КИБЕРНЕТИКА ВА ПСИХОЛОГИЯ
Илмий ва конструктив-техник ижоднинг сўнгги вақтлардаги энг юксак даражадаги ютуқларидан бири янги фан кибернетиканинг пайдо бўлишидир. Бу бошқа фанларнинг бутун бир системасига– математика, физика, химия, физиология, электроника кабиларга таянадиган синтетик фандир. Шу «таянч» фанлар системасига психология ҳам киради. Шундай қилиб, психологларга шундай фанлар (математика, химия, экономика ва бошқалар) «ҳамкорлигида» ишлашга тўғри келдики, илгари психология, булар билан жуда ҳам узоқ алоқада бўлар эди.
Кибернетиканинг вазифаси ҳозирги замон фан ва техникасининг ютуқларига асосланиб, математика, экономика, транспорт соҳаларидаги мураккаб масалаларни еча оладиган, автоматик бошқариладиган ва ўз-ўзини бошқарадиган машиналарнинг конструкциясини яратишдан иборатдир. Маълумки, кучга эга бўлган машиналарни бундай яратиш учун, худди инсон миясига, ақлига ўхшаб ишлай оладиган механизмлар системасининг конструкциясинн топиш талаб қилинади.
«Ўйловчи» машиналарни физиклар, кимёгарлар ва муҳандислар кўрадилар. Лекин машинанинг барча «ақлий» операциялари қурилиши схемасини нейрофизиологлар билан биргаликда психологлар бериши керак. Психологларнинг вазифаси ақлий операциялар механизмларини тўлиқ ва аниқ очиб бериш, инсон мияси ва тафаккур операцияларининг ишлаш моделини яратиб беришдан иборатдир. Ҳозирги вақтда кибернетика принциплари таълим соҳасида ҳам татбиқ қилина бошлади. Бу ўринда психологларнинг вазифалари, албатта жуда масъулиятлидир.
КОСМИК ПСИХОЛОГИЯ МАСАЛАЛАРИ
Биринчи Ер йўлдошларини, биринчи космик кемаларни барпо қилиш ва учириш ҳамда қаҳрамон – космонавтларимизнинг космосга учишини амалга ошириш мамлакатимизда фан ва техника прогрессининг ғоят улкан ютуғи бўлди.
Космонавтларимизнинг тарихда мислсиз учишлари физик оламни билиш соҳасини ҳаддан ташқари кенгайтиришга ёрдам берди. Бу учишлар кишининг психик дунёси соҳасини ҳам билишни кенгайтирди. Биринчи космонавтларимизнинг жасорати инсоннинг қандай руҳий куч (ҳиссиёт, ирода, характер, тафаккур) га эга эканлигини намойиш қилди. Биз космик фазода, ҳаддан ташқари тезликдаги ҳаракатда ва вазнсизлик ҳолатида инсон психикаси ҳамда онги қандай намоён бўлишини билиб олдик.
Инсон руҳининг космонавтларни тайёрлаш жараёнидаги, космик учишларни амалга оширишдаги, сўнгги вақтларгача номаълум бўлган хусусиятлари психологларнинг маҳсус текшириш предметини ташкил қилади.
Ҳозирги вақтда психология фанининг янги соҳаси – космонавт психологияси,ёки космик психология майдонга келди. Психологларнинг бу фан соҳасидаги тадқиқот ишлари физиологлар, тиббиёт ходимлари билан биргаликда, космонавтларнинг ёрдамида олиб борилмоғи керак.
Психологиянинг космонавтика соҳасидаги муҳим вазифаси космонавтларни рационал ва самарали тайёрлаш масалаларини янада чуқур ўрганишдан иборатдир. Бунга маҳсус таълим, тренировка ва тарбия методикасининг психологик асосларини ишлаб чиқиш киради. Айни вақтда бу методлар организмнинг, ўргатилаётганлар ва тренировка қилаётганлар психикасининг яширин хусусиятларини аниқлаш воситаси ҳам бўлмоғи керак.
Космонавтларни тайёрлашда, агар келажакда космик учишлар яна ҳам узоқ муддатли ва Ердан узоқ бўлишини эътиборга олинганда, ердан ташқари шароитларда космонавтлар психикасининг мазмуни ҳақида ғамҳўрлик қилишга тўғри келади, табиийки, инсон психик мазмунининг асосий манбаи бўлган бевосита информация жуда кам қисқариши керак: бу космик кораблнинг ички қурилишини идрок қилиш ва унинг ҳолати билан, тун ва куннинг тез алмашинуви билан, юлдузлар осмонининг бир хилдаги кўриниши билан чекланмоғи керак. Ташқи информациялар камайганда космонавт психик ҳаётининг мазмуни, ўтмишдаги тажриба ҳисобидан «тўлдирилиши» керак, бунда идрок қилишнинг ўрнини хотирлаш, эсга тушириш жараёнлари эгаллаши керак бўлади. Шунинг учун ҳам меҳнат ва ўқув фаолиятида олинган бой руҳий мазмунга эга бўлган кишиларгина космонавт бўлиши мумкин.
