Кураш чоралари. Меромизага қарши асосан агрономик тадбирлар воситаси билан курашилади. Меромиза кўплаб пайдо бўлиб турадиган жойларда бу зараркунанда билан унча шикастланмайдиган экин навларини, жумладан, арпанинг нутанс группаси навларини экиш тавсия этилади. Экинларни ўз вақтида экиш ҳам катта аҳамиятга эга: масалан, баҳори ғалла экинлари мумкин қадар барвақт экилиши, кузги ғаллалар эса, аксинча, жуда эрта экилмаслиги керак. Бундан ташқари, анғизни юза юмшатиш ва ҳайдаш йўли билан ўсимлик қолдиқларини йўқ қилиб туриш, экин орасида ва четларида пайдо бўлган бегона ўтларни айниқса, меромиза яхши кўрадиган қўнғирбош ўтини мунтазам равишда ўтаб туриш лозим. Ғалла экинларининг тез ўсишига ёрдам берадиган ўғитларни ерга солиб туриш жуда фойдалидир. Зараркунанданинг тухумланиши олдидан экинга гексахлоран дустини чанглаш ҳам яхши натижа беради.
Швед пашшаси
Oscinosoma frit L.
Зарари. Швед пашшаси, одатда буғдой ва арпа экинларига тушадиган ҳашоротдир. Бу пашша кечикиб экилган лалми экинларга, баъзан сувли ер ғаллаларига ҳам кўп зарар етказиб туради. Масалан, Бухоро атрофида ғалла экинларининг 12,05 % гача, бошқа йилларда эса кўпи билан 6 % қисми, қуруқ ерга кечикиб экилган экин пояларининг 98 % и шу пашша билан шикастланганлиги маълум бўлган эди.
Швед пашшаси тушган ғалла экинларининг майсаси (бу зараркунанда, одатда ўсимликка иккинчи барг чиқариш даврида тушади) сарғаяди, учки барглари ва бошоқнинг эмбрионал бошланғичлари қуриб қолади. Сут пишиқлик даврига етган ўсимликларда швед пашшасининг личинкалари пайдо бўлиб, донни кемириб, унда эгатча излари ҳосил қилади, натижада ҳосил камайиб кетади, аммо Марказий Осиёда дон тез тўлишиб қотганидан пашшанинг бу хилдаги зиёни унчалик катта бўлмайди; чунки қота бошлаб дағаллашган донни личинкалар шикастлай олмайди, натижада кўп ўтмай у ўлади.
Швед пашшаси шикастлаган ўсимлик ёш бўлса, у қуриб қолади. Одатда тупланиш вақтида ер нами етишмаслиги натижасида заифлашган ўсимликка бу пашша кўпроқ зарар етказиб туради. Умуман, шикастланган ўсимлик кўп тупланади, ўсимликнинг бош пояси шикастланганида ён-иккиламчи поялар (бошоқ чиқармайдиган ёки кам ҳосил қиладиган поялар) кўпайиб кетади. Иккиламчи пояларнинг шикастланиши унчалик хавфли бўлмайди. Ўсимлик тупланиши вақтида унинг бирламчи пояси шикастланса, ҳосил 50-70 % камайиб кетади.
Шикастланган поя тупланиш бўғимидаги дастлабки (бирламчи) поядан қанча узоқ бўлса, бу ўсимлик ҳосилининг камайиши шунчалик оз бўлади.
Do'stlaringiz bilan baham: |