Маккажўхори капалаги
Руrausta nubilalis Hb.
Маккажўхори капалаги (қурти) кўп хил ўсимликларга зарар етказадиган зараркунандалардан ҳисобланади; ғалласимонлардан: маккажўхорига, оқ жўхорига, тариққа, қисман шолига зарар етказади; шолига зарар етказганида шолипоянинг ҳар ер-ҳар ерида тўда-тўда экинлар (5—15 ўсимлик) шикастланади. Бу зараркунанда айниқса нашага ва маккажўхорига энг кўп тушади.
Маккажўхори капалагининг ўртача зарарлаш коэффициенти маккажўхорида 15,25, кўчиб юрадиган қурти билан шикастланишда эса—9,31 га тенг (Талицкий); маккажўхорининг пояси ва сўта банди шикастланганида зарарланиш коэфициенти 18,18 га етади.
Маккажўхори капалаги бевосита ҳосилни камайтариб зарар етказишдан ташқари, бунинг билвосита зарари ҳам бўлади: ҳосил машинада йиғиштирилаётганда маккажўхори пояси ва сўтаси синиб кета берадиган бўлиб қолади, шикастланган тупдан олинган ҳосил яхши сақланмайди, сўталар консерва қилиш учун унча ярамай қолади; ниҳоят, шикастланган ўсимликлар фузариоз касаллигига осон йўлиқадиган бўлади.
Кўсак қурти
Chloridea obsoleta F.
Кўсак қурти маккажўхорига ҳам кўп тушадиган зараркунандалардан биридир, шунинг учун ҳам баъзан у сўта қурти деб юритилади. Бу қурт билан шикастланиш жиҳатидан нўхат биринчи ўринда, маккажўхори ва помидор иккинчи ўринда туради. Марказий Осиёда бу қурт билан ғўза, сўнгра маккажўхори энг кўп зарарланади.
Кўсак қурти ёшлик даврида маккажўхори сўтасининг ипларини қирқиб шикастлайди, кейинчалик сўтадаги донни ейишга киришади. Қуртнинг ипларни қирқиши ва бу ерда қурт ахлатининг бўлиши натижасида сўта кўпинча сасий бошлайди. Иплари тушиб кетиб учи очилиб қолган сўталарга паррандалар ёпирилиб донни камайтиради. Қуртларнинг сўтадаги донни еб озиқланиши ҳам катта зиён етказади. Одатда битта қурт 2—3 % донни йўқ қилади; шу билан бирга кўпгина сўталар фузариоз касаллигига йўлиқади (Талицкий). Бу зараркунандадан оқжўхори ҳам қаттиқ шикастланади; зараркунанда қурти оқ жўхори бошчаси орасига кириб яшайди, бу қурт айниқса зич бошчали навларга кўп тушади.
Маккажўхорига тушадиган кўсак қуртига қарши кураш асосан агротехника тадбирларидан иборатдир; бу тўғрида юқорида айтиб ўтилганлардан ташқари, маккажўхорини тегишли муддатда экиш муҳим ҳисобланади; маккажўхорининг гуллаш пайти кўсак қуртининг тухум қўйиш даврига тўғри келиб қолса, ўсимлик кўп шикастланади.
Зараркунанда уруғлик маккажўхорида кўриниб қолса, капалак тухум қўйиш даврида экин гектарига 40 кг ҳисобидан гексахлоран дустини чанглаш яхши натижа беради.
Do'stlaringiz bilan baham: |