. Ғазнавийлар султони Масъуд эса "Қонуни Масъудий" китоби учун олимга бир фил кумуш танга совға қилганида, уни ҳам қайтариб юборади.
Беруний 1040 - 1048 йиллар оралиғида ўз асаридаги ҳисоб - китобларга аниқлик киритиш мақсадида 2 марта Ғазнадан ўз ватани, Хоразмга келиб кетганлиги ҳақида маълумотлар бор. 1036 йилда ёзиб тугаллаган "Қонуни Масъудий" асарида оламнинг тузилиши ҳақида Птолемей (II аср) қарашлари, сферик астрономия, қуёш, ой, юлдузлар ва сайёралар ҳамда бошқа масалалар ҳақида сўз юритади. Асар 11 китобдан иборат бўлиб, биринчи китоби- космологияга, иккинчи китоби - хронология ва Ой тақвимига, учинчиси тригонометрияга, тўртинчиси сферик астрономияга, бешинчиси географияга, олтинчиси куёш ҳаракатига, еттинчиси Ой ҳаракатига, саккизинчиси Қуёш ва Ой тутилишларига, тўққизинчиси юлдузлар астрономиясига, ўнинчиси эса сайёралар ҳаракатига ва ниҳоят, ўн биринчиси астрологияга бағишланган. Асар жуда содда тилда ёзилган, илмий муаммо ва уларнинг ечимлари алоҳида келтирилган. Масалалар тажрибада синаб кўрилади, амалий исботи билан бир қаторда, кўпчилиги назарий жиҳатдан, математик ҳисоб-китоблар, формулалар ёрдамида исботлаб берилади.
Асарнинг биринчи китобида Беруний геоцентризм назариясини тан олган бўлишига қарамасдан, олам манзараси ҳақида фикр юритиб, у ернинг ўз ўқи атрофида бир суткада бир марта айланишини илмий жиҳатдан асослаб берди. Ой ва Қуёш ҳаракатлари қоидаларини, географик координатларини, вақтни ўлчаш услубларини геоцинтризм нуқтаи назаридан ишлаб чиқади. Унинг бу ғояси ўша вақтда ҳукм сураётган антик юнон олими фикрларига зид, лекин ўша давр учун илғор ғоялар эди.
Беруний "Қонуни Масъудий" асарида астрономия, тригонометрия ва унга ёндош фанларни системалаштирган, қатъий қоидалар, аксиомаларга асосланган тизимни яратган. Жумладан, Ой тутилиши ёрдамида шаҳарларнинг географик координатларини аниқлаш услубини, ясси ва сферик синуслар теоремасини содда тилда изоҳлаган. Шунингдек, етти иқлим бўйича жойлашган мамлакатлар, ўлкалар, вилоятлар, ороллар, шаҳарлар ва уларнинг географик координатларини кўрсатиб берган.
Берунийнинг бу асари араб қўлёзмасида бизгача етиб келган. Асар арабча оригиналда, ўзбек ва рус тилларида нашрдан чиқарилган.
Беруний Шарқ олимлари орасида биринчи бўлиб дунёнинг мукаммал харитасини чизиб, Ер шарининг шаклини - глобусни ясаган. Глобусни ясаб, ўзи яратган асбоблар ёрдамида Қуёш баландлигини, Эклиптика ва Экватор текислигининг қиялик катталигини аниқлаганда, у эндигина 21-22 ёшга қадам қўйган йигит эди. Шунингдек, ўша вақтда Шарқда унчалик маълум бўлмаган Балтик ва Оқ денгизи ҳамда Сибир ўрмонлари ҳақида берган қимматли маълумотлари география фани учун муҳим янгилик бўлган. Хитой, Ҳиндистон ва Тибет ҳақида ҳам аниқ ва ишонарли маълумотлар ёзиб қолдирган. Жойларнинг узоқлиги ва кенглигини аниқлашда тригонометрия ва геометрияни кенг қўллаб, ўзидан олдин ўтган астрономларга қараганда жуда аниқ натижаларга эришган.
Ал-Берунийнинг математика соҳасидаги хизматлари ҳам алоҳида аҳамиятга эга. Асарларида геометрия, арифметика, алгебра, сонлар назарияси ва тригонометрия тушунчаларини маълум тартиб билан таърифлаб берган. Олимнинг арифметика ва алгебра соҳасида эришган ютуғи шундаки, унда иррационал сонлар арифметика ва алгебранинг тенг ҳуқуқли предмети бўлиб қолди. У тригонометрияни мустақил фан даражасига кўтарди.
