Кураш чоралари. Жануб поя тунламига қарши курашда бегона ўтларни тинмай йўқотиб туриш, анғизни чуқур ҳайдаш ҳамда ғалла экинларини бошқа экинлар билан алмашлаб экиш усулини жорий этиш катта аҳамиятга эга.
Бошқа зараркунандалар
Марказий Осиёда ғалла экинларига юқорида кўрсатиб ўтилган зараркунандалардан бошқа баъзан майса шилимшиғи (нематодаси) тушади, бу зараркунанда шоли ва буғдой илдизида яшайди (Тўлаганов); оқ жўхори ва маккажўхори экинларига ўргимчаккана тушади; шоли майсасига, айниқса сув бостирилмай сепилган шолига марза ва уватлардан ўтадиган бузоқбоши; ғалла экинлари майсасига қора чигиртка зарар етказиб туради.
Марказий Осиёнинг баъзи тоғли минтақаларидаги экинларга узун қуйруқ кўк чигиртка ва оқ пешона чигиртка зарар етказгани маълум; бу чигирткалар ўсимлик баргини ва ёш бошоғини ейди.
Барча ғалла экинларига чигирткасимонлар, айниқса марокаш чигирткаси Conophyma Zub. авлоди туридан бўлган отбосир чигиртка, Осиё чигирткаси, туркман чигирткаси, ола чигиртка анча катта зарар етказади; шолини шоли чигирткаси шикастлайди. Шоли, буғдой ва арпага ола цикада тушиб туради.
Янгидан ишга солинган сувли ерлардаги ва лалмикорликлардаги ғалла экинларига қора қўнғиз личинкаси анча катта зиён етказиб туради, бу баъзан кузги буғдойнинг 40 % га яқин сепилган уруғини ва илдиз системасини кемириб нобуд қилади; вояга етган қўнғизи эса ёш ўсимликларнинг пастки баргларини ейди; бу хилдаги зарар ғалла экинларига чангхўр қўнғизлар, жумладан, сариқ қанот чангхўр ва сержун чангхўр личинкалари томонидан етказиб турилади.
Лалмикор ерлардаги ғалла экинларига ғалла бузоқбош қўнғизи ва қаттиқ бузоқбош қўнғизи анча катта зарар етказиб туради. Бу зараркунандалардан биринчиси, одатда Марказий Осиёнинг шимолий минтақаларидаги экинларга, иккинчиси—жанубий минтақалардаги экинларга зарар етказади (Родд); янги очилган қўриқларга экилган ғаллалар бу бузоқбошилардан айниқса қаттиқ шикастланади.
Янги ўзлаштирилган қўриқларга экилган ғаллаларга, шунингдек ўзлаштирилмаган тақир ерларга ёндош бўлган экинларга кўклам кезларида кравчик қўнғизлар зарар етказиб туради. Барча ғаллаларнинг, айниқса маккажўхорининг экилган уруғларини майса пашшаси шикастлаши мумкин. Асосан, сувли ерларга экиладиган барча ғалла экинларни , ундов тунлами ва ёввойи тунлам анча жиддий шикастлайди; баъзан маккажўхорига беда тунлами ҳам зарар етказади.
Ниҳоят, ғалла экинларига кемирувчилар, жумладан, ясси тшили каламуш, Северцев сичқони, жамоа бўлиб яшайдиган дала сичқони, Эверсман қум сичқони, катта қум сичқон, юмронқозиқлар ва кичик ҳамда катта қўшоёқлар зарар етказиб туради.
Do'stlaringiz bilan baham: |