3-ИЛОВА
ЎЗБЕКИСТОНДА ПСИХОЛОГИЯ ФАНИНИНГ ҚИСҚАЧА ТАРИХИЙ ТАРАҚҚИЁТИ.
Ўрта Осиё халқлари узоқ ўтмишга, кўп асрлик тарихга, бой маданий меросга эгадир. Ўрта Осиёнинг марказида жойлашган Ўзбекистон Шарқнинг энг қадимий маданий ўчоқларидан бири бўлиб, у жаҳон фани тарихига муносиб ҳисса қўшди.
Хоразмлик олим Ал-Хоразмийнинг номи бизнинг давримизгача «алгоритм» деган математика термини орқали етиб келган. Европада «Альфаганус» номи билан машҳур бўлган атоқли олим Аҳмад ал-Фарғонийнинг «Астраномия асослари» деган энциклопедик асари XV асрда Ғарбий Европада жуда машҳур бўлган эди.
Ўрта асрларда «философлар мирзоси» деб ном қозонган Бухоролик мутафаккир, атоқли олим Абу Али ибн Синонинг «Тиб қонунлари» асари XVII асрда Ғарбий Европа табибларининг асосий қўлланмаси бўлиб келди ва келмоқда. Шунингдек, Ибн Сино ижодида материянинг доим вужудга келиши мумкин бўлган нарсалардан аввал мавжуд бўлиши мумкинлиги ҳақидаги фикрлари психология фанида муҳим аҳамият касб этади.
Беруний ва Форобий сингари фан арбоблари фаолиятининг аҳамияти беқиёсдир.
Беруний математика, астрономия, физика, ботаника, география, умумий геология, этнография, тарих ва хронология соҳаларида иш олиб борди. Абу Райҳон Беруний ижодида «Тана ва руҳ»га оид ҳодисалар талқин қилинди. Абу Райҳон Беруний 973 йилда Хоразмнинг Кот, ҳозирги Беруний шаҳрида таваллуд топган. Берунийнинг ижтимоий фалсафий қарашларидаги аъзоларнинг бир-бирига зидлиги, уларда бир-биридан фарқ қилувчи турли-туман ҳатти-ҳаракатлар ва феъл-атвор мавжудлиги асосланган. «Одам, - дейди Беруний, -табиати жиҳатидан бир-бирига зид аъзолар қўшилмасидан таркиб топган мураккаб танага эга ва унинг ҳолати ўз феъл-атворига кўра хилма-хил бўлади». Берунийнинг фикрича, одамларнинг қиёфаси бир-бирига ўхшамаса-да, улар айни чоғда бир-биридан фарқ қилади. Бу фарқ уларнинг мижози, феъл-атвори ва табиий хусусиятларида намоён бўлади -деб таъкидлайди.
Унинг замондоши Абу Наср Форобий (Абу Наср Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Тархон ибн Ўзлиқ Сирдарё соҳилидаги Фороб шаҳридан) ҳаёт вақтидаёқ «иккинчи муаллим» номини олган эди. У табииёт соҳасида ўрта асрнинг энг атоқли тадқиқотчиларидан бири эди. У кенг маънодаги инсон руҳий жараёнлари ва таълим-тарбия ҳақида ўз замонаси учун илғор фикрларни илгари сурди. Форобийнинг руҳий жараёнлар ҳақидаги таълимоти, бевосита физиологик жараёнлар билан психик жараёнлар орасидаги боғлиқлик ҳақидаги дунёни билиш ҳақидаги таълимоти психология фанининг тараққий этишида муҳим роль ўйнади.
Кейинчалик Аҳмад Яссавийнинг меҳр-саҳоватли бўлиш ҳақидаги қарашлари, Имом Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий ижодидаги шахслараро муносабатлар, Баҳовуддин Нақшбандий ижодида ақл ва дунёқарашнинг шаклланиши, А. Навоий фаолиятида илмий таълим-тарбиянинг асосланиши кабилар бой мерос сифатида психологияни ҳар томонлама ўрганишнинг асосини ташкил этди.
Республикамиз бой маданий меросга эга эди. Бу эса республикамиз маданий, иқтисодий ва сиёсий ҳаётида мислсиз тараққиётга эришиш учун имконият яратиб берди.