География, геодезия ва геология фанлари соҳасида ўзидан олдин ўтган ва замондош бўлган олимларнинг тўплаган маълумотларини умумлаштирди, уларни ўз кузатишлари ҳамда сайёҳлар ва савдогарлар келтирган маълумотлар билан тўлдирди ва бойитди. Олимнинг географияга доир 20 дан ортиқ асаридан атига бир нечтаси етиб келган, холос. У "Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар" китобида ўзига маълум бўлган барча халқларнинг йил ҳисоби - календар системаси, ой ва мучал йиллари, байрамлари, қабила ва жой номларини чуқур таҳлил қилган. "Картография" китобида астрономия, картография ва географиянинг амалий аҳамиятини очиб берди ва бу асар савдогар ва саёҳлар учун чўлда ва денгизда юлдузлар ёрдамида йўл топишда, деҳқончилик ва чорвачилик ишларида, ер юзидаги мамлакатлар, дарё, денгиз ва тоғлар ҳақида аниқ маълумотга эга бўлишда, ҳарбий юриш ва карвонларни жўнатиш пайтида, яқин йўлларни ахтариб топишда энг муҳим қўлланма вазифасини бажарди. "Геодезия" асарини жойларнинг географик узунлиги ва кенглигини аниқлаш йўлларига бағишланди. Бу аниқлаш усуллари жуда содда бўлиб, олимнинг таҳлил қилиш қобилиятининг нақадар юксак эканлигидан далолат беради.
Берунийнинг ер шарининг ўлчамлари ҳақидаги маълумотлари ҳам юнон ва ҳинд олимлари ҳамда ўша замон Шарқ олимлари хулосаларига нисбатан анча аниқ ва мукаммалдир. У ер айланасининг узунлиги ўлчамининг янги ва қулай ўлчаш усулларини ишлаб чиқди. Бу усул шунга асосландики, ер шари ўлчамини ер юзасидаги бирор баландликдан, унинг кўриниб турган чегарасига оғиш бурчаги асосида ўлчашдир. Ана шу икки катталикдан ер радиуси аниқланади. Усулнинг афзаллиги у бир жойда турган ҳолда ер ўлчамларини аниқлаш имкониятини беради. У ер ўлчамининг аниқлик даражаси ҳозирги замон фани хулосаларига жуда яқин. Берунийда ер меридиани бир даражасининг узунлиги 110, 275 ни ташкил этади. Тўғриси эса 110, 895. Бу кўрсатгич ал-Хоразмийда 111, 138 га тенг. Шуниси эътиборга сазоворки, Беруний асарларида ой, сайёралар ва қуёш ўртасидаги масофа ва уларнинг ўлчамларини аниқлаш усуллари ҳақида кенг мулоҳазалар баён этилган. Унинг усулларидан бири, ёритқичлар ўлчамини ёрдамчи предметнинг тўла ёки қисмий сояси бўйича аниқлаш ҳозир ҳам ўз аҳамиятини йўқотгани йўқ. Бу усул билан бир жойда турган ҳолда икки тоғ чўққиси ўртасидаги масофани ёки тоғ баландлигини аниқлаш мумкин.
Беруний юнон олимларидан фарқли ўлароқ Ҳинд ва Атлантика океанларини туташганлигини исботлаб берди ва Колумбдан 500 йил аввал океан ортида бизга маълум бўлмаган қитъа борлигини исботлади.
Алломанинг фан оламидаги яна бир хизмати, Амударё водийси ва Орол денгизининг ҳамда Хоразм-Турон паст текислигининг пайдо бўлиши ҳақида биринчи бўлиб илмий фикрни майдонга ташлади. Академик Ҳ.М.Абдуллаев Беруний асарларини чуқур ўрганиб, у геология ва минерология фанларининг йирик назариётчиси ва асосчиси, деган хулосага келди. Зеро, олимнинг геология ва минерология соҳасидаги илмий-назарий хулосалари Ўрта Осиёда ер ости бойликларини очишда ҳозир ҳам ўз аҳамиятини сақлаб келмоқда.
