Қуйи Амударё иқтисодий раёни Ўзбекистоннинг шимоли-ғарбида, Амударёнинг қуйи қисмида жойлашган бўлиб, у ўз таркибига Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятини олади. Минтақа ҳудуди республика майдонининг 38,3 фоизини эгаллаб, у 171,2 минг кв. км. ни ташкил этади. 2017-йил бошида минтақада 3594,2 мингдан зиёд киши истиқомат қилди. Бу – мамлакат аҳолисининг 11,2 фоизига тўғри келди.
Қуйи Амударё иқтисодий раёни қадимий суғорма деҳқончилик минтақасида жойлашган. Раёнда, айниқса, Устюртда 200 дан ортиқ фойдали қазилмалар конлари (табиий газ, темир рудаси, фосфоритлар, ош тузи ва бошқалар) топилган. Бу ҳудудда пахтачилик билан бир қаторда шоличилик, полизчилик, уруғлик беда, сабзавотчилик ривожланди. Бой минерал хом ашё ресурсларидан комплекс фойдаланиш асосида яқин истиқболда икки саноат раёни ва бир қатор саноат боғламлари пайдо бўлади. Орол денгизининг қуриб бориши ва Оролбўйининг саҳрога айланиши жараёнлари билан боғлиқ ҳолда вужудга келган мураккаб ижтимоий-иқтисодий вазият ҳудудни ривожлантириш истиқболларини қўшни Туркманистоннинг Тошҳовуз вилояти билан мувофиқлаштирилган ҳолда ҳал этишни талаб этади.
2016-йилда минтақа Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган ЯИМ ҳажмининг 6,9 фоизини, саноат маҳсулоти ҳажмининг 6,3 фоизини, ялпи қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг 8,8 фоизини, асосий капиталга киритилган инвестицияларнинг 10,4 фоизини, қурилиш ишларининг 8,1 фоизини яратди. Шунингдек, минтақага республика ташқи савдо айланмасининг 2,2 фоизи, иқтисодиётда банд бўлганларнинг 10,1 фоизи, чакана савдо айланмаси ҳажмининг 7,1 фоизи тўғри келди.
Сурхондарё иқтисодий раёни Ўзбекистоннинг энг жанубий қисмида жойлашган бўлиб, маъмурий жиҳатдан Сурхондарё вилоятини ўз ичига олади. Минтақа майдони 20,8 минг кв. км. ни ташкил этади. Бу эса республика майдонининг 4,6 фоизига тенг. Минтақада 2017-йил бошида 2462,3 минг киши ёки республика аҳолисининг 7,6 фоизи истиқомат қилди.
Раённинг ўзига хос географик ҳолати (деярли ҳамма томони тоғлар билан ўралган) унинг иқтисодиётига ўз таъсирини кўрсатган. Иқлими субтропикларга яқин бўлганлиги сабабли раён пахта, субтропик мевалар, эртанги сабзавот етиштиришга ихтисослашган. Саноати кўмир (Шарғун тошкўмир кони), нефт ва газ қазиб олиш (маҳаллий истеъмол учун) асосида ривожланган. Сурхон – Шеробод чўлида янги ерларни ўзлаштириш асосида бу ҳудудларни пахтачилик, экспорт йўналишидаги субтропик мевачилик ва эртаги сабзавотчилик ривож топган. Аниқланган фойдали қазилмалар конларини ўзлаштириш бу ҳудудда кон саноатини ва рангли металлургияни ривожлантириш имкониятларини яратди. Ходиза, Шарғун – Сариосиё (рангли металлар, кўмир, қурилиш материаллар), Бойсун (тошкўмир, табиий газ, қурилиш материаллари) саноат боғламлари шаклланди. Термиз шаҳрида ва туман марказларида асосан енгил ва озиқ-овқат саноати корхоналари ривожланди.
2016-йилда минтақа Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган ЯИМ ҳажмининг 6,0 фоизини, саноат маҳсулоти ҳажмининг 2,0 фоизини, ялпи қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг 8,8 фоизини, асосий капиталга киритилган инвестицияларнинг 4,0 фоизини, қурилиш ишларининг 4,0 фоизини яратди. Шунингдек, минтақага республика ташқи савдо айланмасининг 2,0 фоизи, иқтисодиётда банд бўлганларнинг 7 фоизи, чакана савдо айланмаси ҳажмининг 6,8 фоизи тўғри келди.
Do'stlaringiz bilan baham: |