XX асрга келиб, Ўзбекистонда ҳам бошқа фанлар қатори психология фанининг ривожланишига имкон туғилди. Қозон университетини тамомлаган ва 1933 йилдан бошлаб профессор унвонига эга бўлган, ҳамда 1941-1968 йиллар мобайнида Низомий номидаги Тошкент Давлат Педагогика институтининг психология кафедрасига мудирлик қилган билимдон, ақл-заковат эгаси П.И.Иванов Ўзбекистонда психология фанини ривожланишига катта ҳисса қўшди, 80-га яқин илмий қўлланма ва мақолалар ёзди. Айниқса, умумий психология ёш ва педагогик психология, меҳнат психологияси йўналишда баракали ижод қилди. Унинг «Память». Т., 1941; «Психология» (қисқача изоҳли луғат) Госиздат, 1946; Психология (педагогика олий ўқув юртлари учун ўқув қўлланма). М, Учпедгиз, 1954, 1956, 1959; психология (педагогика олий ўқув юртлари учун қўлланма) Учпедгиз, 1957, 1960 (2 нашр); Психологические основы обучения. Т, Учпедгиз, 1960; шу китобнинг ўзбек тилидагиси «Таълимнинг психологик асослари» Т, 1961; «Умумий психология» (ўзбек тилида). Т, 1957 йил; «Обўая психология» Т, 1967 (2 нашр); «Развития тенического мышления учащихся на уроке труда» (Ярославль, 1969 йили) каби қатор дарслик ва қўлланмалари чоп этилди. У ўзининг кўп йиллик педагогик фаолиятини психологиядан ўқув қўлланмалари яратишга бағишлади ва кўплаб илмий кадрлар етиштириб чиқарди. Унинг камтарин меҳнати «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан ва техника арбоби» унвони билан тақдирланди.
1945-50 йилларга қадар Ўзбекистонда психология фани бўйича бирорта ҳам ўзбек тилида дарслик, қўлланмалар йўқ эди. П.И.Ивановнинг «Психология» китоби ўзбек тилига таржима қилингунга қадар унинг шогирдлари домлани маърузаларига мунтазам қатнашиб, уни ўзбек тилига таржима қилиб, кенг талабалар оммасига етказишга ҳаракат қилдилар.
П.И.Ивановнинг шогирдларидан бири бўлган Ш.Байбурова домланинг рус тилидаги маърузаларини ўзбек тилига таржима қилиб, талабаларга ўзбек тилида психологиядан маърузалар ўқиди ва психология соҳасидаги билимларни мужассамлаштириб, ўзбек тилида «Психология» дарслигини 1949 йили чоп эттирди. Бу дарслик сиртқи ва кундузги бўлим талабалари учун ўзбек тилида ягона ўқув қўлланма эди. Кейинчалик П. И. Ивановнинг «Психология» китоби ўзбек тилда чоп этилди.
Болалар психологияси соҳасида ҳам катта ишлар амалга оширилди. 1964 йили А.А.Асқархўжаев, П.И.Левентуев, М.Воҳидов, Э.Чудновскийларнинг «Болалар психологиясининг очерклари» номли қўлланмаси чоп этилди. Бунда боланинг дунёга келган кунидан бошлаб то 17-18 ёшгача бўлган даврдаги анотомо-физиологик хусусиятлари, психологик хусусиятлари, болалар шахсининг шаклланиши масалалари кенг ёритиб берилди.
П.И.Левентуев ёш авлодни меҳнатга тайёрлаш, адабий ижодиёт психологиясини тадқиқ қилиш устида иш олиб борди. М.Воҳидов эса болалар психологиясини талқин қилиб, дарслик яратишга киришди.
1965 йили биринчилардан бўлиб, Краснобаев И.М. «Юқори синф ўқувчиларида аҳлоқий эътиқодларнинг ривожланиши», 1971 йили Давлетшин Муҳаммад Габдулгалимович Ленинградда «Ўқувчиларнинг техника қобилияти психологияси» бўйича докторлик диссертациясини ҳимоя қилдилар.