Дарҳақиқат Беруний физика ва минералогия соҳасида 50 дан ортиқ модданинг солиштирма оғирлигини ҳозирги замон аниқлиги даражасида ўлчашга муваффақ бўлган.
Олимнинг яна бир асари «Ат тафҳим» («Астрономия санъатининг бошланғичини тушунтириш китоби») 1029 йилда Ғазнада, Хоразмлик Райҳона ибн Ҳасан исмли қизнинг илтимосига кўра савол - жавоб тарзида ёзилган. Асар геометрия, арифметика, алгебра, астрономия, география, хронология ва бошқа фанларга доир 530 савол - жавобдан иборат. Берунийнинг ушбу асари юқоридаги билимларнинг барчасини ўзида мужассам этган қомусий асардир. Асар ана шу илмларга доир қимматли жадвал ва шакллар билан бойитилган. Шунингдек, асарнинг географияга доир бўлимида дунё харитаси ҳам берилади.
«Ат-тафҳим»нинг геометрия ва арифметикага доир қисмида фигура ва шаклларнинг ўзига хос хусусиятлари, сонлар, касрлар, квадрат ва кублар ва арифметикага доир башқа масалалар, алгебранинг асосий қоидалари ҳақида сўз юритилади. Астрономияга оид бўлимида эса коинот, ёритқичлар ва юлдузлар, кун ва тун, ёритқичларнинг чиқиши ва ботиши, Ой манзиллари ҳақида, географияга доир қисмида ернинг ҳажми, денгизларнинг пайдо бўлиши, иқлимлар, мамлакат ва халқлар тўғрисида маълумотлар берилади. Асар араб тилида ёзилган, унинг қўлёзма нусхалари жаҳоннинг ўндан ортиқ кутубхоналарида мавжуд. 1257 йилда кўчирилган форсча нодир ва мукаммал нусхаси Ўзбекистон Фанлар Академиясининг Шарқшунослик институтида сақланмоқда.
Берунийнинг сўнгги асари доришуносликка бағишланган. Бу асар "Сайдана" номи билан юритилади. Асарда ўсимлик, ҳайвон ва маъданлардан тайёрланадиган мингдан ортиқ доривор моддалар таърифланиб, уларнинг номлари 30 дан ортиқ тилда ва лаҳжаларда баён этилган. Шу сабабли ушбу асар ўша замондаги табиб ва доришунослар учун ҳам, ҳозирги замон тиббиёт фани учун ҳам жуда қимматли қўлланмадир. Асардан табобатдан ташқари, ботаника, зоология, физиология ва географияга доир маълумотлар ҳам ўрин олган.
Берунийнинг "Оқ кийимликлар ва карматийларнинг ҳаракатлари ҳақидаги китоб", "Ҳиндистон", "Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар", "Хоразм хабарлари ҳақида китоб", "Султон Маҳмуд даври тарихининг китоби" каби асарлари унинг тарихчи олим эканлигидан ҳам далолат беради. "Ёдгорликлар" китоби 1000 йилда Журжон шаҳрида ёзилган бўлиб қадимги хоразмликлар, сўғдийлар, эронийлар, ҳиндлар, юнон ва румликлар, яҳудийлар ва бошқа халқларнинг исломгача бўлган тарихи ҳақида ҳикоя қилди. Асар Ўрта Осиё, Эрон, айниқса, Хоразмнинг энг қадимги тарихи, маданияти ва этнографиясини ўрганишда тенги йўқ маньадир.
1035 йили Ғазнада ёзилган "Ҳиндистон"асари алоҳида илмий аҳамиятга эга. Асар санскрит тилидаги бой манбалар ва шахсий кузатишлар асосида ёзилган ва Ҳиндистоннинг географик шароити, аҳолиси, машғулоти, ҳиндларнинг ижтимоий-сиёсий тузуми, уларнинг дини, урф-одатлари ва ривоятлари ҳақида сўз юритилган. Ҳинд олимлари, айниқса, Жавоҳарлал Неру Берунийнинг ушбу китобига жуда юқори баҳо берган. Бу асар ҳозирда ҳам қадимги Ҳиндистон тарихини ўрганишда муҳим манбадир. Рус шарқшунос олими В. Розен "Ҳиндистон"асарини Шарқ ва Ғарбдаги қадимги ва ўрта аср китоблари орасида тенги йўқ асар, деб баҳолаган.
Асарнинг арабча матни инглизча таржима билан 1887-1888 йилларда австриялик шарқшунос олим Э.Захау томонидан нашр қилинган бўлса, 1963 ва 1965 йилларда асарнинг рус ва ўзбек тилидаги таржималари ҳам чоп этилди.
Беруний Хоразм тарихига доир ҳам асар ёзган. Ғазнада ёзилган бу асар «Хоразм тарихи», «Хоразм хабарлари хақида», «Хоразмнинг машҳур кишилари» номлар билан юритилган. Асарда Хоразмнинг Маҳмуд Ғазнавий томонидан босиб олинганидан (1017 йил) Салжуқийлар ҳукмронлигигача (1043) бўлган тарихи баён қилинган. Бу ноёб асар бизгача етиб келмаган бўлса-да, асардаги айрим маълумотлар Абулфазл Байҳақийнинг «Тарихи Байҳақ» асари орқали бизга маълумдир.
«Оқ кийимликлар ва карматлиларнинг ҳаракатлари ҳақидаги китоб» асарида Беруний ўша даврда Ўрта Осиёда кенг тарқалган ижтимоий-сиёсий ҳаракат - карматлилар ҳаракати ҳақида маълумот беради.
Ёқут Ҳамавий (1179-1229) асарида Абу Райҳон Берунийнинг адабиёт, тилшунослик, шеърият ва таржимонлик билан ҳам шуғулланганлиги ҳақида сўз юритилади. Шарқда машҳур бўлган «Вомиқ ва Узра», «Урмиздиёр ва Меҳриёр», ҳиндларнинг «Калила ва Димна» асарларини арабчага ўгирганлиги ҳақида маълумотлар бор. Шунингдек, Ҳамавийнинг «Адиблар қомуси» асарида Берунийнинг араб тилида ёзилган 70 мисралик шеъри тўла келтирилган. Улардан айримлари шарқшунос олим А. Ирисов тамонидан ўзбек тилига ўгирилган.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Берунийнинг табиий ва ижтимоий фанлар соҳасидаги илғор ғоялари ўз замондошларига, жумладан Ибн Сино ижодига эмас, Беруний ва Ибн Синога устозлик қилган олимлардан Абу Наср Ироқ, Абу Саҳл Масиҳий, Абу Али Ҳасанларга ҳам улкан таъсир кўрсатди. Шунингдек Берунийнинг аниқ фанларга доир илмий мероси Шарқда ўзидан кейин ўтган олимлар ижодини ривож топишида ҳам муҳим аҳамият касб этди. Машҳур қомусий олим Умар Хайём (1040-1123) ва шогирди Абдураҳмон Ҳазиний моддаларнинг солиштирма оғирлигини аниқлашда Беруний асарларига асосланганлиги маълум.
Мараго расадхонасининг асосчиси Насриддин Тусий(1202-1274) ҳам ўзининг минералогияга доир «Тансукнома» асарини ёзишда Беруний асарларидан фойдаланган. Машҳур астрономлардан Умар Чағминий (XII аср), Улуғбек (1394-1449) ва Ғиёсиддин Коший (XV аср) лар ҳам ўз тадқиқотларида Берунийнинг «Қонуни масъуди» римоласидан астрономиянинг назарий ва амалий масалаларини ҳал қилишда кенг фойдаланганлар. Беруний мамлакат тараққиёти илм-фан равнақига боғлиқ эканлигини яхши тушунган. Шу сабабли ҳаёти давомида илм - фан билан шуғулланган. "Ҳиндистон" асарида бу ҳақда "Менинг фикру ёдим, бутун қалбим илм - фанни тарғиб қилишга қаратилган. Мен билим орттиришдек лаззатдан баҳраманд бўлдим, буни мен улкан бахт деб ҳисоблайман",- деб таъкидлаган. (Беруний. Танланган асарлар, 2 том. Тошкент, 1963 й. 21-бет). Буюк мутафаккир илмнинг жамият ҳаётидаги аҳамиятига юқори баҳо берар экан, одамларни, айниқса, ҳукмдорларни илм аҳлига алоҳида ҳурмат-эҳтиром кўрсатишга, эъзозлашга, уларга яхши кўз билан қараб ҳамиша моддий аҳволидан хабардор бўлишга чақиради. Илмга эътиборнинг кучайиши билан дунёда кундалик "Зарур ишлар билан овора бўлиб қолган қалбларни турли илмлар билан шуғулланиши учун бўшатиб қўяди",- деб таълим беради. (Беруний, ўша асар. 2 том. 225 - бет). Абу Райҳон Беруний, инсон фанда мавсумий ривоятларга эмас, илмий далилларга ва ақлнинг кучига таяниши лозимлигини, олимларнинг фан олдидаги бурчларини, унга ҳалоллик билан хизмат қилиш лозимлигини кўрсатар экан, илмни бойлик тўплаш манбаига айлантиришни қаттиқ қоралаб.
