ЗАРАРЛИ ЧИГИРТКАЛАР ТЎҒРИСИДА
МАЪЛУМОТ
Вилоятимизда маълумки зарарли чигирткаларнинг 130 дан ошиқ тури мавжуд бўлиб, уларнинг энг хавфлилари Марокаш, Отбосар, Қир, Воха ва Турон чигирткаларидир. Зарарли чигирткалар тарқалган майдонларнинг 70-80 % и фақатгина Марокаш чигирткасига тўғри келади.
Марокаш чигирткаси. Вилоятимизда Марокаш чигирткасининг личинкалари тухумдан чиқиш даври март ойининг ўртасидан апрел ойининг бошларигача тўғри келади. Марокаш чигирткаси март ойининг охиридан июн ойининг охиригача хаёт кечириб қишлоқ хўжалик экинларига зарар беради.
Марокаш чигирткасининг белгилари: ранги сарғиш – кул ранг, елкасида Х–симон жигарранг белгиси бор, сакровчи оёқларининг ички томони (болдири) қизил рангда.
Тухумдан чиққан чигирткалар дарҳол тўдалар ташкил этади.
Марокаш чигирткаси ўз тухум кўзачаларини қуёш яхши тушадиган сув йиғилиб қолмайдиган қаттиқ дўнгликларга қўяди.
Марокаш чигирткасининг тухум қўйиш даври май ойининг иккинчи декадасидан июн ойининг охиригача давом этади. Улар 65-80 кун хаёт кечиради.
Зарарли чигирткалар тарқалган холларда аҳоли томонидан зарарли чигирткалар тўда ҳосил қилган майдонларни аниқлаш ва байроқчалар қадаш, зудлик билан ўзи яшайдиган Қишлоқ фуқоролар йиғини, Махалла фуқоролар йиғинларига хабар қилиши, улар ўз навбатида Чигиртка ва тут парвонасига қарши курашиш хизмати вилоят филиали штабига (тел: 22-3-75-14, 22-3-75-16) хабар қилишлари зарур.
ЗАРАРЛИ ЧИГИРТКАЛАРГА ҚАРШИ КУРАШ
ЧОРАЛАРИ.
Кимёвий препаратларни қўллаш. Препаратларни қўллашда асосан ОВХ‑600 пуркагичидан фойдаланилади. Бунда ОВХ-600 пуркагич идишлари учдан бир кисми сув билан тўлдирилгач, зарур миқдордаги препаратлар идишларнинг иккаласига тенг бўлиб қуйилади ва механик ёки гидравлик аралаштиргич билан аралаштирилади. Ундан кейин пуркагич идишлари сув билан тулдирилади ва яхшилаб аралаштирилади. Препарат миқдори эса пуркагичдаги 600 литр сувнинг қанча жойга сепилишига боғлиқ бўлиб, агар ҳар бир гектарга 200 литр сув сарфланса, идишларга 3 гектарга етадиган препарат қўшилади. Ишчи суюқликнинг сарфланиши эса даладаги ўт ‑ ўланларнинг қалинлиги ҳамда чигиртка чиқишини эътиборга олиб режалаштирилади. Пуркагич идишларини препарат ҳамда сув билан тўлдиришда буларнинг тўкилишига, сув манбаларига, тупроқга оқиб тушишига йўл қўймаслик зарур.
Бундан ташқари зарарли чигирткаларга қарши ВП-1 пуркагичи, Газ 66 01 ФМ-40 пуркагичи, моторли қўл аппаратлари, УМО пуркагичли автомашина, Дельтаплан ва Самолёт ёрдамида кимёвий ишлов ўтказилади.
Чигирткаларга қарши кураш ишларини тўда ҳосил қилувчи зарарли чигирткаларнинг сони 1 кв.м.да 10 тадан якка ҳолда яшайдиган чигирткалар сони 15 тадан ошганда ўтказиш тавсия қилинади.
Зарарли чигирткаларга қарши кимёвий курашда қатнашадиган механизаторларни, дизенфекторларни махсус кийим бош ва ҳимоя воситалари билан таъминлаш ҳамда техника хавфсизлиги ва санитария гигиена қоидаларига риоя этилиши лозим.
Do'stlaringiz bilan baham: |