Айниқса, Давлетшин М.Г. нинг Ўзбекистонда психология фанини ривожланишда хизматлари буюкдир. Унинг асосий илмий йўналишлари ўқувчиларда техник қизиқишлар, қобилиятларнинг шаклланишига, меҳнат таълими ва касбга йўналиш муаммоларига, педагогика олий ўқув юртларида ва университетларида ўқитувчи кадрлар тайёрлаш самарадорлигини оширишга қаратилган эди. Шунингдек, у Шарқ мутафаккирларининг психологик қарашларини ўрганиш, илмий ишларда бой меросдан фойдаланишга, «Янги турдаги ўқув юртлари-академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежларида таълим-тарбиянинг самарадорлигини оширишнинг психологик муаммолари» ва «Олий педагогик ўқув юртларида ўқув жараёнига педагогик технологияни тадбиқ этишнинг илмий асосларига эътибор қаратди ва бу соҳада кўплаб изланишлар қилинди, дарсликлар, қўлланмалар, илмий, оммабоп мақолалар чоп этилди. Давлетшин М.Г. психология фанлар доктори(1971), профессор (1972й). Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган фан арбоби, Низомий номли ТДПУ психология кафедраси мудири, 270-га яқин илмий мақолалари муаллифи, 50га яқин номзодлик диссертациясининг илмий раҳбари, кўплаб докторлик диссертациясига илмий маслаҳатчи бўлди. Унинг илмий ишлари ичида: «5-7 синф ўқувчиларида техник қизиқишларини шакллантириш» (1956), «Қизиқиш ва таълим» (1962й), «Мактаб ўқувчиларининг техника қобилияти психологияси» (1971 й), «Ёш психологияси ва педагогик психология»(Ўқув қўлланма 1974й) «Қобилиятлар ва унинг диагностикаси» (1979), «Касб танлаш» (1986й), «Замонавий мактаб ўқитувчиси психологияси» (2000й), «Умумий психология» (2000й), «Ёш даврлари ва педагогик психология (2004й) каби ўқув-методик қўлланма ва илмий мақолалари психология фанининг равнақида муҳим аҳамият касб этмоқда.
Талантли олим, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган фан арбоби Давлетшин М.Г. Ўзбекистонда психология фанининг ўқитилишини такомиллаштириш, узлуксиз таълим жараёнида пед институт ва университетлар учун ўқитувчилар тайёрлашнинг психологик масалалари, умумий ва педагогик психология Олий педагогика ўқув юртларининг ўқув жараёнига педагогик технологияларни татбиқ этишнинг илмий асослари мактабларга психологик хизмат кўрсатишнинг илмий методологик асосларига бағишланган кўплаб анжуманларни ташкилотчисидир. Бу Ўзбекистон Миллий Университети қошидаги бирлашган психология фанлари бўйича илмий даража берадиган Ихтисослаштирилган Кенгаш аъзосидир.
Психология фанининг тараққиётида Раҳмонова М.Х. нинг роли ҳам муҳимдир. Олима таълим жараёнида диққатининг роли, ўқувчилар диққатини дарс жараёнида барқарорлаштириш, ўқувчилар диққатининг индивидуал хусусиятлари каби масалаларни кенг ёритиб берди. Рахмонова М.Х. нинг «Таълимда диққатнинг роли» (1963й), «Ўқиш дарсларида биринчи синф ўқувчилар диққатининг барқарорлиги» (1969й), «Ўқувчилар диққатини баъзи индивидуал хусусиятлари» (1971й) каби илмий мақолалари таълим жараёнида ўқувчилар диққатини ташкил этишда асосий манба бўлиб хизмат қилади. Кейинчалик у «Психология курсида кўрсатмалилик» (1981й), «Оилага совға» (1996й) каби илмий ишларини чоп эттирди. Уни қўрқоқ болаларнинг руҳияти, ақл-заковати, диққат-эътибор соҳалари қизиқтириб, у ҳозирги кунда шу соҳаларда кузатиш, тадқиқот ишларини олиб бормоқда.
