МЕҲНАТ ПСИХОЛОГИЯСИ МАСАЛАЛАРИ
Меҳнат – бу инсоний тирикчиликнинг энг биринчи ва асосий шартидир. Жамиятда меҳнат шахсни шакллантириш воситаси, ижодий илҳом ва турли-туман эмоционал кечинмаларнинг манбан бўлиб хизмат қилади. Шунинг учун ҳам психология фанининг тармоқлари ичида меҳнат психологияси масалалари жуда катта ўрин олмоғи керак.
Меҳнат психологияси масалалари XIX аср ўрталаридан бошлаб капиталистик тузум шароитларида эксплуататорлар манфаати учун ишлаб чиқила бошлади. Кейинчалик меҳнат шароитлари ва меҳнаткашларнинг аҳволи тубдан ўзгарганлиги учун ҳам, меҳнат психологияси масалалари бошқача характер ва йўналишга эга бўлади: психологиянинг бу соҳасидаги масалаларни ишлаб чиқиш кишилар манфаатига хизмат қилмоғини назарда тутилди. .
Афсуски, психология тараққиётининг биринчи давридаёқ меҳнат психологияси масалалари бўйича анча самарали бошланган ишлар 1936 йилдан бошлаб бутунлай тўхтаб қолди. Бироқ, кейинги йилларда меҳнат унумдорлигини ошириш талаблари меҳнат психологияси соҳасидаги илмий текшириш ишларни қайтадан тиклаш зарурлиги ҳақидаги масалани илгари сурди.
1957 йили феврал-март ойларида Москвада меҳнат психологияси масалалари бўйича Бутуниттифоқ кенгаши бўлди. Шу кенгашда меҳнат психологияси соҳасидаги ишларнинг аҳволи ва бу психология соҳасининг яқин орадаги вазифалари белгиланди.
Кенгашда жойларда меҳнат психологияси соҳасидаги ишларни кенгайтира бошлаш вазифаси қўйилди.
Кенгашдан кейинги йиллар мобайнида С. Н. Архангельский, Н. Д.Левитов, К.К.Платонов, В. В. Чебишева ҳамда Педагогика Фанлари Академиясининг Психология институтида, СССР Фанлар Академиясининг Фалсафа институтида, Ленинград университети психология кафедрасида ишлаётган бошқа психологлар меҳнат психологияси соҳасида катта ишлар қилдилар.
Бироқ, психологик текширишлар натижасида аниқланган маълумотлар ҳали ҳозирча корхоналарнинг хўжалик –ишлаб чиқариш фаолиятига кам татбиқ қилинаётир. Шунинг учун ҳам психологларнинг вазифаси корхона раҳбарлари билан биргаликда психологиянинг ютуқларини меҳнат амалиётига татбиқ қилиш йўлларини топишдан иборат.
Меҳнат психологиясининг меҳнат фаолиятининг барча турларига тааллуқли бўлган бир қанча умумий вазифалари, умумий муамммолари, шунингдек профессионал меҳнатнинг алоҳида турлари (токарь, слесарь, шофёр, учувчи, пўлат эритувчи, йигирувчи, тикувчи кабилар)га тааллуқли бир қанча жузъий муаммолари ҳам бор.
Меҳнат психологиясининг умумий масалалари –бу умумий психологиянинг инсон меҳнат фаолияти нуқтаи назаридан қараладиган ва ҳал қилинадиган масалаларидир, холос. Бунга масалан, меҳнат жараёнида айрим психик функцияларнинг (диққат, идрок, ҳиссиёт кабилар) намоён бўлиш хусусиятлари ҳақидаги масала; меҳнатга нисбатан у ёки бу муносабатнинг аҳамияти ҳақидаги масала; ишда онглиликнинг роли ҳақидаги масала; меҳнат унумдорлигини оширишда айрим психик функциялар сифатининг, хусусан ҳислар инсон, ирода сифатларининг аҳамияти ҳақидаги масалалар киради.
Барча ишлаб чиқариш жараёнлари учун умумий бўлган нарса меҳнатда ижоднинг намоён бўлишини ўрганиш, конструктив-техникавий тафаккурни ўрганиш ва уни меҳнаткашларда ривожлантириш масалаларидир. Иш жараёнида билимларни амалиётда қўллаш масалаларини ўргатиш, шунингдек ҳосил қилинган малакаларнинг меҳнатнинг бир соҳасидан иккинчисига кўчиши масалалари ҳам юқоридагилар билан боғлангандир.
