8 боб
ЎЗБЕКИСТОН ИҚТИСОДИЁТИНИНГ
ҲУДУДИЙ ТАРКИБИ
8.1. Минтақа – миллий иқтисодиётнинг
муҳим таркибий қисми
Миллий иқтисодиётда ишлаб чиқариш ва ижтимоий соҳа мажмуалари билан бирга минтақавий ижтимоий-иқтисодий мажмуалар ҳам фаолият кўрсатади. Бу мажмуаларнинг шаклланиши алоҳида ҳудудлар ишлаб чиқариш кучларининг ривожланиши учун табиий ва ижтимоий-иқтисодий шарт-шароитлар ва омилларнинг мавжудлиги билан изоҳланади.
Минтақавий ижтимоий-иқтисодий мажмуа республика ички минтақаларининг шаклланиши учун обектив асос яратувчи, барқарор иқтисодий муносабатлар ўрнатилган кўплаб обектлардан иборат мураккаб, динамик ривожланувчи тизимдир. Минтақа лотинча «регион» сўзидан олинган бўлиб, жой, ўлка, аниқ ҳудуд каби маъноларни англатади.
Минтақа ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ва маънавий ҳаёт бирлиги билан тавсифланувчи ижтимоий-иқтисодий ва ҳудудий бирликдир.
Ижтимоий-иқтисодий тизим сифатида минтақа ҳудудий меҳнат тақсимоти жараёнида ажралиб чиққан мамлакат ҳудудининг бир қисми бўлиб, у ёки бу товар ва хизматларни ишлаб чиқаришга ихтисослашуви, такрор ишлаб чиқариш жараёнининг умумийлиги ва бошқа ҳудудларга нисбатан ўзига хослиги, хўжалигининг мажмуавий ва яхлит характерга эга эканлиги, минтақа олдида турган вазифаларни ҳал этишни таъминловчи бошқарув органларининг мавжудлиги билан тавсифланади. Бундай ҳудудий бирликларга иқтисодий раёнлар, республикалар, вилоятлар ва шаҳарларни киритиш мумкин. Улар мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий бошқариш занжирида бир-бири билан ўзаро боғлиқ ҳалқалар тизимини ташкил этади.
Иқтисодий раён – мамлакатнинг ҳудудий яхлит қисми бўлиб, муайян ҳудудда мавжуд барча тармоқлар ва ишлаб чиқариш турларини ўзида бирлаштиради, тегишли ишлаб чиқариш ихтисослашувига, барқарор ички ижтимоий-иқтисодий алоқаларга эга бўлади. Мамлакатнинг маъмурий-ҳудудий бўлинишида ва миллий иқтисодиётнинг ҳудудий таркибини таҳлил қилишда иқтисодий раёнлаштириш муҳим ўрин тутади.
Ўзбекистонда минтақалар сифатида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрини кўрсатиш мумкин, чунки айнан уларда маъмурий-бошқарув тизими ва уларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш имконияти мавжуд. Шу сабабли улар давлат минтақавий сиёсатининг асосий субектлари ҳисобланади.
Иқтисодиётни ҳудудий жиҳатдан ташкил этиш ҳудудда ишлаб чиқариш ва меҳнатни жалб этиш турларининг турли шаклларда уйғун ҳолда фаолият кўрсатишига асосланган ишлаб чиқариш кучлари унсурлари ўзаро таъсирининг кўп даражали тизимидир. Уларнинг минтақаларда оқилона тарзда бирлашиши табиий, меҳнат ва молиявий ресурслардан самарали фойдаланишга олиб келади.
Минтақада ишлаб чиқариш кучлари унсурлари турли даражада бирлашади, иқтисодий алоқалар ва муносабатлар эса турли даражада локаллашади. Бу – мамлакат иқтисодиётининг умумий тузилмаси таркибида бевосита такрор ишлаб чиқаришнинг минтақавий жиҳатлари билан боғлиқ иқтисодий муносабатларни ажратиш имконини беради. Ушбу муносабатлар ва алоқалар йиғиндиси иқтисодиётнинг ҳудудий таркибини ташкил этади.
Иқтисодиёт ҳудудий таркибининг асоси ишлаб чиқаришни жойлаштириш ҳисобланади ва у ҳудудий меҳнат тақсимотининг ривожланиши ва чуқурлашуви натижаси сифатида намоён бўлади.
Иқтисодиётнинг ҳудудий таркиби тармоқ таркиби билан узвий боғлиқ, чунки ҳар бир тармоқ, корхона ёки ишлаб чиқариш аниқ ҳудудда фаолият кўрсатади, ўзининг ҳудудий жойлашувига эга бўлади, улар ўртасидаги иқтисодий алоқалар эса тармоқлар, корхоналар жойлашган минтақалар ўртасидаги алоқалар сифатида намоён бўлади.
Минтақа ижтимоий-иқтисодий обект сифатида тармоқдан бир қатор хусусиятлари билан фарқ қилади. Энг аввало, минтақанинг фарқли жиҳати шундан иборатки, унда моддий неъматлар ишлаб чиқариш, уларни тақсимлаш, айирбошлаш ва истеъмол қилишни ўз ичига қамраб олган хўжаликнинг турли тармоқлари ўзаро бирлашади. Демак, минтақа хўжалик мажмуаси сифатида тармоққа нисбатан мураккаб тузилма ҳисобланади. Айнан минтақа доирасида иқтисодиётни таркибий жиҳатдан қайта қуриш, табиий ва меҳнат ресурсларидан оқилона фойдаланиш масалаларини ҳал этишга мажмуавий тарзда ёндашиш мумкин.
Агар тармоқлар тор ишлаб чиқариш вазифаларини ҳал этишга асосий эътиборни қарацалар, минтақа олдига тармоқлар, ишлаб чиқариш ва ижтимоий инфратузилма ривожланишини ўзаро боғлаш, иқтисодий ва ижтимоий ривожланишни мувофиқлаштириш масалалари қўйилади.
Иқтисодиётнинг ҳудудий таркиби шаклланиши кўплаб омиллар таъсирида юз беради. У мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш даражаси ва жаҳон хўжалик алоқаларида тутган ўрнига бевосита боғлиқ. Иқтисодиётнинг ҳудудий таркиби шаклланишига таъсир этувчи муҳим омиллар жумласига минерал хом ашё, ёқилғи-енергетика, сув, ўрмон ва ер ресурслари, меҳнат ресурслари, иқтисодий ва илмий-техника салоҳияти, ишлаб чиқариш ва ижтимоий инфратузилма, аҳолининг жойлашиши ва бошқалар киради.
Do'stlaringiz bilan baham: |