«Илм даргоҳига кирар экансан, қалбинг кишини оздирувчи иллатлардан, одамни кўр қилиб қўядиган ҳолатлардан, қотиб қолган урф-одатлардан, ҳирсдан, рақобатдан, очкўзликнинг қули бўлишдан озод бўлмоғи даркор», деб таълим беради ва қомусий олим инсонни Оллоҳ томонидан жамият олдида улуғвор вазифаларни бажариш учун яратилганлигини, унинг бу вазифаларга мос бўлмоғи учун юксак аҳлоқий талабларга жавоб бермоғи лозимлигини, илм-маърифатли, иймон-эътиқодли бўлмоғи зарур эканлигини уқдиради. «Инсон зоти,-деб ёзади Беруний, -барча ҳайвонлардан юқори туради... ер юзини обод этиш ва уни бошқариб туриш учун Оллоҳ инсонга катта шараф кўрсатган унга ақл-заковат кучи армуғон этган» Беруний. Танланган асарлар. 3 том. Тошкент. «Фан»,1966, 39-бет). Берунийнинг асарлари Англия, Франция, Германия, Миср, АҚШ, Эрон, Ҳиндистон, Туркия, Россия ва Ўзбекистонда бебаҳо бойлик сифатида асраб келинмоқда.
Манбаларнинг гувоҳлик беришича, Беруний ўз умрининг сўнгги кунларигача илмий ишлар билан шуғулланган, ҳатто ўлим тўшагида ётган пайтида ҳам илмга қизиқишини тўхтатган эмас. Бу ҳақда Ёқут Ҳамавий шундай ҳикоя қилади : "Худо раҳмат қилгур, анча кексайганлиги ва умуман, мункайиб қолганлигига қарамай, турли-туман илмлар таҳсилига муккасидан кетган, китоблар таснифига шўнғиган экан...унинг қўли қаламдан, кўзи китобга қарашдан, кўнгли фикрлашдан сира бўшамаган ".
Эроннинг Теҳрон шаҳрида нашр қилинган "Номойи донишворон" (1878) номли китобда олимнинг сўнгги ҳаёти ҳақида шундай ҳикоя қилинади: «Беруний оғир хасталикка чалинган, у сўнгги дамларни бошидан кечираётган эди. Бир паст ўзига келгач, нигоҳи дўсти, олим Абулҳасан Валволижийга тушган. Беруний дўстидан мерос ҳақидаги янги фикрни изоҳлаб беришни сўраган. Абулҳасан шу пайт бунинг мавриди эмаслигини айтган. Шунда Беруний дўстига қараб,"Э улуғ дўстим, бу дунёда туғиладиган ҳар ким муқаррар равишда ўлади, аммо ақл менга бир вақтлар сен айтган масаланинг моҳиятини билиб олишни таъкидламоқда. Шу сабабли, билиб ўлишим билмаган ҳолда ўлишимдан яхшироқдир",- деб жавоб қайтарган. Дўсти Абулҳасан у сўраган нарсаларни изоҳлай бошлаган. Бир неча дақиқадан сўнг Беруний абадий уйқуга кетган. Бу олимнинг фан соҳасидаги сўнгги суҳбати эди» («Беруний ўрта асрнинг буюк олими». ЎзФА, Тошкент, 1950, 124 бет).
Буюк бобокалонимиз Беруний 440 ҳижрий йилида, ражаб ойининг 2-сида, яъни 1048 йилнинг 13 декабрида, 75 ёшида Ғазна шаҳрида вафот этади. Унинг илмий мероси инсониятнинг бебаҳо бойлиги сифатида ҳозирги замон фанининг тараққиётига хизмат қилиб келмоқда.
Do'stlaringiz bilan baham: |