Қисқача хулосалар
1. Ижтимоий-иқтисодий тизим сифатида минтақа мамлакат ҳудудининг ҳудудий меҳнат тақсимоти жараёнида ажралиб чиққан бир қисми ҳисобланади.
2. Минтақа у ёки бу товар ва хизматларни ишлаб чиқаришга ихтисослашуви, такрор ишлаб чиқариш жараёнининг умумийлиги ва бошқа ҳудудларга нисбатан ўзига хослиги, хўжалигининг мажмуавий ва яхлит характерга эга эканлиги, минтақа олдида турган вазифаларни ҳал этишни таъминловчи бошқарув органларининг мавжудлиги билан тавсифланади.
3. Ўзбекистонда минтақалар сифатида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрини кўрсатиш мумкин. Улар давлат минтақавий сиёсатининг асосий субектлари ҳисобланади.
4. Иқтисодиётни ҳудудий жиҳатдан ташкил этиш ҳудудда ишлаб чиқариш ва меҳнатни жалб этиш турларининг турли шаклларда уйғун ҳолда фаолият кўрсатишларига асосланган ишлаб чиқариш кучлари унсурлари ўзаро таъсирининг кўп даражали тизимидир.
5. Сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг барча минтақаларида барқарор ўсиш суръатлари кузатилди. Айни вақтда минтақаларда ялпи минтақавий маҳсулот ўсиш суръатларининг турли даражаларда кечаётганлигини кузатиш мумкин. 2016-йилда республика ялпи ички маҳсулотининг ўсиш суръати (107,8 фоиз)дан ялпи минтақавий маҳсулотининг ўсиш суръати юқори бўлган минтақалар сони 7 тани ташкил этди: Тошкент шаҳри (109,6 фоиз), Жиззах (109,0), Самарқанд (108,7 фоиз), Қорақалпоғистон Республикаси (108,2 фоиз), Наманган (108,1 фоиз), Андижон (107,9 фоиз) ва Бухоро вилоятлари (107,9).
6. Ўзбекистон ялпи ички маҳсулотининг катта қисми Тошкент шаҳри, Тошкент, Қашқадарё, Фарғона, Андижон ва Самарқанд вилоятлари томонидан яратилади. Агар 2010-йилда Ўзбекистон ялпи ички маҳсулотининг 55,3 фоизи ушбу минтақалар ҳиссасига тўғри келган бўлса, 2016-йилга келиб бу кўрсаткич 53,4 фоизни ташкил этган.
7. Сўнгги йилларда барча минтақалар иқтисодиёти таркибида ижобий ўзгаришлар юз бериб, у саноат ва хизмат кўрсатиш тармоқлари улушининг ўсиб бориши билан тавсифланади. Бу соҳада Тошкент шаҳри, Тошкент, Навоий, Андижон вилоятлари юқори кўрсаткичларга эга.
8. Ўзбекистонда асосий иқтисодий кўрсаткичлар бўйича минтақалар ижтимоий-иқтисодий ривожланишида сезиларли тафовутлар сақланиб қолмоқда.
9. Миллий иқтисодиётни модернизациялаш шароитида ҳудудий дастурлар минтақаларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш сиёсатининг асосий дастакларидан бири вазифасини ўтамоқда. Хусусан, сўнгги йилларда ҳукумат ва маҳаллий бошқарув органлари томонидан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳрини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, «Навоий», «Ангрен», «Жиззах», «Ҳазорасп», «Ургут», «Ғиждувон» ва «Қўқон» каби эркин иқтисодий зоналар шаклида алоҳида ҳудудларни ривожлантириш, Хоразм ва Тошкент вилоятларида саноат ва туризмни барқарор ривожлантириш, минтақавий инвестиция дастурлари ва бошқа мақсадли дастурлар амалга оширилди.
Do'stlaringiz bilan baham: |