Каримова Р. Ш айниқса, мактабгача болаларни она-тили эгаллашнинг психологик хусусиятларни аниқлаш, ўсмирларнинг ўқув жамоасида ўзаро муносабатларини шакллантириш масалалари бўйича илмий изланишлар олиб борди. Унинг «Основные элементы грамматического строя родного языка как путь развития мышления детей старшего дошколъного возраста» (1959), «Учет индивидуальных различий детей при обучении их родному языку в детских садах»(1971й), «Изучение взаимоотношений подростков и их формирования» (1985й) каби мақолалари ҳозирги кунда ҳам ўз қийматини йўқотмаган.
Шунингдек, ёш психологиясида Музаффаров М.А. «Ўсмир ёшларининг тасаввур қилиш асослари» (80дан ортиқ илмий мақола), Мамажонов Б.нинг «Умумий психологиядан амалий машғулотлар», «Психика ҳодисалари ҳақида», «Болаларда ижобий ва салбий эртак персонажлари ҳақида тассаввурларни шакллантириш жараёнини психологик тадқиқ қилиш» каби, Иванова В.П. нинг «Умственная деятельность учащихся при написании диктанта» (1962), «Факторы обеспечивающие воспризведение в умственной деятельности учащихся»(1977), Ғофурова Х. нинг хотира ва унинг хусусиятлари, умумтаълим мактабларида ўқувчиларда тасаввурларнинг шаклланиши, уларни сўз билан тасвирлаш ҳамда расм дарсларини уларнинг шаклланишига таъсири хақидаги мақолалари, Раҳимов С.нинг «Абу Али ибн Синонинг психологик қарашлари», Сайдуллаев А. нинг ўқувчиларни фан, техника, санъат, шахслараро муносабатлар, хаёлнинг ривожланишига бағишланган қатор мақолалари, Темуров Ф.нинг ўқувчиларни касбий қизиқишларини касбга йўналиш, индивидул ёндошиши, касбий қизиқишларининг аниқлаш каби қатор илмий мақола ва тўпламлари чоп этилди. Темуров Ф. билан бир вақтда фаолият кўрсатган Н.Негматов ҳам ўзининг ижодий изланишларини тафаккур жараёнига бағишлади. У тафаккур ва унинг жараёнларини тадқиқ қилиш, 1-синфдан бошлаб ўқувчиларда умумлаштириш фаолиятнинг ривожланиши бўйича лонгитюд тадқиқотларини амалга оширди. Олий мактабда психология фанларини ўқитиш масалаларига катта эътибор берди.
Қ.Турғунов эса республикада биринчилардан бўлиб, меҳнат психологияси соҳасига асос солди. У меҳнат жараёнида билим, кўникма ва малакаларнинг шаклланишини тўқимачилик жараёнида ўрганди ва тажрибага асосланиб, тўқувчиликнинг психологик асосларини ёритиб берди. Муаллиф «Развитие производственных навыков у учащихся»(1963й), «Вопросы о понятий «умение» и «навык» в психологии» (1964), «Анализ маршрутного умения прядильщиц и проблемы производительности труда» (Экономика и жизни, 1967 г., №1), «К проблемам умений и навыков» 1964й. каби илмий ишлари чоп этилди, айниқса унинг «Психология терминларининг русча – ўзбекча луғати» психология фанини ўрганишда муҳим аҳамиятга эгадир.
Меҳнат таълимининг психологиясини ривожланишида Н. Яхъяров ўқувчиларда меҳнатга бўлган ижобий муносабатларни шакллантириш масаласида кўпгина илмий мақолалар чоп эттирди.
Ўзбекистонда психология фанининг тарққиётида профессор (1985 йил) М.В.Воҳидовнинг ҳам ўрни бор. Муаллифнинг асосий тадқиқот соҳаси ўқувчиларнинг ўқув фаолиятида мнемик жараёнларни ўрганишга бағишланган эди. Шунингдек, у Ўзбекистонда психологик фикрларнинг ривожланиши тарихи, болаларнинг психологик хусусиятларини кенг миқёсда ўрганди. Ўзининг кўп йиллик тажрибаларига суяниб 1981 йили «Психология» дарслигини яратди. Бу дарслик болалар психологияси бобида ҳам ҳозирги кунда педагогика олий ўқув юртлари ва педагогика коллежи талабаларининг асосий қўлланмаларидан биридир.
