8.3. Ўзбекистон минтақаларининг ривожланиш
тенденсиялари
Маълумки, мамлакат минтақаларини мутаносиб равишда ривожлантириш, иқтисодиётнинг самарали ҳудудий таркибини шакллантириш барқарор иқтисодий ўсишнинг муҳим шартларидан ҳисобланади. Шу сабабли мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида ижтимоий-иқтисодий тараққиётнинг минтақавий омилларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бугунги кунда Ўзбекистонда амалга оширилаётган минтақавий иқтисодий сиёсат ҳар бир минтақанинг иқтисодий салоҳиятидан оқилона фойдаланиш асосида барқарор иқтисодий ўсиш суръатларини таъминлаш, ижтимоий-иқтисодий тараққиётда юзага келган минтақавий тафовутларга барҳам бериш ва мамлакатимизнинг турли минтақаларида истиқомат қилувчи аҳоли фаровонлигини оширишга қаратилган.
Минтақалар иқтисодий тараққиётига баҳо беришда ялпи минтақавий маҳсулот кўрсаткичи муҳим ўрин эгаллайди. Ялпи минтақавий маҳсулот охирги истеъмол учун ишлаб чиқарилган товар ва хизматлар қийматини ўзида акс эттиради. У ишлаб чиқариш усулида, яъни ялпи ишлаб чиқариш ва ялпи оралиқ истеъмол ўртасидаги тафовут сифатида ҳисобланади. Шу жиҳатдан ялпи минтақавий маҳсулот ва ялпи ички маҳсулот бир-бирига яқин кўрсаткичлардир. Аммо ялпи минтақавий маҳсулотлар йиғиндиси ялпи ички маҳсулот ҳажмидан сезиларли даражада фарқ қилади. Бунинг сабаби шундан иборатки, минтақа очиқ иқтисодий тизим. Шу сабабли минтақа доирасида ишлаб чиқариш чегараларини аниқ белгилаб олиш ва ушбу минтақа ҳудудида яратилган қўшилган қиймат ҳажмини аниқлаш анча мураккаб.
Ижтимоий-иқтисодий тараққиётнинг ҳозирги босқичида кўплаб интеграллашган вертикал ва горизонтал схемалар асосида фаолият юритувчи корпорациялар мавжуд. Бундай корпорациялар таркибига кирувчи ишлаб чиқариш бирликларида бухгалтерлик ҳисобини юритиш тартиби ва тамойиллари ишлаб чиқариш ҳажми ҳамда ишлаб чиқаришга сарфланган харажатларни баҳолаш имконини бермайди. Шу сабабли бундай бўлинмаларда қўшилган қийматга баҳо бериш шартли характерга эга. Натижада бош компаниялар жойлашган минтақаларда қўшилган қиймат бирмунча юқорироқ, ушбу компанияларнинг бўлинмалари жойлашган минтақаларда эса қўшилган қиймат бирмунча пастроқ кўрсатилади.
Шу билан бирга иқтисодий операцияларнинг баъзилари фақат умуман мамлакат миқёсида ҳисобга олинади ва ялпи минтақавий маҳсулотни ҳисоблашда ҳисобга олинмайди. Бу асосан мудофаа, давлат бошқаруви хизматлари ва давлат буджети маблағлари ҳисобидан, умуман, жамиятга кўрсатиладиган бошқа хизмат турларига тегишли. Шунингдек, молиявий воситачилар, айниқса, банклар фаолияти ялпи минтақавий маҳсулотни ҳисоблашда ҳисобга олинмайди, чунки улар бирор-бир минтақа ҳудуди билан чегараланмайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |