Тарқалиши. Швед пашшаси Марказий Осиёда, Қозоғистонда, Кавказ ортида, Украинада, Россиянинг шимолий томонида Архангельскийгача бўлган ерларда, шарқда Уссурий ўлкасигача, шунингдек Европанинг кўп қисмида, Шимолда Африкада, Шимолий ва Марказий Америкада, Ява ва Тайван оролларида учрайди.
Таърифи. Вояга етган пашша 1,5-2 мм катталикда; олдинги кўкрагининг жуда дўппайиб чиққанлиги уни букрига ўхшатиб қўяди. Туси қора, ялтироқ; қорни ост томондан оч сариқ тусда. Марказий Осиёда бу пашшанинг тур хилларидан бўлган Conioscinella sp. ҳам тарқалган, бунинг ўрта оёғининг болдири ва панжалари сариқ рангда.
Булардан бошқа Бухоро атрофида швед пашшасига жуда ўхшаш бўлган “бухоро” пашшаси (Oscinosoma griscipleura Shtack) ҳам яшайди, бу пашша мўйлови ва пешонасининг сариқ, кўкраги ёнларининг кул ранг ғуборли бўлиши билан фарқланиб туради.
Швед пашшасининг эркагининг қорни урғочиси қорнидан анча ингичка бўлади. Швед пашшасининг сохта пилласи 1,75-3 мм катталикда; туси тўқ жигар рангдан оч сариқ ранггача бўлади; шакли чўзиқ; олдинги учида билинар-билинмас тўрттта тишчаси бор, кейинги учида иккита қисқа ортиғи бўлади.
Личинкаси 4,5-5 мм катталикда; ранги сарғиш ёки ялтироқ, оқ тусда, тухумдан чиққан личинка сувсимон-шаффоф кўринишда бўлади. Личинканинг кейинги учи тўмтоқ бўлиб, иккита ортиғи бор, бош скелетида арра тишчали ўроқсимон иккита илмоғи бор. Личинка учта стадияни бошидан кечиради. Биринчи стадиясида бўйи 1 мм ча, устки чети ўткир оғиз илмоғи ва бунинг остида иккита тишчаси бўлади. Иккинчи стадиясидаги личинканинг бўйи 2,5 мм гача, устки чети ўткир оғиз илмоғи пастида учта тишча бўлади. Катта ёшдаги личинканинг оғиз илмоғида икки қатор жойлашган тўрт-беш жуфт тишчалари бўлади. Тухуми оқ, 0,5 мм катталикда, чўзиқ шаклда, узунасига жойлашган эгатчали қирралари бор.
Ҳаёт кечириши. Швед пашшаси личинкалик стадиясида, асосан катта ёшдаги личинкалик даврида кузги экинларда, ёввойи ғалласимон ўтларда ва ерга тўкилган хас-чўплар орасида қишлайди. Кўкламда озиқланиш жойида ғумбакка айланади, Баҳори ғаллалар кўкариб чиқиш ва тупланиш вақтида (март охири ва апрел бошларида) вояга етган пашшаси уча бошлайди. Бу зараркунанданинг учиши ва тухум қўйиши учун энг мувофиқ ҳарорат 18-300С ҳисобланади. Ҳарорат 160С дан пастга тушиб кетганда пашша тухум қўймайди, 80С дан пасайганда эса совуқ уйқусига киради, аксинча ҳарорат кўтарилиб 350С га етганда пашша уч кундан ортиққа чидай олмай ўлади.
Ғумбакдан чиққандан кейин вояга етган пашшанинг тухуми ҳарорат 220С бўлганда -10 кун, ҳарорат 140С бўлганда – 38 кун ичида етилади. Урғочи пашша тухумини ёш ўсимлик баргига, айниқса ўсимлик бош пояси бошоқ чиқариш пайтида тупланаётган ўсимликнинг барг пардасига кўп қўяди; пашша, одатда ёш қўшимча поялари бўлиб, урғочиси кўпинча барг қини тилчасига тухум қўяди. Бу зараркунанда тухум қўйиш учун нимжон пояларни танлаганидан, кечикиб экилган экинлар кўпроқ шикастланади. Битта урғочи пашша бир неча ўн тухум қўяди, тухумини биттадан, баъзан иккитадан қилиб ўрнаштиради. Пашша тухумини барча экинларга ва кўпгина ёввойи ғалласимон ўтларга, айниқса, сули (O.frit L.) га ва арпа (O. frit var. pusilla Meig) га қўя беради (Селиванова). Маккажўхори бу пашшадан камроқ шикастланади. Тез ўсадиган ва кўп туплайдиган ғалла экини навлари ҳам камроқ зарарланади. Бошоққа қўш қатор жойланадиган арпа навларидан колхиум нави, қаттиқ буғдой навлари юмшоқ навлардан кам шикастланади. Пояси яланг ва туксиз, колеоптили қайрилган ва тилчаси қисқа, барг қини калта, кенг баргли ғалла навлари швед пашшаси таъсирига кўпроқ берилади, пашша бу ўсимликларга кўпроқ тухум қўяди (Беляев).
