Мевали дарахтларнинг илдиз раки
Бу касаллик билан кўчатлар 50-80 % гача зарарланади. Касаллик қўзғатувчиси – Pseudomonas tumefaciens Stevens. бактерияси бўлиб, у жуда кўп мевали ўсимликларни касаллантиради. Илдизни зарарланган қисмидан ва илдиз тукчаларидан кирган бактериялар илдиз ҳужайраларнинг тезда нобуд бўлишига сабаб бўлади ва кўп миқдордаги ўсмаларни ҳосил қилади. Касаллик тупроқда намлик кам бўлганда кенг тарқалади. Касалланган ўсимлик тезда қуриб қолади (14-расм).
14-расм. Мевали дарахтларнинг илдиз раки (Pseudomonas tumefaciens).
Қарши кураш чоралари: кўчатзорларни унумдор тупроқларда ташкил қилиш, тупроққа ўз вақтида ишлов бериш, касалланган ўсимликни ва уларнинг илдиз қолдиқларини йўқ қилиб ташлаш.
Касаллик қўзғатувчиси тупроқда узоқ муддат давомида сақланиб 2-3 йилдан кейин ҳам, уруғдан унган кўчатларни касаллантириши мумкин. Касалликнинг энг кучли кўриниши илдиз бўғзи ва ўқ илдизнинг зарарланишида намоён бўлади. Касаллик туфайли кўчатларнинг сув таъминоти кескин бузилиб, ўсиш, ривожланишдан орқада қолади. Бундай кўчатлар тупроққа ўтказилганда кўкариши жуда қийин бўлади. Илдиз раки асосан кўчатлар, меҳнат қуроллари ва ҳашаротлар воситасида тарқалади.
Тутнинг бактериози
Республикамиз шароитида тут ўсимлигида бактериоз ва бактериал рак касалликлари учрайди. Тутнинг бактериоз касаллигини қўзғатувчиси - Pseudomonas mori бактерияси бўлиб, касаллик Ўрта Осиё, Закавказье, Япония, Европа, Жанубий Африка, Америка, Австрия шароитида кўп учрайди, республикамизда ушбу касалликни 1931 йил Н.Г.Запрометов аниқлаган.
Pseudomonas mori бактерияси оқ рангдаги таёқча шаклида бўлиб, учларида 7 та хивчинлар ҳосил қилади. Ўлчами 1,8 4,5 х 0,9 1,3 мкм, спора ҳосил қилмайди, грамманфий, аэроб шароитда ўсади. Агарли озиқа муҳитида оқ, секин ўсувчи, юмалоқ, ялтироқ, силлиқ колония ҳосил қилади. Бу бактерия 1-35оС ҳароратда ўсади, 25-30оС ҳарорат оптимал бўлса, 51оС ҳароратда ўсишдан тўхтайди. Қиш фаслида –300 С совуққа чидамли. Озиқа муҳитида 3-12 йил давомида ўсиш хусусиятини сақлаб қолади. Бактерияни касалланган ўсимлик новдасидан ажратиб олиш учун ташқи томонидан стерилизация қилинган бўлакчаларни озиқа муҳити устига жойлаштириб 25оС ҳароратга қўйилса, 3 кунда бактерия ажралиб чиқади.
Бактериоз касаллигининг келиб чиқиши, белгиларининг намоён бўлиши ва зарарини аниқлаш учун уни сунъий усулда зарарлаш усулидан фойдаланилади. Бунинг учун тутнинг ёш новдвсига укол қилиш, барг томирига укол қилиш, баргни бактерия таёқчалари билан суркаш, куртакка укол қилиш усулларидан фойдаланилади. Тажриба учун 100 тадан ўсимлик касаллантирилганда касалланиш учун инкубация даври 4-11 кунни ташкил қилади. Бактериянинг инкубация даври баҳор фаслида 1 -2 кунга қисқа бўлиши билан характерланади. Лаборатория шароитида инкубация даври 3-5 кунни ташкил қилади. Бу бактерия тут ипак қуртига нисбатан патогенлик хусусиятини намоён қилмайди.
Касаллик туфайли тутнинг энг учки барглар, бир йиллик новда ва куртаклар зарарланади. Касал баргларда оқиш ҳошияли кейинчалик қорамтир ёғсимон доғлар ҳосил бўлади. Доғ усти қорамтир сарғиш ёпишқоқ модда билан қопланади. Кучли зарарланган барглар сарғайиб кейинчалик тушиб кетади. Касалланган новдаларда эса қорамтир доғлар ҳосил бўлади. Куртаклар эса қорайиб қурийди. Касаллик қўзғатувчиси кислота ва қуёш нурига чидамли. Касаллик қўзғатувчилари ўсимликка барг оғизчалари, новдадаги ёриқлар ва ўсиш нуқтаси орқали киради. Касаллик белгилари ўсимлик турига қараб 4-18 кунда намоён бўлади. Касалликнинг тарқалишига касалланган новда, барг, кўчат, ўсимлик қолдиғи асосий восита ҳисобланади.
Тут дарахтини бактериоз билан касалланиш даражасига қараб 3 гуруҳга бўлинади. Кенриу - нави 2 баллга касалланади - 50 %. Кокосу-70, Кокосу-13, Сиозисо, Фусамаро, Кокросо навлари - 1 баллга касалланади - 1-34 %, Хасак, Ўзбекистон, Восток, САНИИШ навлари кам касалланади.
Тутнинг бактериоз билан касалланишини ҳисобга олиш учун, тутзордаги барча дарахтларни қаторасига кузатиш ёки ҳар бешта дарахтни ўтказиб ҳисоблаш усули фойдаланилади. Бунинг учун касалланиш даражаси балл билан белгиланади:
1 балл баргларда ва новдада қисман доғлар пайдо бўлган;
2 балл новданинг юқоридаги бештадан барглари касалланган;
3 балл новданинг юқоридаги баргларнинг барчаси касалланган, новдада ботиқ доғлар пайдо бўлган.
Касалликка қарши кураш чоралари профилактик ва агротехник усуллар ёрдамида амалга ошади. Касалликнинг олдини олиш учун касалланган кўчат, ниҳол ва қаламчалардан пайвандлашда фойдаланмас лик; ҳамиша соғлам ўсимликлардан қаламчалар тайёрланиши керак; тутзорларнинг 1га ерига 6600 дан ортиқ кўчат экмаслик; тупроққа ишлов бериш жараёнида 1га ерга 180 кг, 90 кг фосфор, 45 кг калий ўғитларини тупроққа солиш; тутзорлардаги тупроқни кузда хайдаш. Тутзорлардаги бегона ўтларга қарши курашни ўз вақтида ўтказиш. Тутнинг касалланган новдаларини ердан 20см юқорида кирқиб олиб, ўсимлик қолдиқларини ёқиб юбориш. Касаллик намоён бўлган тутзорларга 100 л суда 1кг мис, ёки 1 кг охак аралаштириб пуркаш.
Do'stlaringiz bilan baham: |