ТАЪЛИМ ПСИХОЛОГИЯСИ МАСАЛАЛАРИ
Ҳозирги вақтда психологлар, педагоглар ҳамда методистлар билан биргаликда таълим ишлари ва ўқувчиларга тарбия беришнинг савиясини кўтаришга ёрдам бериши мумкин бўлган муаммоларни ҳал қилишга эътибор бермоқлари керак.
Таълим ва тарбиянинг психологик асослари ҳақидаги масала шундай муаммолар жумласидандир. Маълумки, таълим-тарбиянинг муваффақияти ўқув материалининг мазмунигагина, таълим-тарбия методларигагина боғлиқ эмас. Бу муваффақият кўп жиҳатдан ўқувчининг қандай ўқиётганлигини билишга, яъни ўқувчининг ёш хусусиятларига, дастлабки ақлий тараққиёти ва фаоллигига мувофиқ билим ва малакалар ўзлаштириш жараёнининг психологик асосларини билишга ҳам боғлиқдир. Ўқув материали мазмунини танлаш, ўқув программалари ва режалари, дарслик ва ўқув қўлланмалари тузиш, шунингдек мактаб таълимининг ҳар хил босқичларида турли ўқув предметлари бўйича ўқитиш методлари системасини ташкил қилиш ва танлаш ҳам кўп жиҳатдан таълимнинг психологик асосларини билишга ва ҳисобга олишга боғлиқ.
Умумий таълим предметлари бўйича таълим психологияси соҳасидаги ишлар чет элларда ва Россияда XIX аср ўрталаридан бошлаб ўтказила бошлади. Таълимни психологик жиҳатдан асослаш масалалари К.Д.Ушинскийнинг барча педагогик асарларида муҳим ўрин эгаллаган.
Ҳозирги вақтда таълим психологияси ва хусусий методларни психологик жиҳатидан асослаш бўйича бизда кўп экспериментал ишлар ўтказилаётир. Бироқ бу ишлар ҳозирча мактабнинг ўқув материали мазмунини белгилаш, айниқса, янги, янада самарали ўқитиш методларини қидириш билан боғлиқ бўлган, тез ўсиб келаётган эҳтиёжларини қондира олмайди. Шунинг учун ҳам психологиянинг ҳозирги вақтдаги энг муҳим вазифаси таълим психологияси масалаларини янада чуқур ишлаб чиқишдан иборатдир.
Бу масалаларнинг ишлаб чиқилиши уч режада олиб борилиши керак;
Таълим психологиясининг умумий масалалари – таълимда хотира, тафаккур, нутқ, хаёл, иродаларнинг роли ҳамда ўқувчиларнинг индивидуал хусусиятлари: темпераменти, характери, қизиқиш-ҳавасларининг аҳамияти.
Синфлар бўйича болаларнинг ёш хусусиятларига биноан таълим психологияси масалалари (1-синфдаги таълимнинг психологик, асослари,
2-синфдаги таълимнинг психологик асослари ва ҳоказо).
Ўқувчиларнинг ёш хусусиятлари ва ўқув предметлари (математика, география, тарих кабилар)нинг хусусиятига биноан таълим психологияси масалалари.
Таълим-тарбия амалиётида яна бир қанча масалалар борки, уларни ҳал қилишда ҳам психологлар иштирок этишлари керак. Масалан, ўқувчиларнинг ўқув вақтини, дарсда ўтиладиган ўқув материалининг ҳажмини, уй вазифасининг ҳажмини қандай қилиб унумли тақсимлаш мумкинлиги ҳақидаги масала болаларнинг интернат шароитидаги ҳаётининг таълим ва тарбия жараёнига таъсири ва шу шароитда бола шахсини шакллантириш ҳақидаги масала: мактаб-интернатларда ва куни узайтирилган мактабларда ўқувчилар мустақил машғулотларини ташкил қилиш ҳақидаги масала. Таълим бериш ва ривожлантириш ҳақидаги, бошқачасига айтганда, ривожлантирувчи таълим ҳақидаги масалани ҳам жуда долзарб деб ҳисобламоқ керак.
Do'stlaringiz bilan baham: |