Тухумининг ривожланиши ҳарорат шароитига қараб 2-12 кунга чўзилади; кўкламда ўртача бир ҳафта давом этади.
Тухумдан чиққан личинка барг қини ичига кириб, поянинг юмшоқ қисми билан, баъзан поянинг ташқи, кўпинча ички қисми билан овқатланади; натижада шикастланган поя қуриб, ўсимлик ғайри табиий туплана бошлайди. Швед пашшаси шикастланган ўсимлик ғайри табиий тупланишидан ташқари, учки барглари сарғайиб, қурийди. Швед пашшаси зарарлаган арпа ва сулининг учки барги баъзан қинидан мутлақо чиқмай қўяди, бундай ҳолларда баргни қайириб кўрмай туриб зараркунанданинг борлигини аниқлаш қийин.
Личинканинг ривожланиши 10-22 кун давом этади, биринчи авлодида эса ривожланиш тахминан икки ҳафтага чўзилади.
Швед пашшаси ўзи тўйинаётган жойда ғумбакка айланади. Ғумбаклик даври иқлим шароитига қараб 5-35 кунга чўзилади; Марказий Осиёда тахминан бир ҳафтага чўзилади. Швед пашшаси тухумдан чиқиб, вояга етган пашша ҳолатига етгунча – Марказий Осиё шароитида бир ойча вақт ўтади.
Швед пашшаси Марказий Осиёда нечта авлод бериши аниқланган эмас, ҳар эҳтимолга қарши камида беш авлод берса керак деб ўйлаш мумкин; аммо бирмунча шимолий минтақаларда, иқлим шароитига қараб, 1-4 авлод беради; чунки вояга етган пашшаси бирмунча узоқ вақт яшайди (ҳарорат 280 С бўлганда – 25 кун, 220 С бўлганда – 35 кун яшайди), тухум қўйиши ва айрим ривожланиш стадияси ҳам анча узоқ муддатга чўзилади. Пашша ўзининг генерацияси миқдоридан қатъий назар, одатда Марказий Осиё шароитида уч даврда ёппасига учади. Иккинчи ёппасига учиши арпанинг бошоқлаш даврида бўлади; кейинчалик ёзнинг ўртасида, булар учун овқат камчил бўлганидан унчалик кўп пашша учмайди; бундан ташқари пашшага ёзнинг жазирама иссиғи жуда ёмон таъсир этади. Учинчи ёппасига учиши кузги ғалла экинлари кўкариб чиққанидан кейин рўй беради.
Швед пашшаси ғалласимон ўсимликлар сут пишиқлик даврига етганда бошоқ ва дон пардасига тухум қўяди, бу тухумлардан чиққан личинкалар дон қотгунча шу дон билан овқатланади. Баҳори ғалла экинлар пишгандан то кузги ғалла кўкариб чиққунча швед пашшасининг қаерда бўлиши пухта аниқланган эмас; эҳтимол, бу пашшанинг бир қисми маккажўхорининг сўтасида, ғалла экинларидан тўкилган хас-чўп орасида ва баъзи бир ёввойи ғалласимон ўсимликларда: ёввойи сулида, буғдойиқда, қўнғирбошда яшаса керак, аммо бу даврда швед пашшаси албатта, жуда оч қолиши шубҳасиз.
Швед пашшасини бир қанча паразит ва йиртқич ҳашаротлар қириб туради, В. В. Яхонтов томонидан бунинг сохта пилласидан Ўзбекистонда анчагина яйдоқчи (Tropidopria compressa Thoms. Trichomalus sristatus Forst. ва Merisus destructor Say.) чиқариб олинган, бундан ташқари, Atherigona varia Mgn. пашшасининг бу швед пашшаси личинкасини ейиши аниқланган.
Do'stlaringiz bilan baham: |