Ёш ва педагогик психология соҳасида П.И.Ивановнинг шогирдларидан бири Зуфарова М. 7 ёшли болаларни психологик томондан мактаб таълимига тайёрлаш масаласини илмий тажрибалар асосида ёритиб берган. У «6 ёшли иқтидорли болаларни мактаб таълимини эгаллашдаги психологик имкониятлари», уларда билиш жараёнларини шаклланиши хусусиятлари, талабаларни педагогик фаолиятга психологик тайёрлаш, педагогик амалиёт бўйича талабаларга методик амалий ёрдам, «Инсонларда ўз-ўзига муносабатни таркиб топтириш», «Психологиядан курс ишларини ёзишга доир услубий кўрсатмалар», «Ёш ва педагогик психологиядан лаборатория машғулотлари ва амалиётда талабаларга услубий ёрдам», «Умумий психологиядан асосий тушунчаларнинг тематик изоҳли луғати ва ўқув-услубий ишланмалар» каби ўқув қўлланмаларини чоп эттирди. У 100 га яқин илмий, услубий мақолалар муаллифидир.
Республикамиз мустақилликка эришгандан кейин Ўзбекистонда психология фанининг ривожида кескин бурилиш юз берди. Ҳозирги кунда кўплаб фан номзодлари билан бирга фан докторлари, профессорлар фаоллик кўрсата бошладилар.
Жумладан, Ғ. Шоумаров (1990 йилда фан доктори, 1993 йили профессор) дифференциал психология, ижтимоий психология, этнопсихология, оила психологияси, шахс психологияси, психодиагностика, ўзбек оиласининг ижтимоиий психологик, этнопсихологик хусусиятлари масаласини ўрганишга катта эътибор берди. Республикада психологик хизмат кўрсатишни ташкил қилиш, ёш ва педагогик психология, бошқарув психологиясини ёритишга оид дарсликлар, ўқув қўлланмалари, илмий-амалий мақолалар яратди. Жумладан: “Возможности применения адаптированного варианта методики Векслера для диагностики задержки психического развития” (Сб. Научных трудов НИИ Психиотрии МЗ. РСФСР. М., 1978), “О проблемах совершенствования ” психологической диагностики в школе” (В кн. : Психологическая служба в школе. Таллин, 1983),
“Влияние психологических особенности узбексой семьи на воспитание молодёжи” 1986, “Муҳаббат ва оила ”, Т., Ибн Сино, 1994, “Реализация Национальной программе по подготовке кадров в Узбекистане,”, “Сито”, Токио,1998, “Оила психологияси”. Академик лицей ва касб – ҳунар коллежлари ўқувчилари учун. Ўқув қўлланма. Тошкент, Шарқ. 2000, “1001 саволга психологнинг 1001 жавоби”. Т., Меҳнат. 2000 ва бошқалар.
У 20 га яқин фан номзоди ва бир неча фан докторлари тайёрлади. Ҳозир олим Ўзбекистон Республикаси Президенти Девони бош маслаҳатчисидир.
Э.Ғозиев (1992 йилда психология фанлари доктори, 1994 йилда профессор), таълим жараёнида ўқувчилар тафаккурини ўсиши, ўқувчиларни умумлаштириш усулларига ўргатиш ва уларнинг ақлий тараққиёти, ўқув фаолиятини бошқариш, тафаккур, хотира, шахс, психологияси масалалари, билиш назариясининг психологик муаммолари, комил инсонни тарбиялашнинг психологик асослари каби масалаларни ёритишга эътибор берди. Унинг «Ўқувчилар ўқув фаолиятини бошқариш» (1988йил), «Оила этикаси ва психологияси» (1992 й), «Психология» (1999й) «Тафаккур», «Хотира», «Шахс», “Умумий психология” (психология мутахассислиги учун дарслик. I – II китоб. Т., 2002.) номли қўлланмалари кўп сонли талабаларнинг асосий ўқув қўлланмаси бўлиб хизмат қилмоқда.
Р.З.Гайнутдинов (1992 йилда психология фанлари доктори, 1997 йилдан профессор) «Психология управления в органах внутренних дел» (ўқув қўлланма. 2001 йил), «Психологические особенности несовершеннолетних и их учет при допросе» (Т., 2000), «Самосознание и саморегуляции учителя» (ўқув методик қўлланма, 1991), «Учителю о психологии воспитания»(1994й) каби кўплаб долзарб муаммоларига бағишланган илмий, услубий мақолалар чоп эттирди.