Албатта, инсоннинг ердаги психик ҳаёт шароитларида ҳам таниб олиш ва эслаш йўли билан хотирлаш жараёнлари катта ўрин эгаллайди. Бирор психик мазмуннинг (тажриба, билимнинг) бу қайта тикланиши идрок қилинаётган воқелик шароитларида рўй беради ва идрок билан рағбатлантирилиб (тўлдирилиб) турилади. Бинобарин, космик учиш вазиятда ташқи информация камайган (чекланган) шароитда мавжуд. Руҳий мазмуннинг қайта тикланиши етарли кифоя қилмаслиги ҳам мумкин» деб таҳлил қилинди. Шунинг учун ҳам космонавтика соҳасида ишлаётган психологлар олдида шундай савол турипти: космонавтнинг информацион «очлиги»ни қандай воситалар ва йўллар билан қондириш мумкин? Бу «очлик»ни қондириш учун радио, телевидение, компьютер, интернет, бадиий ва илмий адабиёт; фильмлар, музика ва ҳоказолар нималарни ва қандай қилиб беришлари мумкин деган масалани психологик жиҳатидан асослаш талаб қилинади.
Ҳаммага маълумки, космонавтлар ўзларининг якка ҳолда ва гуруҳ бўлиб учишларида (ҳатто кабинадан чиқишда) аниқ фикрлаганлар, жуда катта фаросат ва зийраклик кўрсатганлар. Космонавтнинг тафаккур хусусиятлари қандай бўлади, масалан, бунда тажриба ва хаёл, билим ва ижод, мантиқ ва интуиция, эмоция ва ирода кабилар қандай роль ўйнашини билиш психология учун жуда катта аҳамиятлидир.
Хусусан, вазнсизлик ҳолати космонавтнинг жисмоний жиҳатдан (аъзойи баданни) ўзи бошқаришигагина эмас, балки фикрлаш операцияларини бошқаришда, фикрлаш ва эслашнинг тезлигига ҳам қандай таъсир кўрсатишини аниқламоқ зарур.
Космик учишларда рўй бериши мумкин бўлган ҳавф-хатарларни, масалан, бошқа метеоритлар билан тўқнашиб қолиш ҳолларини, кема приборлари ва баъзи механизмлар ишидаги камчиликларни ҳам ҳисобга олишга тўғри келади. Шунинг учун ҳам космонавтларни тайёрлашда уларнинг эмоционал – ирода соҳасини ривожлантиришга алоҳида эътибор беришга тўғри келади. Космонавтларда эмоционал қатъийлик, мустаҳкам ирода, ўзини тута билиш, жаъсурлик ва чидамлиликни ривожлантириш ва тарбиялашдаги энг самарали методларнинг психологик асосларини ишлаб чиқиш муҳим муаммони ташкил қилади.
Ҳал қилиниши, айниқса узоқ муддатли космик учишларда муҳим аҳамиятга эга бўлган яна битта муаммо бор, бу ҳам бўлса «сиғиша олиш» муамммосидир. Маълумки, даставвал космонавтлар якка ҳолда учганлар, энди эса гуруҳ бўлиб – икки, уч кишидан учишяптилар. Яқин келажакда эса кўпчилик бўлиб, узоқ, муддат давомида учишади. Бошқа кишилар сингари ҳар бир космонавт ҳам ўзининг индивидуал хусусиятлари, ўз темпераменти, характери кабиларга эгадир. Космик учишлар вақтида космонавтлар кичик жамоада бўлган ҳолда ишлайдилар. Шунинг учун ҳам экипажни тузишда бир-бири билан тўла-тўкис келиша оладиган, ўзаро бир-бирини тушунадиган ва бир-бирига ёрдамлашадиган кишиларни танлашга тўғри келади. Жамоанинг иноқлиги ҳар бир ишнинг ҳам муваффақиятли ва самарали бўлишининг шартидир.
Шунинг учун ҳам космик психологиянинг вазифаларидан бири кичик жамоа психологиясини, сиғиша олиш психологиясини ўрганишдан иборатдир. Космик психологияга тааллуқли масалалар жуда кўп, масалан, овқатланиш психологияси масалалари, оғир ёлғизлик ҳиссининг ва руҳий тушкунлик (депрессия) ҳолатининг олдини олиш ва уларга қарши кураш масалалари, мунтазам ухлаш масалалари ва ҳоказолар. Бу масалаларга жавоб бериш фақат космик психология учунгина эмас, балки психология фанининг бошқа соҳалари-медицина психологияси, педагогик психология, меҳнат психологияси кабилар учун ҳам аҳамиятлидир.
Космик психология соҳасидаги тадқиқотлар, шубҳасиз, инсон ақлини, иродавий ва ижодий фаоллигини чуқур билишга ёрдам беради.
Do'stlaringiz bilan baham: |