Оқ жўхори чивини
Contarinia sorghicola Cog.
Зарари. Бу зараркунанда оқ жўхорининг ҳар хил навларини ва судан ўтини кўплаб нобуд қилиб туради.
Тарқалиши. АҚШ нинг шарқий ва кўпгина тоғлик минтақаларида, Вест-Индияда, Гавай оролларида, Суданда учрайди.
Таърифи. Ок жўхори чивинининг танаси тариқ чивини танасига жуда ўхшайди. Оқ жўхори чивинининг орқа радиаль томири қаноти учигача бориб етади; оёқ панжасидаги эмподияси тирноғи бўйи билан баравар. Танасининг ранги қизғиш-тўқ сариқ тусда, боши ва оёғи сариқ. Эркагининг қорни ингичка, урғочисиники—йўғон ва учида узун тухум қўйгичи бор. Тухуми чўзиқ, ингичка, оқ тусда. Личинкаси дастлаб хира тусда бўлиб, кейинчалик пуштисимон рангга киради; вояга етганда қизил бўлиб, бўйи 2,5 мм га етади. Ғумбаги қизил, 2 мм ча узунликда бўлади.
Ҳаёт кечириши. Бу зараркунанда личинкалик стадиясида оқ жўхори ва судан ўти уруғлари ичида қишни ўтказади, шу уруғлар билан бирга бошқа жойларга тарқалиб кетиши мумкин. Бу чивин тухумини оқ жўхори донининг қини остига олтитагача қўяди. Битта чивин 100 гача тухум қўяди. Тухумдан чиққан личинкалар 7—11 кун ичида оқ жўхори ва судан ўти донини йўқ қилиб, шу жойда ғумбакка айланади. Бу зараркунанданинг ёз давридаги бутун ривожланиш цикли 14—16 кунга чўзилади; оқ жўхорининг ўсиши даврида бу чивин бир неча авлод ҳосил қилади.
Кураш чоралари. Бу зараркунанда ўсимлик уруғлари билан бирга келиб қолмаслиги учун, уруғ экишдан олдин газ камерасида метилбромид ёки этилен оксиди билан фумигация қилинади.
Мазкур жойдаги экинда зараркунанда пайдо бўлса, тариқ чивинига қарши кўриладиган агротехника ва кимёвий тадбирлар қўлланилиши тавсия қилинади.
§ 6. ҚАНД ЛАВЛАГИ ЗАРАРКУНАНДАЛАРИ
Чипор цикада
Psammotettix striatus L.тарқалган синоними: Deltocephalus striatus L.
Зарари. Чипор цикада лавлаги баргининг ширасини сўриб яшайди; бундан ташқари, лавлагида бўладиган мозаика (бужмалоқланиш) касаллигини тарқатувчилардан бири ҳисобланади деб тахмин қилинади. Цикада ғалла ўсимликларига ширасини сўриб зиён етказиши мумкин. Марказий Осиёда лавлагида чипор цикададан ташқари, бунинг бошқа турлари, жумладан, Тошкент яқинидаги лавлаги пайкалларда Empoasca decipiens meridiana A.Z. деб аталадиган цикада борлиги кўрилган.
Тарқалиши. Чипор цикада Марказий Осиёда, Россиянинг Европа қисмининг ўрта ва жанубий минтақаларида, Сибирда, Узоқ Шарқда, Европа ва Шимолий Африканинг барча жойларида учраб туради.
Таърифи. Чипор цикаданинг буйи 4—5 мм; танасининг туси сарғиш-кул ранг ёки сарғиш-жигар рангда бўлади. Оёқлари оч сариқ, боши учбурчаксимон бўлиб, икки кўзининг ўртасида қорамтир доғлари бор. Устки қаноти ярим тиниқ бўлиб, қорамтир ҳошияли катаклари бор.
Цикада личинкаси вояга етганидан ўзининг кичиклиги ва қанотсизлиги билан ажралиб туради.
Do'stlaringiz bilan baham: |