Шунингдек психология фанлари доктори(1992), профессор(1996) А.Токарева илмий-педогогик фаолияти давомида шахсни аҳлоқий ривожланиши масалалари, турли хил ёш даврларда шахс аҳлоқий қобилиятларининг шаклланиши асослари, командалик тактига мутахассисларни тайёрлаш жараёнини оптималлаштиришнинг психологик-педагогик томонларига бағишланган илмий тадқиқот ишларини олиб борди ва бу соҳада кўпгина илмий мақола ва қўлланмалар нашр қилинди.
Ўзбек халқининг хотин-қизлари ичида биринчи марта психология фанлари доктори (1994) илмий даражасини олган фарғоналик аёл В. Каримова ҳам Ўзбекистонда психология фанининг равнақига катта ҳисса қўшмоқда. Унинг илмий-тадқиқот йўналишида этнопсихологик ғоялар катта ўрин олди. У ўзбек халқининг миллий анаъаналари, қадриятлари, расм-русумлари психологияси, ўзбек аёлининг ижтимоий мавқеини ошириш, уларни кенг халқ оммасига сингдириш бўйича илмий ишларни амалга оширмоқда. Унинг янги ўқув дастурлари, дарсликлари, ўқув қўлланмаларни қайта кўриб чиқиш ва миллий истиқлол мафкураси концепциясини ишлаб чиқишдаги, оила ва маҳалла тизимидаги ғояларни халқ онгига сингдириш ҳақидаги изланишлари мақсадга мувофиқдир.
Олиманинг «Ўзбек аёли шахсининг шаклланиши»(1986), «Ижтимоий психология ва ижтимоий амалиёт» (1999), «Ташкилий ҳулқ» (1999), «Мустақил фикрлаш»(2000 й), «Психология» (2000), «Саломатлик психологияси» каби ўқув қўлланмаларидан университет ва педагогика олийгоҳларининг ўқитувчи ва талаблари кенг фойдаланмоқдалар.
Истеъдодли психолог Б.Р. Қодиров (психология фанлари доктори, профессор) ўзининг ижодий фаолиятини иқтидорли ёшларни ўрганишга бағишлади. У дифференциал психология соҳасида ёшларнинг индивидуал хусусиятларини ўрганди. Ёшларда ижтимоий қийматга эга бўлган ўқувчиларнинг фаолият йўналишлари, лаёқат ва бирламчи қобилиятларининг мия механизмлари ўрганилди. Ёшларни у ёки бу ижтимоий фаолият йўналишларини танлашлари электроэнцефалографик усуллар билан нейрофизиологик жиҳатлари тадқиқ қилинди. Олинган маълумотлар мия фаолиятида касб танлаш, касбга мойиллик ва лаёқат турларини таъминлаб турадиган муқобил нейрофизиологик хислатлар борлигини исбот этди. Зеҳн тестлари мажмуаси шакллантирилди.
З. Қодирова (2001 йилда фан доктори) ёшларнинг ижтимоий фаоллигини, уларни ижтимоий муҳитга мослашувини тезлаштирувчи омиллар ва уларни даража тузилмасини аниқлаш, фаолликнинг ролини талқин қилиш, яъни жамият яратишда ёшларнинг ижтимоийлашуви жараёнидаги фаоллик, шахс ички дунёси муаммоларининг ижтимоиий- фалсафий жиҳатларини тадқиқ қилиш масалалари бўйича фаоллик кўрсатмоқда.
Юқоридаги фикрлардан шундай хулоса қилиш мумкинки, яъни психология фани Ўзбекистонда 20-асрнинг иккинчи ярмидан бошлаб турли жабҳаларда ривожланди. Психологиянинг турли соҳалари бўйича илмий тадқиқот ишлари олиб борилди. Ўзбекистон Республикаси психологлар ассоциацияси ташкил топди.
Ҳали психология фанининг турли соҳаларида ёритилмаган, етарли илмий жиҳатдан ўрганилмаган муаммолар жуда кўп. Уларни ўрганиш республикамиз психологларининг асосий вазифаларидир.
Do'stlaringiz bilan baham: |