Меҳнат психологиясининг жузъий вазифаларига аввало шахснинг муайян ихтисос соҳасидаги ишнинг муваффақиятли бажарилишини таъминловчи, ҳар бир касбни характерлаб берувчи психик cифатларини ўрганиш киради. Айрим касбларни психологик жиҳатидан бундай характерлаш профессиограмма деб аталади. Психологлар шу профессионал сифатлар ишлаб чиқариш жараёнида қандай ҳосил қилинишини ўрганишлари керак. Мактабдан ташқари, бевосита ишлаб чиқаришнинг ўзида амалга оширилаётган меҳнат ва профессионал таълим ҳамда. тарбиянинг психологик асослари ҳақидаги масалаларни ишлаб чиқмоқ зарур. Шунингдек, психологлар энг янги техникани яратиш ва ундан фойдаланиш негизида кишиларнинг меҳнат унумдорлигини ошириш масалаларини ишлаб чиқишда ҳам иштирок этмоқлари керак. Шу муносабат билан профессионал қобилият ва профессионал маҳорат ҳақидаги масалаларни, шунингдек бу қобилиятларни таълим жараёнида ва ишлаб чиқаришда шакллантириш ҳақидаги масалалар ҳам муҳим муаммодир. Бу эса ўз навбатида меҳнат (профессионал) кўникма ва малакалар ҳосил қилишнинг рационал усулларининг психологик асосларини қидириб топиш билан боғланган.
Профессионал йўл-йўриқлар кўрсатиш, профконсультациялар ва корхоналарда профессионал кадрлар танлаш масалаларини психологик жиҳатдан асослаш вазифаси ҳам профессионал таълим муамммосига жуда яқиндир.
Меҳнатни ташкил қилиш ва самарадорлигини ошириш билан боғланган масалалар ҳам долзарбдир, Бунга профессионал толиқиш, меҳнат ритми ва дам олиш масалалари, психологларнинг машиналар ва уларнинг конструктив хусусиятлари, иш жойи ва унинг психологик талабларга мос келиши жиҳатидан таҳлил қилиш каби масалалар киради. Меҳнатнинг сифатини –унумдорлигини ва ҳавфсизлигини оширувчи шарт-шароитларни ўрганиш ҳам шунга киради.
Психология ишчи ёки ходимнинг психик ҳолати меҳнат унумдорлигига қандай таъсир кўрсатишини ҳам ўрганмоғи керак. Шунингдек, ишчининг муайян ҳолатини келтириб чиқарувчи сабабларни, шароитларни, меъёрдандан чекишнишининг ўрни ва вақтини ҳам аниқламоқ керак.
Ҳозир, юксак моддий-техника базасининг яратилиши муносабати билан жисмоний ва ақлий меҳнат ўртасидаги фарқларни тугатиш учун шарт-шароитлар яратилмоқда. Бу тугатиш (албатта, бирданига эмас) психологик жиҳатидан жисмоний меҳнат аҳлларидаги жисмоний ҳаракатларни қисқартириш ёки ақлий ҳаракатлар билан алмаштиришда ифодаланмоғи керак.
Ишчиларнинг жисмоний зўр бериб қилинадиган ҳаракатлардан озод бўлиши уларнинг ақлий савиясини кенгайтиришга, меҳнат жараёнларини ижобий (ақлий, аҳлоқий, эстетик) ҳислар билан бойитишига сабаб бўлмоғи керак.
Жисмоний ва ақлий меҳнат ўртасидаги фарқларни тугатиш муносабати билан меҳнаткашлар психикасида рўй берадиган ўзгаришларни ўрганиш психологиянинг энг долзарб вазифаларидан биридир.
Меҳнат психологияси соҳасидаги ишларнинг ютуғи ва самараси, албатта, кўп жиҳатидан кишиларнинг ҳар хил меҳнат фаолияти соҳаларида рўй берган психик ҳаёт ҳодисаларини ўрганишнинг мукаммал методларини ишлаб чиқишга боғлиқдир.
Меҳнат соҳасидаги психологик текширишлар инсонни меҳнат шароитларида ўрганувчи бошқа фанлар: меҳнат физиологияси, меҳнат гигиенаси, меҳнат ва ишлаб чиқариш таълими методикаси, шифокор меҳнат экспертизаси, ишлаб чиқаришни ташкил қилиш, техник меъёрлаштириш, техника ҳавфсизлиги каби фанлар билан узвий боғланишда амалга оширилмоғи керак.
Do'stlaringiz bilan baham: |